ҲАЛҚА Қисса биринчи боб
Download 0.5 Mb.
|
(shayximiz kitoblari) Halqa Akrom Malik (1)
ЎН БЕШИНЧИ БОБЗайнаб хоним ўз оиласидаги эрларнинг қатли ҳақида гапираркан, нуроний чеҳрасига қайғу булути соя солди. Бу соя Анжелинанинг ҳам қалбига кўчиб ўтди. Ноҳақ қонлари тўкилган мақтуллар аҳлига ҳамдарду уларни киприк қоқмай қирган ва хонадонларни куйдириб, хонумонлар кулини кўкка совурганлар қаршисида қасоскор бўлиб қолди беихтиёр. Кекса хонимнинг ҳикояси уларни ўтмишнинг қонли ҳудудларига етаклади. Анжелина бу воқеа тафсилотини матбуотда ўқиган эди, марҳумларга қалбида раҳму шафқат уйғонган эди, саккиз минг қуролсиз инсоннинг шунчаки ўлдириб юборилишидан, бугун англаб етдики, етарлича ларзага тушмаган экан. Ахир, бегуноҳларнинг жонини олиб, қонини тўкиб, уларнинг аёлларига зулм қилишдан улканрок қабоҳат борми? Бу қабоҳат ҳақида эшитиб, билиб, ҳамдард бўлмаслик инсофданми? Ҳамдард бўлса -да, ул бечоралар ҳимояси учун бир сўз айтишга-да қодир бўлмасликдан каттароқ ноинсофлик бўлурми?! Надоматлар бўлсинки, инсониятнинг аксари ўзгаларнинг изтироби, ўлими ва фожиасидан зарра қадар ғам чекмай қўйди. Наҳот, қалблар ўлиб, руҳлар сўнди? Наҳотки, одамийлик унутилди?! Анжелина бу эҳтирос унинг ичида илк бор тўлқинланганини кейинчалик эслайди. У одамзод чекаётган мунг, эътиқоди, дини учун азобга маҳкум этилганлар, тили, ирқи ва фикри учун қатағон бўлганларнинг ўнлаб, юзлаб мисоллари билан юзлашгач, бетоқат ҳолга тушди. Айниқса, зулм қаршисида бефарқ қарайдиган тоифалардан кўп ажабланди, ўзи ҳам уларнинг ичида эканлигидан қўрқиб кетди. Янги туйғулар унинг фитратан тоза қалбини Ҳақиқат сари бошлаётган эди. Ҳали чинакам Ҳақиқатга учрашмоқ учун узоқ йўлни босиб ўтмоқ лозим. Зайнаб хоним ҳикояси Ҳақиқатнинг заиф, бироқ уйғотишга қодир саси эди, аслида. Анжелина дуч келадиган, ўзи ҳам иштирокчи бўладиган юракни тирновчи ҳодисотларни мавриди билан ўқиймиз, ҳозир эса Зайнаб хонимнинг ҳолатига назар солайлик. ...Қонли ҳодиса хабари шамолдек бутун дунё бўйлаб елди. Шу кун кеч бўлмай ҳар тарафдан ёрдам кела бошлади. Телевидения, радио, қирғин тафсилотларини эълон қилди, айбдорларни топиб жазолаш талаб этила бошланди. Зайнаб хоним эса булардан хабарсиз, унинг бу хабарларни билишга ҳам хоҳиши йўқ. Вайронага айланган хонадони узра полапонидан айрилган бургутдек чарх урди, кўмакка келган ҳарбийларга ертўланинг жойини кўрсатди. У ерда одам борлиги айтилгач, бир неча ўн киши ишга киришди. Ярим соатларда ертўла очилди, беҳуш ётган ўсмир ва болакайни кўтариб чиқдилар... Шу тундаёқ бутун Болқон йиғи ва ўқ овозларига тўлди. Кўмиладиган мурдаларнинг саноғи кўринмасди. Қариндоши, ёру биродари ўлдирилган ҳар ким қасос ўтида ёнарди. Воқеанинг асл сабаблари ҳақида таҳлилчилар, сиёсатчилар тинимсиз гапиришди. Мусо пошшо болаларига, хотинига қуйидаги воқеани айтиб улгурмаган эди: Охирги бир йилда онда –сонда ҳар хил қотилликлар ҳақида нохуш хабарлар тарқалди. Матбуотда ташвишли мақолалар эълон этилди, бироқ кўпчилик ҳолатни бутунича идрок этмаётганди. Мусо пошшо баъзи насронийлар ва мусулмонларнинг орасида рўй бераётган зиддиятлардан хавотирга тушди. На ҳукумат, на бошқа бирор куч бу зиддиятни ечиш ҳақида ўйламас эди. Мусо пошшонинг фикрича, миллатчилик адоватидан кўра диний адоват хатарлироқ. Ерли мусулмонларга проваслав ҳамда католик черкови пешволари: «Ота-боболарингиз босқинчи туркларга динини, юртини сотган, сизлар хоинлар авлодисиз, аслингизга қайтинг! Насроний бўлинг!» мазмунида ошкора шаъма қилишга ўтдилар. Масжидларда эса бу шаъмаларга нисбатан оғирроқ киноялар янгради. Мусо пошшо бу фитнанинг илдизи чуқурлигини англади. Черков пешвоси ёхуд масжид имоми ўз фикридан, туйғусидан келиб чиқиб, ғайридинни таҳқирламайди, мусулмонлар қудратли Турк султонлари даврида ғайридинларни бесабаб чертган эмас. Насроний ва яҳудийлар ҳам шунга муқобил даражада адабли эдилар. Мусо пошшо фитна илдизини топишга қатъий қарор қилди, шогирд ва ёрдамчиларига черков руҳонийларини кузатишни буюрди. У ишнинг бошида турганлар кимлигини шу йўл билан аниқлайман, деб ўйлади. Ҳукуматдаги танишларини юзага келаётган хавф ҳақида огоҳлантирди. Ортиқча хавотирга тушяпсиз, – деди ҳудуд ҳокимининг ёрдамчиси. – Мавжуд бўлмаган хатар ҳақида гапиряпсиз. Мусо пошшонинг одамлар черковнинг хорижликлар нотанишлар билан бир марта учрашгани ҳақида хабар келтиришди. Хорижликлар деб айтилган кишилар эса Америкадаги номаълум гуруҳлар билан шубҳали тижорат қилишларини билгач, Мусо пошшонинг шубҳаси кучайди, у Болқонда қандайдир ларзага ҳозирлик кўрилаётганини тушунди. Айнан қандай режа учун тайёргарлик кўрилаётгани унинг учун ҳамон мавҳум эди. Охирги вақтларда уч-тўрт марта насроний ва мусулмонлар ўртасида жанжал чиқди, баъзи маҳаллий уруғлар ҳам бир-бирини кўп марта ҳақоратлади. Масала ҳақида узил-кесил хулосага келиш учун Мусо пошшо черковга таъсир ўтказишга уринаётган гуруҳнинг шаҳар ташқасидаги манзилига йўл олди. Дарё ёқаси бўйлаб минглаб таноб ҳудудга ёйилган ўрмонда ажиб тароват ва сеҳр бор. Тоғ бағридаги дарахтлар ўрмоннинг чўққига узанган қўлини эслатади. Муаззам дарахтзорнинг ичига қадам босиш кўпчиликка қизиқ эмас, чунки адашиб қолиш ўлим билан баробар. Мусо пошшо эса ўрмон ичидаги кўл ёқасида жойлашган пинҳона қароргоҳга етиб борди. Қароргоҳ беҳад муҳташам, ўз соҳибининг қудратини кўз-кўз қилади. Баланд деворлар, ҳар томонни тасвирга муҳрлаётган «кўзлар», ўнлаб девқомат ва хўмрайган, қуролли соқчилар бу маконни сирли, қўрқинчли кўрсатади. Мусо пошшо дарвоза қўриқчисига шахд билан гапирди: Сер Арчибалдга Мусо пошшо келди, деб айт! Соқчи эътирозсиз хабар бергани жўнади. Зотан, сер Арчибалднинг исмини биладиганлар Оврупонинг ўзида саноқли эди. Модомики, соч-соқоли оппоқ ва узун, эгнида мусулмонлар яктагини кийган, ўртабўй, чеҳрасида жиддият ёғилаётган бу чол сер Арчибалд исмини тилга олдими, у ҳақда зудлик ила маълумот бермоқ зарур. Жавоб ҳаялламади: сер Арчибалд Мусо пошшони дарҳол ҳузурига чорлади. Мусо пошшо шундай бўлишини тахмин қилган эди, Аллоҳга дуо қилган кўйи соқчилар қуршовида қароргоҳнинг юнон мармарлари ётқизилган йўлагидан Арчибалднинг хос қабулхонасига йўл олди. Сер Арчибалднинг қабулхонаси кенг, безаксиз эди: оқ стол, бир неча стуллар, оқ девор, ўрмонга юзланган дераза. Деворларда сурат ёки зийнат йўқ. Киришдан ўнг томонда улкан жавон, унга мингга яқин китоб тахланган: фалсафа, мифлар, динлар, жанглар ва тарих ҳақидаги илмий, назарий ва бадиий асарлар, рисолалар. Хона ёруғ, Арчибалд ёқаси бўйнини сиқиб турадиган жигарранг, тугмасиз свитер устидан кулранг кастим кийган, столнинг устида бир неча оқ қоғоз, ручка ва телефон бор. Мусо пошшо қабулхонага кириши билан сер Арчибалд ўрнидан турди, тез юриб келди ва очиқ юз ила Мусо пошшонинг қўлини сиқди: Кунингиз хайрли бўлсин, Мусо пошшо, – деди қўли билан курсини кўрсатиб. – Марҳамат, ўтиринг. Мен истеъдодли инсонларни яхши кўраман. Истеъдод – Тангрининг санъати. У одамнинг ичидан вулқондай отилади, булоқдай қайнайди, бошқаларни мафтун этади. Сиз бағоят истеъдодли инсонсиз, Болқон мусулмонлари сизни норасмий сиёсий йўлбошчи, деб билади, турк диаспораси, Туркиядаги турли кланлар орасида жуда мавқеингиз баланд. Менинг исмимни Европадаги катта-катта амалдорлар ҳам била олишмайди, фақат оламшумул ишларимдан ҳайратга тушиб ўтирадилар, сиз эса менинг исмимни билиш ҳам камдай, маконимни топиб, якка ўзингиз келишга жасорат топдингиз, офарин! Сер Арчибалд гапириш асносида Мусо пошшонинг рўпарасига ўтирди ва: Пошшом, қаҳва буюрайми, чойми? – деб сўради. Мен сув ичаман, – деди Мусо пошшо. Жуда соз, – сер Арчибалд телефон гўшагини олиб, буюрди. – Иккита финжон ва сув. – Сўнг яна пошшога юзланди. – Мен Болқонда улкан лойиҳани бошладим. Ўзим ишни шахсан бошқариш учун бу ерга келдим. Ҳали ишим лойиҳа эканлигидаёқ кимлар қарши чиқиши мумкин, деган саволни ўзимга бердим. Насл –насабингиз, тарихингиз, фаолиятингизни ўрганиб, гаровга олиш мумкин бўлган бирор яширин ё ошкор жиноятингизни тополмадим. Ҳукумат раҳбарлари, амалдорлар, дин пешволари – уларнинг ҳаммасининг кўтарган қоплари йиртиқ, яъни ўзларидан қўрқадиган жойлари бор, фош бўлишдан чўчийдиган ишлари кўп. Тажрибам давомида, ишонинг, сиз сингари шахсиятга илк бор учрадим. Менинг лойиҳамнинг яккаю ягона тўсиғи шу одам бўлажак, деганман. Ўткир ақлим янглишмади: Мусо пошшо бугун рўпарамда турибди. Очиғи, Болқондаги нотинчлик сабаб казо-казолар билан учрашдингиз, Европа ҳукуматларидаги танишларингизга хабарлар юбордингиз, менинг ҳамма одамларимнинг ортидан кузатувчилар қўйдингиз, бироқ уйимгача келишингизни кутмагандим. Офарин ва яна офарин! Мусо пошшо Арчибалднинг гапини бўлмади, ҳамсуҳбати кулиб гапирса -да, ўзини бир поғона баланд тутаётгани кундай равшан эди. Шунинг учун, Мусо пошшо Арчибалдга тик қаради, оптик линза йилтираётган кулранг кўзларга ўқрайиб деди: Сер Арчибалд, мақтовни севадиган ёшдан ўтганман. Ҳар қандай мулозамат энсамни қотиради. Мени ёш болани алқагандек алқашингизга умуман ҳожат йўқ. Эртакларингизни бошқаларга сақлаб қўйинг. Фитнангизга сотилаётган мутаассибларни шундай мақтасангиз, чалган ноғорангизга ўйнайдилар, лекин мен эмас! Шу пайт хизматчи патнисда графинда сув ва иккита финжон келтирди. Арчибалд Мусо пошшонинг гапларига жиддий қулоқ тутаркан, финжонларга сув қуйди, бирини ўз олдига, бирини Мусо пошшонинг олдига қўйди. Яхшиси, менинг саволимга жавоб беринг, сер! Болқонда диний ва миллий низони қўзғаб, нима учун фуқаролар урушини уюштирмоқчисиз? Сувдан ҳўплаб, Арчибалд ажабланганнамо қошини чимирди: Бу қандай сафсата? Асосингиз борми? Балки, менинг Болқондаги амалиётим хайрлидир! Хайрли?! Сиз проваслав ва католик черковларидаги епископларга катта миқдорда пул бердингиз, уларни мусулмонларнинг босимидан ҳимоя қилишга, Исонинг динини нафақат Болқонда, балки Ер юзи бўйлаб, тарқатишларини исташингизни айтдингиз. Сотиб олган мухбирларингиз ерли мусулмонлар ва мусулмон муҳожирларини ғайридинларга эътиқод сабабли тажовуз қилганлари ҳақида хабарни тарқатдилар. Ҳолбуки, бу хабарлар сохта эди! Серблар ва хорватларни, боснианлар ва сербларни бир –бирига қайраш учун ҳукумат ичидаги хоинлардан фойдаландингиз. Болқонда ҳар бир диндорни, ҳар бир инсонни ўзаро адоватлантириш учун ҳамма ишни қилиб келяпсиз. Мусулмонлар ичидаги жоҳилларни ҳам фойдасиз тўқнашувларга илҳомлантиряпсиз. Кейинги пайтда Белградда, Сараевода, яна бошқа ўнлаб ҳудуд масжидларидан ҳар хил одамлар: даҳрийлар, мушриклар, кофирларнинг Исломга кириши урфга айланди. Айниқса, охирги олти ойда бу ҳол кўпайди. Содда мусулмонлар янги диндошини қучоқ очиб қабул этмоқда. Бироқ уларнинг бир қисми мусулмонлар ичида ихтилоф ва фитна уруғини сочяпти, бир қисми диндан қайтиб, мусулмонларнинг ички ҳаётига туҳматлар ёғдиряпти, бир қисми эса, ҳақиқатан, холис мусулмонлардир. Мен мунофиқларни текширдим, ҳаммаси сизнинг ҳомийлигингизда Исломга душманлик қиладиган университетларда етиштирилган. Ҳаммасига нифоқ «илми» ўргатилган. Ана ўшалар худди «исломшунос»дек минг йиллик ихтилофни қўзғаяпти, Аллоҳ ҳақида куфроний саволларни бермоқдалар. Сер Арчибалд, сиз нима қилмоқчисиз? Ортингизда кимлар турибди?! Арчибалд Мусо пошшога қараб хохолаб кулди. Сиз ажойиб экансиз! Ўйлаганимдан кўпроқ нарсани билиб олибсиз-ку! деди. Кейин жиддийлашди, овозида таҳдид пайдо бўлди. – Сизнинг эсингиз жойидами, пошшом? Шундай хатарли маълумотларни йиғибсиз, ҳаёт учун хавфли хулосаларга келибсиз, қойил қолдим! Нима деб ўйлайсиз, энди келажакдаги режаларим ва сиз билмайдиган яна бошқа ишларим ҳақида сизга тик оёқда туриб, маълумот беришим керакдир! Мусо пошшонинг ранги гезарди, кўзининг оқи қонталаш тусга кирди, асабийлигини енгиш учун финжондаги сувдан ичди. Сер Арчибалд, керак бўлса, айтасиз! – деди шахд билан. – Мен эса сизни огоҳлантираман! Шайтонга хизматкорлик қилишни бас қилинг! Истеъфога чиқиб, Болқонни эса тезда тарк этинг! Мен бутун кучимни сизни тор –мор қилиш учун сафарбар этганман. Мусо пошшонинг таҳдиди Арчибалднинг аччиғини келтирди, кибри қўзғалди. Эй Мусо пошшо! Икки қулоғингиз билан эшитиб олинг, майлими? Ёдингиздан кўтарилиб кетмасин, яна! – деди дарғазаб бўлиб. – Мутлақо тўғри фаҳмлабсиз! Болқон яқинда ёнади! Ҳамма бир-бирини отади, ўлдиради. Ҳеч ким омон қолмайди! Америка ва Россияга қарши бирлашиб, иттифоққа айланишни истаётган Европа яна Болқон билан овора бўлиб қолади. Мен эса бу йўлда насроний ва мусулмонлардан ҳамда маҳаллийчи аҳмоқлардан фойдаламан. Улар бир-бирларини қонларини тўкар экан, менинг қудратим ошади. Улар бир-бирларининг уйларини ёқар эканлар, бу оловда менинг қозоним қайнайди. Биласизми, пошшом, мен бутун Болқонни тўр билан ўрадим, ўтин ғарами устига ўтқаздим, ёқилғи сепдим, гугурт чақсам, кифоя! Мусо пошшо сапчиб ўрнидан турди, тудию, чап кўкси санчди, нафас сиқди, столга суяниб, финжондан сувни охиригача симирди. Бундай типирчиламанг, пошшом, – заҳарханда қилди Арчибалд. – Сизнинг салобатингизга ярашмайди. Финжонни менга отиб ўтирманг, бу уят бўлади. Менга уятни ўргатма! Арчибалд, бутун дунёни сенга қарши оёққа қўяман! – деди Мусо пошшо. Бутун дунёни? Кулгимни қистатманг, пошшом! – деди Арчибалд лабини масхараомуз қийшайтириб. – Биринчидан, мени ҳеч қаердан топиб бўлмайди, иккинчидан, мени ўлдира олмайсиз, чунки сизни оилангиз билан эртага қириб ташлашади. Дунё эса арзимаган нарса учун оёққа туравермайди. Дунёни арзийдиган манфаатга ишонтириш осон эмас. Охирги гапим шуки, Болқонда, албатта, геноцид бўлади, давлатлар майдаланади, эски ҳукуматлар кетиб, янгилари – бизнинг ўйинимизни ўйнайдиганлари ташкил бўлади, иттифоққа бирлашаётган Европа, қадим олигарх, аристократ ва монарх сулолаларининг Европа бирлиги ҳақидаги хомхаёллари, шубҳасиз, чиппакка чиқажак. Бечора мусулмонлар бу қирғинда кўп азият чекишади, мен эса уларга ҳамдард бўлиб, қурол бераман, улар қурол билан кўпроқ қон тўкишади ва тағин менинг олдимда қарам бўлиб қолишади. Сиз эса буни кўра олмайсиз, бир соатдан сўнг ўласиз, чунки сув ичган финжонингизни заҳарлатиб қўйгандим. Мусо пошшо оёқларидан мадори қочиб, иситмаси кўтарилганини, терлаётганини сезаётган эди. Бор кучини тўплаб, деди: Эй шайтоннинг қули! Эҳтимол, сен айтгандек бўлар, сен иблис минглаб одамларни васваса этиб, қонлар оқизарсан, Аллоҳ номи ила қасам ичаманки, албатта, бу қон ичида ўзинг чўкиб ўласан. Ҳар бир зулм учун ҳам, ҳар бир адолат учун ҳам Аллоҳнинг ҳисоби бор. Сен дунёда ҳадсиз хорлик чангалида ўласан, қиёматда жаҳаннамда абадий ёнажаксан! Мусо пошшо қувватини жамлаб, ташқарига чиқиб, эшикни қарсиллатиб ёпди ва тез-тез қадам босиб дарвозадан чиқди, уловга етиб бориб, ўтирди, ҳайдовчисига буюрди: Энг катта тезлик билан уйимга ҳайда! Арчибалд Мусо пошшонинг юзида ажал белгиларини кўрди, бироқ рақибининг охирги гаплари уни мувозанатдан чиқарди. Гарчи, у ҳар қандай диний эътиқодга куфр келтириб яшаса -да, Мусо пошшонинг дунёдаги хорлик ва жаҳаннамдаги абадий азоб ҳақидаги таҳдиди уни қўрқитиб юборди. «Йўқ, ҳаммаси ёлғон! Дин – васваса, диндорлар галлицюнациядаги тентаклар-ку! – деди ичида. – Аммо айтаётганлари рост бўлса-чи! Мумкин эмас, ёлғон! Башарти, рост бўлса ҳам, бизни гуноҳкор, деб дўзахга қарши уруш эълон қиламан!» Арчибалд ўзини шундай деб овутган бўлди -да, бақирди: Виски келтиринглар менга! Мусо пошшо уйига келгани, хотини Зайнаб хонимга нималарни айтишга улгургани китобхонга маълум. Зайнаб хоним эса қирғиндан кейин беҳуш ўғли Умар ва неварасини ертўладан чиқариб олгач, сув пуркаб ҳушига келтирди. Шифохоналар ҳам вайрон бўлган эди, шаҳарда қон ҳиди куюк иси билан қоришиб, анқиб кетди. Томоқлар, димоқлар бу ҳиддан бўғилди, тирик қолган аёллар шаҳар ташқарисидаги далага олиб чиқилди, тикилган чодирларга жойлаштирилди. Европанинг турли бурчакларидан, Туркиядан кўнгилли ёрдамчилар кўмакка етиб келдилар, мурдаларнинг шахсини аниқлаш, уларни кўмиш ишлари бошланди. Бу ишлар пайти ҳаммаёқ талатўп бўлди, ҳамма чарчаган, ҳамма асабий, ҳамма қайғуда, ҳамма қўрқувда эди. Болқонни ҳали у нуқтасида, ҳали бу нуқтасида намойишлар, қуролли тўқнашувлар бошланди, кимлардир қасос талаб қилди, кимдир ҳукуматлар истеъфосини. Гўё ҳамма айбдор, ҳамма жиноятчи эди, қўли қонга ботмаган одам қолмагандек туюларди. Зайнабнинг у кунлар изтиробидан ҳамма каби юраги санчади: Қуръонда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Биз сизларни хавф-хатар, очлик, молларингизга, жонингизга, меваларингизга зиён етказиш билан имтиҳон қиламиз. Сабрлиларга хушхабарлар бўлсин! Улар бошларига мусибатлар келганда: «Биз Аллоҳникимиз ва, албатта, Унга қайтажакмиз!» дейдиганлардир. Уларга Роббиларидан нажот, раҳмат бор. Улар ҳидоят топганлардир!» Бу Бақара сурасидаги ояти каримадир. Имтиҳон шундай оғир кечди биз учун, бироқ тоқатимиз уни кўтарди. Сабр қила олдикми, йўқми, билмаймиз, – деди Зайнаб хоним Анжелинага. – Ислом ягона яратган зот Аллоҳга таслим бўлиш динидир. Инсон, нафақат, Аллоҳнинг амру фармонларига, балки, тақдирига-да, таслим бўлмоғи лозим. Ана шундай мусибатлардан чин таслимият, чин иймон ўртага чиқади, ўзини намоён этади. Аллоҳ, шубҳасиз, нажот беради, ўз раҳматини ёғдиради, мусибатни мўмин учун енгиллаштириб қўяди, мусибат устидан мусулмонни музаффар айлайди. Бироқ мусибатни соғинмаслик лозим. Мусибат тиламаслик шарт. Аллоҳга дуо ила ёлвориб, ҳамиша нажот ва нусрат сўрамоқлик даркор. Зотан, мусибатлар бир тиғ, у кесган жойнинг чандиғи, албатта, сақланади. Анжелина Зайнаб хоним суҳбатидан сўнг чиндан паришон бўлди. У ўзи турган бу яшил маскан, суҳбатлашаётгани одамларнинг тарихида бу қадар улкан фожиалар борлигидан бир ҳайрат баробарида қўрқувга тушиб юраги орқага тортса, шунча йўқотиш ва изтироблардан кейин ҳам қаддини тик тутиб, ибодат тўла нурли ҳаётини Роббисига шукрона ила кечираётганларидан уларга эҳтироми кўпаярди. Келинларингиз тақдири қандай кечди? – деб сўради Анжелина. Келинларимни узатдим, – деди Зайнаб хоним. – Йўқ дейишларига қўймадим. Аёлнинг дини олдидаги бурчи ўлган эри ва болаларига мотам тутиб, умрини исроф қилиш эмас, балки, солиҳ бир мусулмонга, хоҳ биринчи, хоҳ иккинчи хотин сифатида турмушга чиқиб, фарзанд дунёга келтириб, тарбиялашдир, Ислом учун етук мусулмонни камол топтиришдир. Мен шундай тушунаман. Шайтоний туйғуларга, тушкунликка алданиб, ўзини жабрдийда кўрсатиб яшайдиган аёлларнинг кучли бўлишларини истардим. Бундай кучнинг манбаи эса Исломдир, соф Иймондир. Анжелина учун бу янги мезон эди. У ўқиган фалсафа китоблари ўзинг учун яша, деб уқтиради. Зайнаб хоним эса бошқа бир ҳадафни, умр ва жонни бахшида этишга арзийдиган Юксакликни кўрсатаётир. Хоним Анжелина учун мавҳум бир руҳоний мулкнинг маликаси ўлароқ туюлди; бу малика ўз мулкида зерикмаяпти, шикоят этмаяпти, у ҳаловатда, таърифга сиғмас сакинатнинг тахтида улуғвор яшамоқда. Анжелина айнан ана шу руҳоний мулкка мансуб бўлишни истай бошлади. У ишига қайтди, лойиҳадаги фильм суратга олинди, намойиш этилди. Анжелина яна жўшқин ҳаёт бағрига кирди. Зайнаб хоним суҳбатининг таъсири хиралашди. Бироқ Анжелина хиёнатга, қайғуга дуч келганида Зайнаб хонимни, унинг гапларини беихтиёр эсларди. Бир неча фильмлардан кейин галдаги лойиҳа Анжелинада ўзгача иштиёқ уйғотди. Бу Ўрта Осиёдан Ҳиндистонга бориб, салтанат қурган Муҳаммад Заҳириддин Бобур исмли мусулмон подшоҳи ҳақидаги йирик лойиҳа эди. Анжелина ижодий гуруҳ билан подшоҳ Бобур ва унинг сулоласи ҳақида бир неча қисмли илмий фильм тасвирга олиш учун Ҳиндистонга учиб кетди. Бу янги саҳифа. Анжелина кўп таъсирлантирган, ҳатто, уни йиғлашга мажбурлаган воқеалар Ҳиндистонда кутаётганидан у мутлақо бехабар эди шу онда. Download 0.5 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling