Э. ғозиев умумий психология
Инсон ҳаёти ва фаолиятини ўзгартувчи асосий омиллар
Download 3.91 Mb.
|
умумий психология Гозиев
6. Инсон ҳаёти ва фаолиятини ўзгартувчи асосий омилларЖаҳон психологиясида хулқ-атвор, муомала ва фаолият муваффақиятини таъминловчи омилларнинг энг муҳими тариқасида инсоннинг эмоционал ҳаёти ётиши аксарият назариётчи психологлар томонидан таъкидлаб ўтилади. Бу талқиннинг ҳаққонийлигига ҳеч қандай эътирозлар бўлиши мумкин эмас, чунки мазкур омил экспериментал психологиянинг мустақил соҳа сифатида вужудга келишидан эътиборан устувор, далил тақозо қилмайдиган атрибут сингари тадқиқот предмети моҳиятига сингиб кетган. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, инсон муомаласининг, хулқ-атворининг кечиши, фаолиятининг муваффақиятли, сермаҳсул якунланиши кўп жиҳатдан шахснинг эмоционал ҳолатларига (эмоционал тон, кайфият, стресс, аффект ва ҳоказо), изоҳланиши мураккаб бўлган руҳий кечинмаларга, юксак ҳис-туйғуларга боғлиқ. Ўйин, меҳнат, ўқув, муомала ва бошқа фаолият турларининг муваффақиятли кечиши, шахслараро муносабатларда хулқ-атворнинг намоён бўлиши ижобий психологик ҳолат сифатида баҳоланса, эмоция ва ҳиссиётнинг барқарор, мақсадга йўналган тарзда ҳукм суриш эҳтимоли эътироф этилади. Ҳис-туйғуларнинг мустаҳкамлиги, барқарорлиги, мукаммаллиги сифатларининг мавжудлиги уларнинг динамик стереотиплар типига айланганлигидан далолат беради, фаолият ва хулқнинг шахс томонидан онгли равишда бошқариш услуби шаклланганлигини билдиради. Табиатнинг таркибий қисмлари ва жамиятнинг аъзолари билан турли шаклдаги, ҳар хил хусусиятли муносабатга киришиши, улар билан муомала қилиш маромларини даврий (муваққат тарзда) ўзгаришни вужудга келтиради. Ана шу ўзгариш туфайли муваффақият ва муваффақиятсизлик, омад ва омадсизлик, оптимизм ва пессимизм, романтика ва реалия, симпатия ва антипатия, прогресс ва регресс, жўшқинлик ва тушкунлик, фаоллик ва сустлик каби биринчиси ижобий (позитив) иккинчиси эса салбий (негатив) руҳий ҳодиса келиб чиқади. Фаолият ва хулқнинг амалиётда бир текис кечишини таъминловчи эмоционал ҳолат барқарорлигининг бузилиши унга қиёс қилинган муваффақиятнинг бирламчи омили тўғрисидаги илмий маълумотларни шубҳа остида қолдиради. Бинобарин, жамики нарсанинг бошланғич асоси, манбаи эмоция деган ғояни, унинг қийматини умумий фонда бирмунча қадрсизлантиради, лекин иккинчи даражали омилга айлантириб юбормайди. Омилларнинг бирламчи ва иккиламчи, устувор ва етакчи, умумий ва хусусий, объектив ва субъектив, муҳим ва номуҳим мезонлар, аломатлар, ўлчамлар ёрдами билан баҳоланиши ушбу психологик масала моҳиятини оқилона талқин қилиш заруриятини вужудга келтиради. Ҳолбуки шундай экан, уларнинг моҳиятини, келтириб чиқарувчи сабабларини, ҳаракатлантирувчи кучларини муайян далилларга асосланиб таҳлил қилиш муаммоси майдонга келади. Инсон фаолияти ва хулқининг муайян қонуниятларга асосланган ҳолда амалга ошиши ҳам объектив, ҳам субъектив шарт-шароитларга боғлиқ. Табиий омилларни келтириб чиқарувчи объектив (ташқи) шарт-шароитлар, яъни микро ва макро муҳит, моддий борлиқ, ёрдамчи воситаларнинг мавжудлиги, уларнинг юксак талабларга жавоб бера олиш имконияти, ташқи қўғатувчиларнинг безарарлиги, вақт ва фазовий ўлчовларнинг мувофиқлиги, мутаносиблиги кабилардан таркиб топади. Хулқ ва фаолиятнинг намоён бўлиши учун табиий шарт-шароитлар тизими яхлит ҳолда иштирок этиши, уларнинг муваффақиятини таъминловчи омиллар мажмуаси тариқасида хизмат қилиши мумкин. Табиий шарт-шароитлардаги тўкисликдан ташқари айрим етишмовчиликлар ва узилишларнинг содир бўлиши нуқсонларни келтириб чиқаради, бунинг оқибатида руҳий кечинмалар фаоллиги, илдамлиги, мақсадга йўналганлиги бузилади. Табиий шарт-шароитлар муҳит таъсирида руҳий оламида бир қатор кескин ҳам сифат, ҳам миқдор ўзгаришлари вужудга келади, улар янгиланишларда, янги фазилатлар, хислатлар туғилишида намоён бўлади. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, табиий муҳитнинг таркибий бўлмиш географик муҳит бу борада муҳим роль ўйнайди, кўпинча у, биринчидан, биологик шартланган шахс сифатларига таъсир этиб, фенотипларни генотипларга айлантиради (ҳудудий муҳит, рельеф, стихия кутилиши: зилзила, қор кўчкиси, довул, сув тошқини, оёқ етмас қорли тоғлар ва ҳоказо). Иккинчидан, онтогенезда шахс характерологик хусусиятларининг табиий равишда шаклланишига таъсир ўтказади, шунинг билан бирга микро муҳит билан генлар, ирсий белгилар, аломатлар ўртасида уйғунликни таъминлаб турувчи механизм вазифасини бажаради. Объектив (табиий) шарт-шароитлардан ташқари, инсон омили билан узвий боғлиқлиги субъектив (шахсга оид, унинг қиёфасига боғлиқ) шарт-шароитлар муомаланинг, фаолиятнинг, хулқнинг ижтимоий турмушда самарали амалга ошишини узлуксиз равишда таъминлаб туради. Субъектив шарт-шароитларнинг қаторига шахснинг барқарорлиги, характернинг мустаҳкамлиги, эҳтиёж, мотив, маслак, салоҳиятнинг пухталиги, ўзини ўзи бошқариш услубининг қатъий равишда шаклланганлиги, биологик шартланган хислатлар эса ўзаро уйғунлашганлиги кабилар киради. Одатда объектив (табиий) ва субъектив (шахсга оид) шарт-шароитлардаги ўзгаришлар туфайли ижобий (позитив) ёки салбий (негатив) хусусиятли психологик ҳолатлар, ҳодисалар, хислатлар, кечинмалар устуворлиги юзага келиб, моддий асос функциясини бажарувчи олий нерв фаолиятини, марказий нерв тизимининг ритмикасини, ишчанлик қобилиятини пасайтиради. Бунинг оқибатида фаолият, хулқ ва муомала амалга ошишида одатий саъи-ҳаракатлар, операциялар, маромлар бузила бошлайди, фавқулодда асабийлик, руҳий нуқсонийлик, қонуниятдан четга оғишлик, нохуш кечинмалар ҳокимлиги етакчилик қилади. Худди шу сабабдан, фаолият, хулқ ва муомаланинг муваффақияти шубҳа остида қолиши мумкин, чунки маҳсулдорлик, собитқадамлилик, мақсадга йўналганлик сифатларининг доминантлиги йўқолади, натижада ушалмаган эзгу ниятлар армон тариқасида юксак ҳис-туйғулар сафида даврий ҳукм суришда давом этаверади. Инсоннинг табиатга ва жамиятга нисбатан муносабати тасодифларсиз, фавқулоддаги вазиятларсиз амалга ошиши мумкин эмас, чунки эҳтимоллар даражасидаги кутилишнинг йўқлиги режасиз вазиятларни шахснинг идрок майдонида келтириб чиқаради. Ҳаёт ва фаолият стратегияси ва тактикасининг экстремал тарзда ўзгариши индивидуал ва ижтимоий хусусиятли вазиятларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Вазиятлар стихияли, хаотик (бетартиб, тасодиф) хатти-ҳаракатларни вужудга келтириб, текис, одатий, даврий, барқарор хусусиятлар ритмикасини издан чиқаради, натижада инсоннинг мотивацион, эмоционал, когнитив, регулятив, хулқий, иродавий тузилиши таркибларининг функцияси бузилади. Шахс тузилишига фавқулоддаги вазиятларнинг ички ларзаси фаолият, хулқ ва муомаланинг онглилик ҳолатидан онгсизликка ўтишини тақозо этади, бинобарин, муваффақиятсизлик реалияга айланади. Хўш, нима учун шахс тасодифларнинг олдини олишга тайёр эмас ёки кўпинча у бу борада кучсизлик, ожизлик қилади? Ушбу муаммо ечимини жуда содда тарзда ҳал қилиш ҳам мумкин: 1) шахс онгли зот, яратувчилик қудратига эга бўлишидан қатъи назар - у табиатнинг таркибий қисми, инстинктлар, шартсиз рефлекслар таъсирига берилувчандир; 2) шахснинг тана аъзолари (организми) фавқулоддаги ҳодисалар ва вазиятларга мослашган эмас (стихия, ҳалокат, тасодиф, стресс, аффект, хавф-хатар - риск); 3) шахс комиллик даражасига эришмаганлиги туфайли сабабий боғланиш оқибатларини, фобия билан боғлиқ ҳис-туйғуларни олдиндан сезиш, пайқаш, уларга нисбатан акс таъсир бериш имконияти йўқ; 4) шахсда иккинчи қиёфанинг шаклланмаганлиги (тест, тренинг, тренировка билан қуролланмаганлиги) унинг хавф-хатар қурбонига айлантириши шубҳасиз. Жаҳон психологияси фанининг маълумотларига қараганда, муваффақиятсизликдан ҳеч ким ҳимояланган эмас, чунки ижтимоий иммунитет жуда кучсиз аксил таъсир кўрсатиш имкониятига эга. Маълумки, жисмоний, ахлоқий ва ақлий баркамоллик туб маънодаги комил инсон тўғрисида мулоҳаза юритишга имкон беради ва таркибларнинг тўла мутаносиблиги, уйғунлашганлиги, ўзаро тақозо этувчанлиги асосий мезон вазифасини бажаради. Комиллик даражаси субъектнинг маънавий дунёсига айланмас экан, у тақдирда ҳеч ким тасодифлар, фавқулоддаги вазиятлар шахс томонидан одатий ҳодиса сифатида осойишта қабул қилинмайди. Муваффақият гарови (кафолати) функциясини бажарувчи омилларнинг генезиси тўғрисидаги фикр юритилганда, энг аввало, уларнинг бирламчилигини, асосий манба эканлигини назарда тутиш назарий ҳамда методологик муаммолар ечимини оқилона топишга пухта негиз ҳозирлайди, бошланғич ҳаракат нуқтасини белгилаб беришга хизмат қилади. Назарий мулоҳазаларга биноан, фаолият, хулқ ва муомаланинг бир текис, самарали кечиши генетик нуқтаи назардан қуйидагиларга боғлиқ: Объектив (табиий) ва субъектив (шахсга оид) шарт-шароитлар мавжудлигига. Объектив ва субъектив шарт-шароитлар ҳукм суришини ўзгартирувчи тасодифий ва фавқулоддаги вазиятлар таъсирчанлигига, устуворлигига. Эмоция ва ҳиссиётнинг ижобий (позитив), салбий (негатив) хусусият касб этишига. Инсоннинг шахслилик ва характерологик хусусиятларининг барқарорлигига (беқарорлигига). Шахснинг комиллик даражасига эришганлигига ва ҳоказо. Шахснинг ҳаёт ва фаолиятда муваффақиятга эришиш, мақсадга мувофиқ саъи-ҳаракатларни унга йўналтириш учун қуйидагиларга эътибор қилиш зарурарнинг заруратидир: объектив ва субъектив шарт-шароитлар ўзгарса, уларга тузатишлар (коррекция) киритишга тайёргарликка; фавқулоддаги вазиятларга кўникиш учун шахсга тренинг ёрдами билан таъсир ўтказишга, унда иккинчи қиёфани шакллантиришга; организмнинг ҳар қандай стихияларга чидамлилигини орттиришга; комилликка интилиш ҳис-туйғуларини такомиллаштиришга; шахс имкониятларини рўёбга чиқишга кўмаклашишга (ўзини ўзи кашф қилиш, ўзига ўзи буйруқ бериш, ўзини ўзи такомиллаштириш, ўзини ўзи баҳолаш, ўзини ўзи назорат қилиш, ўзини ўзи бошқариш, ўзига ўзи таскин бериш, ўзини ўзи қўлга олиш ва ҳоказо). Инсон ҳаётини ва фаолиятини ўзгартирувчи асосий омиллар мавжуд бўлиб, улар муайян даражада шахснинг таъсирига берилувчандирлар. Download 3.91 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling