Э. ғозиев умумий психология


Нерв системаси типларининг келиб чиқиши


Download 3.91 Mb.
bet67/117
Sana14.11.2023
Hajmi3.91 Mb.
#1772538
1   ...   63   64   65   66   67   68   69   70   ...   117
Bog'liq
умумий психология Гозиев

2. Нерв системаси типларининг келиб чиқиши.


Нерв тизимининг умумий типлари келиб чиқиши юзасидан мулоҳаза юритилганда, албатта И. П. Павловнинг таълимотини эслаш мақсадга мувофиқ, чунончи, ирсият йўли билан шартланган тип-бу генотип демакдир. Ҳозирги даврда нерв тизимининг умумий типи (генотип) ирсиятга боғлиқ эканлиги ҳақидаги маълумотлар, омиллар жуда кўп бўлиб, улар қиёсий психологияда ҳайвонларни ўрганишда топилгандир. Масалан, нерв тизимининг кучи, эпчиллиги ҳайвонларни чатиштириш йўли билан юзага келтирилган, лекин барча хусусиятлар тўғрисида бундай дадил фикрларни билдириш мумкин эмас.


Хорижий психологик адабиётларда таъкидланишича, темперамент нерв тизими умумий типининг нерв-физиологик хусусиятларига эмас, балки: а) ташқи кўрсаткичи баданнинг жисмоний тузилишига, б) унинг баъзи қисмлари ўртасидаги алоқага, в) организм турли таркибларининг муносабатларидан тузилган организмнинг умумий тузилмасига боғлиқдир, деган назария жаҳон психологиясида устувор ўрин эгаллагандир. Бу назариянинг асосчилари Э. Кречмер (немис психологи) ва У. Шелдон (америка психологи) лар ҳисобланиб, уларнинг талқинича, тана тузилиши ҳам, темперамент хусусиятлари ҳам ички секреция безлари фаолиятидаги ўзаро муносабатларнинг наслий белгиларига боғлиқдир. Уларнинг фикрича, тана тузилиши билан темперамент хусусиятлари орасида муайян мутаносиблик мавжуддир. У. Шелдоннинг мулоҳаза билдиришича, семиз, қорин бўшлиғи такомиллашган инсон шодликка, мулоқотмандликка, тўйиб овқатланишга мойил (висцеротон) хусусиятга эгадир. Шунингдек, скелет мускуллари тараққий этган шахслар ғайратли, фаол (соматотон) хислатлидир. Шу билан бирга нерв тизими, бош мияси ўрта ривожланган ўта инсонлар ўта сезгир, серташвиш, ҳаёлатга берилувчан бўладилар, яъни церебротон хусусиятлидирлар.
Мулоҳаза юритилган муаммо муҳим ижтимоий аҳамият касб этади, чунки ички секреция безларининг тузилиши ҳам ташқи шароитларга, ҳам фаолият талабларига тўла-тўкис мослаша олмайди, бинобарин у нерв тизимига бироз мувофиқлашуви мумкин, холос. Худди шу омилдан келиб чиққан ҳолда Кречмер билан Шелдон талқинига ёндашилса, у ҳолда шахс темпераментининг хусусиятлари ташқи ижтимоий шароитларга, фаолият талабларига мувофиқлашув эҳтимоли мавжуд. Муаллифлар эътирофича, турли темпераментли шахсларга ижтимоий зарурият туфайли бир хил талаблар қўйилса у ҳолда инсоннинг темпераменти имкониятлари билан жамият талаблари ўртасида мураккаб зиддиятлар, низоли вазиятлар вужудга келиши мумкин эмиш. Шуни таъкидлаш жоизки, Кречмер билан Шелдоннинг темперамент тўғрисидаги назарияси бир мунча баҳслидир, чунки темпераментнинг нерв тизими умумий типининг хусусиятларига боғлиқлигини акс эттирувчи омилларни тушунтиришга заифлик қилади. Шунингдек, мазкур таълимот темпераментнинг келиб чиқишини тушунтиришда организм умумий тузилишининг ролига бирёқлама орттирма баҳо беради. Шуни унутмаслик керакки, организмнинг умумий тузилиши дарҳақиқат нерв тизимининг типига ва темпераментга муайян даражада таъсир ўтказиши мумкин. Чунки нерв тизимининг хусусиятлари модда алмашиш ички секреция безлари фаолиятининг индивидуал хусусиятларига мувофиқдир. Демак, темпераментнинг вужудга келишида организмнинг умумий тузилиши эмас, балки нерв тизимининг генотипи ёки умумий типи муҳим аҳамият касб этади.
Шунга қарамай, темпераментнинг физиологик асоси нерв тизимининг умумий типидан иборат бўлса-да, лекин унинг психологик тавсифини таҳлил қилиш учун нерв тизимининг хусусиятларини билиш ҳозирги давр талабига жавоб бермайди. Мисол учун, ғайратлилик, барқарор кайфият, юқори фаоллик, ҳаракат тезлиги қўзғалиш кучига боғлиқдир, лекин унга ҳар хил психик хусусиятлар ҳам тааллуқлидир (сезги хусусиятлари, хаёл образлари ёрқинлиги ва ҳоказо). Темпераментнинг муайян хусусияти нерв тизими умумий типининг бирорта хусусиятига алоқадор бўлмасдан, балки бир туркум хусусиятига боғлиқдир. Психологияда бирор тобе ўзгарувчи бир нечта мустақил ўзгарувчиларга алоқадор бўлса ёки танҳо (ёлғиз) мустақил ўзгарувчи бир туркум тобе ўзгарувчига боғлиқлиги ўрнатилса, бундай тобелик кўпёқлама тобелик дейилади. Худди шу боис, темпераментнинг психологик хусусиятлари нерв тизими умуман типининг физиологик хусусиятларига кўпёқлама тобедир. Нерв тизими умумий типи хусусиятларининг физиологик тадқиқотлари темперамент пайдо бўлиши қонуниятларини тушунишга камлик қилади, шунинг учун бу соҳада физиологик изланиш ўтказиш унинг психологик моҳиятини текширишни тақозо этади.
Тепмерамент типологияси мабодо инсонлар темпераментлари бўйича қиёсланса, у ҳолда унинг хусусиятлари жиҳатидан ўзаро ўхшаш шахсларнинг гуруҳи мавжудлиги намоён бўлади. Бу аснода эрамиздан олдинги даврда ҳам темперамент типлари тўғрисида материаллар тўпланган. Уларда темперамент типи дейилганда, инсонларнинг муайян гуруҳларини тавсифловчи психик хусусиятларнинг йиғиндиси (мажмуаси) англашинилган. Ҳозирги даврда темперамент типи деганда, маълум инсонлар гуруҳи учун умумий бўлган хусусиятларнинг содда мажмуаси эмас, балки мазкур хусусиятларнинг қонуний, зарурий ўзаро боғлиқлиги тушунилади. Темперамент типини тавсифловчи хусусиятларнинг қонуний тарзда ўзаро боғлиқлиги турлича акс этиши мумкин.
Темпераментнинг айрим хусусиятларини у ёки бу ташқи кўринишига қараб ўлчаш мукин. Шахснинг шиддатлик (тезлик, импульсивлик) даражасини иккита ҳаракатдан биттасини танланмайдиган ҳаракатга нисбатан қанча вақт мобайнида қарор чиқаришга қараб аниқлаш мумкин. Агар ушбу йўсинда темпераментнинг бир нечта хусусиятлари ўлчанса, у ҳолда унинг бир хусусияти қанча кўп миқдорда ифодаланса, темпераментнинг бошқа хусусиятининг шунча кўп ёки, аксинча оз акс этиши кузатилади.
Ҳар қайси тип учун ўзига хос хусусиятларининг ўзаро алоқаси, ҳар бир алоҳида хусусиятнинг сифат тавсифи темперамент типининг бошқа хусусиятлари билан боғлиқлиги ҳам акс этади. Масалан, ўзини тута билмаслик ёки ўзини тута билиш темпераментнинг битта типи учун: а) эҳтирослик-шиддат, б) жазава - даражадаги мувозанатсизликдир; бир хил тип учун ўзини тута билиш - эмоционал-иродавий бир меъёрда тутиш бўлса, бошқа учун у улуғворлик ва вазминлик намунасидир.
Темперамент типларини психик хусусиятлар ўртасидаги қонуний муносабатлар тарзида тушуниш Гиппократ томонидан талқин қилинган темперамент туғрисидаги тушунча маъносига мос тушади. Лекин у ушбу тушунчани юнонча красис сўзи билан белгилаган ва у лотинча temperament атамасига мос бўлиб, нисбатан, муносабат деган маънони англатади. Нерв тизимининг умумий типлари билан физиологик жиҳатдан темперамент типлари И. П. Павловдан кейин гиппократча типлари, яъни сангвиник, холерик, флегматик, меланхолик деб атала бошланган. Лекин бу тушунчалар ҳозирги замон психологик маълумотлар муносабати билан янгича мазмун ва моҳият касб этган. Шу боисдан нерв тизимининг тўртта типи темпераментнинг тўртта типига боғлиқ деб эътироф этишимизга ҳаққимиз йўқ, чунки улар гиппократча типларнинг айримлари, холос. Шунинг учун янги омиллар мазкур типларнинг психологик тавсифини қайта таҳлил қилишни тақозо этади.
Темперамент типларининг психологик тавсифи қуйидаги муҳим хусусиятлар ёрдами билан аниқланиши мумкин:
1. Сензитивлик (лотинча sensus сезиш, ҳис қилиш деган маъно англатади). Сензитивлик юзасидан инсонда биронта психик реакцияни ҳосил қилиш учун зарур бўлган ўта кучсиз ташқи таассурот кучига қараб мулоҳаза юритилади, жумладан, сезгиларнинг пайдо бўлиши учун керак қўзғовчининг озгина кучи (уларнинг қуйи чегараси), эҳтиёжлар қондирилмаслигининг сезилар-сезилмас даражаси (шахсга руҳий азоб берувчи) мужассамлашади.
2. Реактивлик. Бу тўғрисида айнан бир хил куч билан таъсир этувчи ташқи ва ички таассуротларга шахс қандай куч билан эмоционал реакция қилишига қараб муносабат билдирилади. Реактивликнинг ёрқин рўёбга чиқиши – эмоционаллик, таъсирланувчанлик ифодаланишидир.
3. Фаоллик. Бу борада инсон қандай фаоллик даражаси билан ташқи оламга таъсир этиши ва мақсадларни амалга оширишда объектив ҳамда субъектив қарама-қаршиликларни фаоллик билан енгишига қараб фикр юритилади.

  1. Реактивлик билан фаолликнинг ўзаро муносабати. Одамнинг фаолияти кўп жиҳатдан нимага боғлиқлигига биноан, чунончи тасодифий тарздаги ташқи ва ички шароитларда (кайфиятга, фавқулоддаги ҳодисаларга) ёки мақсадларга, эзгу ниятларга, хоҳиш-интилишларга кўра фикр билдириш назарда тутилади.

  2. Реакция темпи. Турли хусусиятли психик реакциялар ва жараёнларнинг кечиши тезлигига, бинобарин, ҳаракат тезлигига, нутқ суръатига, фаросатлиликка, ақл тезлигига асосланиб хулоса чиқарилади.

  3. Ҳаракатларнинг силлиқлиги ва унга қарама-қарши сифат ригидлик (қотиб қолганлик) - шахснинг ўзгарувчан ташқи таассуротларга қанчалик енгиллик ва чаққонлик билан мувофиқлашишига ( силлиқлик билан мослашишга), шунингдек, унинг хатти-ҳаракатлари қанчалик суст ва заифлиги (ригидлиги-қотиб қолганлиги) нисбатан баҳо беришдан иборатдир.

  4. Экстравертированлик ва интровертированлик. Шахснинг фаолияти ва реакция кўп жиҳатдан нималарга боғлиқлигига, чунончи фавқулоддаги ташқи таассуротларга (экстравертированлик) ёки, аксинча, тимсолларга, тасаввурларга, ўтмиш ҳамда келажак билан уйғунлашган мулоҳазаларга (интровертированлик) тааллуқлигига асосланган ҳолда муносабат ифодасидир.

Сангвиник - жуда фаол, ҳар бир нарсага ҳам қаттиқ кулаверади; ёлғон далилларга жаҳли чиқади. Атрофдаги нарсалар, маърузалар диққатини тез жалб этади. Имо-ишораларни кўп ишлатади, чеҳрасига қараб кайфиятини англаб олиш қийин эмас. Жуда сезгир бўлишига қарамай, кучсиз таъсир(қўзғатувчилар)ни сеза олмайди, серғайрат, ишчан, толиқмас. Фаоллик билан реактивлик муносабати мувозанатда, имтизомли, ўзини тия билади, бошқара олади. Хатти-ҳаракати жўшқин, нутқ суръати тез, янгиликни тез пайқайди, ақл-идроки тийрак, топқир, қизиқишлари, кайфияти, интилишлари ўзгарувчан. Кўникма ва малакаларни тез эгаллайди. Кўнгли очиқ, дилкаш, мулоқотга тез киришади. Хаёлати (фантазияси) юксак даражада ривожланган: ташқи таъсирларга ҳозиржавоб ва ҳоказо.
Холерик - суст сензитивлик хусусиятига эга. Жуда фаол ва реактив. Кўпинча реактивлиги фаолликдан устун келади. Бетоқат, серзарда, тинимсиз.
Сангвинликка қараганда силлиқроқ, лекин кўпроқ қотиб қолган(ригидроқ).
қизиқишлари, интилишлари барқарор, хатти-ҳаракатларда қатъийлик мавжуд. Бироқ диққатни бир жойга тўплашда қийналади. Нутқ суръати тез ва ҳоказо.
Флегматик - сензитивлиги суст, ҳис-туйғуси (эмоцияси) кам ўзгарувчан, шунга кўра бундай шахсни кулдириш, жаҳлини чиқариш, кайфиятини бузиш қийин. Кўнгилсиз ҳодиса ҳавф-хатар ҳақидаги хабарга хотиржамлик билан муносабатда бўлади. Вазмин, кам ҳаракат. Имо-ишораси, мимикаси кўзга яққол ташланмайди. Лекин серғайрат, ишчан, фаол, чидамли, матонатли. Нутқ ва ҳаракат суръати суст. Фаросати қийиқроқ. Диққатни тўплаши осойишта. қотиб қолган (ригид). Диққатни кўчириш қийин. Интровертированлашган, кам гап, ичимдагини топ дейдиганлирдан. Янгиликни қабул қилиши мураккаб. Ташқи таассуротларга сустлик билан жавоб беради (қайтаради).
Меланхолик - сензитивлиги юксак. Тортинчоқ, ғайратсиз. Аразчан, хафахон. Жимгина йиғлайди, кам кулади. қатъийлиги ва мустақиллиги заиф. Тез толади. Ортиқча ишчан эмас. Диққати барқарор. Ҳис-туйғуси суст ўзгаради. қотиб қолган (ригид). Интровертированлашган.
Психологик маълумотларда эътироф этилишича, ирсият ва турмуш шароитлари темперамент типлари ўртасидаги тафовутларнинг сабабчисидир. Шунинг учун ирсий физиологик хусусиятлари бир хил ва битта тухумдан яралган (гомозигот) эгизакларнинг темперамент хусусиятларини иккита тухумдан вужудга келган (гетерозигот) эгизакларнинг темперамент хусусиятлари билан қиёсланса, бу омил тасдиқланиши мумкин. Маълумотларга қараганда, гетерозигот эгизаклардан фарқли ўлароқ, гомозигот эгизакларнинг темперамент хусусиятлари шунчалик ўхшашки, ҳатто улар ирсият йўли билан берилган омиллар 85%ини тасдиқлаш имкониятига эга. Тарбиявий муҳит турлича бўлишига қарамай, ўхшашлик сақланиб қолиши тажрибаларда кўп марта текширилган. Лекин темпераментнинг айрим хусусиятлари ўзгариши тўғрисидаги маълумотлар инкор этилмайди, унга фавқулоддаги ташқи ҳамда ички шароитлар кескин таъсир ўтказади (масалан, тоғ шароити, ҳавф-хатар мавжудлиги ва ҳоказо).
Шуни эсда сақлаш жоизки, темперамент айрим хусусиятларининг турмуш шароити билан тарбиявий таъсирда ўзгариш жараёни темперамент типларининг такомиллашувидан фарқлай олиш шарт. Маълумки, темперамент типи унга мутаносиб хусусиятлари бирданига пайдо бўлган нарса эмас, чунки нерв тизими такомиллашувининг умумий қонуниятлари темпераментга ҳам таъсир ўтказиб, ўз изини қолдиради. Шахснинг камолотига биноан, темперамент хусусиятлари нерв тизимининг такомиллашуви билан боғлиқ тарзда рўёбга чиқа боради ва мазкур жараён темперамент ривожини узил-кесил ҳал қилади.
Шуни таъкидлаш ўринлики, темпераментни фаолият талабларига мослаштириш (мувофиқлаштириш) имконияти мавжуддир. Чунки ҳар қандай фаолият психик жараёнлари динамикасига муайян талаблар тизимини қўяди. Чунончи: 1)касб-ҳунарларнинг инсонлар темпераментига мос турини танлаш керак, чунки уларнинг психик хусусиятларига мутаносиб касбни танлаш профессионал танлаш дейилади; 2) шахсларнинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олиш жоиз; 3) темпераментга хос камчиликларни (салбий иллатларни) бартараф этиш лозим; 4) инсонларда индивидуал услубни шакллантириш зарур. Шахснинг фаолиятига онгли, фаол ва ижодий муносабатда бўлиши муваффақиятлар гаровидир.
Фаолиятнинг индивидуал услуби инсонда ўзидан ўзи вужудга келмайди, у шахс камолотининг барча босқичларида (боғча ёшидан эътиборан то касбий маҳорат эгаллагунга қадар) шаклланиб боради. Инсоннинг темпераментини фаолиятнинг зарур талабларига мослаштириш орқали унда индивидуал услуб таркиб топтирилади. Худди шу боисдан, фаолиятнинг индивидуал услуби дейилганида, шахс учун ўзига хос ва муваффақиятга эришишнинг мақсадга мувофиқ йўллари индивидуал тизими тушунилади.

Семинар машғулоти учун мавзулар


1.Темпераментнинг психологик тавсифи
2.Нерв системаси типларининг келиб чиқиши
3.Темперамент назариялари
4.Темперамент типларининг психологик хусусиятлари



Download 3.91 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   63   64   65   66   67   68   69   70   ...   117




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling