Қарши шаҳар тарихи (ХХ аср – ХХI аср бошлари) Мундарижа Кириш I боб ХХ аср бошларида Қарши шаҳри


Шаҳарнинг ҳудудий тузилиши, меъморчилик намуналари, аҳолиси ва яшаш шароити


Download 36.13 Kb.
bet5/5
Sana11.05.2023
Hajmi36.13 Kb.
#1450487
TuriДиссертация
1   2   3   4   5
Bog'liq
1 боб

1.2. Шаҳарнинг ҳудудий тузилиши, меъморчилик намуналари, аҳолиси ва яшаш шароити.
ХХ аср бошлари Амир Абдул Аҳадхон даврида Бухоро амирлигининг барча бекликларида бўлгани каби Қаршида ҳам яшаш шароити оғир эди. Деҳқон ХIХ асрнинг охирлари – ХХ аср бошларида 40 турдаги солиқларни тўлашга мажбур этилган. Қишлоқ хўжалигидаги меҳнат жуда оғир эди. Бекликларда норозилик кайфияти ошкор бўла бошлайди. Балжувон беклигида кўтарилган исён қон тўкиш билан хотималанади. Исён бошлиғи Восе ва унинг сафдошлари Шаҳрисабзда қатл этилади. 1905-йилнинг декабрь ўрталарида Қарши ва Шаҳрисабз бекликларида ҳам қўзғолон кўтарилади. Норозилик кўтарилишига бош бўлганлар ўлдириб юборилади.
Амир Сайид Олимхон тахтга чиққандан сўнг (1910 й.) жадал ислоҳотлар амалга оша бошлайди. Аҳоли соғлиғи бобида ғамхўрликлар кун тартибига чиқади. Шифохоналар, эркаклар ва аёллар амбулатириялари ишга туширилади. Қарши ва Шаҳрисабзда 1916-йилда тиббий муассасалар сони анчагина эди. Қарши ва Шаҳрисабздаги шифохоналарга йилига 12 минг миқдорида маблағ ажратиларди. Шифокорлар, фельдшерлар фақат руслардан иборат эди. Рус дўхтури амирликдан йилига 4 минг, фельдшер эса 1750 сўм маош оларди. Амирлик бекликлардаги йирик шаҳарларда почта, телеграф идораларини барпо этади. Бу ишлар амирлик хазинаси ҳисобига рус мутахассислари томонидан амалга оширилади.
Қарши шаҳрида аҳоли асосан ўтроқ ҳолда ҳаёт кечирган. Шаҳарда ўзбек уруғларидан асосан манғит, сарой, қўнғирот, қарлуқ, қовчин каби уруғларга мансуб аҳоли яшаган. ХХ асрнинг биринчи чораги охирларида Бухоро амирлигида 60 минг рус фуқаролари яшаган. Қарши шаҳрида бу даврда 800 рус бор эди. Бухоро амирлиги вассалликка айлангач, унинг мавжуд бекликларида 2,5-3 миллион аҳоли истиқомат қиларди. Қашқа воҳасида бу даврда 500 минг нуфус мавжуд эди. Бутун воҳа 500 минг аҳолидан иборат бўлса, Қарши шаҳрининг ўзида бу даврда 15-20 минг аҳоли истиқомат қилган.
Амир Олимхон даврида Қаршида бир қанча мадрасалар қурилгани ҳақида юқорида айтиб ўтган эдик. Қарши шаҳридаги қадимий мадрасалар ўзбек меъморчилигининг ноёб намуналаридан бўлиб, уларнинг ҳар бири алоҳида ўз тарихига эга. Бу ноёб обидалар Ўзбекистондаги кўплаб тарихий маданий ёдгорликлар каби юксалишу улуғворлик даврларига ҳам, эътиборсизлик, таҳқиру тазйиқларга ҳам, вайронагарчиликларга ҳам дучор бўлган. Чор Россияси мустамлакачилиги даврида мадрасалар ташкил этишга умуман эътибор берилмади. Аксинча, ХХ аср бошларида Қаршининг эски шаҳар қисмида 6 та, умумий шаҳар бўйича 16 та мадраса бузиб ташланди.
Қадимшунос олим М.Массоннинг ёзишича, ХIХ - ХХ асрлар чегарасида Қаршида 20 та мадраса мавжуд бўлган. Аммо ҳозиргача улардан Шарофбой, Хўжа Абдулазиз, Қиличбой ва Бекмир Қозоқ мадрасаларигина сақланиб қолган, холос. Ушбу мадрасалардан Шарофбой мадрасаси қолганларига нисбатан олдинроқ яъни ХВИИИ асрда барпо этилган. Бино Чармгар маҳалласида яшаган Шарофбой номи билан аталган. Мадраса катта ҳажмда эмас, балки кичикроқдир. Муллаваччалар истиқомат қиладиган ҳужралар ички ёғочли пешайвон мавжуд, намоз ўқиладиган, дарс ўтиладиган жой ҳам бўлган. Гумбазлар бинонинг икки томонида, бир-бирига монанд қурилган.
Хўжа Абдулазиз мадрасаси 1909-йилда барпо этилган. Мадраса Қаршилик Хўжа Абдулазизбой томонидан қурдирилган бўлиб, бинонинг олд пештоқида қачон қурилганлиги ёзиб қўйилган. Мадрасанинг миллийлиги, мукаммал пропорцияли, тик цилиндр барабанли кўринишда бунёд этилган. Биринчи ва иккинчи қаватида ҳужралар турли кўринишга эга. Кириш пештоқи баландлиги бинога улуғворлик касб этган, икки томонга қуббачалар ўрнатилган бўлиб, усти кошинланган, ташқи пештоқи ва бинонинг ички кўринишларида сирли кошинлардан фойдаланилмаган. Ишлатилган ғиштлар турли шаклда. Масалан, бинонинг икки четидан то юқори қуббагача кичикроқ ғиштлар ва асосий бинонинг пештоқи, ён умумий композицион қурилишига бошқа ғиштлардан фойдаланилган. Бино пойдеворига ғиштлар сифатли терилган, ўрта қисми эса алоҳида ажратилган, шунинг учун бинонинг олд пештоқи улуғвор қилиб кўрсатади.
Қиличбой мадрасаси ҳам ўзининг тарихи ва кўриниши билан Хўжа Абдулазиз мадрасасидан фарқ қилмайди. Мадраса ХХ асрнинг бошида (1903) Қаршида яшаган саҳоватли инсон Қиличбойнинг маблағи ҳисобига қурилган. Бу иншоот Бекмир Қозоқ мадрасаси услубида қурилган бўлиб, ҳажми анча кичик. Мадраса ҳовлиси ўртасида ҳовуз жойлашган. Иншоот ҳужралари 12 та бўлиб, пештоқ тарафи икки қаватдан иборат. Пештоқнинг икки томонида кичик гумбазсимон қуббалар жойлашган. Мадрасанинг биринчи, иккинчи қаватида ҳужралар асосий саҳн қисмида кенг айлана шаклда, пештоқи анча салобатли баланд, бинога ишлатилган ўта пишиқ ғиштлар бинони узоқдан чиройли, муҳташам кўрсатади.
Бекмир Қозоқ мадрасаси Қаршилик Бекмуродбой томонидан 1911-йилда (ҳижрий 1329) Қарши қалъасининг бош майдони – Регистоннинг шимол томонида бунёд этилган. Бу ҳақда мадраса пештоқи остига ҳам битилган. Мармар лавҳага арабий имло билан форс тилида уни қурдирган киши ва меъморининг шахси ҳамда қурилган санаси ўйиб ёзилган. Мадраса Бухороча усулда кошинсиз, чўзинчоқ пишиқ ғиштлардан бўйига 24 см, энига 20,5 см ҳажмда бунёд этилган. Унинг қурилишида чорғишт ишлатилмаган. Ҳовлисининг юзаси 12,1 х 11,8 м2 ни ташкил қилган. Атрофидаги ҳужралар сони 23 та бўлиб, дарвозахонадан киришда ўнг ва чап томонларда дарсхоналар жойлашган. Бекмуродбой манғит уруғининг қозоқ гуруҳидан бўлган. У шаҳар аҳолиси ўртасида Бекмир Қозоқ номи билан машҳур эди. Шу боисдан ҳозиргача Бекмуродбой қурдирган мадраса Бекмир Қозоқ номи билан аталиб келинмоқда.
Юқорида келтирилганидек шаҳар ҳаётига хос алоҳида жиҳатлардан бири масжид, мадрасалар нафақат амирлар, беклар томонидан, балки асосан маҳаллий бойлар томонидан қурилганидир. ХIХ асрнинг охирида бунёд этилган Чорибой, Саидқулбой мадрасалари ана шу анъанага кўра қурилган. Афсуски, бу мадрасалар ҳам сақланмаган. М.Й.Массон, Қарши қалъасига кирган мадрасаларнинг охиргиси 1917-йилда Сардоба билан Олий мадраса ўртасида бунёд этилган – Нур мадрасасидир, деб кўрсатади.
Шаҳар ҳаёти ҳақида гап кетар экан аҳоли доимий гавжум бўлиб йиғиладиган жой – бозорлар ўрганилаётган даврда Қаршида қандай фаолият олиб боргани қизиқ. Шаҳарда бозор «юқори» ва «қуйи» деб аталувчи қисмларга бўлинган. «Юқори бозор»да, асосан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва чорва моллари билан савдо қилинган. «Юқори бозор»ни бозорлаб бўлганлар «Қуйи бозор»га ўтганлар. «Қуйи бозор» қалъанинг «Хиёбон» дарбозасидан чиқишидан чап тарафда бўлиб, то Қарлуқхона маҳалласидаги «Сомонбозор»гача чўзилган. Унда кўпроқ ҳафтанинг сешанба куни косибчилик ва ҳунармандчилик йўли билан тайёрланган буюм ва жиҳозлар билан савдо қилинган. Бозорга киришда аввал атторлик растаси, сўнгра алача-адрас растаси, ундан кейин ҳунармандларнинг устахона дўконлари ўрин олган. Атторликда «ироқи совун» ноёб бўлган ва уни асосан бойлар сотиб олган. Атторлик ва алача-адрас растасининг ўртасида «Қуйи бозор»нинг закотхонаси жойлашган.
ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида Чармгар гузарида чарм пиширувчи моҳир усталар кўп бўлганлар, улардан уста Қиём, Эшим бува чармгарнинг пиширган чармларининг бозори чаққон бўлган. Чармлар махсус устахона-дўконларда дудлаб пиширилган. Маҳси растаси 3-4 дўкондан иборат бўлган. Этиклар эса буюртма билан тикилган. Этикдўз ва маҳсидўз усталардан Нуриддин махсум, Ҳалим ҳожи, Ҳамидулла этикдўз ва бошқаларнинг тиккан этик ва маҳсилари қўлдан-қўлга тегмаган. Ковуш ва чарм маҳсулотлари бозоридан сўнг «Жома» (кийим-кечак) бозори бошланган. Бу ерда тайёр уст-бош кийимлари сотилган. Шу ернинг ўзида арра, теша, болта, пичоқ, ўроқ, тақа, качкарт, занжир-кишанлар тайёрлаб сотиладиган темирчиларнинг дўкон-устахоналари бўлган.
Хиёбон дарбозасидан киришда чап томонда мисгарлар, ўнг томонда кулоллар маҳаллалари бўлиб, улар ҳам тайёрланган ҳунармандчилик буюмларини шу бозорда пуллаб, тирикчилик қилганлар. Темирчилик растасининг ўртасида заргарлик дўкони ҳам бўлган. Растанинг охирида тамаки бозори жойлашган. Қаршининг оқ тамакисини чилим чекувчилар бошқа жойлардан ҳам келиб олиб кетганлар.
Қарши шаҳридаги ХХ аср бошларида мавжуд бўлган бозорларни ўрганиб шуни айтишимиз мумкинки, бозорлар барча шаҳарларда бўлгани каби Қаршида ҳам аҳоли йиғиладиган, доимий гавжум жой бўлган. Шаҳар аҳолисининг катта қисми бозорларда фаолият олиб борган. Яъни аҳоли ўзлари ясаган турли хилдаги нарсаларни бозорга олиб чиқиб сотган ва шу орқали кун кечирган.
Download 36.13 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling