Диссертация илмий раҳбар: Ш. И. Шокиров Филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Тошкент 2022 йил мундарижа


Ўзбек тилида лексик-семантик майдон тавсифи ва таснифи


Download 0.6 Mb.
bet9/42
Sana07.01.2023
Hajmi0.6 Mb.
#1081194
TuriДиссертация
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   ...   42
Bog'liq
1. Dissertatsiya elektron nusxasi (doc, docx) (7)

Ўзбек тилида лексик-семантик майдон тавсифи ва таснифи

ХХ асрнинг 70-80 йилларидан бошлаб ўзбек тилшунослигида ҳам майдон талқини билан боғлиқ равишда кўпгина илмий - назарий ишлар ва қарашлар пайдо бўла бошлади. Бу ўринда Р.Расулов, Э.Бегматов, О.Бозоров, Т.Мирзақулов, А.Нурмонов, Ш.Искандарова, Ҳ.Неъматов, И.Қўчқартоев, Р.Сафарова, А.Собиров, Б.Қиличев, Ш.Раҳматуллаев, А.Ҳожиев, Ҳ.Ҳожиева, М.Абдиев, Ж.Б.Бўронов, Ш.Сафаров, Ў.Қодиров, Ў.Қ.Юсупов, С.Раҳимов, Ғ.Хошимов, Ж.А.Ёқубов, М.Абдувалиев, Ш.Шокиров каби олимларнинг илмий кузатишлари ва шу асосда олинган илмий хулосалар ўзбек ва бошқа дунё тиллари лексикаси, морфологияси ва синтаксисини майдон назарияси асосида ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.
Лексик-семантик майдон деганда, биз мураккаб лексик микротизимни назарда тутамиз. Бу микротизим ўзига хос майдон структурасига эга бўлиб сўзларни семантик тамойил асосида бирлаштиради. Лексик-семантик майдоннинг характерли хусусиятларидан бири шуки, унда марказий майдон тушунчаси ва унинг марказдан узоқлашган периферик қисми ўрин олади, шунингдек, майдон иерархик тарзда, яъни поғоналашган тартибда жойлашади.
Семантик майдон – лексик жиҳатдан умумий семага эга бўлган ва объектив реалликни акс эттиришда ўзаро уйғунлашадиган турли сўз туркумларининг энг йирик лексик-семантик парадигмасидир. Функционал-семантик майдон – тилнинг турли қатламларига мансуб воситалар (морфологик, синтактик, сўз ясаш воситалари, лексик) шунингдек, лексик –синтактик жиҳатдан уюшган умумий характердаги тизимдир.
Макрокомпонентлар сўз семантикасининг асосий хусусиятини аниқлаб беради ва уларни лексик бирликларнинг семантик оппозицияси орқали ажратиб олиш мумкин. Сўзнинг лексик маъносида мутахассислар икки хил макрокомпонентни фарқлайдилар: денотатив ва коннотатив компонент. Денотатив компонент лексик маънонинг асосий компнентидир, у ўзида коммуникатив жиҳатдан аҳамиятга молик бўлган предмет-тушунчани мужассам этади, номи тилга олинган нарса (предмет)нинг белгиси ва хусусиятларини англатади. Коннтатив макрокомпонент денотатга нисбатан сўзловчининг эмоционал баҳо муносабатини англатади, шунингдек, функционал-стилистик хусусиятлари, яъни сўзнинг қайси функционал стилга мансуб эканини кўрсатади. Денотатив ва коннотатив макрокомпнентлар ўз таркибидан микрокомпонентларни ажратиб чиқаради.
Қуйида ўзбек тилшунослигига майдон назариясининг кириб келиши, тил мазмуний тизимига майдон сифатида қарашнинг маълум афзалликлари, майдоннинг хусусиятлари, унинг ўзига ёндош бошқа ҳодисалардан фарқланиши, ўзбек тили мазмуний тизимида маълум ўрин тутувчи айрим микромайдонлар борасида фикр юритилади.
Майдон назарияси ўша тилда сўзлашувчи халққа ҳаётнинг маълум бир соҳасида мулоқот юритиш жараёнида қўлланилувчи сўзлар (лексик бирликлар)нинг асосий фондини бутун кўлами билан англаш, мулоқот жараёнида бу тизимдан зарур бўлган сўзларни танлаш имкониятини беради ва бу сўзларнинг бир-бири билан ўзаро маъно жиҳатидан боғлиқлигини таъминлайди55.
Функционал-семантик майдон – тилнинг турли қатламларига мансуб воситалар (морфологик, синтактик, сўз ясаш воситалари), лексик шунингдек, лексик–синтактик жиҳатдан уюшган умумий характердаги тизимдир. Функционал-семантик майдон – билетерал, яъни – икки ёқлама характерда бир-бири билан боғланган, маъно планигагина эмас, балки ифода планига ҳам эга бўлган бир бутунликдир.
Лексема - сўз билан тушунча ўртасидаги алоқага сигнификатив алоқа дейилади ва шу алоқа натижасида юзага чиқадиган маъно концептуал маъно деб юритилади. Тушунча мантиқий категория бўлиб, оламни рационал жиҳатдан билишимизда у муҳим аҳамият касб этади56.
Ш.Искандарова ўз асарида мазмуний майдон тўғрисидаги турли йўналиш ва тадқиқотчилар орасидаги хилма-хилликларга қарамай, тилшунослар томонидан бир хил белгиланган бир неча назарий масалаларни кўрсатиб ўтади:
1) тил луғат таркиби бирликларнинг тартибсиз йиғиндисидан иборат эмас, у сўзларнинг семантик умумийлиги асосида бирлашувчи бир қанча мазмуний майдонларга бўлинади;
2) ҳар бир мазмуний майдон фақат шу тил учун хос бўлган алоҳида усул билан ўзи акс эттирган борлиқни таркибий қисмларга ажратади;
3) сўзнинг семантик мазмуни ўз-ўзидан келиб чиқувчи нарса ҳисобланмайди, у майдон ичидаги бошқа сўзлар (бирликлар) билан зидланишлар воситасида юзага келади57.
Ш.Искандарова ўз китобида қатор семантик майдонлар: темпораллик, локаллик, микромайдон, шарт, тўсиқсизлик микромайдонларини чуқур таҳлил қилиб, уларни ранг-баранг мисоллар билан ёритиб берган.
Кейинги йилларда ўзбек тилшунослигида ономасиологик тамойилга асосланган, тил мазмуний мундарижасига майдон сифатида ёндашув асосидаги тадқиқотлар анча оммалашди. Жумладан, А.Собиров ўзининг “Ўзбек тилининг лексик сатҳини система сифатида тадқиқ этиш” мавзусидаги илмий тадқиқот ишида лексик сатҳга мазмуний майдон сифатида ёндашган бўлса58, Н.Нишонова лексик сатҳ таркибидаги маълум микромайдонларнинг семантик таҳлилига59, Ҳ.Ҳожиева ва Ф.Сафаровлар эса мазмуний структурадаги турли сатҳларга хос бирликларнинг структур таҳлилига60 эътибор қаратдилар.
Б.Йўлдошевнинг таъкидлашича, “...тилдаги луғавий бирликларни маълум бир мазмуний қатор (уя)ларга бирлаштириш ҳамда улар асосида бадиий-тарихий ёки лингвистик асарлар ёзиш Шарқ олами, хусусан, туркийзабон адиблар ва мутахассислар номи билан бевосита алоқадордир. Жумладан, “Бобурнома”да Ҳиндистон тасвири билан бирга семантик майдон тамойилидан фойдаланиб, ўша ҳудуддаги зоонимлар, орнитонимлар, фитонимлар ва ҳоказолар мавзу тўдалари бўйича тасниф қилинган. Шунингдек, Бобурий шаҳзода Аврангзеб саройида хизмат қилган Муҳаммад Ёқуб Чангий ўзининг “Келурнома” деб номланган луғатини тузишда мавзуий ва уяли луғат тузиш тамойилидан фойдаланиб иш кўрган эди”.
Содда ва мураккаб таркибли лексемаларнинг ифода этилган маънолар асосида гуруҳланиши, уларнинг ўзаро ва бошқа сўзлар билан маъновий (семик) муносабати масаласи бугун кўтарилаётгани йўқ. Бу масала кўпдан буён соҳа олимларининг эътиборини ўзига жалб этиб келган.
Ўзбек тилшунослигида майдон назариялари тавсифи ва таснифи ХХ асрнинг 70-80-йилларидан бошлаб майдон талқини билан боғлиқ равишда кўпгина илмий-назарий ишлар ва қарашлар пайдо бўла бошлади.
Таниқли типолог олим профессор Ў.Қ.Юсупов ўзининг “Теоретические основы сопостовительной лингвистики” номли илмий рисоласида чоғиштирма тилшуносликнинг назарий асосларини яратиш мақсадида тадқиқот методологиясини ишлаб чиққан. Тилларни қиёслашда кичик системали трансляцион, мантиқий, майдон, топологик, денотатив ёндашувларни қўллаш мумкинлиги ҳақида сўз юритади. Ушбу рисолада муаллиф майдон назарияси асосчилари, уларнинг бу борадаги илмий концепциялари ҳақида муҳим тахлилий маълумотлар бериш баробарида майдон миқёсини аниқлаш тамойиллари, унинг таркибий қисмлари тахлил методлари борасида шахсий фикрларини билдириб ўтади.
Аввалги бобда кўрилган концепциялар ўртасидаги бешта фарқли жиҳатларни аниқлаган ҳолда, Ў.Қ.Юсупов ушбу концепциялар бир -бирларини инкор этмаслиги, аксинча улар бир-бирларини тўлдиришларини тўғри таъкидлайди.
Мос семантик майдонларни қиёслаш қуйидагиларни аниқлаб олишни тақозо этади, дейди Ў.Қ.Юсупов:
- сўзлар инвентаридаги ўхшашлик ва фарқларни;
- лексик-семантик гуруҳларни;

  • синоним қаторларни;

  • антоним жуфтликлар ва лакунларни;

Майдон таркибига кирувчи эквивалент сўзлар ўртасидаги ўхшаш ва фарқли хусусиятларни ҳам аниқлаш керак дейилади рисолада. Улар қуйидаги параметрлар орқали аниқланиши ҳам таъкидланади:

    1. форма (ифода плани),

    2. семантик структураси,

    3. маъноларнинг мазмуний ҳажми,

    4. валентлиги,

    5. узуси,

    6. частотаси,

    7. синоним, антоним ва гипоним муносабатлар,

    8. лексик- грамматик хусусияти,

    9. маънони бирламчилиги (иккиламчилиги),

10) тиллараро мувофиқлик.61
Мос сўзларнинг мазмуний ҳажмини қиёслаш семаларнинг денотатив ва коннотатив маъноларини, семаларнинг ядро ва периферияга оидлик масаласини аниқлашни тақозо этади. Қиёсланаётган тиллар семаларида мавжуд бўлмаган маънолар миллий тил семантикасининг ўзига хослигидан далолат беради.
Ў.Қ.Юсупов ўзбек тилидаги “нон” сўзи унинг рус тилидаги эквиваленти хлеб ифода планида бир хил эмаслар деб ҳисоблайди. Инглиз тилидаги “race” ва ўзбек тилидаги “ирқ” сўзларининг семантик структураси ҳам бир хил эмас дейди. Ўзбек тилидаги “ирқ” (раса) маъносига эга инглиз тилидаги “race” (раса) маъносидан ташқари бир қанча маъноларга эга эканлигини айтади. Булар “род”, “племя”, “народ” “происхождение”, “порода”, “сорт”, “аромат”, “расовый”, “национальный” сўзларидир62.
Инглиз ва ўзбек тилларидаги she ва у олмошларининг семантик яқинлигини қуйидагича аниқлайди:
Кўрсатиш учинчи шахс род бир
She + + + +
У + + + +
Сўзлар валентлиги борасида муаллиф кучли ва strong сўзларини мисол қилиб келтиради: кучли шамол – кучли ёмғир, strong wind- heavy rain. Кўриниб турибдики, strong сўзи кучли сўзидан фарқли равишда rain сўзи билан бирга кела олмайди.
Майдон таркибига кирувчи сўзлар миқдори кўпинча бир хил бўлмайди. Бундай тўғри келмаслик борлиқни сегментация ва категориялаштиришда, урфодат, халқлар яшаш тарзи ҳар хил эканлигидан далолатдир.
Турли тизимли тиллар маъноли бирликларини қиёслашда тиллараро мувофиқлик ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бундай мувофиқликни аниқлашда икки тилли луғатларга мурожаат этиш ёки тилларни яхши эгаллаган шахслар ўртасида сўровнома ўтказиш тавсия этилади. Тилдан тилга ўгириш жараёнида семаларнинг берилмай қолиш ҳолатлари ҳам табиий ҳол дейди профессор Ў.Қ.Юсупов.
Бир тилдаги сўз иккинчи тилда сўз, сўз бирикмаси, турғун бирикмасига мос келиши мумкин. Ёки бир тилдаги сўзга иккинчи тилда бир неча сўз мос келиши мумкин (хоинлик, измена – treason, treachery, betrayal). Агар қиёсланаётган тилларнинг бирида сўз эквиваленти бўлмаса лакун мавжудлигидан далолат беради. Бундай сўз “ноэквивалент сўз”, сўзлар эса “ноэквивалент лексика” деб айтилади63.
Сўз ясовчи майдонлар ҳақида гап кетганда, муаллиф инглиз тилидаги Real ва бош сўзли сўз ясовчи уяларни қиёслайди. Ҳар икки тилда ясама сўзлар уялари мавжуд бўлиб, улар отли, феълли, сифатли, равишли уялардир. Улар орасида отлар кўпчиликни ташкил этар экан (инглиз тилида 78, 88 %, ўзбек тилида 40%). Инглиз тилида lexe ли уядаги аъзолар сони 78 та, ўзбек тилида эса 45та. Шу тилда етакчи сўз ясаш воситаси сўз қўшиш бўлса, ўзбек тилида аффиксация экан. Профессор С.Р.Рахимов ўзининг “Реъевая коммуникация и проблема дейксиса в разносистемных языках” (1989) номли илмий рисоласи дейксис (шахс, пайт, макон) категориясининг функционал – семантик хусусиятларини қиёсан тадқиқ этишга бағишланган.
Тадқиқот функционал – семантик, структур, сатҳий ва майдон усулларини қўллаган холда тил универсалиялари ва тилларни типологик таснифини белгиловчи типологик параметрларни аниқлайди. Моногрофиянинг учинчи боби “Дейксис майдон назарияси нуқтаи назаридан” деб номланиб, унда муаллиф дейксис турли тил воситалари орқали ифодаланиши, уларни биргаликда олганда майдон деб аташ мақбуллигини айтади. В.Г.Адмони фикрига қўшилган холда, у майдонни системанинг алоҳида тури, тил элементларининг алоқа ва ўзаро таъсирини бир гуруҳ, объектив борлиқ деб ҳисоблайди.
Майдон деганда С.Р.Раҳимов нафақат бир хил, балки турли тил сатҳларига оид бирликларни тушунади. Дейксисни тўрт микромайдонга ажратади (шахс микромайдони, қайта микромайдон, макон микромайдони, нормал холат ва баҳо микромайдони). Муаллифнинг фикрича, микромайдон конституентлари сифатида сўз бирикмалари, лексик, морфологик ва синтактик воситалар намоён бўлиши мумкин. Мисол тариқасида шахс микромайдонининг кўпроқ хосланган ифода воситаси сифатида кишилик олмошларини олиш мумкин, дейди типолог олим. Пайт микромайдони бирликлари сифатида грамматик (феълнинг пайт категорияси морфологик сатҳда) синтактик сатҳда гап лексик сатҳда сўзлар (равиш, от, сифат, феъл) иштирок этади64.
Макон маъносига эга 35 та сифатлар устида ўтказилган тадқиқотлар ҳақида батафсил тўхталади. Улар broad, close, far, back, bockward, small, wide, high, middle, last, low, left, deep, next, кабилар65. Буларни муаллиф икки гуруҳга бўлади:

  1. маконда чўзилганлик маъноли сифатлар (long, short, wide, thin ва бошқалар);

  2. маконни ўзида бошқа предметга нисбатан жойлашганлик маъноли сифатлар (front, bаck, central, next) Масалан, near, far лар яқин, узоқ предмет, нарсани англатса, front, back (place, home) объектларнинг ўрнини (олдида, орқасида; кетида) англатадилар.

Макон семасига эга сифатлар ўзаро оппозицион муносабатларга киришади. Оппозицион муносабатлар уларни системага солади. Улар марказий маънодан ташқари периферияга оид маъноларни ҳам ифода этади. Сифат билан бирга келувчи от мазмуни қанча аниқ бўлса, сифат маъносини шунчалик аниқлайди: high building, high tree, high curtains. Сифат tall семантик стуруктурасида “катта ҳажм” компонент мавжуд, лекин унинг синоними high бу маънога эга эмас. Семантик майдон конститутиентлари орасида антонимлик муносабатлари аниқланган:

1) high



low

long ↔

short

2) tall



short

thick ↔

thin

3) deep



shallow

far ↔

near

Wide narrow Broad
Хусусан, профессор А.Э. Маматов кўриш перцепцияси фразеологик бирликлари ҳақида фикр билдирар экан, мазкур гуруҳ ҳақида, жумладан, шундай дейди: “Диққат билан боғлиқ бўлган перцепция фаоллиги – қабул қилувчи предмет идрокнинг мақсадли йўналтирилганлиги ва бир жойга тўпланганлиги билан боғлиқ, шунинг учун мазкур гуруҳнинг асосий фразеологизмлари доирасига диққатни қаратиш билан боғлиқ бўлган элемент тўлақонлигини, мақсадга йўналтирилганлигини, онглиликни ва бошқаларни ифода этувчи перцепцияга кириши”ни таъкидлайди66.
М.Э. Умархўжаев немис, ўзбек ва рус тилларида ФБларни таҳлил қилар экан, асосий эътиборни ушбу тилларни бир-бирига таржима қилиш жараёнида мазмун жиҳатдан эквивалентини топиш ва уларнинг маъноларини лексик таркибига кўра, грамматик структураларининг бир-бирига мос келиши ва стилистик бўёқдорлиги йўлларини аниқлаб беради. Жумладан, “қулоқ” семантикаси немис, ўзбек ва рус тилларида ФБларнинг лексик маънолари эквивалентларининг бир-бирига мутаносиблигини қуйидаги мисолларда кўрсатиб берган: ...die Augen schließen – қулоғини беркитмоқ – закрыть ухо.
Айрим ҳолларда эса, немис ва ўзбек тилларида ФБлар эквиваленти бир-бирига тўла мос келса, рус тилида эса қисман тўғри келади. Масалан:
L1- j m Sand in die Augen streuen
L2 – бировнинг қулоғини чўзмоқ
L3 –пускать кому-либо пыль в глаза67.
Охирги ФБ ни ўзбек тилига таржимаси айнан “бирор кимнинг кўзига қум сепмоқ” сўзма-сўз таржимасига тўғри келиб, ўзининг фразеологик маъносини қисман йўқотиши кўзга ташланмоқда.
Майдон назариясини тилнинг синтактик сатҳига тадбиқ этиш масалалари профессор Ғ.М.Хошимовнинг “Типология сложных предложений разносистемных языков” (1991) номли монографиясида ўз ифодасини топган. Монография муаллифи ҳол эргаш гапли кўшма гапларни қиёсий планда ўрганар экан, уларнинг умумсинтаксик тизимида бошқа синтактик бирликлар қаторида тутган ўрнини аниқлашни вазифа қилиб қўяди. Адвербиал муносабатларни ифода этувчи синтактик бирликлар ва хол эргаш гапли қўшма гаплар ўртасида систем муносабатларни аниқлашда қуйидагиларни эътиборга олиш кераклиги айтилади:
а) структур шаклланиши;
б) семантик шаклланиши;
в) адвербиал муносабатларни ифода этиш учун ихтисослашган ёки иҳтисослашмаганлиги;
г) турли стилларда учраши;
д) сўзловчи нутқида қўллашга сабаб бўлган омиллар.
Адвербиал муносабатларни ифода этувчи синтактик бирликларни аниқлашда семантик – функционал ёндашувга асосланиш, бунда синтактик муносабатларни ифода этувчи воситалар тизими майдон хусусиятига эга бўлиши айтилади. Буни профессор Ғ.М.Хошимов синтактик майдон деб атайди. Турли тиллардаги бундай майдонлар структураси, майдон аъзолари, унинг доминанти, ядро ва периферияга бўлиниш ва лингвистик мақомига кўра қиёслаш мумкин дейди олим. Бу орқали турли тизимларга хос тиллардаги адвербиал муносабатлар майдонлари ўртасида ўхшаш ва фарқли хусусиятлар аниқланади68.
Тилларни шу тарзда ўрганиш, уларни қиёслаш системавийлик тамойилига мос тушади ва қуйидаги амалларни бажаришни талаб этади дейди Ғ.М.Хошимов: 1) бу муносабатларни ифода этувчи воситалар мажмуини аниқлаш; 2) умумий майдонда улар тутган ўрин ва мавҳумлаштириш даражасига кўра таснифлаш; 3) у ёки бу формаларнинг пайдо бўлиши, ўзаро алмашинуви қонуниятлари борасида умумий тасаввурларни тизимлаштириш. Профессор Ғ.М.Хошимовнинг тўғри таъкидлашича, юқоридаги тамойил асосида адвербиал ЭГҚГлар ўрнини аниқлаш назарий ва амалий таржима, тил ҳақидаги фаннинг амалий соҳалари учун катта аҳамиятга эга69. Ҳар қандай тилнинг универсал сатҳи бўлган синтаксис таксис бирликлари орқали, яъни таксема орқали намоён бўлади ва у қуйидаги типларга эга бўлади:
а) монотаксема;
б) политаксема;
в) политаксема эса паратаксема;
г) гипотаксема;
д) коллотаксема;
е) парентексема;
ё) гипертаксема;
ж) супертаксема;
з) ультратаксема;
к) архитаксемаларга бўлинади. Уларни олим эмик ва этик тил сатҳлари бирликлари деб ҳисоблайди. Профессор Ғ.М.Хошимов томонидан таклиф этилган концепция универсал бўлиб, унда эргаш гапли қўшма гапларни чоғиштиришнинг тамойил ва методлари ишлаб чиқилган.
Майдон тушунчасини янада кенгроқ ёритиб беришда айрим олимлар, жумладан, Ж.А. Якубов семантик майдонни аниқлашда асосий эътиборни модаллик категорияси ва унинг турларига қаратади. Тилшуноснинг фикрича, тилга модаллик ёки семантик майдон нуқтаи назаридан қараш фақатгина назарий жиҳатдан эмас, балки тилга амалий фаолият томонидан қарашда ҳам катта аҳамиятга эга. Тил хусусиятига бундай ёндашиш, бизнинг назаримизда, оғзаки мулоқот фаолиятига мос келади, чунки унда грамматик, лексик ва фонетик воситалар фаол иштирок этиб, улар бир-бирини тўлдиради, маъноларни кучайтиради ва бошқаларига алмаштиради70.
Ж.А.Якубов ўз тадқиқотида учта майдон доирасидаги модаллик категорияларининг («реаллик», «мумкинлик», «зарурият») мантиқ ва тилдаги ўзаро муносабатларини таҳлил қилади ва ушбу модаллик майдонларида қуйидаги семантик хусусиятлар ифодаланиши аниқланган:
1) ушбу категорияларнинг ҳар бири гапнинг модаллик хусусиятини англатиб, улар сўзловчининг объектив борлиққа муносабатини ифодалайди;
2) модаллик категориялари баъзи ҳолларда яхлит майдонни ҳосил қилмайди, чунки уларнинг ҳар бирида камида иккита маъно (микро категория) битта семантик майдонда кесишиб, бир-бирига зидлашган бўлади;
3) юқоридаги категорияларнинг ҳар бири мустақил модаллик макромайдонини ташкил қилиб, улар турли хил лисоний бирликлар билан ифодаланади;
4) модаллик категориялари лексик, грамматик, фонетик воситалар билан ифодаланиб, улар лексик-грамматик майдонни ҳосил қилади;
5)лексик-грамматик модаллик майдонини ҳосил қилувчи тил элементларининг қайси сатҳга қарашлилиги имкон борича аниқ кўрсатилади;
6) ҳар бир майдонда иштирок этаётган лисоний бирликлар орасидаги муносабатларнинг структуравий ва модаллик хусусиятлари очиб берилади;
7) модал категориялар содда, қўшма ва эргаш гаплар таркибида қўлланади71.
Оламнинг лисоний манзараси ва семантик майдонларга бўлинишига доир масалада М.Эргашеванинг ўзига хос хизмати бор. Ҳозиргача мазмуний майдон тадқиқига бағишланган ишларда бу тушунча турлича талқин қилинмоқда. Бу ўринда М.Эргашеванинг майдон тадқиқига бағишланган ишларини таҳлилга тортиш ўринлидир. Муаллиф майдонга доир ишларни жамлаган ҳолда йирик икки гуруҳга ажратган72. “Биринчи гуруҳда муайян маъно асосида бирлашган тенг қимматли лисоний бирликлар синфи бир мазмуний майдон деб баҳоланади. Бундай вақтда майдон лингвистик парадигма билан умумийликни ташкил этиб қолади. Шу сабабли мазмуний майдон билан парадигма тушунчаларини бир-биридан фарқлашга ҳаракат қилинади ва икки тушунча ўртасидаги дифференциал белги сифатида турли сатҳлилик ва бир сатҳлилик белгисини олади. Бунга кўра, мазмуний майдон тушунчаси фақат бир умумий майдон атрофида бирлашган лексемалар муносабатига кўра қўлланилса, яъни фақат лексик сатҳга нисбатан қўлланилса, парадигма деярли барча сатҳ бирликлари учун қўлланилади. Бундай вақтда парадигма тушунчаси муайян умумий маъно асосида бирлашган лексемалар синфини ҳам, синтаксемалар синфини ҳам, шунингдек, маълум умумий белги асосида бир синфга бирлашган фонемалар синфини ҳам ўз ичига олади.
Иккинчи гуруҳда эса парадигма, мазмуний майдон ва турли сатҳлилик ўртасидаги дифференциал белги сифатида ана шу бир сатҳлилик ва турли сатҳлилик белгисини олган бўлсалар ҳам, бу белги парадигма ва майдон таркибидаги аъзолар ўртасидаги муносабатга нисбатан қўлланади”73. М.Эргашева мазмуний майдонга иккинчи нуқтаи назардан ёндашиб, мазмуний майдонга бирлашган аъзоларнинг турли сатҳлилигини эътироф этади. Семантик майдон – у ёки бу семантик қатламда қайд этилган ўхшашликка эга бўлган ва специфик семантик муносабатлар билан боғланган семантик бирликлар йиғиндисидир.74.
Синтактик сатҳ доирасида ҳам майдон назариясига алоқадор номзодлик диссертацияси ва мақола доцент М.А.Абдувалиев томонидан ўтган асрнинг 80 – йилларида ёзилди, ҳимоя қилинди ва нашр этилди. У ўзининг “Тўсиқсизлик майдони ва уни ташкил этувчи синтактик бирликлар” мақоласида ушбу майдонга қуйидагича таъриф беради: “Синтактик тўсиқсизлик майдони деб умумий тўсиқсизлик мазмунига асосланиб, объектив борлиқдаги тўсиқсизлик муносабатини ифода этган, лекин ифода планида турли хил бўлган тилдаги мавжуд воситалар ёки синтаксик бирликлар йиғиндисига айтилади”. Муаллиф фикрига кўра ўзбек тилида тўсиқсизлик эргаш гапли кўшма гаплар, тўсиқсиз бўлакли содда гаплар, зидловчи боғловчили боғланган қўшма гаплар, икки семантик жиҳатдан боғлиқ гап содда гаплар аралаш типдаги қўшма гаплар ва боғловчисиз боғланган қўшма гаплар тўсиқсизлик муносабатини ифода этувчи синтактик бирликлар қаторига киради, улар биргаликда тўсиқсизлик майдонини ҳосил қилади, тўсиқсиз эргаш гапли қўшма гаплар ушбу майдонда доминантлик хусусиятига эга.75
Доцент М.А.Абдувалиевнинг “Сложноподчинные предложения с придаточнымы уступительными в розносистемных языках” номли диссертациясида (1989) синтактик майдон инглиз ва ўзбек тиллари мисолида тадқиқ этилади. Ҳар икки тилдаги майдон уч (доминант, ядро, периферия) қисмга бўлинади. Бунда муаллиф майдон аъзолари ўрнини аниқлашда тўсиқсизлик муносабатини соф ёки аралаш ҳолда ифода этилиши, синтактик бирликларнинг кўп ёки кам қўлланилиши, функцияларига асосланиб ажратади.76
Мазмуний ифода даражаларига кўра ҳар икки тилда бир қанча синонимик қаторларни аниқлайди. Бунда тўсиқсиз бўлакли содда гаплар майдон ядросидан ўрин олса, қолган воситалар унинг чет қисмидан ўрин олади.
Т.Мирзақулов “Ўзбек тили морфем парадигматикаси ва синтагматикаси масалалари” номли докторлик диссертациясида майдон ва парадигматика ўртасидаги фарқларни очишга ҳаракат қилади. Т.Мирзақулов фикрича, майдон тушунчаси морфемиканинг ёндош сатҳлар билан алоқаси, туташ зоналарнинг хусусиятини парадигматика доирасида ўрганиш учун асос бўлиб ҳизмат қилади77.
А.Р.Нишонова “Ўзбек тилида “ҳайвон” архисемали лексемалар майдонининг мазмуний тахлили” номли номзодлик диссертациясида тулки, от, маймун, мушук, қоплон каби мингдан ортиқ лексемалар майдонининг мазмуний тахлилини амалга оширади78.
Ф.Сафаров “Сон миқдор майдони ва унинг лисоний – нутқий хусусияти”79 номли мақоласида ўзбек тилидаги сон миқдор микромайдони, даража функционал – семантик майдони ҳам махсус ўрганилади.
Ўзбек тилида майдон тушунчасининг қўлланиш даражасини янада кенгайтирган олима Ш.Искандарова бўлади. Ш.Искандарова бу борада иккита монография ва докторлик диссертациясини ёзади:

  1. “Лексикани мазмуний майдон асосида ўрганиш”.

  2. “Тил тизимига майдон асосида ёндашув”.

  3. “Ўзбек тили лексикасини мазмуний майдон сифатида ўрганиш (шахс майдони)”80.

Юқоридаги ишларда майдон назариясига оид қарашлар қайтадан кўриб чиқилган, лингвистик майдон турлари ўзбек тили материаллари асосида қайта тасниф қилинган. Бу ишларда тилдаги мазмуний майдоннинг лексик – семантик гуруҳларнинг умумий ва фарқли белгилари, шахс (пересоналлик), темпораллик, локаллик, шарт, тўсиқсизлик микро майдонлари батафсил ёки қисман тадқиқ этилган.
Ш.Искандарованинг фикрига кўра “Объектив оламнинг инсон онгида акс этиши ва тилда ўз ифодасини топиши лексик системанинг муайян мавзуий гуруҳларга бўлиниши орқали намоён бўлади. Шунинг учун ҳам лексик системани майдон сифатида ўрганиш тил – онг – борлиқ диалектик муносабатини очишда катта аҳамиятга эга”81. Докторлик диссертациясидан кўзланган асосий мақсад ўзбек тили лексик сатҳи бирликларини муайян мавзуий гуруҳларга таснифлаш мезонларини белгилаш, лексик – мазмуний майдонларнинг ўзаро муносабати ва лексик системалашда “шахс” микромайдонининг ўзига хос хусусиятини очиш, бу майдоннинг ички майдонларга бўлиниш асосларини кўрсатишдан иборат бўлган. Тадқиқот мазмундан шаклга тамойилига таянган холда амалга оширилган.
Шахс номлари гуруҳи ўзбек тили лексик тизимининг бир микротизимини ташкил этади. Шахс номлари майдони (ШНМ) бошқа лексик майдонлардан “шахс” умумий семаси билан ажратилади. Муаллифнинг тўғри таъкидлашича, шахс майдони бирликларининг ички таснифи натижасида кишига хос бўлган жисмоний ва физиологик хусусиятлар, эмоционал – ҳиссий ҳолатлар, фикрлаш ва дунёқараш характери, фикрлаш усуллари, дид – фаросат, одат, билим, хулқ - атвор, вазифа, машғулот, турлича алоқалар, вазият билан боғлиқ хусусият, борлиққа муносабат ва шу каби қатор белгилар атрофлича намоён бўлади.
Шахс умумий архисемаси асосида бирлашувчи шахс майдони бирликлари ўз ичида маълум фарқловчи белгилар орқали кичик майдонларни ҳосил қилади.
Шахс майдони бирликлари тўққиз гуруҳли кичик майдонча ва қаторларни ташкил этади.
Мавжудлик белгиси билан фарқланган шахс номлари реаллик белгиси билан анъанавий шахс номларидан фарқланади. Улар икки гуруҳга ажратилади; 1) диний афсонавий шахс номлари. 2) афсонавий эртак қахрамонлари.
Мавжудлик белгиси билан ажралган шахс номлари дастлаб икки кичик майдонга ажратилади: умумлашган шахс номлари, хусусий тавсифланувчи шахс номлари Ш.Искандарова дастлабки кичик майдонни тўрт гуруҳга ажратади: - умум шахс номлари тасвирий (образли) тарзда умумлашган шахс номлари, мурожаат номлари ва эслаш ифодалари, баҳолаш белгиси билан умумлашган шахс номлари82.
- Шахсга нисбатан ташқи белгилар асосида фарқланган шахс номлари уч гуруҳни ташкил этади. Ижтимоий ҳолат ва хусусият бўйича гуруҳланган шахс номлари; вазият бўйича фарқланувчи шахс номлари, муносабат бўйича фарқланувчи шахс номлари.
Олима денотатив ва коннотатив маъноларни фарқланишига қуйидаги мисолларни келтиради:
Зукколикнинг камайиб бориши

0

-1

-2


-3

-4 -5

Содда

овсар

гўл


лақма

пандавақи меров

0

+1

+2


+3

+4 +5

Салбий муносабатнинг ошиб бориши (коннотативлик).
Оилавий холатига кўра қуйидагиларни фарқлайди: бўйдоқ, тул, бева, боши очиқ, боши боғлиқ, сўққабош, есир, етим, сағир, аёлманд ва бошқалар.
Олиманинг фикрига кўра, лексик сатҳни мазмуний майдонлар асосида ўрганиш объектив олам тузилишининг инсон онгидаги интиқосини тўғри ифодалашга энг қулай йўлдир. Майдон назарияси идеографик луғатлар тузишда муносиб аҳамият касб этади. “Шахс” умумий семаси остида бирлашган шахс майдони бирликлари ўз ичида маълум фарқловчи белгилар воситасида кичик майдонлар ҳосил қилади. Кичик майдонлар билан майдон ўртасида тур-жинс муносабати ҳосил бўлади. Тилни майдон сифатида тадқиқ этиш олам+онг+тил диалектик муносабатини ифодалашга кўмак беради. Бирлаштирувчи семалар барча лексемаларни шахс майдони ичига олиб кирса, фарқловчи семалар уларни микромайдонларга бўлиш учун хизмат қилишлигини Ш.Искандарова алоҳида таъкидлайди83.
Шунингдек, олима лексемаларнинг марказий ва чегара семаларини фарқлайди. Чегара семалари, олиманинг тўғри таъкидлашича бошқа майдонларнинг аъзоси бўлиш имкониятига эга. Бошқа парадигмаларга аъзолик мақоми доимий эмаслиги унинг нутқ шароити вазияти билан боғлиқлигидан деб билади олима.
Бу борадаги эътиборга лойиқ ишлардан яна бири профессор Абдулхай Собировнинг “Ўзбек тилининг лексик сатхини системалар тизими тамойили асосида тадқиқ этиш” номли монографиясидир. Монографияда тил тизимида лексик системанинг турган ўрни, уни тадқиқ этиш усуллари, семантик майдонда лексеманинг тутган ўрни, лексик системани тадқиқ этишда майдон назариясининг аҳамияти, майдон узвлари ўртасидаги муносабат турлари каби қатор долзарб масалалар тадқиқ этилади, майдон назарияси тарихига чизгилар берилади. Муаллифнинг фикрича, тил бир-бири билан боғланган ва ўзаро узвий алоқадорликда бўлган бир неча сатҳларнинг йиғиндисидан иборат суперсистема саналади. Ҳар қандай инсон тили фонологик, морфологик, лексик, морфологик - синтактик, суперсинтактик сатҳлардан иборат бўлади. Ҳар бир сатҳга ўтилгани сари мазмун тўлишиб, тилнинг коммуникатив хусусияти ойдинлашади. Ҳар қандай тил лексикаси очиқ система саналади деган фикрни билдирар экан,
А.Ш.Собиров, ўзбек тили лексикаси юзлаб семантик майдонлардан иборат эканлигини таъкидлаган ҳолда майдонлар лексик-семантик гуруҳлардан, гуруҳлар эса ўз таркибига кирувчи элементлардан ташкил топиши ҳақида ҳақли фикр билдиради84.
Вақт (замон) семантик майдони аср, йил, фасл микромайдонларини ўз ичига олиши, фасл эса қиш, ёз, баҳор, куз супер микромайдонларига декабрь, январь, февраль, муз, қор, печка, кўмир, чана, қорбобо каби энг кичик элементлар эса қиш микромайдонига тўпланишини мисол тариқасида келтиради. Бу ҳолни инглиз тилида ҳам кузатиш мумкин: “Time” семантик майдони мантиқ age (century), year, seаson микро майдонларига бўлинади. “Season” эса winter, spring, summer, autumn супер микромайдонларига бўлинса, December, January, February, snow, cold, ice, wood, sledge, New year, fur tree, snowman, gloves лар қиш микромайдони элементларини ташкил этадилар.
Лексик системадаги элементлар бир – бирлари билан поғонали (иерархик) муносабатда бўлиши ҳақида ёзар экан, муаллиф иерархиядан система парчаланиши табиий хол эканини таъкидлайди. Бу муносабатларни А.Ш.Собиров бутун – бўлак (холо – Меронимлик) ва жинс – тур (гипер - гипонимик) муносабатлар деб атайди. Лексик система дискретлик (бўлинувчанлик) хоссасига эга.
А.Ҳожиев85 фикрига қўшилган холда профессор А.Собиров тушунча майдонини қуйидагича таърифлайди. “Маълум бир архисема (умумий сема) асосида бирлашувчи сўз ва иборалар мажмуига семантик ёки тушунча майдон дейилади”. Олим фикрига кўра, оғирлик архисемаси остида жамланувчи миллиграмм, грамм, килограмм, центнер, тонна каби сўзлар семантик майдонни ташкил қилади.
Ш Шокировнинг “Турли тизимли тилларда “кўз” лексик-семантик майдони ва уни ташкил этувчи тил бирликлари типологияси” номли филология фанлари бўйича фалса доктори диссертациясида таъкидлашича “Семантик майдон – бу бир қанча лисоний бирликларнинг иерархик структуралари мажмуи бўлиб, улар умумий ягона ўзгармас(инвариант) маъно асосида бирлашиб, тилда маълум доира асосида аниқ маънони акс эттирувчи – юқори ўринда умумлексик ва хусусий категорияларнинг ўзаро бир-бири билан узвий боғлиқлигини ифода этади”. Унинг фикрича, “лексик-семантик майдонни ўрганишда катта аҳамиятга эга. Ўзбек тили лексикаси макромайдон сифатида қаралгани ҳолда, уни микромайдонларга ажратиш усуллари, идеографик луғатлар тузишда катта самара беради. Шунинг учун ҳам лингвистик майдон ва тил луғат таркибини бундай майдонларга ажратишнинг назарий асосларини чуқур, атрофлича ўрганиш ҳозирги ўзбек ва қиёсий тилшунослик вакиллари олдидаги энг долзарб муаммолардан саналади86.
Шундай қилиб, ўзбек ва қиёсий тилшуносликда тил бирликларини майдон асосида ўрганиш кенг йўлга қўйилмоқда. Бу усул, бизнинг назаримизда, айниқса, лексик-семантик майдонни ўрганишда катта аҳамиятга эга. Ўзбек тили лексикаси макромайдон сифатида қаралгани ҳолда, уни микромайдонларга ажратиш усуллари, идеографик луғатлар тузишда катта самара беради. Шунинг учун ҳам лингвистик майдон ва тил луғат таркибини бундай майдонларга ажратишнинг назарий асосларини чуқур, атрофлича ўрганиш ҳозирги ўзбек ва қиёсий тилшунослик вакиллари олдидаги энг долзарб муаммолардан саналади.



Download 0.6 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   ...   42




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling