Диагностикаси. Ўткир гематоген остеомиелит касаллигида диагноз беморларнинг шикояти, анамнези, касалликнинг ҳар бир шаклига хос кечаётган клиник белгилари ва қўшимча текшириш натижаларига асосланиб қ ўйилади.
Рентген ёрдамида текшириш. Ўткир гематоген остеомиелитларга шубҳа бўлганда, суякни 2 та проекцияда рентген қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Ўткир гематоген остеомиелитнинг суякдаги бевосита рентгенологик белгилари касалликнинг бошлангандан 14-21 кунларига бориб аниқланади. Рентгенограммада суяк усти пардасининг қалинлашиши ва унинг пластинка шаклида суякдан ажралиши, яъни периостит кўринади .
Остеомиелитнинг иккинчи ишончли рентгенологик белгиси метафиз ёки диафизнинг кортикал қавати ва ғовак моддасида емирилган ўчоқлар, яъни остеопороз ҳосил бўлишидир.
Электрорентгенография (ксерография). Бу усул остеомиелитнинг эрта диагностикаси учун қўлланилади. И.Н.Ломаченко ва В.И.Щитининлар (1974) электрорентгенография ёрдамида касаллик бошлангандан 24-48 соат давомида суякда ўткир гематоген остеомиелит учун характерли ўзгаришларни топганлар. Бунда мушаклар ҳажмининг катталашиши, мушак, фасция ва тери ости ёғ қатлами ўрталаридаги чегара йўқ олиши, суякнинг субэпифизар қисмида чизиқсимон характерда ёруғланиш пайдо бўлиши ва периостал реакция қайд қилинади. Одатда бундай ўзгаришлар ксерографияда касалликнинг биринчи ҳафтасида кўринади.
Дифференциал диагнози. Ўткир гематоген остеомиелит менингит, қизамиқ, қизилча, қизил куйлак ва тифопаратифоз касалликлар,флегмона, йиринглаган гематома, суяк ва юмшоқ тўқималар шикастланишлари, ревматизм, суяк туберкулёзи ва ўсмаларидан фарқ ланади.
Давоси. Ҳозирги пайтда ҳам болаларда ўткир гематоген остеомиелит касаллигини даволаш Т.П.Краснобаев (1925) томонидан таклиф қилинган йирингли инфекцияни даволашнинг 3 та қ оидаси асосида комплекс равишда олиб борилади: 1)макроорганизмга таъсир қилиш; 2) микроорганизмга таъсир қилиш; 3) маҳаллий ўчоқни даволаш.
Макроорганизмга таъсир қилиш. Остеомиелит касаллиги билан оғриган беморларда кучли интоксикация ҳисобига сув дефицитли дегидратация белгилари юзага чиқади. Уни коррекция қилиш мақсадида Абердин-Глазман (1979) номограммаси ёрдамида қуйилиши керак бўлган суюқ лик ва электролитлар миқдори ҳисоблаб чиқилади Бола организми иммунобиологик реактивлигини ошириш мақсадида иммуностимулловчи дорилар кулланилади.
Микроорганизмга таъсир қилиш мақсадида касалларга антибиотиклар ва сульфаниламид препаратлар буюрилади.
Маҳаллий ўчоқни даволаш. Гематоген остеомиелитларда даволаш остеоперфорация килиш ва остеомиелитик флегмоналарни кесиш йули билан амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |