ҲАЛҚА Қисса биринчи боб
Download 0.5 Mb.
|
(shayximiz kitoblari) Halqa Akrom Malik (1)
УЧИНЧИ БОБ...Ҳожар хоним муслималарнинг ҳар бирига бирма –бир қараб чиқди. Сўнг Аннага қараб: Анна, бу ерга ўз ҳаётимни ҳикоя қилгани чиқмадим, – деди у. – Бу ердаги опа-сингилларимда сиз кутган ҳикоялар ҳам бор, шубҳасиз. Мен Ислом ҳақидаги баъзи хато тасаввурларингизни Роббим қодир этган даражада тўғирлашни истайман. Ислом нуқсондан холи диндир. Чунки уни нуқсондан холи бўлган Аллоҳ инсониятга неъмат, раҳмат ўлароқ тушириб берди. Тасаввур қилинг, туғилганингиздан сўнг, ота-онангиз сизни парвариш этмасалар, яшаш имконингиз қай даражада бўлар эди? Улар сизга юришни, кийим кийишни, овқат ейишни, ювинишни ўргатишди. Мактабда ўқиш, ёзишни ва бошқа илмларни таълим бердилар. Гўдак ҳолингизда ташлаб қўйганларида қандай бўларди? Буни ўйлашнинг ўзи қўрқинчли. Мен инсонлар жамиятининг қоидаларини айтмоқдаман. Қайси дин, қайси ирқ, қайси халққа мансуб бўлманг, ота-оналарнинг фарзандларига ғамхўрлик қилишлари орасида тафовут йўқ. Келинг, ҳайвонот ёки қушлар оламига боқинг. Ўз насли учун қайғурмайдиган бирор жонзодни кўрмайсиз. Ҳатто илон ва қумурсқалар ҳам ўз болаларига кўп тарбиятлар берадилар. Туғилган боласини ялайди, эркалайди, боқади, овга ўргатади ва ҳоказо. Мен нима учун бу мисолларни келтирмоқдаман? Одамзодни ҳам йўқдан бор қилиб, ақл, нафс ва қалб ила неъматлантирган Аллоҳ унга қандай яшашни ўргатмасмиди? Ўргатарди, албатта, ўргатди ҳам. Пайғамбар одамзодга тўғри яшаш илмини Аллоҳдан олиб келдилар. Аллоҳ Одам ато алайҳиссаломдан то набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламгача инсониятга буюк Тарбиялар берди, Таълимлар берди. Уни қабул қилганлар иззат топишди, рад этганлар хорланди. Охири замон пайғамбари Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Аллоҳ динини камолга етказди. Уни Ислом, деб атади. Ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зот алайҳиссаломнинг издошлари Исломда яшадилар, яшаш асносида Исломда бўлмоқнинг гўзалликларини Ер юзига намойиш қилдилар. Агар Ислом билан улуғликка эришмаса, билсинки, у Исломни тўла қабул этмабди, Исломга тўкис итоат қилмабди. Ким Ислом билан шарафланса, билингки, у бу динни руҳининг чироғига, жисмининг яроғига, ҳаётининг байроғига айлантирибди, яъни Исломнинг ичида яшабди. Ҳожар хоним сўзининг шу нуқтасида финжонга сув қуйиб ичди. Анна нотиқ хоним нутқини якунлаганини сезиб, сўради: Хоним, жуда гўзал гапирдингиз. Мен фалсафани яхши ўқиганман. Билсангиз керак, Европада, Америкада ҳар бир фан фалсафа устига қурилади. Илмда фалсафа тасдиқлаган назарияларгина қабул қилинади. Қадимги юнон фалсафаси жуда жозибали. Суқротни фалсафанинг отаси деб таърифлайдилар. Унинг шогирди Афлотун, Афлотуннинг шогирди Арасту... Умуман, бу масала жуда чуқур. Кейин насронийлик жорий бўлди. Насронийлик фалсафани қатағон қилди. Ўрта аср Европа Уйғониш даври намояндаларининг ҳар бири файласуф эди, улар насронийликдан ошиб ўтиб, юнон фалсафасига таяндилар. Кейин Инжилдаги покланиш, тавба, яхшилик қилиш, ёмонликнинг жазоси ҳақидаги оятлар фалсафий метафизика билан қоришиб кетди. Яъни фалсафа ғайбни рад этмайди. Ақлдан ташқари ҳодисаларни ҳам эътироф қилади ва буни метафизика деб номлайди. Инжилдаги ғайб таълимоти метафизикани бойитди десак ҳам, бўлади. Мен буларни кўп ўқиганман. Хитой, Ҳиндистондаги буддавийлик таълимотларидан хабарим бор. У ерларда бўлганман. Дунёдан воз кечган, руҳ тарбиясини олий иш деб биладиган руҳонийлар билан танишганман. Инжил, Қуръон ва бу таълимотлар орасида умумийликлар бор. Гўё улар ўзаро бири бирини тўлдиради. Айниқса, Исломдаги суфийлик покланишга кучли эътибор берилади. Бу ҳам қайсидир жиҳатлари билан менга Тибет роҳибларининг эътиқодини эслатади. Сиз айтяпсизки, Исломни Аллоҳ Ер юзига инсонлар учун тўғри яшаш таълимоти ўлароқ туширди. Бу билан сиз инсоният тафаккур ва руҳий дунёсининг бошқа барча хазинасини инкор қилмоқдасиз: метафизика, Шарқдаги буддавийлик ғоялари, ҳатто, эзгулик ва ёвузлик орасидаги курашлар ҳақида сўзловчи зардуштийлик, дао, тай цзи, кунгфу таълимотлари, бадиий адабиётлардаги юксак қарашларни, санъатни, ҳамма-ҳаммасини рад этяпсиз. Агар Исломни танласак, ҳаётимиз рангини йўқотиб, бир хилликка мубтало бўлмаймизми? Араблардан чиққан диннинг темир қоидалари одамзод эркини чеклаб ташламайдими? Муҳаммад инсоният пайғамбариман деб айтгани билан Ислом араб халқлари манфаати устига қурилгандек туюлади менга. Анна гапини тугатиб, Ҳожар хонимдан жавоб кута бошлади. Тингловчиларнинг айримлари бу нутқни тушунди, айримлари эса бироз англамади, айримлари эса фаҳм ҳам этмаганди. Ҳожар хоним Аннага жилмайиб қаради. Анна нутқи давомида бироз ҳиссийлашди, натижада, юзи бироз қизаринқиради. Европа университетларида, Америкада ҳам, ўқитиладиган асосий китобларда Зигмунд Фрейд, Эрих Фромм, Эдмунд Хуссерл, Гадамер, Дилтей каби файласуфларнинг қарашлари қонун деб қабул қилинган, тўғрими, Анна? сўради Ҳожар хоним. Анна тасдиқлади. – Улар фалсафада жуда чуқур ёндашганлар. Ғарб файласуфлари Мусулмон Шарқида етишиб чиққан ибн Рушд, ибн Арабий, ал-Форобий, ал-Ғазолий, ибн Сино, ал-Жилий каби ўнлаб олимларни ҳам унутиб қўймаган. Шу билан бирга Ғарб фалсафасининг ўзгармас қоидалари ичида ўзлари учун баҳсли бўлган бир хулоса ҳам бор. Файласуфлар одамзод табиати, руҳияти, ақлини тадқиқ эта-эта коинотдаги Олий Ақл ҳақида бир гапни ўйлаб топдилар. Фрейд, Фромм каби файласуфлар миф деган атамани кўп тушунтиришди. Одам онгидаги ҳар қандай хаёл мифдир дейишди. Миф инсоният генида сақланган ухлоқ ахборотлардир дейишди. Инсон биологик майлларини тийса, ҳеч қачон бахтли бўла олмайди дейишди. Олий Ақл ўз-ўзидан бор, у ҳамма нарсанинг асоси, у турли шаклларда ўзини намойиш этади дейишди. Миф Олий Ақлнинг меваси дейишди. Одамзоднинг руҳоний-маънавий эҳтиёжлари Олий Ақлнинг бир белгиси дейишди. Барча таълимотлар Олий Ақлда бирлашади, одамзод Олий Ақл билан абадийликка эришади, ҳаётдан кейин бошқа ҳаёт йўқ деб, ўлим ҳаётини инкор қилишди. Тўғрими, Анна? Эҳтимол, сиз бу ҳақдаги китобларни ҳам ўқигандирсиз? Анна шу ерда донг қотиб қолди. У Ҳожар хонимнинг ҳар бир жумласини ақл элагидан ўтказиб, бу аёл фавқулодда хислатли эканлигига ишонч ҳосил қилди. Унинг назарида, рўмол ва ҳижоб ўраб юрган аёл бу қадар катта илмга эга бўлиши имконсиз эди гўё. Ҳолбуки, қаршисидаги муслима унга унинг хаёлидаги ахборотларни очиб бераётганди. Анна шу чоққача ўзи ишониб келаётган бу таълимотларни шундай оддий сўзлар билан ифодалаш мумкинлигидан бехабарлигини ҳис қилди. Чунки у фалсафанинг мураккаб ғояларини осон услубда етказиб бўлмайди деб ўйларди. Китоблардаги жуда кўп қоидалар, бижирлаб кетган мисоллар унинг хотирасига сиғмай ҳам қоларди, гўё. Ҳозир эса унинг тасаввуридаги Ислом “зулмати”даги бир аёл ҳаммасини бир нафасда айтиб берди. Шунча илмни билиш учун, албатта, Ғарбда ўқиш керак эмасми? Балки, Ҳожар хоним янги муслималардандир?! Хоним, – деди Анна шуларни ўйлаб. – Тўғри сўзладингиз. Гарчи фикрларингиз хулосасини аниқ билмасам -да, сўрамоқчи эдим: Сиз Исломни қачон қабул қилдингиз? Ҳожар хоним Анна нима учун бу саволни берганини тушунди. Анна, мен ҳали Одамзод яралмасидан аввал Исломни қабул қилганман. Ҳа... – Анна бу жавобдан сўнг бир лаҳза эсанкираб қолди. Аллоҳ Ер юзида Одам атодан то қиёматгача бўлган оралиқда яраладиган ҳамманинг руҳини йиғиб, “Мен кимман!” – деди. Руҳлар: “Сен бизнинг Роббимизсан!” – дейишди. “Сизлар Менга таслиммисизлар?” – деди буюк Аллоҳ. “Сенга мақтовлар бўлсин, биз Сенга таслиммиз!” – деди руҳлар. Бу таслимият Ислом эди. Исломда бўлиш эди. Ўша Аҳд кунида менинг руҳим ҳам Аллоҳга аҳд берган, ўшанда мен мусулмон бўлганман, – деди Ҳожар хоним. Ҳайратланарли бир эътиқод! – деб юборди Анна. – Мусулмонлар ана шундай деб ишонишларини билардим. Аммо биринчи марта буни бир тирик муслимадан тингладим. Хоним, сиз исломий оилада туғилганмисиз? Мақсадингиз шуни аниқлаш эди, Анна, – деди Ҳожар хоним. – Ислом муҳитидаги аёл мен айтаётган илмларни, сизнинг наздингизда, билиши қийин. Анна, менинг аждодларим Исломда ўтдилар. Мен ҳам Ислом тарбиясини олиб улғайдим. Бу илмларни ҳам диним тақозоси ўлароқ ўргандим. Баъзилар ўйлаганидек, аёлнинг Исломда бўлиши, ҳижобда яшаши уни ақлсиз, банди, мазлумга айлантирмайди, билъакс, унинг иффатини, шаънини бегоналардан ҳимоя этади. Аннага бу жавоб бир танбиҳдай таъсир этди. У қизариб кетди. Очиғи, у эътироз билдиришни истаётган эса -да, эътирозларини тартиблаб улгурмаётгани сабабли индай олмади. Энди Ислом сиз айтгандек, инсоният тафаккури хазиналарини рад этадими? Исломнинг темир қоидалар одамзодни фикр эркидан маҳрум қилади деган мулоҳазаларингиз хусусида сўзлаймиз, – Ҳожар хоним давом этди. – Азизам Анна! Фалсафада чуқур кетиш яхши ва ёмон орасидаги фарқни йўққа чиқаради. Муқаддас деб қабул этилган ҳамма қадриятларни янчиб ташлайди. Масалан, инсоннинг биологик майлларини тиймасликни эрк деб билсак, инсон нималарни хоҳламайди? Тўғри ва нотўғрининг орасида чегара бўлиши лозим. Бу чегарани инсон топишга қодир эмас. Худони Олий Ақл деб номлаб, шубҳа –гумонлар ичида юриш фақат тушкунлик зулматига етаклайди. Исломни ягона Ҳақиқат деб эътиқод қилсангиз, ундан ташқаридаги ҳамма нарса ёлғонлигини тушунасиз. Бажонидил, – деди Ҳожир хоним. – Менинг гапларим шу, ҳозирча. Сиз тинглашни истайдиган ҳикояни бошқа муслималардан эшитамиз, иншаАллоҳ, – Ҳожар хоним шундай деб ўрнидан турди. ... Хонимдан сўнг, бу жойга ёши қирқларга яқинлаган бир муслима келди. У ҳам Аллоҳга ҳамд, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат айтиб, гапини бошлади. Исмим Шафиқа. Покистонданман. Лаҳорда туғилганман. Муаллимамиз Ҳожар хоним ҳақ гапни айтдилар: менинг узун бир қиссам бор. Бу ўз ҳаётим ҳикоясидир. Мен буни тўқимаганман, бировдан эшитиб олмаганман. Ўзим яшаб ўтган бир ҳаёт бу. Уни сизларга ошкор этаман. Тинглаб, албатта, хулоса қилинг, – деди сўзга чиққан муслима юзидаги парданинг ўзинигина очиб. Анна бу суҳбатдошининг фавқулодда гўзаллигидан илҳомланиб кетди. Шафиқа хоним, шу қадар латофатлисизки, Ғарбда бу гўзаллик нақадар қадрланишини биласизми? Сиз санъат давраларининг илоҳаси бўла олардингиз! – деди Анна. Шафиқа хоним Аннага маъюс жилмайди. Шундай денг? – деди маҳзун овозда. – Келинг, ҳикоямни бошлай қолай. Албатта, албатта, – деди Анна. Отам Лаҳор мадрасаларидан бирида мударрис, яъни ўқитувчи эди. У киши табиатан қаттиққўл бўлиб, ҳеч қачон кўнгилбўшлик қилмасди. Отамнинг тўрт хотини бор эди. Тўрттови ҳам бир ҳовлида яшарди. Аниқроғи, отам катта ҳовлини тенг тўрт қисмга бўлганди. Раҳматли бобомдан қолган даромадли тижорат отамни шундай бой ва имконли бўлишига шароит берганди. Отам тўрт хотинини бирдек назорат қилади. Ҳамма хотинларидан умумий ҳисобда ўттиз фарзанди бор. Ўн етти ўғил, ўн уч нафар қиз. Отам ҳар бир аёлига бир нафардан хизматчи ходима олиб берган. Бундай катта оилани бошқариш, еб-ичириш осон эмас, албатта. Ўттиз фарзанднинг ҳар бирини тарбиялаш, таълим бериш, банд қилиш ҳам машаққат. Отам шунинг учун бўлса керак, доим важоҳатли эди. Ҳамма фарзандлар отамдан қўрқардик. Отамнинг аёлларини айтмаса ҳам бўлади. Улар отамдан Азроилдан қўрққандек қўрқишарди. Шу қадар улкан ҳовли бирор марта тўзиб ётганини эслай олмайман. Отамнинг аёлларининг ҳаммасини она деб танидик. Ўз онамизни она деб чақирсак, хонадоннинг катта хонимини катта она, кейингиларини кичкина она дер эдик. Оналаримизга беҳурматлик қилмадик. Итоатларидан чиқмадик. Отамнинг талаби шу эди. Оналаримиз ҳам бизга овоз кўтарганларини билмайман. Қарғиш, нолиш, йиғи-сиғи бу хонадонда йўқ. Оналаримиз ҳам, хизматчи аёллар ҳам уй тозалаш, овқат пишириш, кийим тикиш билан банд бўлишар эди. Ҳар куни кундузи соат ўндан ўн биргача мутолаа ва қироат вақти эди. Отам шундай атарди. Ҳар бир онамиз ўз болаларини йиғиб, китоб ўқитарди. Бу китоблар ҳар хил бўлса-да, тартиби бор эди. Асосан, ақийда, тарих, ибодат ҳақида ўқирдик. Мактабга бордик. Мадрасага қатнадик. Отамнинг талаби билан оналаримиз ўқишимизга ўта эътиборли эдилар. Хонадонимизда бир вақт намоз қазо бўлмаган, хуфтондан сўнг деярли ҳамма ухлайди, бомдоддан сўнг уйқу мумкин эмас. Пешин намозини ўқиб ҳам, бирор соат ухлар эдик. Отамни ҳар куни кўра олмасак-да, кун ора кўрардик. Тўрт кунда бир бизнинг дастурхонда ўтириб, кечкилик қилардилар. Лаҳордан ташқарида еримиз бор эди. Бу ернинг бир қисми мева ва узумли боғ, бир қисмига ҳар йили мош, ловия, нўхот ва турли сабзавотлар экардик. Биз қизлар ерда меҳнат қилмасак-да, акаларим, укаларим ишлашарди. Чорвамиз ҳам бор эди. Отам ҳеч бир фарзандини бекор ва эътиборсиз қўймасди, тўғри, биз билан суҳбатлашгани вақти деярли йўқ эди. Лекин тарбиямизни асло унутмаган. Мен отамнинг кенжа аёлидан туғилган кенжа қизи эдим. Айтишларича, бобом отамнинг шогирди бўлган. Энг гўзал қизини устозига никоҳлаб берган. Онам чиндан беҳад чиройли аёл эди. Катта оналаримиз онамни бироз суймасликларини кўп сезганман. Онам эса буни кўрмаганга оларди. Ҳамиша отамни ҳурмат билан кутарди. Онгимизда ота деганда Ер юзидаги энг улуғ инсон гавдаланган доим. Ўн ёшга тўлганимда кўзгуда ўзимни кўп томоша қилардим. Кундан кун гўзаллашаётганимни яхши идрок этганман. Ўша пайтлар Покистонга Америка маданияти кўпроқ таъсир этаётган эди. Инглиз тилини ўрганарканман, турли журналлар, газеталардаги суратлар менинг хаёлимни ўғирлайдиган бўлди. Кўчаларимиз Америка кўчалари олдида ғариб эди. Одамларимиз америкаликларга қиёслаганда кўримсиз, қолоқ эди. Ҳаётимиз Америка ҳаёти олдида ўта жўн, ўта зерикарли эди. Ўн тўрт ёшимда шундай ишонч онгимга мустаҳкам ўрнашиб бўлди. Бироқ онам билан кам гаплашардим. Менимча, онам ўта содда аёл эди. Опаларим ҳам кўзимга ўта мутеъ кўринган. Ўзимни бу ҳаёт одами деб ҳисобламай қўйдим. Бурқамни очиб юришдан қўрқсам-да, хаёлимда сочларимни ғарбона турмаклаб, ҳаммани лол қолдириб юришни орзу қила бошладим. Уйимизда мусиқа тингланмасди. Телевизорда ҳам фақат диндорларнинг ваъзлари қўйиб бериларди. Мен эса мусиқа ошуфтаси бўлиб қолдим. Шундай ўзгаришлар ичида юрар эканман, менга совчи келди... Download 0.5 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling