Диссертация тадқиқотининг диссертация бажарилган олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасасининг илмий-тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқлиги. Тадқиқот Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети инглиз тили назарий аспектлар №3 кафедрасининг “Инглиз тилининг назарий фанлари ва таржима назарияси ва амалиёти” мавзусидаги илмий-тадқиқот режаси доирасида бажарилган.
Тадқиқотнинг мақсади инглиз ва ўзбек тилларидаги кулинаронимларнинг лингвомаданий ва семантик-структуравий тадқиқини амалга ошириш ва таҳлил қилишдан иборат.
Тадқиқотнинг вазифалари:
инглиз ва ўзбек тилларидаги кулинаронимларининг лингвомаданий ва прагматик тавсифини тилшуносликда илмий-назрий жиҳатдан ўрганилганлик даражасини таҳлил қилиш ва ёритиб бериш;
инглиз ва ўзбек тиллари кулинаронимларининг структур-семантик тузилишидаги ўзига хосликларини очиб бериш;
инглиз ва ўзбек тилларидаги кулинаронимларининг аксиологик ва қадриятлилик хусусиятларини аниқлаш;
кулинароним таркибли фразеологик бирликлар ва мақоллар воситасида воқеланадиган линвомаданий баҳо ва қадриятларни тизимлаштириш;
микро- ва макромайданга мансублик белгилари бўйича кулинаронимларнинг қиёсий чоғиштирма лингвомаданий таснифини амалга ошириш.
Тадқиқотнинг объекти сифатида инглиз ва ўзбек тилларидаги кулинаронимлар олинган.
Тадқиқотнинг предметини Ўзбек ва инглиз тилларида кулинаронимларнинг семантик-структуравий таҳлили ва лингвомаданий ўзига хослигини аниқлаш ташкил этади.
Тадқиқотнинг усуллари. Мавзуни ёритишда таснифлаш, тавсифлаш, компонент, чоғиштирма ҳамда кросс-маданий таҳлил усулларидан фойдаланилган.
Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
кулинаронимларнинг тузилиши ва морфологик таркибига хос хусусиятлар ёритилган ҳамда кулинария лексемаларининг ясалиш усуллари аниқланган;
мазкур соҳага оид образли, мотивланган фразеологик бирликларнинг семантик таҳлиллари натижасида фразеологик бирликларнинг термин сифатида хосланиши асослаб берилган;
инглиз ва ўзбек тилларида кулинаронимлар қўлланилган мақолларнинг структуравий ва тематик жиҳатдан образланиши чоғиштирув натижасига кўра икки халқнинг маданий қадриятларида ўхшаш ва фарқли эканлиги асосланган;
қиёсланаётган тиллардаги кулинаронимларнинг морфологик ва лексик-семантик усулларда ясалиб, бир неча компонентдан ташкил топиши амалий мисоллар ёрдамида далилланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |