ҲАЛҚА Қисса биринчи боб


Download 0.5 Mb.
bet24/35
Sana22.02.2023
Hajmi0.5 Mb.
#1222559
1   ...   20   21   22   23   24   25   26   27   ...   35
Bog'liq
(shayximiz kitoblari) Halqa Akrom Malik (1)

ЙИГИРМА ТЎРТИНЧИ БОБ


Абдуллоҳ яна аввалги камерага қайтарилди. Камерада ўша эски нусхалар – Айдар, Найнов ва Кичкина бутун дунёнинг сиёсати уларга қолиб кетгандек бир-бирларига ақл сўқиб ўтиришган экан.
Аслида, ақл сўқаётган, одатга биноан, Айдар эди. Найнов оёғини кўтариб ётган кўйи эснаб, ҳафсаласизлик билан уни маъқуллаб қўяди. Кичкина оғзини очиб, Айдарнинг оғзига тикилади. Абдуллоҳ кириши билан у томонга ўгирилишди. Найнов оёғини туширди, ўтирди.
Абдуллоҳ қўлини чайди. Камерадошларига:

    • Ҳорманглар! – деди, ҳеч кимга ортиқча эътибор бермади, сўрашишга қўл ҳам узатмади. Ётар жойнинг юқорисига чиқиб, чўзилди. Унинг баданида мих санчилган жойлар кўриниб турарди. Айдар пастки лабини тишлаб, ачингандек бошини лиқиллатиб қўйди. Кейин қўлини силтаб, ўз лоқайдлигини эълон қилган бўлди. Найнов эса эшик тагига бориб, тақиллатди.

    • Энди эшит! – деб Кичкинага келган жойидан вайсашга тушди Айдар. – Шундай қилиб, дунёдаги энг буюк давлатлар ичида Хитой энг буюги, энг кучлиси, энг қудратлисидир. Биласанми, Россия ҳам, Америка ҳам у билан ҳисоблашиб ишлайди. Чунки Хитой маҳсулотлари жаҳон бозорларини эгаллаб бўлди. Осиёни Хитойсиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Хитойнинг армияси, саноат, халқи – жуда бетакрор. Сиёсат масаласида бизнинг ҳукуматдан бутун дунё ўрнак олса, арзийди. Бизга Европанинг сиёсатини мақташади: инсон ҳуқуқлари, бошқа, бало, баттар! Тошини терсин булар! Баъзи хоинлар Хитойда демократия ўрнатамиз, дейди. Европа чириб, адо бўлди. Ҳамма ёқни кўтлар босиб кетган. Хитой бунга йўл қўя олмайди, ахир. Хитой қадимдан келаётган ҳамма илмларни ўрганиб, коммунизмни танлаган. Энг буюк ғоя. Инсон озодлиги шунда! Хитой раҳбарлари мамлакатни гуллатиб юборишяпти! Халқимиз меҳнаткаш! Кимлардир Хитойда яшаш қийин, шароит йўқ, дейишади. Ҳой, нонкўр! Ишла, меҳнат қил! Бутун дунёдан Хитойга келишга одамлар орзуманд! Бизнинг уйғурлар ҳам баъзан аҳмоқ. Хитойдан озод бўлиш керак, дейдиган тоифалар чиқибди. Унақаларнинг жойи қамоқ! Зиндон! Ўлим! Осув! Отув! Чунки Хитойдан ажраб чиқиш ўлим билан тенг. Ахир, бизни кимдир ҳимоя қилиши керак-ку! Агар Хитойнинг қўл остида бўлмасак, Россия бизга ҳужум қилади, Америка босиб олишга интилади. Хитой эса бизни бу балолалардан тўсиб турибди. Ҳамма нарсага йўл бор: коммунизм сиёсати худони инкор этса ҳам, масжидлар ишлаб турибди. Уйғурлар, мусулмонлар ҳажга боряпти. Қуръонлар сотиляпти. Ахир, нима керак? Тинч ва осуда яшаяпмиз! Аблаҳ ватан хоинлари Хитойдан уйғурни озод қиламан, дейди. Ахир, биз озодмиз! Бунақа исқиртлар жамлоқларда тўлиб ётибди. Борсанг, кўрасан. Бутун дунё Хитойга тан беради.

Вайсашлари Абдуллоҳнинг қулоғига кирмаётганидан Айдар ғофил, албатта.
Абдуллоҳ хотиржам, қалби осуда эди. Туну кун тинмайдиган, айниқса, кечалари деворларни куйдириб юборгудек қийноқ нолаларини эшитаркан, қалби билан Аллоҳга боғланди, истиғфор айтди, Роббисидан мазлумлар учун ёрдам сўради.
Орадан бир ой ўтгач, Абдуллоҳни судга чақиришди. Судгача адвокатни ҳам, терговчини ҳам қайта кўрмади. Қизиғи, қамоқ биноси ичида суд зали бор экан! Абдуллоҳ шундай ўйлади. Чунки у қандайдир “кўринмас кучлар” қамоқ ичидаги тузукроқ хоналардан бирини таъмирлатиб, суд залига айлантириш ҳақида буйруқ берганини билмасди, табиий. Ўша кучлар
Абдуллоҳнинг қамоқдан чиқарилмай тўғри жамлоққа олиб бориш ва у ерда жиддий назорат остида сақлаш ҳақида қарор қилган эдилар.
Абдуллоҳ “Судга ҳозирлан!” буйруғини эшитиб, қандай ҳозирланиш тўғрисида ўйлади. Эгнидаги кийимни қайта-қайта ювиб, қуритиб, кийиб юрибди. Ташқи либосини ювса, ич кийимда ўтиради. Ич кийимини ювса, таш кийимда.
Миршаблардан бири устара узатди.

    • Соқолинг-мўйловни қир! – деди дағаллик билан.

Абдуллоҳ миршабга тикка қаради ва устарани олди. Ойна йўқ эди. Совун йўқ эди. Абдуллоҳ сўрамади. Сўрагиси келмади. Муздай сув билан ўсиқ соқолини ювди. Иягини ишқади, соқолини юмшатган бўлди.
Ўнг узорини бармоғи билан пайпаслаб, устарани тиғи билан юргазди. Ўт ўрганда чиқадиган овоз қулоғининг тагидан эшитилди. Устарани сувга ботира-ботира Абдуллоҳ соқолини таги билан олишга киришди. Айдар, Найнов ва Кичкинанинг наздида Абдуллоҳ хўмрайиб, бефарқ ҳолда соқолини қирар эди. Аслида эса қалбини истиғфор жаранги тўлдирди.
“Аллоҳумма анта Роббий!” – “Аллоҳим, Сен менинг Роббим, парвардигорим, Тарбиячимсан!”
“Лаа илаҳа алла ант!” – “Сен бошқа ибодатга сазовор бўлган бошқа илоҳ йўқдир!”
“Холақтаний!” – “Сен мени яратдинг!”
“Ва ана аъбдука!” – “Ва мен Сенинг қулингман!”
“Ва ана аъла аҳдика!” – “Ва мен Сенга берган аҳдим устидаман!”
“Ва ваъдика мастатоът!” – “Ва Сенга берган ваъдамга қувватим етганича, имконим борича, ўзимни бутунлай сафарбар этиб амал этмоққа тиришаман!”
“Ауъзу бика мин шарри ма сонаът!” – “Қилмишларим: нохуш кирдикорларим, хатою гуноҳларимнинг ёмонлиги ўзимга етишидан қўрқаман ва ўша ёмонликдан қочиб, Сенинг паноҳингни сўрайман!”
“Ва абуу улака би ниъматика аълаййа!” – “Сен, Ўзинг менга чексиз неъматлар ато этдинг! Беминнат берганинг барча неъматларни эътироф этаман, тан оламан!”
“Ва абуу у бизан бий...” – “Сенинг қошингда, Сенинг кўзинг ўнгида, Сен кўриб турганинг ҳолда қилган барча гуноҳларимга иқрорман...”
“Фағфирлий...” – “Аллоҳим, мени кечир!..”
“Фа иннаҳу лаа яғфируз зунуба илла Ант!” – “Зотан, Сендан бўлак гуноҳларни кечиргувчи ҳеч ким йўқ! Фақат Сен маъсият ва хатоларни афв этадиган Зотсан!”
То соқолини буткул қириб бўлгунича Абдуллоҳ истиғфордан тўхтамади. Бу шундай истиғфор бўлдики, фақат Аллоҳ ва унинг бир шикаста қули орасида эди.
Абдуллоҳ судга чиқаркан, унинг тик қадди, дадил қадамлари миршаблар қалбига англамсиз қўрқув олиб кирди. Бу қўрқувни улар қандай ҳам
англасинлар, қандай тушунсинлар! Кўр бўлган қалб кўзи на ёруғни, на зулматни идрок эта олмас, зотан. Фақат бу маҳбусга қаттиқ бир овоз-ла, қўпол бир сўз-ла муомала қилишга ғайритабиий бир Қудрат йўл қўймади.
Сунъий ҳозирланган суд залига Абдуллоҳни олиб кирдилар. Суд зали, ажабки, тўла. Баланд қилиб ўрнатилган столда уйғур судя қўр тўкиб ўтирибди. Икки ёнида икки нафардан халқ маслаҳатчилари.
Қамоқ инсон сезгиларини қайрайди. Маҳбуснинг кўзлари қаршисидаги ҳар нарсани ипидан игнасигача, миридан сиригача бир лаҳзада хотирага муҳрлайди. Хотира мияга узатади. Мия бир он ичида бу сувратни таҳлил элагидан ўтказади.
Абдуллоҳ судяни уйқуга тўйган, деб ўйлади. Бироқ, ажабки, маслаҳатчиларнинг кўзлари шишиб кетган. Валлоҳи, улар ухламаган кўринадилар.
“Кайфу сафода тонг оттирган бўлсалар керак...”
Прокурор душманга қўшин тортиб чиққан саркарда каби жанговар.
Панжара ичига киргач, Абдуллоҳ оҳиста ўриндиққа чўкди. Эшикдан:

    • Мен адвокатман, адвокат! – деган овоз эшитилди ва Тублибек шошиб- пишиб кириб келди. Абдуллоҳ кўз қири билан Тублибекка қараб қўйса-да, эътибор қаратмади.

Зални тўлдирганлар Абдуллоҳнинг кўзига битта қолипдан чиқарилган темир ҳайкалчалардек туюлди: юзлар бир хил, қириб силлиқланган ияклар бир хил, маънодан холи, бўм-бўш нигоҳлар бир хил. Ҳиссиз. Совуқ.
Абдуллоҳ деворга суянди.
Юзлари чўзинчоқ, озғин, ўтирган жойидан ҳам новчалиги билиниб турган мўйловли судя Абдуллоҳга қошини чимириб қаради. У тажрибаси давомида бу қадар бетакаллуф маҳбусни илк бор кўраётганини хаёлидан ўтказди.
“Синдириш керак, албатта, синдириш керак! Бурни осмонда-ку! Худди жонини тикиб қўйгандек!” – судя ўз ўйидан ўзи мутаассир ҳолда лабини бурди.

    • Демак, судни бошлаймиз, – деди судя залга қараб. Абдуллоҳ эса кўзини хонанинг ўзининг қаршисидаги деразасига тикди:

“Ҳаво қандай экан? Салқинмикин? Ё иссиқмикан? Одамларнинг кийимига қараганда совуқ, шекилли. Ўраниб олишганини кўр буларнинг...” – деди ўзига ўзи. Судя эса маҳбусни таништираётган эди:

    • Абдуллоҳ Ёрқин Иброҳим Ёрқин ўғли, ёши ўттиз иккида, Туркия ватандоши, аслан, Уйғур қочқини. Отаси билан бундан қарийб йигирма беш йиллар илгари Хитой ҳудудидан ноқонуний равишда чегарани бузиб қочган... – судя яна бир нималарни гапирди, Абдуллоҳ эснади. Кўзини юмиб- очиб, елкасини кериб, танасидаги қонни юриштирмоқчидек бир қўзғалди. Маҳбус ўтирган панжара тепасида турган миршаб кўзларини ола-кула қилиб, дам судяга, дам Абдуллоҳга боқди. Судя судланувчига савол берди. Абдуллоҳ уйқудан энди уйғонгандек: “А?” – деди.

    • Судланувчи, ухлаяпсизми? – деди судя зард билан.

    • Йўғе, сизлар ухлаяпсизларми, дебман, – деди Абдуллоҳ.

    • Тушунмадим?! – деди судя ҳайрон бўлиб.

    • Ҳеч нарса, сўрайверинг, нима керак сизга? – деди Абдуллоҳ. Судя маҳбус уни мазах қилаётганини сезди. Биргина у эмас, залда ўтирганлар – фаросатдан бир зарра насибаси борларнинг ҳаммаси буни англади. Миршаблар, куч ишлатиб, ақлни унутган золимларнинг барчаси, бундай ҳолга илк бор учрашаётгандилар. Зотан, судларда ҳамма синиқ ва йиғлоқ бир ҳолда туради.

Бу қандай исён бўлди!?
Судя учун мазах бир зарба эди. У фикрини жамлаб, “жиноятчи”га қайта бирор ҳужумни режалаштириш учун саволини такрорлади:

    • Уйланганмисиз?

    • Уйланганмисиз? – судянинг гапини айтди Абдуллоҳ. – Билмайсизми? Қўлингиздаги анави қалин жилд ичидаги қоғозларда мен ҳақимдаги зиғирдек маълумотни ҳам қайта-қайта ёзишган. Ўқиб олинг.

Судя довдиради.
Маҳбус у кутганидан кўра безбет чиқди. Довдираганини билдирмади:

    • Ўқиб олайми, ўртоқ жиноятчи? – деди. – Ўқиб олишга ақлим етмай турган эди.

Судя маҳбуснинг вужудидан ёғилиб турган қаҳр қаршисида ўзининг ожизлиги хусусида эътирофга келди. Ҳозирча у билан тенг бўлмасликка қарор қилиб, прокурорга айбловни ўқишни буюрди. Прокурор Абдуллоҳга ўқрайиб қараб, айловни эълон қилди.

    • Сўз сизга, судланувчи, жиноятингиз тафсилотини сўйланг, – деди судя ўзини ўта лоқайд кўрсатишга тиришиб прокурор айбловни ўқиб тугатгач.

    • Менгами? МашааАллоҳ! – деди Абдуллоҳ ўрнидан туриб. “МашааАллоҳ” калимаси ўтирганларга ўқдек санчилди. Ҳамма қалқиб кетди. Абдуллоҳ шошмай ҳар бир одамга бирма-бир қараб, баланд ва дадил сўз бошлади. У гапираркан, овози очилар, ҳар бир сўзи жаранглаб янграр эди. – Мендай гуноҳкор қулини Ислом ила неъматлантирган, Иймон ила нажотлантирган Аллоҳимга ададсиз ҳамд! Исломни етказиб, Иймон тарбиясини берган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга дурудлар, саловотларим бўлсин!

Судя, Абдуллоҳ гапираркан, болғаси билан столга бор кучи билан урди, прокурор ўрнидан туриб кетди, қолганлар эсини йўқотиб қотдилар.

    • Бас қил, маҳбус! – деди чинқириб прокурор.

    • Бу сизга дин мажлиси эмас! – деди судя гезариб. Абдуллоҳ кулди.

    • Мен айбдор эмасман! Мени эшитинглар! Мени эшитинг! – деди ҳайқириб. – Шайтонламанглар! Сизлар ҳаммангиз ёлғончисиз. Ўлкангизда қонун йўқ. Қоида йўқ. Золимлар истаган ишларини қиладилар. Халқни қонини ичасиз. Элни алдайсиз. Ҳукуматда турган бирор инсон одамлар

дардини ўйламайди. Менинг бўйнимга ёлғон жиноят қўймоқдасиз. Мен айбдор эмаслигимни сизлар яхши биласиз. Ноҳақ қамаётганингиз сизга кундай равшан. Бирортангиз мени жиноятчи деб билмайсиз. Тепангизда турган нобакор қамаш амрини берди – қамайсиз. Билингки, мен мусулмонман ва мусулмонни Аллоҳнинг ўзи ҳимоя қилади. Ёлғиз ва иложсиз қўймас! Мени ўлдирасизми, осасизми, сўясизми, зиндонда минг йил сақлайсизми – менга фарқ этмас. Мен ўзимни ўлган, деб ҳисоблайман. Сизлар эса, албатта, бу дунёда хорлик ила жазоланурсиз. Қиёматда эса оловда ёнажаксиз. Масхарабоз судингизни тугатинг. Судсиз белгилаб қўйганингиз қамоқ муддатини айтинг. Мен каби минглаб, юз минглаб, миллионлаб уйғурларни, мусулмонларни, мазлумларни азобламоқдасиз. Огоҳ бўлинг! Бунинг бадалини, албатта, ўтаяжаксиз! Биз ўлсак ҳам, қонларимиз оқса ҳам, сизларга жазо Берувчи Зот ўлмас! Ҳаргиз ўлмагай! Аллоҳ буюкдир!
Ҳамма сукутда қолди.
Абдуллоҳ гапини тугатди. У қизишиб кетган эди. Юзлари бўғриқди.
Жойига ўтирди. Судя бошини эгиб, бир муддат сукут сақлади-да, сўради:

    • Бошқа гапингиз йўқми?

    • Йўқ!

    • Суд саволларига жавоб беришдан бош тортяпсизми?

    • Ҳа!

    • Тўлиқ такрорланг: суд саволларига жавоб беришдан бош тортаман,

деб!

    • Сизларнинг судингиз масхара суд бўлганлиги учун саволларингизга

жавоб беришдан бош тортаман!

    • Яхши. У ҳолда, сиз билан пачаклашиш учун вақтим йўқ, – деди судя ўрнидан туриб. Ҳамма ўрнидан турди. Абдуллоҳ ўрнидан қўзғалмади ҳам. – Ўртоқ прокурор, қанча сўрайсиз?

Прокурор гезариб илондек вишиллади:

    • Бир умрлик қамоқ жазоси!

    • Шундайми? Халқ маслаҳатчилари ҳам фикримга қўшилишса, не ажаб! Мен судланувчи Абдуллоҳ Ёрқин саволларга жавоб беришни истамагани, суд ишини бузгани, суд раиси ва аъзоларини масхара қилгани, суд жараёнида диний тарғибот олиб боргани учун Хитой Халқ Республикаси номидан ҳукм ўқийман: Абдуллоҳ Ёрқин ўттиз йил муддатга озодликдан маҳрум этилсин. Жазони энг қаттиқ турдаги қамоқда ўтасин. Тамом.

Бу воқеалар жуда тез фурсатда содир бўлди. Судя гапини битирди ва: “Маҳбусни кўзимдан йўқотинглар!” – деди миршабларга. Миршаблар Абдуллоҳни силтаб, деярли судраб олиб чиқиб кетдилар. “Суд зали” эшиги ёпилиши ҳамон Абдуллоҳ бошига тушган зарбдан кўзи тиниб йиқилди. Овоз чиқаришга улгурмади: аъзойи баданига уни ўраб олган миршабларнинг елимтаёқлари ёғилди. Абдуллоҳ уч-тўрт зарбани сездию, ҳушидан кетди.
Беҳуш ётган маҳкумни аввал миршабтаёқ билан беаёв савлаганларидан кейин, судраб пастдаги зиндонга олиб кетдилар.
Абдуллоҳ ўлик ё тирик бўлсин, шу тунда жамлоққа – энг оғир турдаги қамоққа жўнатилиши шарт эди...
У кўзини очганида қандайдир темир қутининг ичида силтана-силтана кетаётганини билди. Ўт уловнинг гулдирак овози тўрт томондан унинг қулоғини батанг қилди. Қимирлай олмади. Назарида, бутун танаси майдалаб ташлангандек. Ҳақиқатан, Абдуллоҳнинг вужуди қон ичида. Кийими қон. Танасига ёпишган... Қовурғаси синган. Боши ёрилган. Ички аъзолари ҳам, шубҳасиз, эзилган. Абдуллоҳ шундан кейин то жамлоққа бориб тушгунича ҳушини йўқотиб, на беҳуш бўла олмади ёки ҳушига келиб, на ҳушёр юролмади.
Улов қаердадир тўхтади. Абдуллоҳ чўзилиб ётган темир қутининг бир тарафи эшик экан, тарақлаб очилди. Абдуллоҳ эшик томонга қарамоқчи бўлиб, ингради. Баҳайбат бир зобит кириб келди ва Абдуллоҳнинг қўлидан судради. Абдуллоҳ англамсиз бир ҳолда ундан қутилмоқчи бўлди. Буни кўриб, зобит шеригидан қора қоп олиб, Абдуллоҳнинг бошига кийгазди. Арқон олиб, оёғига боғлаб, тортди. Абдуллоҳнинг танаси ерни “супурди”: уловнинг зиналарига урилиб, ерга тушди. Боши ерга урилиб, “гурс-гурс” овоз чиқарди. Зобит бир шериги ёрдамида уни арқон билан судраб, маҳбусларни ташийдиган поезд эшиги олдига келди. Икки қадам судралишда ердаги майда тош, хас-хашаклар Абдуллоҳнинг қонли кўйлагига илашиб улгурди. Агар Абдуллоҳнинг ҳуши ўзида бўлганида бошига қоп кийгизилган ва букчайган ҳолда сассиз-садосиз поездга турткилаб, қамчилаб олиб кирилган яна ўнлаб, юзлаб маҳкумларни кўрган бўларди, албатта.
Маҳкумларни жамлоққа элтадиган темир поезд ичининг бир томони йўлак, бир томони эса уч қаватли токчалар. Токчаларга букчайган маҳкумлар тахлаб ташланган. Ҳа, тахлаб ташланган. Худди ғишт тахлагандек.
Барча маҳкумларнинг бошларида қоп, қимирлашга-да, сасланишга-да, қувватлари етмайди. Абдуллоҳни худди шундай буклаб токчага орасига тиқиб юбордилар.
Абдуллоҳ чала беҳуш ётди. Унинг мияси ишлаяпти. Фикрлаяпти. Кўзлари очилмас даражада қовоқлари шишган эса-да, қулоқларининг ичига тўлган қон қотиб қолган эса-да, овозларни мияси аниқ ва равшан фаҳм этди. Фаҳм этди ва таҳлилга киришди. Ҳолбуки, тана жонидан айрилгандек. Танадаги оғриқлар шу қадар кучайди, чоғи, мия бу оғриқларни қабул этмай қўйди, гўё.
Поезд уч кун юрди. Уч кунки, маҳкумларга бир томчи сув, бир бурда нон берилмади. Қўллари орқага қайириб боғланган ва елкаси тепадаги тўсиққа тегиб, букилиб ўтирган одамларнинг нафаслари бўғилди, ҳолсизланди, бир неча киши жон берди. Тириклари чала ўлик ҳолга келди.
Уч кундан сўнг поезд Уйғуристоннинг шимоли шарқидаги саҳро ҳудуди ичидаги биринчи бекатда тўхтади. Бекатда совуқ кулранг уловлар жуда кўп.
Уларнинг юкхоналари тўртбурчак. Темир. Юкхоналарда бармоқ сиғарли туйнук ҳам йўқ. Ҳамма уловлар кулранг бўлгани ҳолда ўн дона тўқ қизил рангли шундай улов кўзга ташланади.
Хитойи аскарлар бошига қоп кийдирилган маҳкумларни қоп каби судраб туша бошладилар. Бекатдаги бир неча ҳарбий ва шифокор кийимидагилар ҳам нимадир кутардилар. Олиб тушилаётган маҳкумларни шифокорлар бошидаги қопини сал кўтариб, бўйнини очиб, бармоқлари билан текширишга киришдилар. Улар ўлик ва тирикларни ажратишлари керак.
Ўнта вагондан иборат поездда минг нафар маҳкум келтирилган эди. Тиббий текширув билан уларнинг икки юз эллик учтаси жонсиз эканлиги тасдиқланди. Алвон рангли уловларнинг юкхоналарига ўликларни тартиб билан жойлаштиришди. Зичлаб, тепиб-тепиб ҳар бир уловга элликтадан мурда сиғдирилди. Бешта улов ўлик билан тўлди. Уловлар кетди. Улар махсус тажрибахоналарга кетди. Тажрибахоналарда бу ўликлар бўлакланади. Уларнинг ҳар бир аъзоси тадқиқ этилади. Яроқли аъзолар сотувга чиқарилади. Йўқса, мурдалар илм учун ишлатилади.
Абдуллоҳ аёвсиз калтакланганига қарамай, ҳамон тирик эди. Уни текширган дўхтир ўлик, деб ташхис қўйишига бир баҳя қолди. Кўрдики, юрак заиф уриб турибди.
Бу дўхтирлар вазифаларини “ҳалол” бажарадилар: ўликни тирик, тирикни ўлик, деб айтишга ҳаққлари йўқ. Биргина хато сабабли улар ҳам қоп кийиб, шундай темир поездда сайрга чиқишлари ҳеч гап эмас, зотан.
Аслида, Абдуллоҳ текширувларни ҳам идрок этди. Ҳамма-ҳамма ҳодисани англади. Қоп кийган маҳкумларнинг аксари қамчи остида югуриб кулранг уловларга чиқишди. Уларнинг уни чиқмасди, ҳарбийларнинг овози эса оламни бузаман, дейди.
Уловлар саҳро ўртасидаги жамлоққа кириб бордилар. Узун йўлнинг бўйида бир неча километрларга чўзилган деворларни кўриш мумкин. Бу деворлар оқланган, баланд. Деворларнинг тагидан йўлгача йигирма қадам келади. Шу йигирма қадамнинг ҳар қадамига тиканли сим тортилган. Йигирма қатор тиканли симдан мушукнинг ҳам омон ўтиши гумон. Девордан ичкари ҳам йигирма қадам худди шундай тўсилган. Деворнинг қалинлиги бир қулочдан кам эмас. Ҳар йигирма қадамда кўтарма, кўтарма ичида қурол кўтарган аскар бургут каби атрофни кузатади.
Девор ортини уловнинг темир юкхонасида букланиб ётган чалажон одамлар ҳали билишмайди. Улар сиёсий ва миллий қатағоннинг янги қурбонлари эди. Улар бу деворлар орти бутун инсоният кўзидан яширин дўзахни энди кўрадилар. Одам боласи тасаввур этмайдиган қийноқлар ана шу жаҳаннамлар ичидадир.
Жамлоқларнинг бир томонига бир хил ўлчамда, бир хил кўринишда маҳкумлар учун ётоқ қуриб ташланган. Ётоқлардаги хоналар ўлчами бир хил. Ётоқ бинолари рақамланган. Нафақат, ётоқлар, жамлоқлар ҳам рақамланган. Масалан, биринчи рақамли жамлоқни олайлик. У жамлоқда йигирмата ётоқ
биноси бор. Ҳар бир ётоққа минг маҳкум жойлашади. Бу дегани икки қаватли беш юз ётар жой дегани.
Бир жамлоқда йигирма минг маҳкум сақланади. Биринчи жамлоқ, тўртинчи ётоқ, етти юз эллик иккинчи ётар жойнинг биринчи қавати қуйидагича ёзилади: 010407522.
Кўриниб турганидек, дастлабки икки рақам нол ва бир жамлоқ рақами. Кейинги икки рақам нол ва тўрт ётоқнинг тартиби.
Навбатдаги тўрт хонали рақам ётар жой саноғи, охирги битта рақам эса ётар жойнинг қаватини англатади.
Ҳар бир маҳкумга ана шундай рақам берилади. Бу рақам маҳкумларга кийдириладиган кулранг, қора ёки йўл-йўл маҳбус кийимига чандиб тикиб ташланади. Рақам ўчиб кетиши, йўқолиши мумкин эмас. Жамлоқда исмлар унутилади, лақаблар ёки рақамлар ҳаммасидан муҳим. Тўққиз хонали рақамни маҳбус ёдлаб олиши шарт. Қамоқ назоратчилари сўраганида, албатта, ўйламасдан жавоб бериши керак.
Жамлоқ ичидаги тартиблар ҳар хил, бироқ маҳкумлар адади тенг. Ҳозирча элликта жамлоқ ёғланган ўт уловдек ишлаб турибди. Бу бир миллион маҳбус демакдир. Янги келаётганлар эски жамлоққа жойлаштирилса, эски маҳкумлар ботқоқларга, тўқайларга, конларга юборилади ёки одам оёғи етмаган жойларга бориб, у ерда ўзлари учун янги зиндонларни қурадилар. Албатта, ўз хоҳишлари билан эмас.
Ҳа, биз ўз хоҳишлари билан эмас, деб айтамиз, ҳолбуки, юз минглаб инсонлар ўн йилларки, тутқунликдан озод этилмагач, уларнинг онгида мустақил равишда ҳаёт қуриш, деган нуқта таг-туби билан батамом ўчиб ҳам кетган эди.
Зотан, уларнинг тасаввурлари ва тафаккурлари бошларида қамчисидан қон томган бирор золимнинг туришини қатъиян тақозо этади. Бир миллион тутқун бир вақтнинг ўзида эркинликка қўйиб юборилса, улар ичидан бир неча юз мингги зиндонларга ўз ихтиёрлари билан қайтиб келишлари эҳтимол. Миллат шу аҳволга солинган эди.
Йилларки, қўлдан кишан ечилмаса, бу хатарли эмас, бироқ онг кишанланса-чи?! Онг кишанлангач, қалб занжирбанд этилгач, миллат, албатта, ҳалок бўлади. Миллат Ер юзидан миллат сифатида ном-нишонсиз йўқликка юз тутади.
Бир асрдан кўпроқ муддат зиндондан чиқарилмаган авлод зиндонсиз яшай олмайди. Улар қулдирлар. Тутқунлик узоқ давом этгани сайин қалбда эркка бўлган ташналик сўнади, ҳуррият истаги ўлади, озодлик деган сўз луғатдан чиқиб кетади. Бу инсон боласи учун, нафақат, бир инсон учун, балки Ер юзидаги Одамзод учун энг Улкан фожиадир. Бу фожиа олдида урушлар бахт, қон тўкишлар жаннатдир.
Аллоҳ таоло одамзодни ана шундай қулликдан қутқариш учун ўз пайғамбарларини юборар эди. Пайғамбарлар инсониятнинг чангакка тушган онгини қутқариб, тош остидаги қалбига ҳаёт бахш этганлар.
Абдуллоҳ Ёрқин келаётган маскан ана шундай маскан эди. Аслида, Абдуллоҳ ўз ихтиёри билан келмаяпти, уни келтирмоқдалар. Уни беҳуш, беҳол келтирмоқдалар. Агар тоқати етса, агар Аллоҳ қувват берса, ҳуррият руҳини инсон қалбидан суғуриб олувчи жаллодлар зулмгоҳидан Абдуллоҳ жон топиши мумкин, тирилмоғи мумкин. Энди бу унинг Иймонидаги қувватга, Исломидаги ихлосга боғлиқ. Бошқа ҳеч қандай нажот йўқ.



Download 0.5 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   20   21   22   23   24   25   26   27   ...   35




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling