Диссертация илмий раҳбар: Афоқова Нодира Махмудовна, филология фанлари доктори
Download 1.02 Mb. Pdf ko'rish
|
jek london
Опа “рўмолининг учига туккан хатни олиб, Муродхўжа домлага узатди”
(194); 2. “Опа кўз ёшини рўмолининг учи билан артди” (195)), бу деталлар ёрдамида аёлдаги миллий қиёфа жуда аниқ кўрсатилган. Яна бир ўринда Мунисхон ўзини отиб ўлдирадиган куни, кечки овқатдан сўнг қазноққа тушиб кетар экан, аммаси “ҳой етимча, бемаҳалда тушма!” деб қичқиради. Шом маҳали – миллий психологияга кўра, бемаҳал ҳисобланади. Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов соф миллий психологиядан келиб чиқиб, мана шу паллани “талош палласи” деб атайди: Сафарга чиқилмас, ўқилмас Қуръон, Талош палласи – бу, талош палласи, – деб ёзади шоир. Амманинг қичқириғида ҳам ана шундай миллий тушунча ўз ифодасини топган. Хуллас, “Мартин Иден” ва “Сароб” романларида воқеалар миллий муҳитда ривожлантириб борилгани, қаҳрамонлар руҳий олами миллий психологияга мувофиқ кашф қилингани билан улар ўзига хослик касб этади. II.3. Бадиий психологизм ва услуб Қиёсий таҳлилда, шубҳасиз, марказий масалалардан бири услуб масаласидир. Агарда икки ёзувчи бир хил ҳаётий материалдан фойдаланиб асар яратса, икки хил асар дунёга келади. Бунинг асосида эса услуб тафовути ётади. Услуб – шунчаки фақат тасвир йўсини билан боғлиқ бўлмай, 86 ёзувчининг ҳаётга муносабати, дунёқараши кабилар билан боғлиқ бўлиб, ҳаётий материал ва қаҳрамонларни танлашдан тортиб, то бадиий ғоя, тил ва ифода воситаларини тайин этиш, баён йўсини каби барча ҳодисаларда ўз таъсирини кўрсатади. “Мартин Иден” ва “Сароб” романлари сюжет воқеалари ва бошқа айрим жиҳатлардан бир-бирига ўхшаса-да, юқорида кўрсатилган ҳолатлардан ташқари, психологик таҳлил воситаларини танлашда адиблар услуби бир- биридан фарқ қилади. Ҳар қандай санъаткор ёзувчи, биринчи навбатда, руҳшунос- психологдир. Аммо ҳар бир ёзувчини инсон руҳий дунёсининг турли қирралари қизиқтирганидек, уни акс эттиришда фойдаланадиган усул ва воситалари турлича бўлади. Жумладан, Н.Г.Чернишевский Л.Толстой асарларидаги психологизмни таҳлил қилиб, шундай ёзган эди: “Психологик таҳлил турлича йўналишларга эга бўлиши мумкин: бир ёзувчини кўпроқ характерларнинг қирралари қизиқтиради, иккинчиси – ижтимоий муносабатлар ва маиший тўқнашувларнинг характерларга кўрсатадиган таъсирига қизиқади; учинчиси – ҳислар билан фаолият ўртасидаги алоқага, тўртинчиси – эҳтирослар таҳлилига қизиқади. Граф Толстойни эса ҳамма нарсадан кўпроқ психик жараённинг ўзи, унинг шакллари, қонунлари, аниқроқ атама билан атайдиган бўлсак, қалб диалетикаси қизиқтиради”. 73 Шунга мувофиқ айтиш мумкинки, Жек Лондонни қаҳрамон руҳий дунёси бутун жараёнлари, тадрижи ва таназзули, бутун борлиги билан ўзига жалб этади. Адиб томонидан қаҳрамон руҳий дунёсини очиш учун кўп қўлланган усуллар – монолог, галлюцинация ва психологик параллелизмлардир. Ёзувчи Мартин Иденнинг дунёқараши, фикрлар олами, муайян моментдаги ҳис-туйғуларини батафсил тасвирлайди. Мартиннинг монологларида унинг ҳаёт ва санъат ҳақидаги қарашларидан ҳабардор бўлиш мумкин. Айни пайтда, бу монологлар Мартин дунёқарашининг ташқи муҳит 73 Шарафиддинов О. Истеъдод жилолари // Қаҳҳор А. Асарлар. Олти томлик. 1-том. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашриёти, 1967 йил. – Б.19. 87 билан ривожланиб борувчи кескин тўқнашувлари ҳамдир. Мартиннинг монологларида Жек Лондоннинг адабий-танқидий мақолаларида баён қилинган эстетик принциплари ўз аксини топган. Жек Лондон қўллаган воситалардан яна бири – психологик параллелизмлардир. Параллелизм – икки ҳодисани ёнма-ён қўйиш (қаршилантириш ёки ўхшатиш) орқали улардан бирининг муайян хусусиятини ёрқин тасвирлаш билан характерланадиган бадиий усулдир. Параллелизмлар халқ оғзаки қўшиқларида кўпроқ учрайди 74 . Шунингдек, адабиётшуносликда синтактик параллелизм, лексик-морфологик параллелизм, психологик параллелизм, интонацион параллелизм, композицион параллелизмлар фарқланади. 75 Мартин ёзувчи сифатида дастлабки муваффақиятсизликларга дуч келгач, бир куни рад жавоб келган сон-саноқсиз конвертларга термулиб туриб, ўзининг Мой Қовоқ лақабли ашаддий безори бола билан дўппослашишганини эслайди. Воқеа романда батафсил ҳикоя қилинади. Мартин Мой Қовоқнинг номардларча уришганига ҳам, бу баҳс узоқ давом этганига ҳам, вужуди шафқатсиз дабдала қилинганига ҳам қарамасдан, қайта- қайта жангга чиқаверади ва ахийри рақибини енгади. Ёзувчи бу воқеани психологик параллелизм сифатида – Мартиндаги руҳий қувватни кўрсатиш учун асарга олиб киради. Мартин кейинчалик атрофидагилар – опалари, поччалари, морзлар, муҳаррирлар сиймосида бутун жамият билан ана шундай шафқатсиз кураш олиб боради. Аммо бу кураш жисмоний бўлмай, оғир психологик олишув эди. Мой Қовоқни енгган Мартин пировардида севимли Руфдан, шон-шуҳратдан, оқиб келаётган бойликдан юз ўгиришга, уларни ташлаб кетишга мажбур бўлади. Мой Қовоқ билан боғлиқ психологик параллелизм қаршилантириш асосига қурилган. Романда бадиий интерьер ҳам қаршилантириш асосидаги психологик параллелизм сифатида кўзга ташланади. Жек Лондон Мартиннинг 74 Ўраева Д. Ўзбек халқ лирик қўшиқларида параллелизмларнинг характери ва бадиий-композицион вазифалари: Филол. фанлари номз... дисс. автореф. – Т., 1993. – Б.11. 75 Қуронов Д. ва бошқалар. Адабиётшунослик луғати. – Т.: Академнашр, 2010. – Б.215-216. 88 ижарахонасини шундай тасвирлайди: “In his own small room Martin lived, slept, studied, wrote, and kept house. Before the one window, looking out on the tiny front porch, was the kitchen table that served as desk, library, and typewriting stand. The bed, against the rear wall, occupied two -thirds of the total space of the room. The table was flanked on one side by a gaudy bureau, manufactured for profit and not for service, the thin veneer of which was shed day by day. This bureau stood in the corner, and in the opposite corner, on the table's other flank, was the kitchen – the oil-stove on a dry- goods box, inside of which were dishes and cooking utensils, a shelf on the wall for provisions, and a bucket of water on the floor. Martin had to carry his water from the kitchen sink, there being no tap in his room. On days when there was much steam to his cooking, the harvest of veneer from the bureau was unusually generous. Over the bed, hoisted by a tackle to the ceiling, was his bicycle. At first he had tried to keep it in the basement; but the tribe of Silva, loosening the bearings and puncturing the tires, had driven him out. Next he attempted the tiny front porch, until a howling south-easter drenched the wheel a night-long. Then he had retreated with it to his room and slung it aloft” (177). (“Мартин ўзининг шу тор ҳужрасида ухлар, ўқир, ёзар, ўйлар, рўзғори билан шуғулланради. Кўча томонга қараган битта дераза олдида овақат столи бўлиб, у айни вақтда ҳам ёзув столи, ҳам кутубхона, ҳам машинка қўйиладиган курси вазифасини ўтар эди. Орқа деворга тираб қўйилган каравот хонанинг учдан икки қисмини эгалларди. Стол ёнида кийим-бош қўйиш учун шкаф бор эди; кўринишидан бу шкафни ясаган уста унинг харидор учун қулайлигидан кўра, кўпроқ оладиган даромадини ўйлаганга ўхшарди; унинг устидан қоқилган юпқа фанер тоб ташлаган эди. Бу шкафча ҳужранинг бир бурчагида турарди, бошқа бурчакда эса ўчоқбоши, яъни совундан бўшаган яшик. Яшик устида керосинка, яшик ичида эса товоқ-қошиқ, ошхона асбоблари, яшик тепасида озиқ-овқат учун токча, яшик ёнида, сув солинган челак турарди; хонада водопровод жўмраги йўқ эди, сув олгани ошхонага чиқиш керак эди. Кўпроқ овқат пиширилган 89 кунлари иссиқ буғ хонани тўлдирар, шунда ҳаммадан ҳам шкафчанинг сирти кўпроқ шикаст кўрарди. Мартин велосипедини каравоти тепасига осиб қўйди” (204)) ва ҳоказо. Мана шу тор ва диққинафас ҳужра Мартиннинг бепоён тасаввур олами ва ҳурфикрли хаёлотига қарама-қарши қўйилган. Мартин “моҳирлик билан олға юр” (205)илмаса, турли ашқал-дашқалларга урилиб кетиш муқаррар бўлган мана шу каталакда хаёлан турли макон ва замонларда сайр қилади, юксак тафаккур ва санъат намунаси бўлган асарларини яратади. Мартиннинг ҳужраси асарнинг дастлабки саҳифаларида батафсил тасвирланган Морзлар яшайдиган уйга теп-тескари эди. Мартинникида “остонадан каравот бошига етиб боргунча, жуда мураккаб илонизи йўлни босиб ўтиш керак” (205). (“Tо go from the door to the head of the bed was a zigzag course that he was never quite able to accomplish in the dark without collision” (177)) бўлса, морзларникида китоб уюлиб ётган стол билан рояль орасидан бемалол олти киши ўтиши мумкин эди (3). Мартин хонанинг торлигидан ўтириб овқат пиширса ва ўтирган ўрнидан хоҳлаган нарсасини ола билса, морзларникида дастлаб “каттакон зал”га киришади, кенг хоналардан ўтиб юришади, овқатланиш учун алоҳида емакхонага ўтишади... Аммо асар воқеалари ривожланиб бораркан, морзларнинг барчаси – отасидан тортиб Руфгача – барчаларининг дунёқараши ва интилишлари тор, таафккури жамиятда эътироф этилган қарашлар билан чегараланган зерикарли кишилар эканлиги равшанлашади. Ёзувчи шу тахлит бадиий интерьерни қаҳрамонлар руҳий оламига қарама-қарши қўйиб, кучли психологик параллелизм яратади. Тор ҳужрада юксак ижодий ва маънавий парвозга эришган тафаккури ва тасаввури бепоён Мартин беҳудуд маконда ҳам ўз фикрларининг тор қобиғида ўралиб яшаётган морзлар олами билан тўқнашиб туради. Бриссинден образи ҳам психологик параллелизмнинг бир кўринишидир. Бриссинден гарчанд асарнинг ўрталаридан асарга кириб келса-да, у ўзида Мартиннинг қарашларини акс эттирганидек, Мартиндаги кейинчалик умидсизликка тушиш, руҳий хасталик ва ўлимни ўзида тўла 90 мужассамлаштиради. Бошқача айтганда, Бриссинденда Мартиннинг худкушлиги бадиий башорат қилинган. Бу худди Уста Алим ва Отабек параллелизмини эсга солади (“Ўткан кунлар”). Бриссинден – Мартин параллелизми, юқорида кўриб ўтганимиз сингари, қаршилантириш асосида эмас, анология (ўхшашлик) асосида юзага келган. Ҳар иккала романда яна бир хил психологик усул қўлланган. Бу – қаҳрамоннинг руҳан иккига бўлиниши ҳодисасидир. Бундай руҳий мураккаб ҳолат Лев Толстойнинг “Тирилиш” ва Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” асарларида ҳам кузатилади. Бу бўлиниш ўзида инсон руҳиятининг бир-бирига қарама-қарши икки томонини акс эттиради. Уларнинг бири – оқловчи, бири эса – қораловчидир. Маънавий юксалишннг муайян даражасига кўтарилган Мартин опаси Мэриен билан бўлган можародан сўнг жамиятнинг ҳар икки табақасига хос бўлган “аввалдан ҳозирлаб қўйилган уч пулга арзимас қолипга солинган уч пулга қиммат ҳаёт”, “ўзлари гўдаклик чоғидан асир бўлиб қолган бемаъни қонун-қоидаларни бузмаслик учун ўз шахсий хислатларини йўқ қилиб ташлаш”(275), (“narrow little lives by narrow little formulas”, “failing of being individuals and of really living life because of the childlike formulas by which they were enslaved” (237))лари ҳақида ўй суради. Худди шу пайтда унинг шахси иккига бўлиниб, ҳозирги маънавий даражаси олдида олдинги Мартин – ўзи танқид қилиб турган “аянчли махлуқлар” сафидаги Мартин пайдо бўлади. Ҳозирги Мартин аввалги Мартинга таъна қилади: “ – You were like all the rest, young fellow – Martin sneered. – Your morality and your knowledge were just the same as theirs. You did not think and act for yourself. Your opinions, like your clothes, were ready made; your acts were shaped by popular approval… Well the years have passed, and what do you think about it now?” (237-238). (“Сен ҳам улардан қолишмасдинг, ошнам. Сенинг ахлоқий тасаввуринг ҳам уларникига ўхшарди, сен ҳам улардан ортиқ билмасдинг. Ҳеч нарса устида бош қотирмас, ташвишланмас эдинг. Худди кийимларнинг тайёрини сотиб олгандек, фикрларни ҳам тайёр ҳолича ўзлаштирардинг. Сен бошқаларга маъқул тушган ишларни қилардинг... 91 Мана, ўшандан бери анча-мунча вақт ўтиб кетди. Хўш, энди шуларнинг ҳаммаси тўғрисида қандай фикрдасан?” (276)). Худди шу лаҳзада икки Мартин ўртасида қўшилиш содир бўлади. Шу тариқа шахси иккига бўлинган Мартин ўз-ўзини суд қилади. Саидийнинг иккига бўлиниши ўлим мотиви билан боғланган: “У илгари ҳам бир неча маротаба ўзини ўлдирмоқчи бўлган, аммо шу фикр бошига келганда, кўнгли ҳамиша иккига бўлиниб, бири шу фикрни тасдиқлагандай сукут қилса, иккинчиси “Сен ҳаёт жомини энди қўлингга олдинг, ҳали лаззатини билмайсан, тўхта!” дер эди. Бироқ бу сафар кўнглининг иккинчи ярми ҳам сукут қилди” (226). Саидийда шахснинг иккига бўлиниши маънавий даража билан эмас, соф психологик ҳолат билан шартланган. Абдулла Қаҳҳор асарларини психологизм нуқтаи назаридан таҳлил қилган адабиётшунос олим Нарзулла Шодиев психологик таҳлилнинг академик М.Храпченко томонидан аниқланган уч принципи борлигини кўрсатиб ўтади. Булар: динамик принцип, типологик принцип ва аналитик принциплардир 76 . Н.Шодиев Абдулла Қаҳҳор асарларини кузатиш асосида адиб ушбу тамойилларнинг барчасидан фойдаланган деган хулосага келади. Бизнингча, “Сароб” романида ижодкор психологик таҳлилининг динамик ва типологик принциплари етакчилик қилади. Яъни Абдулла Қаҳҳор ўз қаҳрамонларининг руҳий-психологик ҳолатларини кўпроқ уларнинг хатти- ҳаракати, қилиқлари орқали кўрсатади (динамик принцип), иккинчи тарафдан эса, адиб услубида инсоннинг ички оламини характерлар ички ҳаётининг ижтимоий-маиший томонлари билан боғлиқ ҳолда кўрсатиш тамойили (типологик принцип) ҳам намоён бўлади. Фикрлар, ҳисларнинг узлуксиз оқимини, диалектикасини кўрсатиш (аналитик принцип) “Сароб”да кўп учрамайди. Умуман олганда, “Сароб”да Абдулла Қаҳҳор эпик тасвир 76 Шодиев Н. Психологик таҳлил принциплари, форма ва воситалари. – Ўзбек тили ва адабиёти. – 1978. – 2- сон. – Б.3. 92 принципига мувофиқ, қаҳрамонларнинг руҳий ҳолатларини кўпроқ ташқаридан туриб кузатади. Асар воқеаларидан биламизки, аввал Мунисхон ҳалок бўлади – у ўзини отиб ўлдиради. Бу воқеа қисқа тафсилотларда берилган бўлиб, бор-йўғи бир саҳифага бормайди. Китобхон Мунисхоннинг ўзини отиб ўлдиришига олиб келган ҳолатларни ташқаридан турибгина кузата олади. Булар: Мухторхонга севмасдан туриб турмушга чиқиш, севимли Саидийнинг Сорахонга уйланиши, Мунисхоннинг ташаббуси билан ташкил қилинган хилват учрашувда Саидийнинг аёлни рад қилиши. Ёзувчи Мунисхондаги ички руҳий ғалаёнларни узлуксиз ўй-хаёллар оқими орқали эмас, хатти-ҳаракатда, воқеада, тасвирда кўрсата боради. Бу хил тасвир ўзида эпик турнинг Аристотель томонидан аниқланган – воқеликни объектив, ўз ҳолича четдан туриб тасвирлашдан иборат принципни тўла намоён этади. Саидийга бўлган муҳаббатини ҳеч қачон очиқ тан олмаган мағрур Мунисхон ижтимоий мавқеи ва шахсий табиати туфайли журъатсиз бўлган Саидийга ўчакишгандай кўп қаршиликсиз Мухторхонга турмушга чиқади. Аммо тўйдан кейиноқ кўнгилсиз турмушга кўникиб кетарман, деб ўйлаган Мунисхон учун Мухторхон ўпганда чиқадиган товуш калтакесакнинг чирқиллашига ўхшаб кетади, ўзидан эса офтобда қолган ёғоч чўмичнинг иси келади. Сорахоннинг тўйи дараги чиққандан кейин Саидийни излаб редакцияга борган Мунисхон “Мухторхон келдими?” деган саволга ихтиёрсиз бурнини жийиради, аммо Саидий бурун жийиришининг сабабини сўрар экан, жазавага тушгандай “Ҳеч! Ҳеч! Ҳеч! Эрим яхши!” деб жавоб беради. Ёзувчи Мунисхоннинг кўнглидан кечган хаёллар, ҳис-туйғулар баёни тугул, ҳатто “Ҳеч! Ҳеч! Ҳеч! Эрим яхши!” деган сўзларни айтган чоғдаги ҳолат, оҳанг ҳақида ҳам гапирмайди, келинчакнинг кўнглидан кечаётган мураккаб руҳий жараёнларни кўрсатиш вазифасини сўзлар такрори ва ундов белгисига юклаб қўя қолади. Кейин эса ҳолат тасвири берилади: “Мунисхон 93 астойдил қизарди, кўз қорачиғида юпқагина ёш пардаси пайдо бўлиб йилтиради, бурилиб кетмоқчи бўлган эди, Саидий қўймади”(154). “Сароб”да Абдулла Қаҳҳорнинг бошқа асарларида бўлгани каби қаҳрамонлар руҳиятини очишда баёндан кўра диалог, персонаж нутқи биринчи ўринда туради. Юқоридаги эпизодда Саидий Мунисхонга энди бирга бўлишнинг ҳеч бир илож-имконияти йўқлигини, қовушиш бахти улар учун бир умрга барҳам топганлигини айтади. Саидийнинг Сорахонга уйланиши Мунисхонда шу қадар алам уйғотадики, у ҳатто Сорахон билан бирга кўргандан кўра, Саидийнинг шу ерлардан бутунлай бош олиб кетишини афзал билади. “Москвага кетмайсанми?” – Мунисхоннинг жавобсиз қолган мана шу биргина сўроғида унинг бутун руҳияти; чорасиз қолган ўтлиғ муҳаббати; ўзини енга олмаётган, ўзини қўлга ололмаётган, юзага келган драматик вазият туфайли талвасага тушган аросатдаги аёлнинг кучли ички ғалаёни ўз ифодасини топган. Саидийдан буткул ажралганини ҳис қилган Мунисхон энди фақат битта нарсадан – воқеаларнинг мана шу маромда кетмаслигидангина тасалли излайди. Кейинги учрашувда Саидийнинг уни буткул рад қилиши Мунисхонни бутунлай тушкунликка, кейинроқ эса узил-кесил худкушликка олиб келади. Унинг сўнгги мактубидаги “олам тўла бахт, фақат мен бахтсиз эдим” деган сўзлари Мунисхон ўлимининг руҳий асосларини ифода этади. Ёзувчи романда бу фожианинг сабабини очиқ кўрсатмайди. “То Мунисхон номаълум сабаб билан ўзини отгунча кунлар шундай ўтди”, – дейилади асарда Саидийнинг Муродхўжа домладан ажралиб чиққандан кейинги ҳаёти ҳақида. Аммо воқеалар ривожи, ёзувчи тасвирлаган психологик ҳолатлар Мунисхонни оламдан бемаҳал олиб кетган ўқ – бу чорасиз севги алами эканлигидан дарак беради. Романдаги “Мунисхон нима учун ўзини отганини кўплар қатори Саидий ҳам билолмади” деган гап ҳам жуда шартли. Чунки Саидий ўз севгилисининг ўлими сабабини – бир тарафдан, редакцияда бўлиб ўтган суҳбат ва бегона бир уйда бўлган хилват учрашув туфайли; иккинчи тарафдан эса, ўзи ҳам худди Мунисхон қалбидаги 94 чуқур изтиробларни кечириб турганлигидан – жуда яхши билар эди. Мунисхоннинг бевақт ўлими Саидийда ижтимоий мавқе ва ёзувчилик орзусининг бутунлай чипакка чиқиши билан тобора чуқурлаша бораётган руҳий таназзулни авж нуқтага кўтариб, пировардида, унинг ҳам ўз-ўзини ўлдиришига олиб келади. Чунки роман воқеаларига кўра, Саидий зўр бериб интилган аксилинқилобчилар тузган ташкилот бутунлай барбод бўлади, шунингдек, Саидий ижод бобида бутунлай инқирозга учрайди – бирор тузук нарса яратмай туриб сўнади. Аммо шундан кейин ҳам ўзида яшаш учун илинж топади. Бу илинж “эртаси ваҳималар билан тўла” бўлган ҳаётининг уқубатли минутларидан оз бўлса-да дам берадиган Мунисхонни яна бир марта “Раҳимжон” дедиришгина эди” (213). Мана шундай руҳий вазиятда бўлган Раҳимжон Саидийнинг Мунисхон ўлими сабабини билмаслиги мумкин эмас эди. Абдулла Қаҳҳорнинг “Мунисхон нима учун ўзини отганини кўплар қатори Саидий ҳам билолмади” дейиши қаҳрамонни ичдан эмас, ташқаридан тасвирлашдан иборат эпик тасвир принципига содиқликдан келиб чиқади. Яъни роман муаллифи ташқаридан қараганда, шунчаки воқеанавис сифатида майдонга чиқади. У айрим асарларда бўлгани каби қаҳрамон ички оламини ичдан туриб батафсил таҳлил ва тафтиш этмайди, қаҳрамоннинг ўзи бўлиб ўй сурмайди; балки ташқаридан кузатувчи сифатида кўринади. “Ташқаридан кузатиш ва тасвирлаш” – эпик тасвирнинг асосий тасвир принципидир. Аммо бу – асло муаллиф ўзи тасвирлаётган воқеликка мутлақо бефарқ, қаҳрамонлар руҳиятини билмайди, кузатмайди ёки очмайди дегани эмас. Романда муаллифнинг психолог сифатидаги кузатувлари бевосита у қаламга олган ҳолат ва тафсилотларда намоён бўлади. Оддийроқ қилиб айтганда, ёзувчи муайян воқеа жараёнидаги ҳамма тафсилот ва ҳолатларга диққат қаратавермайди, балки қаҳрамоннинг руҳий ҳолатини очиши мумкин бўлган тафсилот ва ҳолатлар, гап-сўзларнигина қаламга олади. Ёзувчининг позицияси, руҳшунос сифатидаги “кўз”и ана шундай танлашда намоён бўлади. Мана шу нуқтаи назардан қараганда, романда Мунисхоннинг ўлими ҳам, Саидийнинг бунинг сабабини билиши ҳам, 95 пировардида айнан мана шу ҳодисанинг иккинчи бир худкушликни – Саидий ўлимини келтириб чиқаргани тўлиқ психологик асосланган. Романда намоён бўлган Абдулла Қаҳҳор услубига хос бўлган яна бир хусусият шуки, адиб биргина “кулги” мотивидан ўнлаб руҳий ҳолатлар ифодаси учун фойдаланади. “Кулги – ўз-ўзини ҳимоя қилиши шаклида безовталикнинг ўзига хос кўринишидир” 77 , – дейди Ян Парандовский. “Сароб”да ҳам кулги хурсандчилик белгиси сифатида эмас, турли психологик ҳолатларнинг ифодаси сифатида намоён бўлади: 1. “Овқатдан гапирсанг-чи, бетамиз!” – деди Саидий ичида (Улфатга) ва кулиб қўйди (32) – андиша туфайли ўз ҳолини очиқ айтолмаслик. 2. Кенжа саволини яна бир такрорлагандан кейин Ёқубжон, юзида асабий табассум билан жавоб берди (45); Муродхўжа домланинг юзида асабий кулги акс этди (91); “Сиз шоир бўлсангиз ҳам, ҳали бўқчасини ташламаган чумчуқ боласиз, – деди у (Муродхўжа домла) не машаққат билан илжайиб” (92) – асабийлашиш. 3. Салимхон кулди (51) – тавозе. 4. Қизил чойхонадаги ғовур босилди ва эшик олдида бир неча илжайган сиймо намоён бўлди (58) – киноя, тантана. 5. Салимхон кулиб қўя қолди (680 – эътиборсизлик, назар-писанд қилмаслик. 6. Саидий кулди (82) – хижолат бўлганини хаспўшлаш, жавобдан қочиш. 7. “Бирон хоҳлаганинг борми?” – деди Салимхон кулимсираб (111) – билиб туриб билмасликка олиш. 8. Нима эканини ҳали менга ҳам айтгани йўқ, – деди Саидий илжайишга ҳаракат қилиб (176) – дилсиёҳликнинг олдини олиш учун ҳаракат. 9. Сорахон пашшани кўрсатиб: “Юрадими, учадими? Саидий кулди. – Юрмайди ҳам, учмайди ҳам” (178) – ички ғалаённи босиш. 77 Парандовский Я. Сўз кимёси // Жаҳон адиблари адабиёт ҳақида (О.Шарафиддинов таржималари. – Т.: Маънавият, 2010. – Б.392. 96 10. Саидий неговни қўйиб қайтиб кетди. Йўлда “булбулигўё” учради. – Ҳа, нима бўлибди? Саидий кулди. – (Тўпа) қорним оч дейди!” (183) – бировнинг ҳолидан кулиш, назар-писанд қилмаслик. 11. Саидий кулди. – У шу кулгиси билан “лозим келар экан, битта эмас, ўнта опани умр бўйи боқишга ҳам қудратим етади” демоқчи эди (195). 12. Эҳсон қаттиқ кулиб юборди. – Бу кулги ҳақиқий кулгими ёки асабий бир ҳолатми эканини билиш қийин эди (200). 13. “Ўйнашдан айниб эрлик бўлмоқчиман, мулла ака”, – деди чоракор кулиб. Саидий ҳам кулди (218). – Чоракорда – ўзини хўжайин билан тенг деб; Саидийда – суҳбатдошини анойи деб билиш. Кўринадики, Абдулла Қаҳҳор кулгининг турли-туман психологик ҳолатлар белгиси бўлишини санъаткорона кўрсата олган. Умуман, Абдулла Қаҳҳорда “сўзловчи тафсилот”лар кўп учрайди. Масалан, Саидий редакциядан ўз асарини маъқулловчи хат олиб, Мунисхон келадиган куни бу хатни мумкин қадар яққолроқ жойга қўяди. “Бироқ Мунисхон хатни кўрди- ю, совуққонлик билан жойига ташлади-да, оғзига қурут солиб, китобини очди” (47). Мана шу “оғзига қурут солиб” деган кичкина тафсилотнинг ўзи Мунисхоннинг ўзини баланд тутишдан иборат психологиясини саҳифа- саҳифа баёндан кўра ёрқинроқ ифода этади. Ёки Саидий қишлоқда Муродхўжа домла билан бир йиғинда иштирок этади. Бу йиғин унинг қишлоқда кўрганларининг мутлақ тескариси эди. Бу эндигина ер ислоҳотининг моҳиятини тушунган ва қишлоқдан кетишга шошилмай қолган Саидийда яна қайта иккиланиш ва шубҳа уйғотади. У ўз таҳлилларига ишонмай қолади. Йиғиндан чиқиб уйига келар экан: “қоронғида ечиниб, муздек кўрпага кирди-да, тиззасини қучоқлади” (62) деб ёзади ёзувчи. Мана шу “тиззасини қучоқлаш” Саидий руҳиятидаги зиддиятни жуда теран ифода этади. Хулоса қилиб айтганда, “Мартин Иден” ва “Сароб” романлари сюжет воқеалари ва бошқа айрим жиҳатларига кўра бир-бирига ўхшаса-да, 97 психологик таҳлил воситаларини танлашда адиблар услуби нуқтаи назаридан бир-биридан фарқланиб туради. Download 1.02 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling