ҲАЛҚА Қисса биринчи боб
Download 0.5 Mb.
|
(shayximiz kitoblari) Halqa Akrom Malik (1)
ЎНИНЧИ БОБШермуҳаммадбек Амир Олимхон билан бўлган суҳбатни эслаш асносида бир он ўйга чўмди. Эҳсон Ҳаким афанди ва Иброҳим Ёрқин уни диққат ила тинглар эдилар. Амирни мен шундай қайғуда кўрдимки, умрим бино бўлиб, у каби андуҳли бошқани учратмадим, – деб ўтмиш хотираларига яна шўнғиди Шермуҳаммадбек. – Мен ўз елкамдаги вазифани бажара олмаганимдан озурда эдим. Кофирга юртни бериб қўйдим. Бу шармандалик эди. Шундан кейин ҳам тирик юриш изтиробли. Бироқ менинг ғамим амир Олимхоннинг ҳасрати олдида денгиз тубидаги муштумдек бир тошга айланиб қолди. Амирнинг вужудидан бир алам ҳарорати тарақар эди. Билдимки, у деярли ҳеч бир киши билан сўзлашмай қўйган. Содиқ хизматчиси унга таом келтиради, ювинши учун ёрдамлашади. Амир эртадан кечгача, оқшомдан тонггача Қуръон ўқийди. Менинг келганимни айтишганида: «Ким у?» – деб сўрабди. «Шермуҳаммадбек, мужоҳид», – деб мени таърифлаганларидан кейин, ҳузурига киришим учун изн берибди. «Шермуҳаммад, – деди менга амир Олимхон, – Бизнинг халқимиз ўзи ҳам англаб ета олмайдиган бир буюликдан англаб етганида надомати юракни парчалайдиган тубанликка чўкмоқда. Бу шундай тубанликки, унда одамзод яшашнинг мақсадини унутади. Ҳайвон мақомига, ҳайвондан ҳам пастроққа тушади. Қудсиятдан ақл бовар этмас даражада йироқлашиб, наҳсиятга шу қадар яқинлашади, натижада инсон ва наҳсиятни ажратишга қийналиб қоласан. Шермуҳаммад, ҳамма нарсани бой бердик: динни, иймонни, исломни кофирга бердик, юртни, ватанни босқинчига текиндан текин тақдим этдик, халқни золимларга қулликка топширдик, ундан ҳам мудҳишроғини айтайми? Мудҳиши шуки, келажак наслларни душман қўлида қолдирмоқдамиз. Туғиладиган болаларимиз Аллоҳ, деб, Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, деб, миллатим, давлатим, халқим, деб тил чиқармайди. Уларнинг тили тоғутнининг исми такрорлаш ила чиқади, оёғи шайтонни қадами билан босилади. Ўзлигидан йироқлашиб, Аллоҳга мункар бўладиган, бири иккинчисини ваҳшийларча қирадиган, энг даҳшатли қийноқларга соладиган бир авлод дунёга келади. Бу авлод ўтмишга тупуради, келажакни кўрмайди, ўзини мақтаб, худо, деб атайди. Олимлари жаҳолатни, қозилари разолатни тутади. Волийлари хиёнат –ла, миршаблари жиноят –ла тирикчилик ўтказади. Шоирлари мунофиқ, адиблари каззобдир. Воизларининг ягона иши халқни алдашдан иборат. Бу авлод ҳақгўйларни ўлдиради, мўминларни азобга солади, тақво аҳлини ёлғончига чиқаради. Катта иззатни, кичиги ҳурматни билмайди. Аёли эрликни, эрлари аёлликни хоҳлайди. Бу авлод ўз ҳалокатини кўради, бироқ ҳис этмайди. Ўз саодатини англайди, лекин интилмайди. Ҳамма чиройли ишларни зийнат учун бажарадилар, бирор кас қалбини ислоҳ этишга иштиёқ топмайди. Бу авлоднинг бири иккинчисини сотади, бошқаси бошқасига фириб беради, ҳаргиз боши бирикмагай, ҳаргиз аҳиллик нелигини билмагай!» Амир Олимхон шундай гапирдики, ранглари оқариб, соқолларига қадар қалтираб кетди, ожиз кўзларидан, ҳатто, ёш сизиб чиқди, нафас олиши -да қийинлашди. Мен эса шу қадар мутаассир бўлдимки, ихтиёримни йўқотиб: «Астағфируллоҳа алиййил азийм! Ва атубу илайҳ!» – деб»Астағфируллоҳ, де, мужоҳид! Астағфируллоҳни айт! Шаънимга кўп ножоиз сўзлар ёғилади, беҳад кўп айблар ила айбландим. Хайриятки, у айбларим ўзимда бор гуноҳларнинг олдида ҳеч нарса! Мен тахтда ўн йил ўтирдим. Ўн йилни мен Бухорои шарифнинг шарафини тиклашга сарф этдим. Ўн йил тин олмадим, ўн йилим беҳаловат ўтди, нураб бўлган азим давлат иморати пойдеворини қайта тиклашга Аллоҳим қодир қилган даражада азм этдим, мужоҳид. Раиятни билмасмидим? Билар эдим. Диндорлигимиз ҳолини билмасмидим? Билар эдим. Ташқаридан келаётган бало нақадар улкан бўлса, ичимиздаги офат ундан икки баробар улкан эди. Ўрис биздан қавий эди, биз эси заиф эдик. Ўйлама, Шермуҳаммад, жисмда заиф эдилар, қуролсиз заиф эдилар, деб ўйлама. Жисмга қувват берадиган, қуролга қудрат ато этадиган нарсадан айрилган эдик. Бу Динимиз эди. Уламолар, садрлар, беклар, қозилар, лашкар, толиби илмлар, ё Роббим, ҳаммамиз кўрлар подаси эдик, гўё. Оловдек ёнасан, сўзингни ҳис этмайдилар, шижоатдан айро ўликка ўхшайдилар. Ҳаммамиз охиратни унутиб, дунё зиндонининг энг тубига, зулматнинг зулматига ўзимизни ўзимиз занжирбанд этган эдик...» Мен лол эдим. Амирнинг нуқтасига кўтарилмоққа тиришдим. У муаммога қай нуқтадан қараётганини билгим келар эди. «Шермуҳаммад, – деб давом этди амир. – Муҳожиротда йилларки, рўзадорман. Ислом кишварини кофирга бой берган бир амирнинг бу дунёда тўйиб овқат емоққа ҳаққи йўқ, зотан. Очлик руҳингни тозалайди. Ўзгаларга кўринмаган сарҳадлар сенга кўринади. Мен бу сарҳадларда ана шу айтганларимни идрок этмоқдаман». «Амир ҳазратлари, – дедим мен изтироб ила. – Сиз шундай нарсаларни баён этдингизки, гўё жаҳаннамга рўбарў келдим. Наҳот, бизнинг юртга, халққа бир имдод бўлмаса?! Бир нажот йўли топилмасми?!» «Имдод – Аллоҳнинг Каломи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатидир. Нажот шу иккисига эргашмоқ билан пайдо бўлажак, деб жавоб берди амир. – Бироқ бу ҳақиқатни англаб етгунимизча бизга неча ўн йил, йўқ, неча юз йил керак? Буни билмайман. Миллат ўзини хорликда эканлигини англамагунча, у нажот ҳақида зинҳор ўйламагай. Шермуҳаммад, қадим шарафимиз, қадим буюклигимиз ўз –ўзидан қайтади, деб хаёл қилма. Бу хаёл бир хом тамаъ, холос. Қадим қудратимиз ортида боболаримизнинг минг чақиримлик йўллари бор. Отларнинг кишнашлари, қиличларнинг жаранги, қонлар тўлиб оққан дарёлар бор. Биз бу қудратни ғафлатимиз сабабли йўқотдик. Уни бир кунда йўқотмадик, жуда секин йўқотдик. Буюк давлатимиз ўзимизга сездирмасдан нураб, ер билан яксон бўлиб йиқилди. Уни яна аслидай тикламоқ учун аждодлар босиб ўтган йўлни худди улар каби босиб ўтмоқ лозим. Боболаримиз азим қудратга эришиб, олий давлатни қуриш учун нақадар машаққат чеккан бўлсалар, худди ўша машаққатлар кутиб турибди. Бироқ бу шарафни ҳис этадиган, бу азаматни, бу қудратни танийдиган насллар қачон туғилиб, бу йўлга жонларини тикиб отланишлари ёлғиз Роббимизга аён! «Амир Олимхон ана шуларни сўйлади. Мен амирга у кўрсатган улуғ йўлдан юришимни айтдим. У Аллоҳ ёрдамчи бўлсин, деди. Мен афғон тоғларида, туркман саҳроларида лашкар йиғиб, кофир ўрисга қарши жиҳод қилиб, юртимни унинг ҳаром оёғидан покламоқчи эдим. Шу мақсадда Истанбулга келдим. Бу ерда эса, қазои қадарда бор экан, иккинчи кўзимдан ҳам айрилдим. Шу ерда қолиб кетдим. Шермуҳаммадбекнинг қайғули қиссаси Эҳсон афандига ҳам Иброҳим Ёрқинга ҳам кучли таъсир этди. Қаршиларида ўтирган кекса паҳлавон қаноти кесилган, кўзларидан маҳрум қилинган бургутга ўхшайди. Унинг юраги ёняпти, шижоати вужудига сиғмайди, бироқ юришни истамай қолган оёқлар, кўришни хоҳламаётган кўзлар у шижоатнинг намоён бўлишига изн этмайди. Иброҳим, башарти, кўзларим кўр бўлиб, оёқларим юриб турганда эди, отимга миниб ота Туркистонимга кетар эдим, – деди у яна бир хиёл жимликдан кейин. – Субҳаналлоҳ, – деди Иброҳим Ёрқин. – От устида жангчиларга хос шараф ила шаҳид бўлмоқ орзуйимдир, Роббим бу орзуйимни ижобат этгайми, йўқми, билмайман, – деб қўйди Шермуҳаммадбек. Улар кечгача кекса мужоҳиднинг зиёратида қолдилар. Кенжа ўғил Абдуллоҳ тузалди, у янги маҳаллани ҳам тезда «ўзлаштирди»: тенгдошларининг тилини топди, ўзидан катта болаларга қўшилиб мактабларга ҳам бориб юрди. Иброҳим Ёрқинга Шермуҳаммадбекнинг маҳалласи яқинидан ҳовли топиб беришди. Ихчам, учта хонаси, ошхона, ҳаммомлари бор, асосийси, ҳовлининг этагидан ариқда сув оқади. Иброҳимнинг аёли Робиянинг қалби шодликка тўлди. У салкам бир ойга чўзилган сафарнинг машаққатлари тугаб, Аллоҳ уларга гулдай маскан ато этгани учун шукроналар келтирди. Қисқа фурсатда Иброҳим Ёрқин хонадони энг файзли, энг баракали хонадонлардан бирига айланди. Робия эртадан кечгача ҳовлини обод қилиш, рўзғорини тартиблаш учун куйманади, Иброҳим эса шу ерлик ёрдамчилар кўмагида кичик дўкон очди. Орадан йиллар ўтди. Аввал Шермуҳаммадбек, кейин Эҳсон ҳаким афанди вафот этдилар. Замон ўзгарди, одамлар ўзгарди. Ер шари бўйлаб бир шамол эсарди, гўё. У шамол қайси инсоннинг танасини силаб ўтса, ўша инсон фақатгина роҳат ва фароғат мухлисига айланди. Роҳат ва фароғат олий қадрият мақомига кўтарилди. Инсоният қизиқ томошаларни, ёқимли оҳангларни, мақтову фахрни, лаззат ва ҳузурни, нафис қомат ва гўзал чеҳраларни, эҳтиросли нафас ва туганмас шодлик талабгори бўлиб қолди. Ҳаёт шу талаб устига қурила бошланди, мақсадлар, ниятлар фақат шу манзилларга қанот қоқди. Ўтмишнинг руҳоният оламидаги софлик ирсиятини сақлаган илдизлар қирқилди, замин ҳаёти томири қуриб, шамол ўйнаб юрган қоқшол дарахт қиёфасига кирди. Ҳамма янги ранг излайди, янги шакл қидиради, эски ранглар зерикарли, қадим шакллар кераксиз, гўё. Ранг ва шакллар аҳамиятга айланди, унинг ичи унутилди. Ҳаракатлар маънодан, сўзлар ҳақиқатдан айрилди. Замон ана шундай ўзгарди. Аждодлар орзуси авлодлар наздида қадрсизланди. Аждодлар йўлидан юрилмай қўйди. Юрилмаган йўлни тикан босди. Насллар тўда –тўда бўлиб ҳар томонга сочилдилар -да, юраётган жойларини Йўл, деб атадилар. Бироқ бу ҳолни идрок этувчилар кам эди, зотан, ҳамма шу иқлим асири, ундан ташқарида нафас олмагач, тоза ҳавони танимоқ мумкинми?! Иброҳим Ёрқин хонадони кенгайди. У турмушга кириб келаётган ҳар бир янгиликка теран разм солар эди. Одамларнинг шошиб қайгадир чопишларига қараб, ойнайи жаҳон тасвирларини кўриб, овознигор сасини тинглаб, инсониятга улкан тўфон яқин қолганини сезар эди. Бу, албатта, росмана тўфон эмас, рамзий бир тўфон эди. Қалбларни маҳв этадиган, меҳру оқибатни ўлдириб, барчани худбинлик зиндонига якка –якка қамайдиган Тўфон эди бу. Иброҳим Ёрқин руҳоний ўтмишнинг энг сўнгги вакили эди. У фарзандларига ўзи кўраётган ҳақиқатларни англатишга тиришди, кўп тиришди, шунда туйқус англадики, жигаргўшалари гўдак эканидаёқ уларнинг онги ва қалбига бегона уруғлар келиб тушибди. Иброҳим Ёрқиннинг тўнғичи савдони тутди, кейингиси, яъни Абдуллоҳ Ёрқин янги соҳага – компютер илмига қизиқди, тўрт нафар қиз кўрган эди, уларнинг бири шифокор, бири муаллима, қолгани уй бекаси бўлди. Ўтмишдаги Тоза Дард юки, Шаън Қайғуси Абдуллоҳнинг елкасига ортилган эди. Бироқ у буни билмасди. Унинг қалби тубида ўзлик эҳтиёжи, деб аталган вулқон яширин эди. Бу вулқон отилса, ўз соҳибини ҳаммадан аввал куйдириши муқаррар. Ана шу муқаррар ҳодиса Абдуллоҳ Ёрқин Урумчига борганида содир бўлди. Бу пайтга келиб, Иброҳим Ёрқиннинг ёши олтмишга етган, Абдуллоҳ уйланиб, бир ўғил кўриб, уни катта бобосининг исми билан Қиличбек, деб чақирган эди. Хитойда, айниқса, Шинжондаги воқеалар дараги Ер юзи бўйлаб тарқалаётган паллада Абдуллоҳ Ёрқин Урумчига боришини отасига айтди. Нима қиласан у ерда, болам? – деб сўради ота. Уйғурлар учун таълим дастури ишлаб чиқдик, у ердан бу дастурга муносиблар танланди. Сўнгги синовга мени таклиф қилишди, ҳакамлик учун, – сабабни изоҳлади ўғил. Иброҳим Ёрқин чуқур ўйга ботди ва деди: Халқимиз ҳозир қулликда яшамоқда, ўғлим. Қул бўлган халқнинг ичидаги муносиблар рағбат ва имкониятдан мудом маҳрумдирлар, сенга у жойларда зиён етишидан қўрқаман, – деб хавотирини баён этди ота. Рухсат берсангиз, ота юртга борсам, Хўтан, Ёркент, Кошғарни зиёрат этсам. Юрак-юрагимда нимадир ўша тупроқларга тортаётир, – деди Абдуллоҳ. Болам, ўша танлов сенсиз ҳам битар, – деди Иброҳим Ёрқин ўғлини юборгиси келмай. – Зулм маконига киришга бу сабаб арзимайди. Абдуллоҳ индамади. Уйғур юртига бориш истаги уни қамраб олганини отаси сезди. Сезди -да, ноилож деди: Майли. Жуда ҳам боргинг келибди. Бориб келақол, Аллоҳнинг паноҳида бўл. Абдуллоҳнинг юзи яшнади. Астойдил ҳозирлик кўрди. Бир ҳафтадан сўнг, отасидан дуо сўради, хотини Роҳила билан хайрлашди, ўғли Қиличбекни кўтариб, пешонасидан ўпди. У ўн кунда қайтиши керак эди. Шунинг учун сафарини ҳаммага билдирмади. Бу сафар узоқ йилларга чўзилмоғидан, ота-онасини, оиласини, бу кунларини чуқур мунг ичида эслашидан у бехабар эди, зотан. Download 0.5 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling