1.4. Ўзбек маркетинг терминологиясининг ташқи манбалар ҳисобига ривожланиши
Ўзбек тили луғатининг бойишида ички манбалар муҳим ресурслардан ҳисобланса-да, “дунёдаги ҳеч бир тил фақат ўз ички ресурсларигагина таяниб иш кўрмаганидек, ўзбек тили учун ҳам фақат ўз сўзлари, ўз қатлам бойлиги ва имкониятларигина кифоя қилмайди. Ўзбек тили луғат таркибининг бойиши ва такомиллашувида ташқи манба (ресурс) муҳим роль ўйнайди”113. Умуман, дунёда ҳеч бир тил бошқа тиллардан мутлақ ажралган ҳолда ривожлана олмайди. Шу сабабли ҳар қандай тилнинг луғат таркибида шу тил билан ўзаро алоқада бўлган бошқа тилларнинг элементлари мавжуд бўлади114. Халқлар ўртасидаги муносабатлар негизида тиллараро сўз алмаштириш ёки ўзаро сўз ўзлаштириш ҳодисаси содир бўлади. Чунки халқлар ўртасида юз берган муносабатлар натижасида ўзлашган моддий ашёлар ва маънавий-маърифий тушунчалар билан бирга, уларни ифодаловчи лексемалар ҳам ўзлашади115.
Ўзбек тили маркетинг терминларини тадқиқ этиш жараёнида шунинг гувоҳи бўлдик-ки, соҳанинг нисбатан янги ва ривожланишининг яқин йилларга бориб тақалиши боисими, кўпроқ Европа тилларидан ўзлашган терминларни учратдик. Тўғри, замон нуқтаъи назаридан қаралганда, бу соҳа жуда қадим тарихга эга. Аслида маркетинг олди-сотди, савдо-сотиқ, бозор муносабатларининг ривожланиш замиридан пайдо бўлган соҳа ҳисобланади. Демак, ўзбек тилининг тарихий жараёнлардаги шаклланиши, бойиши давлатларнинг ўзаро сиёсий ва иқтисодий муносабатларини ҳам акс эттиради.
1.4.1. Рус тилидан ўзлашган маркетинг терминлари
Русча-байналминал сўз ва терминларнинг ўзбек тилига кириб келиши XIX асрнинг биринчи ярмидан бошланган бўлиб унинг ҳаддан ташқари кучайиши ўлканинг чор Россияси томонидан забт этилиши, кейинчалик бу ерда шўролар ҳукмдорлигининг қарор топиши даврига тўғри келади. Бу жараён ўзбек тили терминологияси динамикасини кузатганда ёрқин номоён бўлади.116 Замонавий тилшуносликда маркетинг ва иқтисодий соҳа, савдо-сотиққа оид кўплаб янги сўзларни кузатишимиз мумкин: лизинг, экспорт, банкнот, брокер, ваучер, грант, демпинг, дилер, дисконт, импорт, инвестор, бартер, буджет, маркетинг, менежер, холдинг, клиринг, консалтинг, бармен, бизнесмен, бизнес каби терминлар бугунги ҳар кунимизда ишлатилмоқда. Кўриниб турибдики, маркетингга оид терминларнинг асосий қисми инглиз тилидан ўзлашган.
Ушбу соҳага тааллуқли жараёнлар ўз номи билан шиддатли даражада жамиятимизга ва тилимизга кириб келдики, уларни санаб саноғига етиш мушкул:
Do'stlaringiz bilan baham: |