Э. ғозиев умумий психология


Сезгининг нейрофизиологик асослари


Download 3.91 Mb.
bet83/117
Sana14.11.2023
Hajmi3.91 Mb.
#1772538
1   ...   79   80   81   82   83   84   85   86   ...   117
Bog'liq
умумий психология Гозиев

5. Сезгининг нейрофизиологик асослари


Билиш жараёнларни, хусусан сезгиларни ўрганишдан аввал шахс психикасининг барча томонлари билан узвий боғлиқлигини англаш, тушуниш лозим. Чунки сезгилар идрок жараёнининг таркибий қисми сифатида намоён бўлса, идрок инсоннинг ҳаётий тажрибаси, унинг хотираси билан бевосита боғлиқдир.
Психология фанида ва фалсафада билишнинг икки босқичи, яъни унинг ҳиссий (сезги, идрок, тасаввур) ва ақлий (рационал) поғоналари мавжуд эканлиги мумтоз хусусият касб этгандир. Ақлий босқич хотира, тафаккур, хаёл жараёнларини қамраб олган бўлиб, ўзининг мукаммаллиги, юксаклиги, маҳсулдорлиги, ижодийлиги билан олдинги босқичдан кескин ажралиб туради. Бироқ, бугунги кунда билиш босқичларининг миқдори, тавсифи психология фани олдида турган зарур вазифаларни бажаришга қурби етмайди, онг даражалари хусусиятларига кўра билиш қўшимча босқичларга нисбатан кучли эҳтиёж сезади. Худди шу боис билишнинг ҳаракатли ҳиссий, ақлий, ижодий, тарихий босқичларга (табақалаштириш бизники-Э. ғ.) ажратиб тадқиқот қилиш мақсадга мувофиқдир (Э. ғозиев). Ҳаракатли ҳиссий босқич нутқгача даврда устиворлик қилиш билан бошқа билиш кўринишларидан кескин тафовутланиб туради. Ҳиссий ва ақлий босқичлар барча инсонларга хос бўлиб, улар онтогенезнинг турли даврларида ҳукм суриши мумкин ва акс эттириш имконияти бошқаларга қараганда маҳсулдорроқ, самаралироқдир. Ижодий тархий билиш босқичи янгилик яратиш, кашфиёт қилиш, муайян сифат ўзгаришларини вужудга келтириш, у ёки бу хоссаларни такомиллаштириш билан тавсифланади.
Жаҳон психологияси фани маълумотларига қараганда, сезгилар биз учун атроф-муҳит тўғрисида ва ўзимиз ҳақимизда ягона билиш манбаи сифатида хизмат қилади. Сезгилар шундай бир иншаклцион каналки, улар ташқи оламдан ва ички тана аъзоларидан келадиган барча ҳолатлар, таассуротлар айнан худди шу йўллар орқали мия пўстига етиб боради, инсонга таъсирларга нисбатан тўғри жавоб реакциялари қайтаришга ёрдам беради.
Ҳис этиш ёки сезишнинг филогенетик тараққиёти шуни кўрсатадики, ҳайвонларда маълум бир нарсани сезиш, ҳис этиш уларнинг биологик жиҳатдан зарурият, эҳтиёж эканлигига қараб ривожланган.
Бу ҳолатлар кўпгина чет эл олимлари томонидан изчил равишда ўрганилган ўзига хос омиллар, механизмлар мавжудлиги таъкидлаб ўтилган. Масалан, Фриш асалари хатти-ҳаракатларини кузатганда, у қуйидаги ишни амалга оширган: гулга ўхшаш мураккаб геометрик шаклга нисбатан асаларининг дифференцировкаси (фарқлаши) осон кечган. Агарда шу мураккаб геометрик шакл ботаникага оид бўлмаса, у ҳолда арида дифференцировка жуда қийинлик билан вужудга келган. Тадқиқотчи Боцнинг кузатишича, жониворлар, қурт-қумурсқаларга хос бўлган товушларга нисбатан худди шу турдаги ҳашоратлар бефарқлик билдирмаган, мабодо товушлар қаттиқ ва тез суръатда кечса, у тақдирда уларга ҳеч қандай эътибор бермаган. Ушбу вазиятни ўзича баҳолаган олим биологик шартланганликдан келиб чиққан, табиий эҳтиёж, инстинкт билан узвий боғланган.
Тадқиқотчи Бойтендайк ўз кузатишларида шу нарсани таъкидлайдики, жумладан итлар органик кислоталарнинг ҳидини яхши ҳис этадилар, аммо улар ҳайвонларнинг танасини, хушбўй гуллар, ўтлар ҳидини эса ниқ сезиш, ҳис этиш имкониятига эга эмас эканлар.
Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, қўзғатувчиларнинг биологик жиҳатдан айнан мослиги (адекватлиги) уларнинг физиологик ривожланиши учун моддий негиз, табиий эҳтиёж, зарурат моҳияти билан боғлиқлиги алоҳида таъкидлаб ўтилади. Шу нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, инсондаги аниқ сезгиларнинг шу даражада тараққий этишига ижтимоий муҳит, жараён муҳим омил бўлиб хизмат қилган. Чунки айрим индивидларнинг сезувчанлиги уларнинг кундалик фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, биологик шартланган хусусиятлар билан жипс алоқада ривожланиши ҳам мумкин. жумладан, тадқиқотчи Реусса маълумотига кўра: тикувчилар, буёқ цехида ишловчилар қора рангнинг 40 (қирқ) хилини бир-биридан фарқлаш имкониятига эга эканлар, умуман бошқа соҳада фаолият кўрсатадиган одам дарҳол бундай рангнинг икки турини фарқлаб олар экан, холос. Бундан ташқари, дегустаторларда таъм билиш сезгилари жуда ҳам аниқ ва яхши ривожланган бўлар экан. Чунки сезгининг ўсиши кўзғатувчиларнинг рецепторга таъсири натижасида юзага келади, яъни рецепторлар ривожланиши билан боғлиқ.
Рецептор-бу қўзғаткич ёки қўзғатувчини қабул қилишга мўлжалланган нерв толаларидан ташкил топгандир. Рецепторларнинг асосий хусусиятларидан бири-унинг ихтисослашган биологик аппарат эканлигидир, худди шу боисдан у жуда сезилувчан қўзғалишни қабул қилади. Ҳар бир рецептор маълум бир хусусиятли қўзғатувчигина қабул қилади, бинобарин, рецепторлар ўша “таниш” қўзғатувчиларнинг таъсир этиши натижасида юзага келади ва ривожланади.
Бизга маълумки, инсон ўзининг тана аъзоларига таъсир этаётган ранг, иссиқлик ёки совуқлик таъсирини, ҳидларнинг ўзига хослигини сезади ҳамда акс эттиради. Ана шу вазият натижасида анализаторларнинг периферик қисмларида жавоб реакция ҳосил бўлади. Мисол учун кўз қорачиғи қисқаради, кенгаяди, қўл эса иссиқликдан сезканади ва бошқалар. Ҳаракатларни қабул қилувчи тана аъзоларидан бош мия пўстига ҳаракат тўғрисида қайта сигнал беради, қайта алоқа орқали ички тана аъзолари ва бошқа аппаратлари иш бажаради.
Сезгилар акс эттиришнинг хусусияти ва рецепторларнинг жойлашишига қараб, инглиз психологи Ч. Шеррингтон уларни уч катта гуруҳга ажратади.
1. Ташқи оламдаги нарсалар ва ҳодисаларнинг айрим хусусиятларини акс эттирувчи ҳамда тананинг юза қисмида рецепторлари жойлашган экстероцептив сезгилар.

  1. Тананинг ички аъзоларида (ўпка, юрак, жигар ва ҳоказо) ва тўқималарида жойлашган ҳамда ички тана аъзоларининг ҳолатини акс эттирувчи рецепторлар билан мужассамлашган интероцептив сезгилар.

  2. Инсон гавдасининг ҳаракати ва ҳолати ҳақида маълумот бериб турувчи, рецепторлари мушакларида, пайларда проприоцептив сезгилар.

Психология фанида ҳаракатни сезувчан прориоцептив сезги тури кинестезия деб аталиб, унга тегишли рецепторлар эса кинестезик ёки кинестетик тушунчаси билан номланади. Экстероцепторлар ўз навбатида контакт ва дистант рецепторларига ажратилади, гоҳо сезгилар тушунчаси “ҳис-туйғу” атамаси билан ҳам юритилади. Одатда дистант рецепторлар муайян масофадаги объектдан келадиган қўзғатувчиларни қабул қилиб, сўнг уларни нерв йўллари орқали марказга узатади. Кўриш, ҳид билиш сезгилари бунга ёрқин мисол бўла олади.
Экстероцептив, яъни ташқи сезгилар тўғрисидаги дастлабки маълумот қадимги юнон (грек олими) Арасту (Аристотель) томонидан тавсифланиб берилган бўлиб, эрамиздан олдинги 384-322 йилларда яшаб, фаолият кўрсатган), у сезгиларни кўриш, эшитиш, ҳид билиш, маза, таъм турларига ажратган эди. Психологик маълумотларга қараганда, сезгилар гоҳо ўзаро боғланиб бошқа сезги турларини юзага келтириши мумкин: масалан, пайпаслаб кўриш натижасида сезиш таркибида тактил тери-туюш сезгилар билан бир қаторда сезгиларнинг тамоман бошқа тури, яъни ҳарорат сезгиси ҳам киради. Худди шунга ўхшаш воқелик, ҳодиса тактил ва эшитиш сезгиларига нисбатан оралиқ ўринни вибрацион сезги эгаллаши мумкин.
Мувозанат сезгиси мураккаб вестибуляр аппарати, вестибуляр нервларини ҳамда кўз пўстости қисмларини ўзида бирлаштиради. Турли анализаторлар учун умумий ҳисобланган оғриқ сезгилари қўзғатувчиларнинг таъсир кучи ҳаддан ташқари кучли эканлигидан далолат беради. Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, инсоннинг тана аъзоларида рецепторларнинг жойлашув даражаси ҳар хилдир, жумладан, бармоқ учларида рецепторлар зич, елка қисмида эса жуда сийрак жойлашгандир. Ҳозирги замонда сезгилар ички ва ташқи турларга қарийб ажратилмайди ва улар ҳарорат, оғриқ, маза, вибрацион, статистик, динамик сезгилар деб юритилади.
С. В. Кравков (1893-1951) маълумотларига кўра, бир сезги аъзосининг фаолияти иккинчисининг таъсири туфайли ўзгаради, товуш асосан кўриш сезгисининг ёруғлик сезувчанлигини орттиради. Шунга ўхшаш турли ҳидлар ҳам ёруғлик ва ҳид билишга нисбатан сезгирликни ошириши ёки камайтириши мумкин. Бундай ўзаро таъсир сабабли мия устуни юқори қисми ва кўриш бўртиқларига тегишли ўсимталарнинг яқин жойлашганлиги туфайли бошқасига ўтиши осонроқ амалга ошади.
Бундан ташқари, сезгиларнинг ўзаро қўзғалиши ва тормозланишини ўрганиш ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир, чунки айрим ҳолларда автоматик бошқарилиш туфайли тунги учишда сунъий сезгирликни пасайиш ёки ортиш зарурияти туғилади. И. П. Павлов томонидан анализаторнинг мураккаб ўзаро таъсир шакллари мавжуд эканлиги қайд этилгандир. Улар бевосита бош мия пўстида намоён бўлиб, бир вақтнинг ўзида кўраётган жисмни, эшитилаётган товушни, келаётган ҳидни сезишимизда ўз ифодасини топади. Бу бош мия пўстида кечадиган физиологик жараёнларни босиб ўтиши зарур бўлган зоналар перикритик зоналар деб номланади. Сезгиларнинг классификацияси уларнинг турли специфик тавсифларига, яъни модаллигига қараб эмас, балки ташкил этилишининг ҳар хил даражаларига қараб ҳам оширилади.
Инглиз неврологи Хед сезгиларни протопатик ва эпокритик номлар билан иккита даражага бўлган. Протопатик содда тузилишига эга дегани учун унда кўпроқ ҳақиқий ҳолат билан эмоционал ҳолатни ажратиб бўлмайди. Мураккаб эпокритик даражаси ақлий босқич таркиблари (элементлари) иштирок этиши мумкин, жумладан, кўриш сезгиси бунга яққол мисолдир. Маълумотларнинг кўрсатишича, биринчи протопатик сезгилар кейинчалик эса эпокритик сезгилар тикланади.
Сезгиларни объектив йўналиши бўйича Е.Н.Соколов, Виноградовлар текширганлар ва улар пассив жараён эмаслиги, вегетатив элементлар физиологик нафас олиш тизимида ўзгаришга сабаб бўлиши тушунтирилиб берилган. Ушбу вақт рефлектор ўзгаришларни сезгининг объектив кўрсаткичи сифатида ишлашга имконият яратади. Маълумки, сезгини пайдо қилувчи ҳар бир қўзғатувчи, яъни қўзғатгич, рефлектор жиҳатдан юзага келувчи жараёнларни чақиради, чунончи, томирларнинг торайиши, тери-гальваник рефлекторларнинг пайдо бўлиши (тери қаршилигининг ўзгариши), миянинг электр активлигининг ўзгариши, кўзларнинг қўзғатгич томон бурилиши кабилар. Буларнинг ҳамма сезги жараёнининг пайдо бўлишидагина ишга тушади, худди шу сабабдан улар сезгиларнинг объектив кўрсатгичлари тариқасида хизмат қила олади.
Тажрибаларда шу нарса қайд этилганки, қўзғатувчилар интенсивлиги ошган сари жавоб реакцияси ҳам интенсивроқ бўлиб борар экан. Бу эса сезгиларнинг интенсивлигини асос сифатида ишлатишга муҳим негиз ҳозирлайди. Томир ва электрофизиологик реакциялар чегараларга одатдаги қўзғатувчиларга қараганда яқин қўзғатувчиларга нисбатан кескинроқ бўлади.
И.П.Павлов кейин унинг шогирдлари анализаторларнинг ўзаро боғлиқлигини конвергенция асосида тадқиқ қилганлар. П.П.Лазерев (1878-1942) тери ультрабинафша нурлар билан нурланиши натижасида кўриш сезувчанлигининг сусайишини аниқлаган. Бу ҳолат бошқа анализаторларга қуйи чегарадаги қўзғатувчиларнинг таъсир этишида ҳам бирон-бир анализаторнинг сезувчанлиги ўзгариши мумкин деган умумий хулоса чиқаришга олиб келади.
Е.Н.Соколовнинг тажрибаларида қўзғатувчига нисбатан мувофиқлашувчи реакциянинг сусайиши юзасидан далолат берувчи далиллар тўпланган эди. Нерв тизими сезги аъзоларига таъсир қилган ҳолда уларнинг хусусиятларини нафисроқ намоён этади. Бунда модалликлар танлаб таъсир қилувчи фильтрлик вазифасини бажаради. Муайян пайтда рецепторга таъсир қилучи қўзғатувчи илгари таркиб топган нерв модели билан мувофиқ келмаганда тахминий таъсиротни ҳосил қилувчи мувофиқлаштириш сигналлари вужудга келиши мумкин. Ва аксинча, илгари тажрибаларда қўлланилган қўзғатувчи тахминий таъсиротни йўқотиб қўйиш эҳтимоли бор.
Чет эл психологлари ва физиологлари сезгирликни Менделнинг қонуниятига асосланган ҳолда насл, яъни ирсият билан боғлиқ шаклда тадқиқ қилганлар. Спейдер таъм билиш наслга боғлиқ деган хулоса чиқаради ва 100 оилада буни синаб кўради. Олинган маълумотларга қараганда, ота-оналар билмаган таъмни болалари ҳам пайқамаганлиги намоён бўлган.
И.П.Павловнинг шогирди П.К.Анохин ўзининг қирқ йиллик фаолияти давомида организм интегратив фаолиятининг нозик механизмларини ўрганган. Муаллиф ўзининг бир қатор асарларида функционал тизим назарияси моҳиятини баён қилади, яъни организмнинг фаолият тизими мавжуд бўлиб, у ёпиқ, такрорланувчи физиологик циклик тузулмасидан иборатдир. Муаллифнинг фикрича, организмнинг функционал тизими организм хатти-ҳаракати реакцияларининг физиологик механизмнинг принципиал схемасидан иборатдир. Организмнинг барча жараёнлари, хатти-ҳаракатлари, вегетатив актлари агарда фойдали самара билан тугалланса, у ҳолда уч босқич орқали бажарилади. Мазкур босқичлар афферент, синтез, қарор қабул қилиниш бажарилиши учун зарур бўлган ҳаракатлар натижаси, яъни моделини ҳосил қилиш йўли билан олдиндан акс эттиришдан иборат. Афферент, синтез босқичи ҳар қандай хатти-ҳаракат актининг ривожланиш бошланғич поғанасидир. Ушбу босқич тугагач, муайян хатти-ҳаракат акти шаклланишнинг навбатдаги босқичи бошланади. Айнан худди шу босқичда организм хатти-ҳаракатининг уч асосий масаласи, яъни нима? қандай? ва қачон? бажарилиши ҳал қилинади.
Афферент синтез босқич, асосан тўрт жабҳа (компонент) негизида содир бўлиши тажрибаларда синаб кўрилган. Унинг асосий жабҳалари, энг аввало доминант (мотивация-ўта хоҳиш) ва унга ҳамроҳ ҳисобланган эмоциянинг кучлилиги ҳамда барқарорлигида намоён бўлади:

  1. Организмга қўзғатувчиларнинг маълум бир таъсири.

  2. Йўналтирувчи афферентациянинг мавжудлиги.

  3. Афферентациянинг муайян шарт-шароитлари.

  4. Хотира аппаратлари ва механизмлари.

  5. Буларнинг ўзаро таъсири учта нейродинамик омил орқали бажарилади: а) йўналганлиги; б) нейронларда қўзғалишнинг конвергенцияси (тўйиниши); в) қўзғалишнинг пўстлоқ ва пўстлоқости тузилмаларда қайта ҳосил бўлиши, тикланиши.

  6. Бу механизмлар нерв тизимида турли қўзғалишларни тўплашга, бирлаштиришга, солиштиришга ва мазкур муҳитда энг қулай хатти-ҳаракат актини бажариш учун қарор қабул қилишга олиб келади.

  7. Мия пўстлоқ ҳужайраларида қўзғалишнинг конвергенцияси ва уларни солиштириш жараёни бутун мия миқёсида бу ўзаро таъсир натижаларининг интеграцияси ҳаракат мақсадининг шаклланишига ҳамда уни унумлироқ қарор танлаш сари етаклайди.

Катта ярим шарларнинг мураккаб интегратив фаолиятининг бошланғич босқичини турли қўзғатувчилари бир нейрондаги конвергенцияси деб қараш мумкин.
Катта ярим шарларда махсус нейронлар гуруҳи борлиги туфайли улар турли-туман қўзғалишларнигина қайта қабул қилиш билан чекланмай, балки мия пўстлоғининг пирамида ҳужайраларидан аксон орқали келувчи эфферент қўзғалишларни ҳам қабул қилади. Бу эса орқа мия пўстлоқости ва пўстлоқдаги кўплаб аксонлар нейронларнинг вазифаси циклик қўзғалишни кўпинча сақлаб туриш, ўзига хос «кутиш» тўпламини сақлашдан иборат. Шу билан бир вақтда периферик ишчи аъзоларига юбориладиган буйруқ нусхасини бутун мияга тарқалишини таъминлайди. Бир нейроннинг ўзидаги эфферент қўзғалиш конвергенцияси периферик рецепторлардан келувчи афферент қўзғалиш билан аксонга узатилган буйруқ нусхаси олинган натижаларни баҳолаш учун шарт-шароитлар яратади. Эволюция жараёнида ҳосил бўлганлиги билишнинг нейродинамик механизмларининг кашф этилиши ҳар қандай бўлажак ҳодисаларнинг таҳлил қилинишига мақсадли омиллар олдиндан билишга асос бўлади.
Кўриш анализатори ўзаро бир-бири билан алоҳида бўлган ўтказувчан периферик қисмдан, пўстлоқости ва бош мия ярим шарларидаги кўриш марказларидан иборатдир. Эшитиш анализатори ҳаво тўлқинларининг тебранишини қабул қилади, уларнинг механик энергиясини нерв ҳужайрасининг қўзғалишига айлантиради.
Шундай қилиб, сезгиларнинг нейрофизиологик асоси жуда мураккаб бўлганлиги туфайли уни ўрганиш бир талай қийинчиликларни вужудга келтирар экан.


Download 3.91 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   79   80   81   82   83   84   85   86   ...   117




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling