Дифференциал диагнози. Карбункул касаллигини фурункул, флегмона, куйдирги карбункули ва яраланган ёмон сифатли ўсмалардан фарқ қилиш керак.
Давоси. Касалликнинг оғир кечишини ва асоратлар хавфини ҳисобга олган ҳолда беморлар зудлик билан шифохонага ётқизилади. Даволаш йирингли инфекцияни даволашнинг 3 та қоидаси асосида фаол равишда олиб борилади. Беморларга кенг спектрли, узоқ таъсир қиладиган антибиотиклар (юқори дозада) ва сульфаниламид дорилар тайинланади. Маҳаллий ўчоққа таъсир қилиш касаллик босқичидан келиб чиққан ҳолда ўтказилади. Касалликнинг инфильтрация босқичида беморларга ампициллин-новокаинли инфильтратив блокада, пенициллин билан электрофорез, УВЧ терапия ва лазер тавсия этилади. Малҳамли (Вишневский малҳами, синтомицинли ва стрептоцидли эмульсиялар) ва гипертоник боғламлар қўйилади. Беморларда 2-3 кун давомида олиб борилган консерватив давонинг натижасизлиги, оғриқ ва интоксикациянинг кучайиши оператив даво учун кўрсатма бўлиб ҳисобланади. Операция умумий оғриқсизлантириш остида бажарилади. Бунда некрозга учраган тўқималар бўйлаб соғлом тўқимагача крестсимон кесма ўтказилади.
Псевдофурункулёз
Эккрин (мерокрин) тер безларининг йирингли яллиғланишига псевдофурункулёз дейилади.
Этиопатогенези. Псевдофурункулёзни тилларанг ва эпидермал стафилококк чақиради. Болаларда иммунитетнинг пастлиги, чақалоқларда тер безларининг яхши ривожланмаганлиги, эккрин тер безлари чиқарув йўлларининг кенглиги, чала туғилиш, болани сунъий овқатлантириш ва чақалоқ парваришида гигиена қоидаларига риоя қилинмаслиги касаллик ривожланиши учун мойиллик яратувчи асосий омиллар бўлиб ҳисобланади.
Псевдофурункулёз билан одатда бир ёшгача бўлган болалар оғрийди, лекин ҳимоя қобилияти суст, нимжон ва анемияси бор болаларда касаллик 1,5-2 ёшгача ҳам учраши мумкин. Ушбу касаллик кўпинча бошнинг сочли қисми, бўйин, кўкрак қафаси, думба ва сонда жойлашади.
Клиникаси. Касаллик тананинг турли соҳаларида, кўпинча бошнинг сочли қисми ва бўйинда майда юзаки инфильтратлар ҳосил бўлиши билан бошланади. Псевдофурункулёз касаллигининг клиник манзараси кўп қиррали бўлиб, у касалликнинг қайси шаклда кечишига, микроорганизмлар тури ва вирулентлигига ҳамда бола организми иммунобиологик реактивлигига боғлиқ бўлади
Do'stlaringiz bilan baham: |