Дифференциал диагнози. Псевдофурункулёз касаллигини фурункул, фурункулёз, абсцесс ва флегмоналардан фарқлаш лозим.
Давоси. Псевдофурункулёз билан оғриган беморларни даволаш комплекс равишда йирингли инфекцияни даволашнинг қоидалари асосида олиб борилади. Бунда асосий касаллик билан биргаликда йўлдош касалликларни (анемия, рахит, гипотрофия, экссудатив-катарал диатез ва ҳ.) даволашга ҳам эътибор қаратилади. Лозим деб топилганда, шу соҳа мутахасисларидан маслаҳат олинади.
Псевдофурункулёзлар одатда премедикациядан сўнг кесилади, лекин касалликнинг оғир кечишида, чала туғилган ва нимжон болаларда операцияни умумий наркоз остида ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Гидраденит
Апокрин тер безларининг йирингли яллиғланишига гидраденит дейилади.
Этиопатогенези. Касалликни стафилококк ва стафилококк ассоциациялари чақиради. Инфекция жароҳатланган тери ва лимфоген йўллар билан тушади. Гидраденит касаллиги қўлтиқ, кўкрак сўрғичи атрофи, анал тешиги ва катта уятли лаблар соҳаларида жойлашади.
Клиникаси. Касаллик тери ости ёғ клетчаткасида тугунча ва оғриқ пайдо бўлиши билан бошланади. Дастлаб шиш устида тери ранги ўзгармаган бўлади. Кейин унинг ҳажми катталашиб териси кўкимтир-тўқ қизил рангга киради. Яллиғланиш жараёни бир вақтнинг ўзида битта ёки бир нечта тер безларини эгаллаши ва улар бир-бирига қўшилиб кетиши мумкин. Шундан сўнг без ҳажми катталаша боради, юмшайди ва флюктуация синамаси аниқланади. Баъзан шиш ўртасидан тешилади ва қаймоқсимон йиринг кела бошлайди
Дифференциал диагнози. Касалликни фурункул, лимфаденит, қўлтиқ ости лимфа тугунлари туберкулёзи, лимфогранулематоз ва лимфосаркомалардан фарқлаш керак.
Давоси. Гидраденит касаллиги билан оғриган беморларни даволаш йирингли инфекцияни даволашнинг 3 та қоидаси асосида комплекс равишда олиб борилади. Беморларга умумий қувватлантирувчи, десенсибилизацияловчи дорилар ҳамда актив ва пассив иммуностимуляция ўтказилади. Антибиотикотерапияни антибиотикограмма асосида буюриш яхши натижа беради. Маҳаллий томондан УВЧ, УФО, гелий-неонли лазер, яримспиртли ва малҳамли (синтомицинли эмульсия) боғламлар қўйилади. Қачонки йиринг ҳосил бўлганда бўшлиқлар маҳаллий ёки умумий оғриқсизлантириш остида кесилади ва дренажланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |