ҲАЛҚА Қисса биринчи боб


Download 0.5 Mb.
bet4/35
Sana22.02.2023
Hajmi0.5 Mb.
#1222559
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   35
Bog'liq
(shayximiz kitoblari) Halqa Akrom Malik (1)

ТЎРТИНЧИ БОБ


Абдуллоҳ Ёрқин ҳикоясини давом эттирди:

    • Туркман чегарасидан ўтдик. Бироз юрдик. Онам, акам ва мен йўл четидаги дарахт тагида қолдик. Отам отга миниб, қаергадир кетди. Акам билан онам ўзига эрмак топди. Ариқдан сув олиб сепди. Юкларни тартиблай бошлади. Биз қўнган жойдан уч юз метр нарида ўтов кўринади. Ўтов атрофида болалар ўйнаб юрибди. Ўтовдан бир жувон чиқиб, нималаргадир уннайди. Кейин яна кириб кетади. Бир –икки марта бизга қаради. Ариқ деганим анҳордан кичикроқ ўзан. Ёқасида тол, мажнунтол, наъматак, бақатерак, тут ўсган. Йўл шағалли. Бу ердан ўзиюрар уловлар ўтиб қоларкан. Бундай уловларни Хўтанда кам кўрганмиз. Дариллаган овоз чиқади. Катта, юмшоқ ғилдираклари бор. Орқасида тутун чиқарадиган қувур. Атроф бийдай дашт. Сув қаердан келиб, қаерга кетади – билиб бўлмайди. Яқин –орада бирор қишлоқ кўринмайди. Акам билан мен чумолиларни анча томоша қилдик. Мен чумолиларнинг сувда сузишини кўргим келиб қолди. Барг олиб, чумолиларнинг карвонини тўсдим. Бир неча чумоли баргга чиқди. Баргни сувга қўйиб юбордим. Назаримда, чумолилар учун барг кема эди. Бу

«кема»нинг ариқда «сузиши»ни томоша қилиб, оқим бўйлаб югурдим. Ортимдан онамнинг хавотирли саси келди:

    • Абдуллоҳ, узоқлашма, болам!

«Кема» сув ўртасига кетиб қолди, мен чумолиларни тақдир измига қолдириб, онамга қараб югурдим.

    • Она, нон! – дедим.

Онам тугундан қора буғдой нони олиб берди. Мен ариққа келдим. Ноннинг ярмини акамга бердим. Ўзимнинг улушимни сувга ботириб, қотган нонни юмшатиб, оғзимга солиб чайнай бошладим.
Ўтовдан бир кампир чиқди. Ортидан бояги аёл кўринди. Кампир аёлдан ниманидир сўради. Аёл ҳам бизни кўрсатиб жавоб берди. Кампир биз томон кела бошлади. Онам унга томон пешвоз юрди:

    • Ассалому алайкум, она, – деди.

Кампир ҳам ўз қизини кўргандек онамни бағрига босди:

    • Ва алайкум ассалом, чироғим, – деди. – Қўноқмисизлар?

    • Ҳа, она, қўноқмиз. Уйғурмиз. Ўғлингиз ўзюрар улов ахтариб кетди, – деди онам. – Юкимиз кўп. Йўлимиз мўл.

    • Воййй, чироғим, – астойдил ачинди Туркман она. Мен туркманлар юртида эканлигимизни билганим учун кампирни хаёлимда «Туркман она» деб атадим. – Мусофирлик қурсин, чироғим. Биз туркманлар чўлма –чўл юрамиз. Умримиз саҳрода ўтади. Бизга бунинг ҳеч бир оғири сезилмайди. Лекин Ватанидан чиққан одамга қийин. Юр, чироғим, ўтовга юр.

Онам тараддудланди:

    • Она, юкларимиз бор. Ўғлингиз ҳам келиб қолса...

    • Юкларинг жойидан қимирламайди. Ўғлим келса, ана, невараларим. Хабар беришади, юрақол, – қистади Туркман она. Унга эргашиб, ўтовга кирдик. Ўтов ичи кенг ва салқин экан. Ерда гулдор, юмшоқ гилам ястанган. Тўшак ўрнида терилар. Туркман онанинг таклифи билан майин терига ўтирдик. Туркман она дуо қилди:

    • Худойим сиз мусофирларни эсдан чиқармасин, чўлларимиз серўт, қўйларимиз серсут, сергўшт, этли бўлсин! Омин!

Ўртада дастурхон. Кўзача. Нон. Қоқи мевалар.

    • Чироғим, уйғурлар ҳам е, демаса, овқат емайдими? Туркманлар е, демайди. Ўзинг олиб е. Уят бўлмайди. Емасанг, уят бўлади.

Онам нон ушатди. Кўзачадан сопол косага айрон қуйди. Акамга, менга берди. Ўзи ҳам ичди. Туркман она ҳам тамадди қилди. Таом пайти ҳеч ким гапирмади. Таомдан сўнг онам ҳам Туркман она билан гаплашиб кетди. Биз болалар ташқарига югурдик. Болалар билан тезда тиллашиб, ўйинга берилиб кетдик. Кечга яқин отам келди. У отда эмас, ўзиюрар уловда келди. Юкларимизни шу уловга ортдик. Туркман онанинг ўғиллари ҳам келишди. Улар бизга кўмаклашдилар. Туркман она бизга бир нарсалар берди. Онамни қучоқлаб, ўпди. Бизни ҳам қучоқлади, ўпди.

      • Йўлларинг олис экан, яқин бўлсин! – деб дуо қилди.

Ўзиюрар уловнинг орқаси атрофи ўралган супа экан. Шу супага юкларимизни кўйиб, ўзимиз ўтириб кетишга ҳам жой ҳозирладик. Ҳаммамиз ўтирдик. Улов бир силкиниб, юриб кетди. Мен отамнинг пинжига тиқилдим. Акам онамнинг ёнида.

    • Отларни сотдим, – деди отам. – Бу улов билан уч кунда Эронга етиб оламиз.

... Бирор шаҳар ё қишлоқда тўхтамадик. Улов деярли тинмай юрди. Билсак, уни икки киши галма –гал юргизар экан. Учинчи кун тунда уловнинг силкинишдан уйғониб кетдим. Қарасам, отам ҳам, онам ҳам уйғониб, нимагадир қулоқ тутишяпти. Пастдан овоз келди:

    • Машинада нима бор? Борингни бер!

    • Ё бошингни узайликми? Ўлигинг чўлда қолади, бўрилар еб кетади.

    • Машинанг ҳам бизга қолади.

    • Оғам, машинада ҳеч нарсам йўқ. Бир мусофирни оиласи билан манзилига элтяпман.

    • Алдама, оч, юкхонани! Оч!

Ўтирган супамизнинг орқа томони эшиги очилди. Фонус тутган отлиқлар кўринди. Уларнинг қўлида милтиқ ҳам бор эди. Онам қўрқиб кетди. Отам бизга:

    • Қўрқманглар! – деди. Ўзи супадан пастга тушиш учун юрди.

Осмон тиниқ эди. Осмонда тўлин ой. Юлдузлар чарақлайди. Чўлнинг изғиринли шабадаси эсади. Она болалар бўйрага ўрандик. Онам иккимизни маҳкам қучоқлаб олди.

    • Ё Қодир Эгам! Бизни паноҳингда асра! Ё Меҳрибон Эгам, бизни ташлаб қўйма! Ё Қодир Эгам! Ё Раҳмли Худойим! Бизни ҳимоя қил! – онам тинимсиз пичирлаб шундай дерди. Онам бизни шундай қаттиқ қучоқлаб олгандики, юрак уришини сезиб турдим. Ич –ичимдан қўрқмасам -да, хатарда эканлигимизни идрок этиб, нафас ҳам чиқармасдим. Пастда эса отамнинг йўлтўсарлар билан суҳбати қулоққа чалинади:

    • Оғаларим, – дерди отам. – Хотиним, икки болам билан кетяпман. Уйғурман. Хитой зулмидан қочдим. Боримни йўлда сарфлаб келяпман. Шу уловни ҳам базўр топдим. Ҳали манзилим олис.

    • Шундай де? Қаерга кетяпсан?

    • Оғалар, Эронга ўтишим керак. Кейин Туркияга.

    • Туркманда юравер! Туркияда нима қиласан! Киминг бор у ерда?

    • Оғалар...

    • Айт, айт! Ит эгасини танимайдиган замонда Туркияда сенга кўзи учган ким экан?

Отам жим қолди.

    • Эй мусофир, исминг нима? – бу мутлақо жиддий бир овоз эди.

    • Иброҳимман, – деди отам. – Иброҳим Ёрқин.

    • Яхши, Иброҳим Ёрқин. Мени эшит! Сен чиққан уловни ўрислар кўпроқ минади. Улар бу уловда наша, кўкнори ташиб юрадилар. Афғондан олиб, Эронга, Қирғизга, Термизга, Тошҳовузга, Хоразмга сотадилар. Биз инсофсиз қароқчи эмасмиз. Бу кофирларнинг шундай қилиб, додини берамиз. Кейинги пайтда аҳвол оғирлашди. Ўрис Афғонга қўшин киритади дейишяпти. Сен хитой зулмидан қочдим деяпсан. Мен мазлумни таламайман. Ростини айт, Туркияда кимни қора қилиб кетяпсан? Гапинг рост бўлса, сени Туркиягача эсон –омон боришингни таъминлашга ҳаракат қиламан.

    • Оға, мен қора қилиб бораётган одам ҳаётми, йўқми, билмайман. У жуда таниқли одам. Бобом унинг мужоҳидларидан бўлган, – деди отам.

    • Бобонг мужоҳид бўлганми? Ё Қодир Аллоҳ! – йўлтўсар оға ҳайқириб юборди.

    • Бобомнинг исми Қиличбек Мужоҳид бўлган. У амирулмуслимин Ёқуббек қўшинида бўлган. Еттишаҳарни барбод этганларидан кейин бобом Хўтанга, она юртига қайтади. У пайт ёш, навқирон йигит бўлган. Ёши

етмишга етганида Фарғона кофирга қарши Эргаш қўрбоши жиҳод қиляпти деб эшитади. Фарғонага келиб, Эргашнинг Ғорбувадаги қароргоҳига боради. Ўша ерда Шермуҳаммадбек қўрбошига ёрдамчи бўлади. Бобом аскарлар ичида нисбатан ёши улуғ эди. Ёқуббек Бадавлат лашкаридан ҳам олган тажрибасини ишга солади. Оппоқ соқоли билан ўрисга қарши кўп урушиб, шаҳид бўлган. Шермуҳаммадбек шунда кўп маҳзун бўлган. Бобомнинг яккаю ягона ўғли отасининг шаҳодат топганини эшитиб Ғорбувага келган. У менинг отам Холид Мужоҳид эди. Уни ҳам Шермуҳаммадбек ўз лашкарига олган. Кўп урушлардан сўнг, ҳар хил сабаблар билан қўрбошилар лашкари тарқалиб кетди. Кобулга чекинишга мажбур бўлган Шермуҳаммадбек қўрбоши отамга «Юртингга қайт!» дейди. Отам Хўтанга келди. Мен ўшанда анча эсимни таниб қолгандим. Кейин отам яна урушга кирди. Энди у киши Алихонтўра Соғунийнинг лашкарида эди. Алихонтўрани ёлғон келишув билан Московга олиб кетдилар. Лашкар бошсиз қолди. Хитой ҳужумига дош бермади. Отам ана шу жангларда шаҳид бўлди. Оға, аждодларимизнинг ҳаммаси кофир босқинчига қарши курашиб келди. Бизни босқинчи ҳукумат яхши танийди. Хитойга Мао Цзе раис бўлди. У охирги инқилобда хароб бўлган давлатни тиклаб олди. Энди навбат Уйғур ўлкасига келади. Биринчи иш эски курашчилар авлодини қириш бўлади. Шунинг учун, юртимдан бош олиб чиқдим.
Туркияда мен қора қилиб кетаётган одам донгдор қўрбоши, мужоҳидлар сардори Шермуҳаммадбекдир.
Отам гапини тугатди. Ҳамма жим бўлиб қолди. Сукутни Йўлтўсар оға бузди:

    • Иброҳим, жигарим! Шуни билки, мен ҳам ғорбувалик мужоҳиднинг авлодиман. Шермуҳаммадбек Кобулга ўтганда бизнинг оила у билан эди. Қўрбоши Истанбулга кетди. Биз Афғонда қолдик. Бу ерда ҳаёт қилдик. Бироқ нотинчлик тўхтамади. Ҳар хил босқинчиларга қарши урушиб юрибмиз. Бир томондан ўрис, бир томондан инглиз таҳдид қилаётир. Яқин орада Афғон юрти улкан жанг майдонига айланса керак. Ўрис бизга қўшин киритса, халқ оёққа туради. Афғон халқи ювош халқ эмас. Босқинчи келса, қочадиган бўлса, уйини бузиб кейин қочади. Нима учун тайёр бошпанани ёвга бериш керак? Шунинг учун, катта уруш остонасидамиз. Мен бу ерда шерюрак йигитлардан жамоа туздим. Туркман чўлларида кофир ўриснинг молини талаяпман. Ўрис бу юртни босиб олиб, ҳаловат топаман деса, хом ўйлабди. Бухорони, Хивани, Қўқонни кофирга бериб қўйдик. Аммо бу ёғига қадам бостирмаймиз. Қадам босса, бу жойни жаҳаннамга айлантириб берамиз.

    • Омин! – деди отам.

    • Иброҳим, модомики, қасдинг Туркия ҳижрати экан, йўлдан қолма. Сенга пул бераман. Корингга ишлат. Афғонга ўрис келса, Қиличбек ва Холид Мужоҳидлар изини босишни истасанг, кел!

Мен ўрнимда турдим -да, тахта тўсиқ оша пастга қарадим: бир неча ўн отлиқлар, ўртада отам ва жуда барваста одам гаплашиб туришган экан.

    • Омон бўл, жигарим! – Йўлтўсар оға отамни бағрига босди.

... Шарқ осмони, аввал, кулранг тус олди. Кейин кўкарди, гезарди, оқарди ва қуёш чиқди. Биз, аллақачон йўлда эдик.
... Йўлтўсар оға ваъдасига вафо қилди: Эронга ўтдик. У ерда ҳам бизни бошқа ўзиюрар улов олиб кетди. Эронда жуда кўп шаҳарлардан ўтдик. Отам айтгандек, баъзи шаҳарларда нотинчликни кўрдик. Одамлар кўчада тўпланиб, бақиришарди. Баъзи шаҳарларда ўқ овозлари!
Эрон ичида ўн кун йўл босдик...
Истанбулга ҳорғин кириб келдик. Кейинчалик онам эслайдики, егулигимиз, нақд пулимиз деярли қолмаган. Ҳатто, юкларимизни йўлда отам сотиб юборишга мажбур бўлган. Эрондан Ироққа ўтишга тўғри келибди. Ироқда мол –мулкимизни пуллашни бошлаганмиз. Онам айтадики, Истанбулга киришда ҳушимдан кетибман. Ёз эмасми, ҳаво қайноқ. Денгиз яқинлиги учун бу иссиқ ҳарорат одамни лоҳас этаркан. Отам ҳар тарафга жавдираб ёрдам излабди. Кўчадаги ҳар бир одамдан шифохона сўрабди, табиб излабди. Одамлар Эҳсон ҳаким деган инсоннинг манзилига йўллашибди. У пайтларда Истанбулда ҳам ўзиюрар улов кам экан, шундай бўлса -да, мусулмонлар тезда оиламизни Эҳсон ҳакимнинг уйига етказишибди. Отам мени кўтариб, табибнинг ҳовлисига югуриб кирибди. Эҳсон ҳаким шу топда бемор кўраётган экан.

    • Ҳаким афандим, болам хаста, боламга қаранг! – дебди отам. Онам эса рўмолининг бир учини тишлаб, бир учи билан кўзини беркитиб, сассиз йиғлармиш. Эҳсон ҳаким барваста, соч –соқоли оппоқ, юзи нурли одам экан. Ўзи қараётган беморни шогирдига топширибди -да, тезда келиб мени қўлига олибди ва дебди:

    • Роббим ёрдамчи бўлсин! Қўрқма, ўғил, боланг Аллоҳнинг изни ила шифо топгай!

Кейин мени супага ётқизибди, кийимларимни ечиб, баданимни нам мато билан артибди. Кўзимнинг ичига, оғзимга қараб, юрагимга қулоқ тутибди. Ҳар хил муолажалар қилиб, иши давомида тинимсиз дуо ўқибди. Бурнимга қандайдир пахтани тутибди, ҳушимга келиб, ғингшибман. Кейин қандайдир дамламадан бир қошиқ ичирибди. Сўнг ота –онамга қараб, дебди:

    • Ўғил, келинни олиб мусофирхонамизга жойлаштир, – сўнг шогирдларидан бирига тайинлабди. – Меҳмонни мусофирхонага элт. Хизматларида бўл. Барча ҳожатларини раво эт!

... Онам айтадики, мусофирхона катта даргоҳ экан. Қашшоқлик оилалар, етимлар, бевалар – ҳамма учун алоҳида –алоҳида ажратилган хоналари бор экан.
Мусофирхонада ота –онам ювиниб, иссиқ таом ейишибди. Кийимлар олишибди. Бироқ онамга ҳеч нарса татимабди. У фақат мени ўйлабди. Бироқ Эҳсон афанди мени бир хонага олиб, ҳеч кимни киритмабди. Ўзи даволабди. Уч кундан кейин онамга рухсат берибди. Онам олдимга кирса, ойдай бўлиб, покиза тўшакларда ётган эканман. Онам қувонганидан роса йиғлабди...

Download 0.5 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   35




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling