Диссертация илмий раҳбар: Афоқова Нодира Махмудовна, филология фанлари доктори
Download 1.02 Mb. Pdf ko'rish
|
jek london
23 I.2. Жек Лондон ва Абдулла Қаҳҳорнинг ҳикояда бадиий психологизмдан фойдаланиш маҳорати Америкалик машҳур ёзувчи Жек Лондон ва ўзбек адабиётини ўзининг беназир роман, қисса ва ҳикоялари билан бойитган адиб Абдулла Қаҳҳор вақт нуқтаи назаридан деярли кетма-кет, аммо бошқа-бошқа ижтимоий- сиёсий жамиятларда яшаб ижод қилганлар. Жек Лондон сиёсий курашлар авж олган капитализм шароитида, Абдулла Қаҳҳор эса шахс эрки ҳам, ижодкор эрки ҳам чекланган шўро даврида фаолият кўрсатди. Абдулла Қаҳҳор биографияси ўзбек адабиётшунослигида муфассал яратилганлигини ҳисобга олиб, биз ушбу фаслда Жек Лондон ҳаёти ва ижоди масалаларига кенгроқ тўхталиб ўтамиз. Жек Лондон номи билан шуҳрат қозонган адибнинг ҳақиқий исми шарифи Джон Гриффит Лондон бўлиб, у 1876 йил 14 январда Калифорния штатидаги Сан-Франциско шаҳрида туғилган. Джон Гриффитнинг ҳақиқий отаси астрология профессори У.Х.Чани бўлиб, у бўлғуси адибнинг онаси Флора Уэллманни ташлаб кетгандан сўнг, Флора Джон Лондон исмли фермерга турмушга чиқади. Флоранинг турмуш ўртоғи бўлғуси адибни фарзандликка қабул қилади ва болага ўз фамилиясини беради. Адибнинг қизи ўз хотираларида Джон Лондон ёш Жекни ўз ўғли сифатида тарбиялаб, унинг ҳақиқий отаси ўрнини босишга ҳаракат қилганлиги; Жек ҳам уни бутун умр қаттиқ ҳурмат қилганлигини ёзиб қолдирган. Улғайгач, Жек отаси Чанига хат ёзади, аммо Чани Жекни рад қилади. Жек Лондон жуда камбағалликда ўсади. У бошланғич мактабда ўқиб юрган чоғлариданоқ газета сотувчилик билан шуғулланади. Ёш Жек китоб ўқишни севар, аммо китоблар сотиб олишга пули йўқлигидан, худди ўз романи қаҳрамони Мартин Иден сингари бепул хизмат кўрсатадиган кутубхоналарга ёзиларди. Китоблар Жек Дондон дунёқарашининг шаклланишига катта таъсир кўрсатди. Бошланғич мактабни тугатгач, бўлғуси адиб иш соати 12-14 соатга чўзиладиган консерва заводига ишга киради. Табиатига кўра романтик бўлган Жек бирмунча муддат броконьер (ўғри 24 овчи) сифатида балиқ ови билан ҳам шуғулланади. У ёшлигидан худди Мартин сингари кучли, қўрқмас ва иродали бўлган. Уни ҳамма вақт олис мамлакатлар, ёввойиларча кечириладиган эркин ҳаёт ўзига чорлаб турган. Жек бирмунча муддат матрос бўлиб денгизда сузади. Кейин эса каноп фабрикасига ишга киради; худди шу пайтда унинг адабий фаолияти бошланади. У “Колл” газетаси эълон қилган танловда қатнашиб, ғолиб бўлади. Бу эса уни чинакамига адабиёт билан шуғулланишга руҳлантиради. Бўлғуси адиб жуда ёшлигидан атрофидагиларнинг ва ўзининг ҳаётида фақат очлик, қашшоқлик, ишсизликни кўради; у мамлакат бошида турганларнинг мустамлакаларга эга бўлиш ва бойлик орттириш пойгасидаги иштироки туфайли ўзи каби йўқсилликка, касалликларга, қашшоқлик ва ишсизликка маҳкум этилганларга нисбатан қалбида чуқур ҳамдардлик ҳис қилади, қаттиқ изтироб чекади. Бир гал у Окленд электростанциясига ишга киради. Бу шундай иш ўрни эдики, Жекни икки кишининг ишини эплаш шарти билан ишга олишади-ю, олдинги икки ишчини бўшатиб юборишади. Ишдан бўшатилганлардан бири хотини ва болаларининг оч-наҳор қолгани туфайли ўзини ўлдиради; буни эшитгач, виждони қийналган Жек тайёр иш ўрнини ташлаб кетади. У ишсизлар синфининг вакилига айланиб бутун Штатларни айланиб чиқади, ишсиз саёқ сифатида турмага ҳам ўтиришга тўғри келади, ҳатто Канадага ҳам бориб, яна Сан-Францискога қайтади. Кейинчалик унинг барча кўрган-кечирганлари ёрқин ҳаётий манзараларга айланиб, бадиий асарларида акс этди. У университетда билим олишни давом эттириш мақсадида коллежга ўқишга киради, аммо коллежни ташлаб, уч йиллик ўқув материалини мустақил уч ойда ўзлаштириб, 1896 йилда Калифорния университетига ўқишга киришга муваффақ бўлади. Аммо Жек тезда муҳтожлик туфайли ва дарслардан қониқмаганлигидан ўқишни ташлаб кетади. Кейин эса турли жойларда ишлайди. 1897 йилда олтин изловчилар билан Аляскага жўнайди, бироқ у ердан ҳам бир чақа орттиролмай қайтиб келади. 25 Жек Лондон яшаган даврда дунёнинг бошқа мамлакатларида бўлгани сингари Америкада ҳам капитализм ўзининг юқори чўққисига кўтарилган, чуқурлашган ижтимоий тенгсизлик туфайли сиёсий курашлар авж олган, коммунистик ғоялар ёйилган эди. 1893 йилда дастлабки ҳикояси – “Япония соҳилларидаги тўфон”ни маҳаллий “Колл” газетасида эълон қилган адиб ҳам сиёсий фаолиятдан четда қолмади. ХIХ асрнинг 90-йилларидан бошлаб у социал-ишчилар партиясининг аъзоси сифатида митингларда қатнашади, ишчилар ҳаракати тўғрисида мақолалар ёзади, чиқишлар қилади. Кейинчалик унинг сиёсий чиқиш ва мақолалари “Синфлар кураши” (“The War of the Classes”, 1905) ҳамда “Революция” (“Revolution and Other Essays”, 1910) тўпламларига жамланди. Жек Лондон аёвсиз эксплуатация зулми остида қолганлар синфининг вакили эди, шунинг учун ҳам у жамиятни тубдан ўзгартириш тарафдорлари сафида бўлди; бинобарин, 1905 йилдаги рус революциясини ҳам қувонч билан қарши олди. 1900 йиллардан “Бўри боласи” (“The Son of the Wolf”) китоби билан ёзувчи сифатида шуҳрат қозонган Жек Лондон бевосита рус революцияси таъсирида “Революция” эссеси ҳамда “Темир товон” (“The Iron Heel”, 1908) романларини ёзди. Жек Лондон мазкур романида то унга қадар деярли қўл урилмаган ўткир ижтимоий муаммоларни кўтариб чиқди. Асарда ижтимоий тенгсизлик, эзилган синфнинг ўз ҳақ-ҳуқуқи учун кураши сингари даврнинг долзарб масалалари чуқур бадиий образларда ифода этилди. Жек Лондон рус ёзувчиси Максим Горький ижодига жуда ихлосманд бўлган. Чунки Жек Лондон яшаган давр буржуа жамиятида қарама-қарши синфлар ўртасида зиддият жуда кучайган, бутун дунёни ларзага солган марксизм таълимоти миллион-миллион камбағал меҳнаткашларга тенглик ва яхши ҳаёт ваъда қилаётган бир тарихий давр эди. Максим Горький ҳам ўз асарларида “хўрланганлар ва ҳақоратланганлар” (Ф.Достоевский)нинг манфаатларини ҳимоя қилиб, ҳақсизликка асосланган жамият ва қарашларни фош қилар, курашга чақирар эди. Жек Лондоннинг М.Горький ижодига айрича қараши унинг ҳам эзилган синф вакили, ҳам ижодкор эканлигидан 26 келиб чиқади. Жек Лондон Максим Горький тақдири ва асарларида ўз қарашлари ва тақдирига ҳамоҳанглик кўрган эди. Бундан ташқари, адиб рус ёзувчиларидан И.Тургенев, Л.Толстой ижодини ҳам ўта қадрлаган. Жек Лондон ижодининг шаклланишида ўша даврда кенг ёйилган ижтимоий-фалсафий назариялар ҳам маълум даражада таъсир кўрсатди. Адиб, хусусан, бир неча муддат Фридрих Ницше ва Герберт Спенсер ғоялари таъсирида бўлди. Инглиз файласуфи Герберт Спенсернинг ижтимоий қарашлари ўша даврдаги табиий фанларнинг ютуқлари, шунингдек, Фридрих Ницше таъсирида шаклланган. Г.Спенсер ижтимоий тараққиёт ўз-ўзича, эволюцион йўл билан амалга ошади, бунда худди табиатдаги сингари кучлилар яшаб қолади, ижтимоий ҳаётнинг ўз-ўзича тараққий қилишигина шахс эркини таъминлайди, унга қўпол равишда аралашиш мумкин эмас, бу тараққиётга халақит беради, холос, деб ҳисоблайди. У сиёсий курашларни рад қилади, унингча, “рақобатли кураш фақатгина ибтидоий ҳарбий жамиятлардагина устуворлик қилади” 26 . Ж.Лондоннинг ёзувчи сифатида шаклланишида М.Твен, Г.Гарленд, Ф.Норрис сингари америкалик ёзувчилар ижодининг таъсири катта бўлди. Америка адабиётида реализм тараққиётига катта ҳисса қўшган бу ёзувчилар ижоди Ж.Лондон учун ўзига хос мактаб вазифасини ўтади. Жек Лондон, асосан, прозаик, адабий танқидчи ва публицист сифатида фаолият кўрсатди. У “Колл” газетаси эълон қилган танловда ғолиб чиққач, бир қанча ҳикоя, шеър ва поэмалар ёзиб, вақтли нашрлар таҳририятига йўллайди. Лекин барча нашрлардан рад жавоблари олаверади. Руҳан тушкунликка тушиб, маълум муддатга ижодий фаолиятни йиғиштириб қўяди. Олтин изловчилар сафида бўлиб, ҳаётнинг адоқсиз машаққатларини бошидан кечириб, яна адабиётга қайтган Жек Лондонга таҳририятлар билан қаттиқ кураш олиб боришга тўғри келади: журналлар ё унинг асарини чоп 26 Социологический словарь. Николас Аберкомби, Стивен Хилл, Брайан С.Тернер. Перевод с английского под редакцией канд.социол.наук. С.А.Ерофеева. – Москва, Экономика, 1999. – С. 314. 27 этмас, ё чоп этгандан сўнг гонорар тўламас эди. “Менинг силлам қуриб борарди, – деб ёзади у кейинчалик, – эзилган, очликка маҳкум ҳолда мен кўмир қазувчиликка ёки ўзимни ўлдиришга тайёр эдим”. 27 Мана шу ҳаётий воқеаларнинг барчаси кейинчалик “Мартин Иден” романида ўзининг бадиий ифодасини топди. Лекин ёш адиб барибир адабий жараёнда ўз ўрнини топиш фикридан қайтмади. Сан-Францискодаги журналлардан бири 1889 йилда унинг қатор ҳикояларини босиб чиқарди. 1900 йилда эълон қилинган “Бўри боласи” (“The Son of the Wolf”) тўплами эса адабий жамоатчилик ва китобхонларга Жек Лондонни ёзувчи сифатида танитди. Бирин-кетин унинг “Оталар худоси” (“The god of His Fathers and Other Stories”, 1901), “Аёз болалари” (“Children of the Frost”, 1902), “Аждодлар чақириғи” (“The Call of the Wild”, 1903) тўпламлари босилиб чиқди. Бу китоблар Жек Лондонга катта шуҳрат келтирди. Жек Лондон бутун ижоди давомида 19 роман ва повесть, 152 та ҳикоя, 3 та пьеса яратди. Унинг “Денгиз бўриси” (“The Sea Wolf”), “Қор мамлакати қизи” (“A Daughter of the Snows”), “Темир товон” (“The Iron Heel”), “Мартин Иден” (“Martin Eden”), “Вақт кутмайди” (“The Burning Daylight”), “Ой водийси” (“The Valley of the Moon”), “Эльсинордаги исён” (“The Mutiny of the Elsinore”) каби романлари, қатор повесть ва ҳикоялари, пьесалари бутун жаҳон китобхонларининг севимли мулкига айланган. Таъкидлаш керакки, Жек Лондон ижоди билан яхшигина таниш бўлган Абдулла Қаҳҳор, бизнингча, ўз романи учун нафақат “Мартин Иден”нинг сюжет линиясини, балки Жек Лондон ҳаётининг ўзини ҳам асос қилиб олган; жуда бўлмаганда, фожиали қисмат эгаси бўлган америкалик истеъдодли адиб ҳаёти воқеалари ғайриихтиёрий равишда “Сароб”да акс этган. Чунончи, ижтимоий идеаллари барбод бўлган, машҳур ёзувчилик ҳақидаги орзулари пучга чиққан Саидий дастлаб Сорахонга уйланиб, оилавий ҳаётда осойиш топмоқчи бўлади, кейин эса ўзини турмуш хўжалигига уради, иморат солади. 27 Иқтибос қуйидаги манбадан олинди: Богославский В. – Джек Лондон. – М., Просвещение, 1964. – С.12. 28 Бу Жек Лондон ҳаёти воқеаларини эсга солади. Жек Лондоннинг ўзига тўқ хонадон қизи Мэйбл Эпплегартга бўлган муҳаббати барбод бўлгач, севмасдан туриб Бэсс Маддерн исмли мактаб муаллимасига уйланади. Аммо бу никоҳ ҳам омадсиз келиб, Жек иккинчи марта Чармиан Киттреджга уйланишга мажбур бўлади. Аммо адиб ҳар иккала сафар ҳам оилавий ҳаловатга эриша олмайди. Биринчи оиласидан бўлган қизлари билан тил топишишга ҳаракат қилади, аммо уни на хотини, на қизлари, на опалари – ҳеч ким тушунмас, у ўз олами билан якка-ёлғиз эди. Аста-секинлик билан адибнинг кўнгли социалист-ишчилар ҳаракатидан совиб, партиядан узоқлаша бошлайди. Ўзини табиат қўйнига, ишга, хўжаликка уради, бор кучини Глен-Эллендаги фермер хўжалигига сарф қила бошлайди, от ва қорамол боқади, “Бўри уйи” деб номланган дабдабали уй қуради. Юз минг долларга тушган “Бўри уйи” қурилиб битмасдан ёниб кунпаякун бўлади. Фермер хўжалиги ҳам катта даромад келтирмай қўяди. Шунчалик қудратли сиёсий курашлар билан теварак-атрофидаги ҳаётнинг заррача ўзгармаганини, катта-кўпчилик халқ ҳамон қашшоқлик, муҳтожлик чангалида ҳалок бўлаётгани, ақлдан озаётгани, маънан инқирозга учраётганини кўрган Жек Лондон кучли ички изтироблар чангалида қолади. Ичкиликка берилади, соғлиги путурдан кетади. Кейин эса социалистлар партиясидан узил-кесил чиқиш ҳақида ариза беради. Охир-оқибатда эса носоғлом танасидаги қаттиқ оғриқларга чидай олмаган, тушкунликни енга олмаган адиб қабул қилинажак морфийни меъёридан ошириб, қирчиллама 40 ёшида ўз ҳаётига якун ясайди. Буларнинг бари Саидий ҳаёти билан боғлиқ фожиалар тасвирини кўз олдимизга келтиради. Жек Лондон ижодига қизиқиш Ўзбекистонда ХХ асрнинг 20-30- йилларидан бошланган. Абдулла Қаҳҳорнинг Жек Лондон ижодига оид дастлабки қайдлари ҳам ўтган асрнинг 40-йилларига тўғри келади. Америкалик адиб ижоди ўзбек маданиятига дастлаб рус тилидаги таржималар орқали танила бошлади. 1928-29 йиллардаёқ Жек Лондоннинг рус тилида 24 томлик асарлари нашр қилинган. Абдулла Қаҳҳор ҳам 29 адибнинг рус тилидаги асарлари билан танишган. Ҳатто у адиб асарлари ҳақида гапирар экан, роман номини ўзбекчага таржима қилмай “Ден пламенеет” деб кетаверади. Жек Лондон ҳикоялари ўзбек тилига ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб таржима қилина бошлади. 1968 йилда эса “Мартин Иден” романи Қодир Мирмуҳаммедов томонидан таржима қилинди. 2010 йилда ижодкорнинг бир қатор ҳикоялари Ф.Абдуллаев томонидан ўзбек тилига ўгирилиб, алоҳида китоб ҳолида чоп этилди. Тўпламга “Шимол Одиссеяси”, “Аёл кишининг мардлиги”, “Ҳаётга муҳаббат”, “Исёнчи”, “Буюк сеҳргар”, “Киш ўғли Киш”, “Мексикалик”, “Мохов Кулау” ҳикоялари киритилган. Биз юқорида ҳикоя жанридаги асарларда бадиий психологизмни истифода этишнинг ўзига хос жиҳатлари тўғрисида тўхталган эдик; бу мулоҳазаларнинг асосини ҳикоя жанрдаги асарларда характерлар ички дунёсини изчил, босқичма-босқич тасвирлаш ҳамда бадиий психологизмнинг турли шаклларидан фойдаланиш имкониятининг чекланганлиги ҳақидаги фикр ташкил қилади. Озод Шарафиддинов ҳам Абдулла Қаҳҳорнинг психологик тасвир маҳоратини таҳлил қила туриб, жумладан, бадиий психологизмнинг жанрлараро тафовутига эътибор қаратади: “Абдулла Қаҳҳор повесть ва романларида (ҳикояларидагидан фарқли ўлароқ – Н.Қ.) психологик анализнинг бошқача турларидан фойдаланди. Бу жанрларнинг имконияти ҳикояга қараганда анча кенг бўлгани учун, уларда ёзувчи қаҳрамонлар характерини, уларнинг биографиясини, маънавий ҳаётидаги ўзгариш ва тебранишларни мукаммал кўрсатади, ҳатто ўрни келганда характерларнинг энг кескин ва мураккаб қарама-қаршиликларга дуч келгандаги ҳолатини ҳам атрофлича тасвирлайди. Лекин ёзувчи бунда ҳам, худди ҳикояларидагидек, қаҳрамон характерини тасвирлашда, унинг ички дунёсини очишда табиийликка, ҳаётийликка алоҳида эътибор беради” 28 . 28 Шарафиддинов О. Истеъдод жилолари // Қаҳҳор А. Асарлар. Олти томлик. 1-том. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашриёти, 1967 йил. – Б.19. 30 Энди мана шу нуқтаи назарлардан Жек Лондон ва Абдулла Қаҳҳор ҳикоялари таҳлил қилинса, умумий манзара шундан иборатки, Жек Лондон ҳикоялари ҳажман катта бўлиб, тасвирнинг изчиллиги, батафсиллиги, тафсилотларнинг қуюқлиги билан қисса, роман хусусиятларини намоён қилади. Бу асарлар сюжети битта воқеага асосланганлиги билан ҳикоя жанрига киради. Шу сабабли Жек Лондоннинг маълум бир асарининг жанри турли тадқиқотчилар томонидан турлича белгиланган. Масалан, “Оқ қозиқтиш” асари бир ўринда повесть, бир ўринда роман деб белгиланган. 29 Жек Лондон ҳикояларида қаҳрамоннинг ички олами кўпинча унинг ўз нутқи ҳамда муаллиф изоҳлари орқали очиб берилади. Масалан, “Киш ўғли Киш” ҳикоясида ёзувчи диалоглардан унумли фойдаланган. Оқтанлилар динини қабул қила бошлаган Киш ўзи совчи бўлган қиз – Су-Сунинг отаси Гноб талаб қилганда, ёввойи қабиладошларидан фарқли равишда, қон тўкишдан жирканган, қулбаччани ўлдира олмаган бўлса, ғурур, ор-номус, қасос каби кечинмалар таъсирида бирваракайига тўрт киши – Су-Сунинг отаси, икки акаси ва қаллиғининг калласини танидан жудо қилади. Жек Лондон инсоннинг жуда мураккаб психологик портретини яратади. Китобхон Кишнинг қарама-қаршиликларга тўла ички дунёсини бутун бошли воқеалар занжири, шу занжирда алоҳида-алоҳида тизилган диалоглар, тафсилотлар, руҳий ҳолатларнинг қисқа-қисқа тавсифи, тасвири орқали идрок этади. Кишнинг руҳиятида икки томон – ёввойиликка асосланган қабила анъаналари ва цивилизациянинг энди-энди бошланган таъсири кураш олиб боради. Жек Лондон ҳикояларида ҳамиша қаҳрамоннинг ранг-баранг руҳий ҳолатлари тасвирига дуч келамиз. Жек Лондон кўп ҳолларда қаҳрамоннинг ичидан туриб унинг ички оламини кашф қилади. Абдулла Қаҳҳор ҳикоялари эса қисқалиги, асосан, қаҳрамон руҳий ҳолатининг унинг қиёфасидаги акси тасвири, қаҳрамон нутқи ва деталларга асосланганлиги билан ажралиб туради. Абдулла Қаҳҳор Жек Лондон сингари 29 Богословский В. К истории реализма в США. Творчество Джека Лондона и Эптона Синклера (1900-1917): Автореф. дисс… доктора филол.наук. – М., 1963. – С. 13; Баданова И. Джек Лондон и его герой. Творчество Джека Лондона 1900-1910 гг. Автореф. дисс… канд. филол. наук. – М., 1963. – С.12; Быков В. Романы Джека Лондона: Автореф. дисс. …канд. филол. наук. – М., 1966. –С.19. 31 бир ёки бир неча воқеани батафсил, барча икир-чикирлари билан қаламга олмайди. Адибнинг ҳикоялари воқеликнинг бир моментини қайд этган фотосуратларга ўхшайди. Уларда ҳар бир сўз, деталь ёки тафсилот Шарқ мумтоз лирикасидаги сингари кучли рамзий юкка эга бўлади ва мана шулар орқали қаҳрамоннинг ички олами кашф этилади. Айтайлик, адиб машҳур “Бемор” ҳикоясида қаҳрамоннинг руҳий ҳолатини деярли бермагандай. Китобхон гўёки воқеанинг боришидангина хабардор қилинади. Фақат бир- икки ўриндагина қаҳрамоннинг руҳий ҳолатига ишора берилади. Бемор оғирлашгандан сўнг Сотиболди хўжайиннинг олдига арзга боради. Шу ўринда “аммо бу боришдан муддаоси нима эканини аниқ билмасди” 30 деган тафсилотнигина беради. Мана шу биргина тафсилот Сотиболдининг йўлсизлик, нажотсизлик натижасида туғилган оғир ички изтиробларини ифода этади. Иккинчи бир ўринда ҳам ёзувчи қаҳрамон изтиробини бир жумлада баён қилиб қўя қолади, яъни бемор “ҳар инграганда Сотиболди чаккасига буров солинган кишидай талвасага тушар эди”. Чорасизлик изтироби қўшни кампир қалбида ҳам кечади. Бунга ёзувчи жуда қисқа, деярли мавҳум ишора беради: “Кампир беморнинг тўзиган сочларини тузатди, у ёқ-бу ёғини силади, сўнгра... ўтириб йиғлади”. Иқтибосдаги уч нуқта ҳам кучли психологик тафсилот сифатида кўринади; унда кампирнинг кўнглидан кечаётган оламжаҳон кечинмалар жамланган. Мана шу биргина тафсилотда ёшгина аёлнинг ажал чангалига бемаҳал тушаётганлигидан қалби пора-пора бўлган; чора излаган, аммо на жувоннинг дардига, на эр ва боланинг изтиробларига чора тополмаётган содда бир ўзбек аёлининг дардли туйғулари мавж уриб ётган дарёдай қалбини кўрамиз. Салқин, тинч паркда, дарахтлар ичига кўмилган, шиша қабзали кулранг эшигида қўнғироқ тугмаси бор бўлган баланд ва оқ чиройли иморат, извош ва оқпошшонинг сурати солинган 25 сўмлик пул шаклида идрок этилган қудратли ҳокимият қаршисида Сотиболди ва кекса аёлнинг чорасизлиги, 30 Қаҳҳор А. Асарлар. Олти томлик. Биринчи том. – Т., Ғ.Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашриёти 1967. – 56-б. 32 қалб туғёнлари янада бўртиб кўринади. Жек Лондон ўз қаҳрамонлари қалбини варақ-варақ ўқиса ва очса, Абдулла Қаҳҳор уларни китобхонга қуёш акс этган шабнам томчисидек тақдим қилади. Қиёсий таҳлилда ўзига хосликни яққолроқ очишда бир-бирига яқин, бир-бирига ўхшаш асарларни объект сифатида танлаш яхши натижа беради. Шунга кўра, биз ҳам Жек Лондон ва Абдулла Қаҳҳорнинг муайян жиҳатлардан бир-бирига яқин бўлган ҳикояларини таҳлилга тортдик. Ҳар иккала адиб ижодида бадиий психологизм композицион асос даражасига кўтарилган ҳикоя бор. Бу – Жек Лондоннинг “Буюк сеҳргар” ҳамда Абдулла Қаҳҳорнинг “Кўр кўзнинг очилиши” ҳикояларидир. Ҳар иккала ҳикояда ҳам қаҳрамонлар инсон психологиясидан фойдаланиб ўз мақсадларига эришадилар. “Буюк сеҳргар”да ҳикоя қилинишича, ибтидоий қабилалардан бирида одамлардан кўпининг ҳавасини келтирган одеял ўғриланади. Илгарилари шунга ўхшаган ишларда ёрдам берадиган шаман – сеҳргар Скундуга бир гал шамолнинг йўналишини тескари айтганлиги сабабли одамлар ишонмай қолишган. Шунинг учун улар одеялни топишга ёрдам беришни сўраб, қўшни қишлоқ шамани Клок-Но-Тонга мурожаат қиладилар. Клок-Но-Тон ваҳима- ю, асъаса билан қишлоққа кириб келади-да, Скунду билан яширинча маслаҳатлашиб олади. Ҳикоядаги асосий психологик марказ Скунду образида мужассамлашган. Ўткир руҳшунос бўлган Скунду, табиийки, маълум маънода ўзига рақиб бўлган Клок-Но-Тоннинг муваффақият қозонишини истамас, Клок-Но-Тоннинг муваффақияти уни касб-коридан ва ризқу рўзидан буткул мосуво қилиши аниқ эди. Шунинг учун ҳам у Клок-Но-Тон билан суҳбат жараёнида ҳийла қилиб, Ла-Лах деган кишининг ўғри эканлигига ишора қилиб ўтади. Скундунинг ҳийласига лаққа учган Клок-Но-Тон сеҳргарлик амалларини бажаргандан сўнг Ла-Лахни ўғри деб эълон қилади. Одамларнинг қаттиқ кулгусидан маълум бўладики, ўғрилик содир бўлган вақтда Ла-Лах қишлоқда бўлмаган экан. Клок-Но-Тон шармандаларча 33 қишлоқни тарк этади. Мақсадига эришган Скунду эса психологик ўйинни давом эттиради. Воқеанинг давоми Шарқда кенг тарқалган ҳикоятлардан бирини эсга солади. Клок-Но-Тонни шарманда қилишга эришган Скунду муддаосига етади: одамлар ўғрини топиб беришни сўраб Скундуга мурожаат қилишга мажбур бўладилар. Кекса сеҳргар яна ҳийла ишлатади: Желкс лақабли қарғани қоронғу уйда тўнкарилган қозон остига қўйиб, қабиланинг барча аъзоларини якка-якка ҳолда уйга кириб, мана шу қозонга қўл теккизишга мажбур қилади. Гўёки қарға жиноятчи яқинлашганда қағиллаб юбориши керак эмиш. Қабиланинг барча аъзолари бир-бир синовдан ўтишади, аммо қарға қағилламайди. Шунда буюк сеҳргар гулхан атрофига йиғилган одамлардан қўлларини баланд кўтаришни сўрайди. Табиийки, сири фош бўлишидан қўрққан ўғри қўлини қозонга теккизмаган, шунинг учун унинг қўллари топ-тоза эди. Ўзини ақлли, бошқаларни сеҳргарларнинг эртакларига ишониб юрадиган гўл-гумроҳ анойи ҳисоблаган Симэ – одеял ўғриси қандай қилиб ҳийлага алданганини билмай қолади. Шундай қилиб ўғри топилади. Скунду қишлоқ аҳли олдида ўзининг олдинги обрўйини нафақат тиклайди, балки шарманда бўлган Клок-Но-Тон воқеаси фонида мавқеини илгаригидан ҳам юқорироқ кўтариб олади. Аммо Скундунинг психологик ўйини бу билан ҳам тугамайди. У Клок- Но-Тонни ҳам, буюк сеҳргарни нописанд қилган Симэни ҳам енггач, одеялнинг “биз камбағалмиз” дея шаманлик хизматига ҳақ тўлашдан бош тортишга уринган эгаси Гунияга марҳамат кўрсатади: хизмат ҳақига ҳамманинг ҳавасини ва ҳасадини келтирган, шунчалик машмашаларга сабаб бўлган одеялнинг ўзини олиб қўя қолади. Кўринадики, Жек Лондон ҳикоя марказига соф психологик воқеани қўйган. Воқеа бутун ҳикоя давомида енгил юмор билан баён қилинса-да, ўткир драматик якуни билан ўқувчи қалбини ларзага солади. Қишлоқнинг содда одамлари шўрлик Симэни тошбўрон қиладилар, одеялни айёрлик билан иккинчи марта ўғирлаган Скундуни эса олқишлайдилар. Алал- 34 оқибатда, Гуния барибир одеялдан ажраб қолаверади. Аслида ёзувчи одамларни хонавайрон қиладиган скундуларнинг башарасини очиб ташлайди. Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўғри” ҳикоясидаги сингари ўқувчи олдида “Ҳақиқий ўғри ким?” деган савол кўндаланг бўлади. Қобил боболар яшаган муҳитда бундай ўғрилар мансабнинг турли поғоналарида ўтириб олиб, бутун бир жамиятни ташкил қиладилар, халқни жамият бўлиб талайдилар. Гуниялар муҳитида ҳам улар ўзларини ғайритабиий куч соҳиби сифатида тақдим этиб, юҳо нафсларининг амрини бажариш билан машғул бўладилар. Гуния ва унинг қишлоқдошлари ҳам худди Қобил бобо сингари ўзини талайдиганлардан миннатдор бўлиб, алданиб яшайверади. Ҳикояда одеял худди ҳўкиз каби кучли рамзий деталга айланган. Ҳўкиз Қобил бобо ҳаётининг қанчалик муҳим предмети бўлса, шимоллик Гуния учун ҳам иссиқ одеял шунчалик керакли нарса эди. Демак, ўғрилар ҳар иккала қаҳрамонни зарурий яшаш воситасидан айирадилар. Ҳар иккала ёзувчи кучли психологик деталь воситасида ўткир драматик вазият яратганлар. Абдулла Қаҳҳорнинг ана шундай психологик воқеага асосланган ҳикояси “Кўр кўзнинг очилиши” деб номланади. Ҳикоя гарчанд ғоявий жиҳатдан эскирган бўлса ҳам, бизни қизиқтирган масала – психологик мотивдир. Унга кўра, қўрбошининг ишончини суиистеъмол қилган Аҳмад полвон бир кўзли шу қўрбоши томонидан ўлимга ҳукм қилинади. Қатл қилинишига шубҳасиз ишонган Аҳмад полвон ўз ўлимини душманга қарши кучли қуролга айлантиришга қарор қилади. У худонинг марҳаматига эришиш учун соғ кўзини ҳадя қилиб, кўр кўзини очишига қўрбошини ишонтиради – у ҳам худди Скунду сингари қўрбоши билан психологик ўйин ўйнайди. Скундунинг муддаоси шунчаки мулк бўлса, Аҳмад полвон ўзини зўр ғоявий курашга бағишлаган киши сифатида намоён бўлади. У қўрбошига ўзининг соғ кўзини ўтказишни, шу билан қўрбошининг кўр кўзини очишни ваъда беради. Аҳмад полвон ҳам худди Скундуга ўхшаш узундан-узоқ сохта “табиблик” амалларини бажаради. Шундан кейин қўрбошининг йигитларига уларнинг маънисиз кураш билан банд эканликларини, ўзларига ўзлари ўқ 35 отиб юрганликларини барала айтиб, шундан кейин катта тош билан қўрбошининг бошини мажақлаб ташлайди. Ёзувчининг бадиий мақсадига кўра, Аҳмад полвоннинг ўлими ўз ота-онаси, акаси ва халқига қарши курашиб юрганларнинг кўр кўзини очишга йўналтирилади. Абдулла Қаҳҳор ҳикоясида ҳам психологик мотивировка (асослаш) кучли. Жек Лондон ҳикояси воқеалари ибтидоий одамлар орасида бўлиб ўтади. Табиийки, момақалдироқни тангрилар ғазаби, тонгни уларнинг марҳамати деб талқин қилган бу одамлар сеҳргарликнинг кучига ҳам ишонади. Бундан ташқари, Скунду ўткир психологик мантиқ билан ўғрини топиб беради, бу – одамларнинг сеҳрли кучга ишонишлари учун яна асос бўлади. “Кўр кўзнинг очилиши”да воқеа шундай: Қўрбоши Олқор жангида ўқ еган Исҳоқ афандини ташлаб кетмаслик учун отига мингаштириб олади. Исҳоқ афанди қўрбошидан ўзини қишлоқдаги бирор ишончли кишининг уйига қолдириб кетишни сўрайди. Қўрбоши ишончли киши сифатида Аҳмад полвонни танлайди. Исҳоқ афанди “балки жароҳатидан қон кета-кета ўзи ҳам ўлар эди, аммо полвон уни илгарироқ ўлдирди, оддий, ўтин ёрадиган болта билан чопиб ташлади”. 31 Бундан ташқари, Аҳмад полвон ярадорни кейинроқ – қўрбоши қишлоқдан бутунлай чиқиб кетгандан кейин ҳам ўлдириши, бу билан сўйилишдан қутулиб қолиши ҳам мумкин эди. Чунки ярадор унинг инон-ихтиёрида, унга ишонч билдирилган, устига-устак Исҳоқ афанди ярадор ҳолатда қочиб ҳам кетолмас эди. Аммо полвон ярадорни “қўрбоши қишлоқдан чиқар-чиқмас чопиб” ташлайди. Аҳмад полвон дастлаб китобхонга шошма-шошарлик қилгандай, бу қаҳрамон характери мантиғига зиддай туюлиши мумкин. Аммо, ёзувчи очиқ айтмаса-да, бутун ҳикоя давомида ғоят тадбирли, ўткир руҳшунос сифатида кўринадиган Аҳмад полвоннинг, албатта, бу ишни атайлаб – қўрбоши билан учрашиш, у билан юзма-юз бўлиш, йигитларнинг кўзини очиш учун қилганлигини сезиш мумкин. Бошқача айтганда, жароҳатидан қон кета-кета ўзи ҳам ўлиши 31 Ўша манба, 72-б. 36 мумкин бўлган Исҳоқ афандининг “қўрбоши қишлоқдан чиқар-чиқмас чопиб” ташланиши психологик ўйиннинг бир қисми бўлади. Иккинчидан, хиёнатга қўл урган полвонга бўлган ишончини йўқотган қўрбошининг унинг “табиб”лигига, устига-устак ўзига яхшилик қилишига ишониши характер мантиғига зиддай кўринади. Бундан ташқари, Аҳмад полвон ўз душманлигини очиқ баён қилиб, қўрбошига “сиз мени ҳозир нима учун сўйдирмоқчи бўлсангиз, мен ҳам шунинг учун афандингизни ўлдирдим” дейди. Хиёнат ва очиқ айтилган душманликдан кейин ҳам қўрбоши полвоннинг ғалати таклифига рози бўлади. А.Қаҳҳор полвоннинг жасорати, ватанпарварлигини кўрсатиш, қўрбоши йигитларининг кўзи очилишидан иборат ғоявий мақсаддан келиб чиқиб, ҳикояга табиб образини олиб киради. Бу ишга профессионал нуқтаи назаридан қизиқиб қолган табиб қўрбошини масхара бўлиб туюлган бу таклифни қабул қилишга кўндиради. Табибнинг қизиқиши шу даражада эдики, ҳатто “шу дамда қўрбоши муолажадан воз кечса, ўзини кўр қилиб бўлса ҳам, полвонга ҳатто илтимос қилишга тайёр эди”. Ҳикояда қўрбошининг мантиқсиздай туюлган таклифга кўнишига иккинчи асос ҳам бор. Бу – полвоннинг худони ўртага солиши эди. Полвон гўёки бу ишни қўрбоши учун эмас, ўзи учун, савоб иш қилиб худонинг марҳаматига эришиш учун қилаётгани эди. Полвоннинг қўрбоши ва унинг йигитлари қовоқларини бармоқ билан бостириб “юмалоқ, ҳалқага ўхшаган ўт”ни кўрсатиш билан боғлиқ ҳаракатлари Скундунинг қарға “операция”сига, бекнинг боши устига ёқилган шам Скунду ташкил қилдирган катта гулханга ўхшайди. Ниҳоят, учинчи асос – бу ярим пиёла одам қони керак бўлганда, полвоннинг ўз чинчалоғини чоптириб, керакли нарсани муҳайё қилиши эди. Бу бутун бошли армияни ҳалок қилган Широқнинг ҳаракатларини эсга солади. Шу тариқа Абдулла Қаҳҳор қўрбошининг полвонга ишонганини ҳар томонлама асослайди. 37 “Буюк сеҳргар”да қарға, қора қозон, гулхан каби деталлар қанчалик мантиқ билан ўғрини топишга йўналтирилган бўлса, кўр кўзнинг очилиши саҳнасидаги лаппак тош, тутун, шам деталлари ҳам шунчалик мантиққа бўйсундирилган. “Буюк сеҳргар”да қора қозон ва гулхан амалий аҳамиятга эга, қарға эса шунчаки восита бўлгани сингари “Кўр кўзнинг очилиши”да тош ва тутундан фарқли ўлароқ, шамдан шунчаки чалғитиш учун фойдаланилади. Юқоридаги икки ҳикоя психологик мотивнинг композицион асос даражасига кўтарилиши, сюжети билан бир-бирига яқин бўлса, “Ҳаётга муҳаббат” ҳамда “Минг бир жон” ҳикоялари ғоявий жиҳатдан муштарак. Ҳар иккала ҳикояда ҳам ҳаёт ва ўлим оралиғида туриб, тирик қолиш учун кураш олиб борган қаҳрамонлар тасвирланади. Абдулла Қаҳҳор аниқ ғоявий мақсад – иродаси кучли қаҳрамон яратиш мақсадидан келиб чиқади. Мастура аёл киши бўла туриб айрим эркаклардан кўра иродалироқ, матонатлироқ бўлади. У ўн йиллаб ётиб қолса ҳам, касалликни сабр билан, ҳаётга бўлган муҳаббати орқали енгади. Аммо Абдулла Қаҳҳор ўз қаҳрамонининг ўта иродали эканни кўрсатиш учун вазиятни жуда муболағалаштириб, бир ўринда ҳаёт мантиғидан, миллий психология мантиғидан чекинади. Ҳикоя қилинишича, Мастура ўлим тўшагида шу даражада қаттиқ ётиб қоладики, бир куни эрининг ўртоқлари аёлни ўлди деб эшитиб, уларнинг уйига тобут олиб келадилар. Ўз тобутини кўрган Мастура барибир ҳаётга бўлган иштиёқини йўқотмайди, касалхонада ўрнидан туролмай ётган бўлса-да, шу воқеани кула- кула айтиб беришга ўзида куч топади. Худди шу ўринда ҳикояда ҳаёт мантиғи бузилган. Чунки миллий мотам маросими қоидаларига кўра, одам дунёдан ўтгач, маросим билан боғлиқ айрим ҳаракатлар амалга оширилгач, маҳалладан кишилар йиғилиб, ундан кейингина тобут келтириш ҳақида гапирилади. Кўчадан “фалончи ўлибди” деб эшитган одам тобут кўтариб келавермайди. Жек Лондон ҳикоясида эса қаҳрамон ҳаёт учун ғайриихтиёрий равишда кураш олиб боради. Адиб ушбу ҳикояда психологик параллелизмдан 38 фойдаланган. Яъни қаҳрамон билан бирга бир бўри ҳам ҳаёт учун кураш олиб боради. Аслида бўри ҳашаротдай сургаланиб бораётган касал, оч ва нимжон одамни бир зумда еб қўйиши мумкин эди. Аммо ҳикояда қаҳрамоннинг бўрига ем бўлиб кетмагани ҳам асосланган, чунки бўри ҳам касал ва ҳолсиз, унинг нимжон одамни енгишга кучи етмайди. Жек Лондон ҳикоя финалида қаҳрамон характерини психологик жиҳатдан ишонарли кўрсатган. Узоқ муддатли очлик, ёлғизлик ва хасталикни бошидан кечирган, ҳар сонияда ўлим хавфи таъқиб этган одам “Бедфорд” кемаси экипажи ёрдамида қутулгандан кейин руҳий хасталикка йўлиқади. У овқат сероб бўлишига қарамасдан, стол атрофида ўтириб, овқатланаётган кишиларга нафрат билан қарар эди, “ҳадеб ошпаздан, хизматчи боладан, капитандан овқат захирасини суриштирарди”. Кейин эса сухариларни худди ҳайвон емиш ғамлаган каби каравоти остига яшириб тўплай бошлайди. Жек Лондон ҳикоясида Абдулла Қаҳҳор ҳикоясидаги сингари аниқ ғоявий мақсад эмас, ҳаётни, инсон руҳиятини реал тасвирлаш тамойили етакчилик қилади. Хулоса қилиб айтганда, Абдулла Қаҳҳор Жек Лондон сингари бир ёки бир неча воқеани батафсил, барча икир-чикирлари билан қаламга олмайди. Адибнинг ҳикоялари воқеликнинг бир моментини қайд этган фотосуратларга ўхшайди. Уларда ҳар бир сўз, деталь ёки тафсилот Шарқ мумтоз лирикасидаги сингари кучли рамзий юкка эга бўлади ва мана шулар орқали қаҳрамоннинг ички олами кашф этилади. Download 1.02 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling