Тадқиқот республика фан технологияларини ривожлантиришнинг устувор йўналишларига боғлиқлиги. Диссертация республика фан ва технологиялари ривожланишининг: Ахборотлашган жамият ва демократик давлатни ижтимоий, ҳуқуқий, иқтисодий, маданий, маънавий-маърифий ривожлантиришда инновацион ғоялар тизимини шакллантириш ва уларни амалга ошириш йўллари» устувор йўналишига мувофиқ бажарилган.
Муаммонинг ўрганилганлик даражаси. Жаҳон тилшунослигида Г.Ипсен, Й.Триер, В.Порциг, Л.Вайсгербер, А.Лерер, Дж.Лайонс биринчилардан бўлиб тил лексик қатламидаги лингвистик ва семантик майдон масаласи ҳақида илмий изланишлар олиб борган2.
Рус тилшунослигида лексик-семантик майдони тушунчаси ва уни таснифлаш муаммоларига Г.Шур, А.Бондарко, Е.Гулига, Е.Шендельс, И.Н.Гаврилин, Л.М.Васильев, Э.М.Умаханова, А.А.Кретов, М.Б.Примова С.А.Моисеева, Т.Н.Козюра, Е.Н.Подтележникова каби олимлар атрофлича ёндашганлар3.
Ўзбек тилшунослигида майдон назарияси тадқиқи К.Раҳмонбердиев, Э.Бегматов, Т.Мирзақулов, Ҳ.Ҳожиева, Ш.Назирова, А.Собиров, Ш.Искандарова, А.Нурмонов, М.В.Эргашева, турли тизимдаги тилларда шахс хусусиятини ифодаловчи фразеологизмларнинг қиёсий-типологик таҳлили Г.М.Адашуллаева, «кўз» лексик-семантик майдони ва уни ташкил этувчи тил бирликлари типологияси Ш.И.Шокиров тадқиқотида очиб берилган4.
Тил лексик қатламидаги лингвистик ва семантик майдон масаласи билан боғлиқ бир қатор изланишлар мавжуд, аммо инглиз ва ўзбек тилларида “қулоқ” лексик-семантик майдони ва уни ташкил этувчи тил бирликларини ўрганишга бағишланган махсус тадқиқот иши олиб борилмаган. Бизнинг тадқиқотимиз юқоридаги ишлардан қуйидаги лисоний омиллар билан фарқ қилади: 1) қиёсий-чоғиштирма планда “қулоқ” лексик-семантик майдони таркибий элементларининг майдонда тутган ўрнини аниқлаш усуллари, 2) инглиз ва ўзбек тилларида “қулоқ” семантикасига доир умумий семантик моделларнинг яратилиши, 3) “қулоқ” семантикасига эга тил бирликларининг мукаммал таснифини ишлаб чиқиш, 4) “қулоқ” семасига эга тил бирликларининг лингвистик, прагматик ва стилистик жиҳатларини очиб бериш, 5) “қулоқ” лексик-семантик майдонини аниқлашда фрейм таҳлилини амалга оширишдан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |