Электрон дарсликларни яратиш технологиялари курсининг вазифалари қуйидагилардан иборат:
Электрон дарсликлар ва улардан фойдаланишнинг афзалликларини ажратиш;
Электрон дарсликлар яратиш тартиби ва унга қўйиладиган талаблар мазмуни билан таништириш;
Электрон дарсликлар яратишда замонавий телекоммуникация ва мультимедиа воситаларининг ўрнини аниқлаш;
Электрон дарсликлар яратишда фойдаланиладиган дастурий воситалар таркиби ва улардан фойдаланиш кўникмасини шакллантириш;
Электрон дарсликлардан ўқув жараёнида самарали фойдаланиш методикаси мазмунини таништириш.
Узлуксиз таълим тизимида фан ва технологияларнинг ривожлангани сари мазмуни тез ўзгарувчан, чуқурлаштирилиб ўқитиладиган умумкасбий ва махсус фанлар бўйича электрон ўқув адабиётларини тайёрлаш ўқитиш жараёнида яхши самара беради.
Электрон ўқув адабиётлари билим олувчиларнинг тасаввурини кенгайтиришга, дастлабки билимларини ривожлантиришга ва қўшимча маълумотлар билан таъминлашга йўналтирилган бўлади.
Электрон ўқув адабиётлари энг асосий вакили электрон дарслик ҳисобланади. Электрон дарслик – компьютер технологиясига асосланган ўқув услубини қўллашга, мустақил таълим олишга ҳамда фанга оид ўқув материаллар, илмий маълумотларнинг ҳар томонлама самарадор ўзлаштирилишига мўлжалланган бўлиб:
- ўқув ва илмий материаллар фақат вербал (матн) шаклда;
- ўқув материаллар вербал (матн) ва икки ўлчамли график шаклда;
- мультимедиа (multimedia- кўп ахборотли муҳит) қўлланмалар, яъни маълумот уч ўлчамли график кўринишида, овозли, видео, анимация ва қисман вербал (матн) шаклда;
- тактил (ҳис қилинувчи, сезилувчан) хусусиятга эга, таълим олувчини компьютер экрани оламида ўзининг стерео нусхалари тасвирланган реал оламга кириб бориши ва ундаги объектларга нисбатан тасаввурини яратадиган шаклда ифодаланади.
Электрон дарслик - универсал дастурий таъминотга асосланган бўлиб, у муайян касбий фаолият бўйича ахборот, билим бериш ва ўзлаштирилган билимларни назорат қилишни автоматлаштиришга имкон беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |