Дифференциал диагнози. Фурункул касаллигини карбункул, псевдофурункулёз, абсцесс, флегмона, гидраденит ва специфик касалликлар ҳисобига ривожланадиган гранулёмалардан фарқлаш лозим.
Давоси. Беморларни даволаш комплекс равишда йирингли инфекцияни даволашнинг қоидалари асосида олиб борилади. Бунда макроорганизмга таъсир қилишнинг роли жуда каттадир. Антибиотиклар, сульфаниламид ва десенсибилизацияловчи дорилар, витаминлар буюрилади.
Маҳаллий даво касаллик босқичига қараб ўтказилади. Инфильтрация босқичида консерватив даво қўлланилади Касалликнинг абсцессга ўтиш босқичида беморлар оператив йўл билан даволанади.
Фурункулёз
Тананинг турли соҳаларида жойлашган бир нечта соч халтачалари ва уларга очиладиган ёғ безларининг атроф тўқималари билан биргаликда йирингли яллиғланишига фурункулёз дейилади.
Этиопатогенези. Фурункулёзни ҳам тилларанг стафилококк ва стафилококк ассоциациялари чақиради. Фурункулёз системали касаллик бўлиб, тананинг ҳар жойида бир нечта фурункуллар чиқиши билан характерланади.
Клиникаси. Фурункулёзда ҳам 2 та босқич: инфильтрация ва абсцессга ўтиш босқичлари тафовут қилинади.. Беморларнинг умумий аҳволи ўртача оғирликда бўлади. Уларда сурункали иммунтанқислик ҳолати (иммунологик текширишларда) ва анемия аниқланади. Касалликнинг юз ва бўйинда учраши хавфли бўлиб, бунда баъзан фурункул касаллигида бўлгани каби асоратларни келтириб чиқаради.
Дифференциал диагнози. Фурункулёз касаллигини псевдофурункулёз, абсцесс, флегмона, гидраденит, специфик касалликлар ҳисобига вужудга келадиган гранулёмалардан фарқлаш керак.
Давоси. Фурункулёз билан оғриган беморларни даволаш йирингли касалликларни даволашнинг 3 та қоидасидан ва касалликнинг босқичидан келиб чиққан ҳолда комплекс равишда олиб борилади (фурункулнинг давосига қаранг).
Карбункул
Тананинг маълум бир соҳасида ёнма-ён жойлашган бир нечта соч халтачалари ва уларга очиладиган ёғ безларининг атроф тўқималари билан биргаликда ўткир йирингли яллиғланишига ҳамда уларнинг қўшилиб кетишига карбункул дейилади.
Этиопатогенези. Касалликни кўпинча тилла ранг стафилококк чақиради, лекин айрим ҳолатларда уни стафилококк ассоциациялари ҳамда соч фолликулаларига кириб олган стрептококкнинг ўзи ҳам қўзғатиши мумкин. Карбункул одатда битта бўлади ва кўпроқ катта ёшли одамларда учрайди. Касаллик асосан бўйиннинг орқа қисми, энса, курак, бел ва лаб соҳаларида жойлашади.
Клиникаси. Карбункулда ҳам инфильтрация ва абсцессга ўтиш босқичлари фарқланади. Карбункул касаллигида беморларнинг аҳволи оғир, тана ҳарорати юқори бўлиб, уларда ҳушдан кетиш, алаҳсираш, кучли бош оғриғи, уйқусизлик, қалтираш, иштаҳасизлик, кўнгил айниши ва қусиш кузатилади. Касаллик юз ва юқори лабда учраганда бу клиник белгилар янада яққолроқ юзага чиқади. Қандли диабет билан оғриган ва семириб кетган беморларда ушбу хасталик оғир кечади.
Касалликнинг энг хавфли асоратларига авж олиб борувчи тромбофлебит, йирингли менингит, сепсис, флегмона, лимфангит ва лимфаденитлар киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |