8-боб. Якунловчи қоидалар
54-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қўйиладиган асосий талаблар
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмийлаштиришга қўйиладиган асосий талаблар ушбу Қонуннинг иловасига мувофиқ Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек уларга илова қилинадиган ахборот-таҳлилий материалларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг ягона услубиёти билан белгиланади.
55-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий шарҳлаш
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий шарҳлаш норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ноаниқликлар топилган, у амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган тақдирда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига расмий шарҳни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди беради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига расмий шарҳни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг тегишли палаталари беради.
Қонуности ҳужжатлари нормаларига расмий шарҳни уларни қабул қилган органлар беради.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий шарҳлаш жараёнида уларга нормаларни аниқлаштиришга қаратилган тузатишлар, ўзгартишлар, қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди.
56-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат ҳисобига олиш
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат ҳисобига олиш норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни марказлаштирилган тарзда йиғиш, ҳисобга олиш, уларнинг фондларини яратиш ва назорат ҳолатида сақлаб туришни ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақидаги марказлаштирилган ахборотни ўз ичига олади. Қонунчиликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат ҳисобига олишга доир қўшимча талаблар белгиланиши мумкин.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат ҳисобига олишни амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.
LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 22 декабрдаги 1013-сон қарори.
Do'stlaringiz bilan baham: |