ҲАЛҚА Қисса биринчи боб


Download 0.5 Mb.
bet8/35
Sana22.02.2023
Hajmi0.5 Mb.
#1222559
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   35
Bog'liq
(shayximiz kitoblari) Halqa Akrom Malik (1)

САККИЗИНЧИ БОБ


Иброҳим Ёрқин Шермуҳаммадбекдан сўради:

    • Бейим, Туркистон мужоҳидлари ўрисга, ўриснинг кофирига нима учун таслим бўлдилар? Ҳамиша шу азобли тарихимиз ҳақида ўйлайман ва бу ўйлар менга тинчлик бермайди...

Шермуҳаммадбек хўрсинди. Эҳсон афандига қараб деди:

    • Келажак авлод, албатта, шу саволни беришини билардим. Бу сўровга жавоб бериш осон эмас. Инсон қошида осон эмаски, Роббимиз терговида қандай жавоб беражакмиз? Ахир, биз миллат ва дин ҳимоясини елкамизга олиб эдик. Ҳолбуки, курашни бой бердик. Қанийди, авлодларимизга Аллоҳнинг бизга берган нусрати ҳақида хотиралар қолдирсак! Йўқ, биз юракнинг қоп –қора қони томчилаб турадиган бир аламли ҳикояларни,

қалбларни ўртайдиган мағлубият тажрибаларни баён этишга мажбурмиз. Баён этайликки, болаларимиз биз тушган чоҳларга қайта йиқилмасинлар, балки у чоҳлардан қутулсинлар. Биз борган тиканларни босиб, зулм дарахтларини қонлари ила суғормасинлар, золимларнинг чангалида шоқолнинг тиши орасига тушгандек ингранмасинлар! Иброҳим, айтажагим сўзларни нақш каби қалбингга жо эт. Бу сўзларни фарзандлар билмоқлари лозим, шубҳасиз. Кўп хато қилдик. Биринчи хатойимиз ғафлатимиз эди. Ўрис юртимизга келганида дунёда не бўлаётганидан бехабар эдик. Қудратли давлатлар Ер юзини ўзлари учун томорқа каби бўлишиб олаётганларини ҳеч биримиз билмасдик. Ватанимиздаги бойликлар ҳисобини биз билмасдик, душман билар эди. Биз билсак -да, уни қандоқ истифода этиш илмидан бебаҳра эдик. Ҳаётимиз ўзаро жиққамушт ўтди. Сен сарт, сен тожик; сен қиёт, сен қўнғирот; сен найман, сен уйғур деб баҳслашдик. Кошки, илм ила баҳслашсак! Кошки, тақвода мусобақалашсак! Йўқ, биз тўй қилишда тенгсизмиз. Биз ғийбатда кучлимиз. Мансабпарастликда ғайратлимиз. Ҳолбуки, инглизлар, французлар, немис ва руслар Ислом салтанатларини емириб келар эдилар. Жаннатмакон Осиёни жаҳаннамга эвирдилар. Ундай эмас, аслида, ўзимиз ўзимизга гўр қазидик. Оврупода милтиқ, замбарак, снаряд билан жанг қилганларида, биз камон ва қилични чангалладик. Овупо, Амирқо ўз ҳаётини тартиблаш қайғусида қонунлар ёзар эканлар, биз минг йиллик қонунларимизга тупурдик. Ғайридинлар қонунни у асосда яшамак учун тузсалар, биз ўз мукаммал коидаларимизни амал этмаслик қасдида буздик. Ғайридинлар, кофирлар Ислом дунёсини ер билан яксон этишни режалаштирдилар. Подшоҳларимиз ўриснинг подшоҳига қуллик ва қуллуқ қилиб, совға –салом билан югурдилар. Улуғ деб билганларимиз юрт деб, миллат деб, дин деб ғам чекмаганларидан сўнг биз эрйигитлар, бўзйигитлар қўлга қурол олдик. Ўрисга билганимизча қарши чиқдик. Бироқ бизда на ҳарбий илм, на эътиқодий бир таълим йўқ эди. Устоз деб борганларимиз қўрқдилар, дўст деб ўйлаганларимиз сотдилар. Бизнинг ягона мақсадимиз юртдан кофирни ҳайдаб чиқармоқ эди. Шу қадар содда бўлдикки, кофир ўзимиз чиқиб кетамиз, бизни ўлдирманглар деса, осон алдандик. Мужоҳид биродарларимиз билан орамизга фитна солса, алдандик. Бир –биримизга ишониш ўрнига кофирга ишондик. Бизга бир зот бўлмадики, урушимизнинг моҳиятини англатса! Даставвал, юртни кофирдан тозалаймиз дея майдонда эдик. Қуролларимиз эски, ўқ тополмаймиз. Хоинлар пода –пода бўлиб, кофирга таслимият келтирди. Жон сақлаш қийинлашди. Оқибат, жон сақлаш учун ўқ отдик, кейин жон сақлаш учун ўқ отиш шарт эмас деб ўйладик. Минг афсус, минг афсус, минг афсус! У кунларни эсласам, юрагим қонга тўлади. Қандай, чора қўллашни билмасдик. Қочишдан, баъзиларимиз қуролини топширишдан бўлак чора топмадик. Ўз дўстларимиз бизни босмачи деб, қонимизни тўкди. Биродар, нега мен босмачи бўлай? Ахир, мен ўз юртимдаман. Отам, бобом яшаган тупроқдаман. Бу тупроқда босмачи ўрис эмасми? Кофир эмасми? Шундай, босмачи ким, ҳимоячи ким – фарқлай
олмас ҳолга тушдик. Биз кўп нарсани англамаганмиз. Қаршимиздаги ғанимни танимасдик. Ғанимни танимасак -да, майли, биз ўзимизни танимасдик, жигарим. Бундан даҳшатли не бор жаҳонда? Ўзинг боқ: ўрисни ҳайдаб солсак, кейин нима қилишни билмасдик! Юртни идора қилиш илмидан бехабар эдик. Ўзини миллатпарвар деб билганларнинг эса ўзаро низолашмоқдан бўлак ишлари йўқ. Сенга бир воқеани айтиб берай.
Кофирга жиҳод бошлаганимизнинг илк вақтларида оловдек ёндик. Кучимиз, ғайратимиз танага сиғмайди. Коммунистларни водийдан ҳайдаб чиқара бошладик. Эргаш қўрбоши раҳбаримиз. Мадаминбек ва мени ўзига энг яқин ёрдамчи билиб, кофирдан озод этганимиз ерларни қўриқлашни, ҳужумни давом эттирмоқни амр этди. Роббим нусрат бериб, икки кунда ўн қишлоқдан болшовойларни қувдим, қолганини ўлдирдим. Қўлимда беш юз йигитим бор. Ўзим кофирлардан қутқарган қишлоқлардан бирида тунаб қолдим. Эрталаб қароргоҳим олдида оломон. Бир йигитнинг қўлини боғлаб ерга ташлаб қўйишибди. Бу йигит шу тунда ўғирлик устида ушланибди. Илк маҳкама. Халқ илк даъфа дардини айтиб қошимда турибди. Эл орасида қўрбошилар, мужоҳидлар ҳақида кўп гап тарқалган. Энди адолат лозим. Қишлоқ одамлари жуда содда, ёши улуғларидан бири менга вазиятни тушунтира кетди:

    • Бек, қишлоқларимизда ўғирлик бўлмас эди. Кофир келди – ўғирлик келди. Кўз олдимизда мулойим одамлар болшовойман деб, қутуриб кетди. Олти ой уларнинг қўлида қолдик. Ҳамманинг молини тортиб олди. Бировнинг додини биров тингламай қўйди. Ўғирлик ҳам бошланди, беадаблик бошланди. Ёшларимизни базўр ушлаб ўтирибмиз. Сиз бу қўли эгриларни шариат билан жазоланг, ҳаммага ибрат бўлсин.

Чолни тинглай туриб, ҳукмни мен бера олмаслигимни эсладим. Менда илм бўлмаса! Тўғри, Қуръондан бир неча порани ёд олганман. Сўфи Оллоёрни ўқиганман, лекин қози эмасман-ку!

    • Қози борми? – сўрадим қариядан.

    • Кофир ҳужуми бошланган қозимиз ҳаммадан аввал ҳижрат қилишди. Чунки болшовойлар қозиларни аввал ўлдиришаётган экан. Қозимиз шу музофотнинг чорак қисмига масъул эди, – жавоб берди чол.

    • Имом борми? – сўрадим яна.

    • Қишлоқда бир имом бор.

У киши масжиддан чиқмайди. Кофирлар имом билан роса гаплашишибди. – Чақиринглар имомни, – буюрдим.
Имом ёши қирқлардаги чуваккина киши экан. Бўйи пакана, кўса, қандайдир қўрқинчи бордай туюлди.

    • Келинг, мулла, – деб уни ичкарига таклиф қилдим. Имом эгилиб салом берди, икки қўллаб сўрашиб, ичкарига югуриб кирди. Мен ундан сўрадим.

    • Қаерда ўқигансиз, мулла бува?

    • Бухорои шарифда таҳсил кўрганмиз, – деди имом.

    • Яхши, мулла бува, – дедим. Вақтим зиқ, тезроқ ҳукм зарур. – Бир ўғрини келтиришибди. Шариат билан ҳукм чиқариб беринг.

Имомнинг кўзи ўйнаб кетди:

    • Ундай қилолмайман! Ундай қилолмайман!

Мен жуда ҳайрон қолдим.

    • Нимага, мулла бува?

    • сўрадим.

    • Болшовойлар эртага қайтса, додимни ким эшитади? – кўзи чақчайди имомнинг.

Ғазабим қайнаб кетди. Белимдаги тўппончага беихтиёр қўлим югурди.
Бироқ олмадим.

    • Ҳой, мунофиқ! – деб қалтираганча унинг ёқасидан тутиб силтадим. – Менга қара, пакана! Худодан қўрқмасдан кофирдан қўрқасанми? Кофир қайтиб келмайди! Билдингми? Келмайди!

Имом адойи тамом бўлди. Ранги ўчиб, лаби пирпиради, пешонаси терлади.

    • Билдим, билдим, – деди ялингансимон йиғламсираб. – Истасангиз, ҳукм чиқариб бераман, бек. Қандай ҳукм чиқарай?

Бу гапидан қоним қайнаб кетди. Мен бу итдан шариат ҳукмини сўрасам, менинг раъйимга қараяпти? Уриб, башарасини қонга белашдан ўзимни базўр тийдим. Силтаб, итариб юбордим. Пакана имом гандираклаб туриб қолди. Салласи бошидан чувалашиб ерга тушди. Шаҳд билан ташқари чиқдим. Оломон тинчиди. Ўғрининг тепасига келдим.

    • Исминг нима? – сўрадим ундан.

    • Ўроз, бегим, – деди ўғри. Турқидан нашавандлигини сездим.

    • Нима ўғирладинг? – важоҳатим ёмон эди, шекилли, ўғри типирчилаб деди:

    • Мен... Мен... Ҳалиги...

    • Нима ўғирладинг, ит! Каззоб! – ҳайқириб юбордим. Шундай ҳайқирдимки, овозимда қаҳримнинг ҳамма алангаси бор эди. Одамлар чўчиб кетганини яққол сездим.

    • Қўй... Қўй олдим, бегим...

    • Чап қўлини ечинглар, – дедим. Ўғри ялина бошлади:

    • Раҳм қилинг, бегим, раҳм қилинг! Шайтон йўлдан урди. Бир зумда чап қўлини ечиб, ўнгини танаси билан қўшиб маҳкамроқ боғлашди. Ўғри чийиллади:

    • Раҳм қилинг... Раҳм қилинг... Мен одамлардан сўрадим:

    • Кимнинг уйига тушди бу ит? Қотмадан келган, қора бир одам чиқди:

    • Менинг уйимга тушган, бек.

    • Касби корингиз нима?

    • Деҳқонман.

    • Нечта қўйингиз бор?

    • Битта ориқ қўйим бор, холос. Кофирлар молларим билан қўшиб тортиб олди. Қизил аскарларни боқармиш.

Ўғрига қарадим:

    • Сен ит бир камбағалнинг шўрини қуритмоқчи бўлибсан-ку! Қўлингни

чўз!
Ўғри тиз чўкди, чап қўлини қаерга яширишни билмай менга ялиниб
узатган эди, қиличимни кўз юмиб очгунча бир фурсатда қиндан суғурдим, билагидан чопдим. Ўғри чинқириб қонига беланиб йиқилди.

    • Кигиз куйдириб босинглар, – дедим. Бир зумда айтганимни бажаришди, қон тўхтади. Ўғрининг оёқ – қўлини ечишди, у ҳамон ҳушсиз эди, замбилга солиб олиб кетишди. Одамлар мендан қандайдир гап кутаётганини билдим.

    • Кофир билан урушдамиз,

    • дедим. Очиғи, чиройли гапира олмасдим. – Ким яна шундай иш қилса, шариатга кўра қўлини кесаман, керак бўлса, бошини узаман. Биз Худо йўлида халқ ҳимоясига чиқдик. Бу кофирга қарши ғазовот дейилади. Қўрқманглар, кофирни юртдан қувамиз! Мусулмонлар! Унутиб қўйманг, Худо Бир, Расул Барҳақ!

Одамлар тарқалди. Менинг кайфиятим йўқ эди. Қизиллар бу ердан йигирма чақирим нарига жойлашаётганини эшитиб, йигитларим билан кетарканман, имомнинг сўзларини ҳамон ҳазм этолмасдим. Жигарим, бу биз ичида бўлган муаммоларнинг энг майдаси эди. Лашкарни бошқариш, лашкар ичидаги низони ҳал этиш, таъминот, кофирдан қайтариб олинган ҳудудларни сақлаб қолиш, асосийси, лашкарнинг руҳиятини кўтариб туриш каби ишларнинг чеки йўқ эди. Йигитларим кўпайди. Икки мингдан ошганимиздан сўнг, Эргаш қўрбоши маслаҳат солди, лашкаримизни Ислом лашкари деб эълон қилдик. Ҳарбий тайёргарлигимиз барибир суст эди. Йигитларнинг қони қайноқ, бироқ кўпи ҳаёт кўрмаган, шижоати бор, тажрибаси йўқ. Калта ўйлайди. Баъзилари билиб –билмай хатолар қилди. Кофирни водийдан улоқтирганимизда уларнинг саркардалари сулҳ таклифи билан чиқди. Бу ҳол обрўмизни ошириб юборди. Сафимизга одам оқиб келди, афсуски, келаётганларни текширишга, улар билан батафсил суҳбатлашишга вақт ҳам, имкон ҳам, олимларимиз ҳам йўқ эди. Ҳафтияк ўқиган, Сўфи Оллоёрни ёдлаганларни лашкар ичидан топтирдим. Йигитлар ибодатга мустаҳкам туришлари шартлигини тушунтирдим. Ҳар хил гуноҳлардан қайтиш кераклигини уқтирдим. Сонимиз кўпайди, сифатимиз ошмади. Эргаш, Мадаминбек ва менда умумий ҳисобда ўн беш минггача қўшин йиғилгани аниқ ёдимда. Учовимиз ҳам бироз ҳаволандик. Эргашни амирулмуслимин деб тан олсак -да, ичимиздан унга бўйсумаганимизни биламан. Эргаш ҳам буни сезиб юрарди. Лашкар ҳам бундан огоҳ эди. Ҳозирги ақлим ўшанда бўлганида эди ҳаммани Эргашга мажбурлаб итоат қилдирган бўлардим.
Итоатсизларни ўлдириб, бутун водийда темир интизом жорий этардим. Бироз илмимиз, ақлимиз бўлганида ўзаро адоватлашмасдан кофирни таг –туги билан қуритардик, албатта. Кофирнинг Фрунзе деган саркардаси катта фитна қилди. Биз алдандик. Эргаш бир жангда яраланди, эсини йўқотди, Мадаминбекка мени хоин ўлароқ кўрсатдилар, менга эса Мадаминбекни ёмонладилар. Бу аламли ва узун ҳикоя. Ҳаракатимиз билан Фарғонани эмас, бутун Туркистонни ларзага солдик. Кейин эшитдимки, ўрис кофир бу ерлардан умид ҳам узган. Ҳолбуки, биз ғофил эдик. На ўрис ичида жосусимиз, на бир руҳоний йўлбошчимиз йўқ эди. Қизилларга қарши Оқ подшонинг эски ҳарбийларидан лашкаримизга таълим ҳам ўргатдик. Орамизга хоинлар кирди. Динидан, иймондан юз ўгирганлар бизни сотди. Минглаб йигитларимиз шаҳид бўлди. Кофир юртимизни бўғма илон каби бўғиб, босиб олди. Биз боримизни бой бериб, қон йиғлаб чиқиб кетдик. Аллоҳ бизга ўз Ватанимизни қайта раво кўрмади. Биз Амударёнинг нариги томонида, афғон шамолида қум ютиб, куфр халқимизни қай тариқа хорлаганини жим томоша қилдик.

    • Эй Шермуҳаммад, – деган эди амир Олимхон менга. – Аллоҳ берган Ислом салтанатини мен қўлдан чиқардим. Неча асрлик мусулмон юртини кофирга топширдим. Бунинг учун Маҳшарда Аллоҳга қандай жавоб беражакман?!




Download 0.5 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   35




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling