Энергия менежментининг тушунчаси ва ахамияти


Ўзбекистон энергетикасининг бугунги холати ва келажаги


Download 1.12 Mb.
bet2/6
Sana19.04.2023
Hajmi1.12 Mb.
#1365273
1   2   3   4   5   6
Bog'liq
Энергия менежментининг тушунчаси ва ахамияти

Ўзбекистон энергетикасининг бугунги холати ва келажаги

Охирги йилларда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш динамикаси барқарорлашди. Мазкур тенденция аҳоли турмуш даражасига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бошқа томондан эса бу икки омил электр энергияси истеъмолининг муттасил равишда ортишига сабаб бўляпти.


2030 йилгача мамлакатда электр энергиясига бўлган талаб йилига тахминан 6-7 фоизга ўсиши башорат қилинган. Бироқ Ўзбекистон бундай сценарийга тайёр эмас. Чунки мавжуд қувватлар ички эҳтиёжни тўлиқ қондириш имконини бермайди.
Менимча, энергетиканинг ҳам анъанавий, ҳам муқобил турларини ривожлантириш Ўзбекистон учун ягона тўғри йўл ҳисобланади. Бусиз тизимда газаклаётган муаммоларни ҳал этиб бўлмайди. Соҳада яқин истиқболда қилинадиган ишлар ҳамда эришилиши зарур бўлган мақсадли кўрсаткичлар 2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергияси билан таъминлаш концепциясида аниқ-тиниқ кўрсатиб берилган. Ушбу стратегик ҳужжат юртимизда энергия тақчиллиги қандай бартараф этилади, деган саволга жавоб беради.
Концепцияда 2030 йилга қадар мамлакат электр энергия генерациясида қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚТЭМ)нинг улушини 11 фоиздан ошириш кўзда тутилган. Шундан 5 фоизи қуёш, 3 фоизи шамол ҳамда 3,8 фоизи гидроэнергетика ҳиссасига тўғри келиши керак. Бу вазифалар босқичма-босқич бажариляпти. Ўтган йили Навоий вилоятида биринчи фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Зарафшонда илк шамол генератори қурила бошланди. Бир вақтнинг ўзида гидроэнергетикани ривожлантиришга доир лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда. Давлатимиз “яшил” энергетикага катта умид боғлаган. Мазкур тармоққа нуфузли хорижий инвестициялар пакети йўналтириляпти. Демак, келгусида қайта тикланувчи энергия манбалари Ўзбекистон энергобалансида юқори позицияни эгаллаши турган гап. Соҳада олиб борилаётган диверсификациялаш сиёсатининг устувор вазифаларидан бири ҳам шундан иборат.
Бахтиёр Эргашев
Аммо фақат “яшил” энергетика билан чекланиб бўлмайди. Ўйлашимча, давлатимиз раҳбарияти буни яхши англамоқда. Шу боис юртимизда электр энергиянинг бошқа манбаларидан бирдай самарали фойдаланиш масаласи кўндаланг қўйилган.
Айтайлик, иссиқлик электр станциялари (ИЭС)дан буткул воз кечолмаймиз. Ҳозир улар энергия генерациясининг салкам 90 фоизини таъминлаяпти. 2030 йилгача бу рақамни 60 фоизга тушириш режалаштирилган. Шунга қарамай, баъзи ҳудудларда янги ИЭСлар барпо этилмоқда. Чунки бу объектив зурурат.
Масалан, ўтган йили Фарғона водийсида Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси фойдаланишга топширилди. Тўғри, унда қимматбаҳо хомашё – табиий газ ёқилиб, энергия ишлаб чиқарилади. Бироқ мазкур объект қанчадан-қанча одамлар ҳамда тадбиркорларининг оғирини енгил қилаётгани айни ҳақиқат. 
2017 йилда водий вилоятларида тадқиқот олиб боргандик. Ўшанда аҳоли ҳамда бизнес вакиллари энергия таъминотидаги доимий узилишларни биринчи даражали муаммо сифатида кўрсатган. Кўпгина туманларда қишки пайтда электр энергияси суткасига кўпи билан 4 соатга бериларди.
2021 йилнинг ёзида такроран сўровнома ўтказдик. Бу гал респондентлар томонидан юқоридаги муаммо деярли тилга олингани йўқ. Чунки энди уларнинг уйида чироқ олдингидек 20 соатлаб ўчмайди. Пропорция тескари томонга ўзгарган. Тўрақўрғон ИЭСнинг шарофати билан, албатта.
Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирлиги маълум қилганидек, навбатдаги иккита иссиқлик электр станциясини Сирдарё вилоятида қуриш режалаштирилган. Уларнинг умумий қуввати 1 млрд 250 мВтни ташкил қилади. Ишончим комилки, ушбу инвестицион лойиҳалар ҳам мамлакатда энергия тақчиллигини камайтиришга хизмат қалади.
Кўриниб турганидек, Ўзбекистонда бир вақтнинг ўзида ҳам анаъанавий (иссиқлик ва гидроэлектр станциялари), ҳам муқобил (қуёш, шамол) электр энергия қувватларини яратиш, янгилаш ҳамда ривожлантириш ишлари изчил олиб борилмоқда. 
Қолаверса, яқин истиқболда мамлакат энергомиксида атом энергетикасига ҳам ўрин ажратилади, деган умиддаман.
Ўзбекистонда электр энергияси тақчиллиги вужудга келгани, электр тармоқларидаги доимий узилишлар ҳақида 2000-йиллар бошидаёқ бонг урилган. Ҳукумат бу муаммога бефарқ эмасди, албатта. Масалан, 2010 йилда Тўрақўрғон ИЭСни қуриш ғояси илгари сурилди. Лойиҳани молиялаштириш масаласи кўриб чиқилган, хорижий инвесторлар билан музокаралар олиб борилган ва ҳоказо.
Янги аср бўсағасида қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш бўйича ҳам маълум саъй-ҳаракатлар қилинган. Бироқ мазкур жараён ниҳоятда секин ва тарқоқ ҳолда давом этиб, аксарият лойиҳалар, фикр-мулоҳазалар қоғозда қолиб кетаверди. Сабаби узоқ вақтгача Ўзбекистонда электр энергияси таъминоти билан боғлиқ жиддий муаммолар борлиги, улар кенг қулоч ёзгани, янада аянчлиси, индустриал ривожланиш ҳамда иқтисодий ўсишимизга тўсқинлик қилаётгани юқори доирада очиқчасига айтилмади. Муаммони тан олиш учун, аввало, сиёсий ирода керак эди.
Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида вазият тубдан ўзгарди. Мамлакат электр энергияси тақчиллиги шароитида яшаётгани давлат даражасида тан олинди. Энергетика соҳасини модернизациялашга доир яхлит дастур ишлаб чиқишга киришилди. Ниҳоят, 2019 йилда юқорида тилга олинган Концепция қабул қилинди. Ушбу ҳужжат Ўзбекистонда энергия таъминоти манбаларини диверсификациялаш сиёсатининг тамал тошини қўйиб берди, дейиш мумкин.
Яна бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Қуёш ва шамол генерациясига ўтиш тегишли инфратузилмани яратишдан бошланади. Бу эса ҳазилакам иш эмас. “Яшил” энергетика жуда қиммат соҳа. 2017 йилгача Ўзбекистон ҳозиргидек дунёга очиқ мамлакат бўлмаган. Иқтисодиёт тармоқлари давлат томонидан қаттиқ назорат қилинарди. Бундай шароитда йирик инфратузилмавий лойиҳалар учун хорижий ҳамкорларни жалб этиш, уларга қулай шартлар таклиф этиш мушкул эди. Инвесторлар биз билан ишлашдан чўчиган.
Эндиликда давлатнинг ўзи қайта тикланувчи энергия манбаларига маблағ тикаётган тадбиркорларни рағбатлантирмоқда. Ўзбекистонда фото ва гидроэлектр станциялари, шамол генераторларини қуриш учун солиқ имтиёзлари кўзда тутилган. Бежиз эмаски, мазкур йўналишда эълон қилинаётган тендер танловларида доим ўнлаб хорижий компаниялар иштирок этиш истагини билдиради.
Ҳозир ҳатто уй хўжаликларига ўз эҳтиёжи учун кичик гидроэлектр станциялари қуришга рухсат берилди. Бу борадаги яна бир инқилобий қарор шуки, фуқаролар шахсий мини ГЭСида ортиқча ишлаб чиқилган электр энергияни манфаатдор корхона ва ташкилотлар билан тўғридан-тўғри шартнома тузган ҳолда сотиши мумкин. Демак, аҳолига узлуксиз энергия таъминоти кафолатланибгина қолмай, бундан даромад олиш имконияти ҳам яратилмоқда.
Ташқи сиёсий идорамиз раҳбарига ҳурматим баланд. Бироқ жаноб Комилов энергетик эмас. У мамлакат энергобаланси қайси таркибий қисмлардан ташкил топгани маъқуллиги ҳақида фикр юритолмайди. Энергетика вазирилигининг таҳлил ва прогнозлари эса аниқ фактларга асосланган. Шахсан мен учун Ўзбекистон ёки қўшни юртлардаги абстракт омма эмас, балки ишнинг кўзини биладиган малакали мутахассислар истиқболимиз ҳақида нима деяётгани, айнан улар вазиятга қандай баҳо бераётгани муҳим.
Рақамларга юзланамиз. Бугунги кунда Ўзбекистонда электр энергия дефицити йилига 6-7 млрд кВт ёки 10-15 фоизни ташкил этмоқда. Саккиз йилдан кейин йиллик эҳтиёж 110-112 млрд кВтга етади. Бу жиддий масала. Давлат гарданида энергодефицитни тўлиқ бартараф этиш масъулияти турибди. 2030 йилгача вазифа бажарилиши керак.
Ҳақиқатга тик қарайлик. Шу чоққача дунёдаги биронта ҳам давлат энергиянинг муайян туригагина ишониб қолган эмас. Худди шу каби биронта ҳам мамлакат бор-будини фақат қайта тикланувчи энергоресурсларга тикиб барака тополмайди.
Ўзбекистон учун қуёш, шамол, гидроэнергия манбалари, иссиқлик электр станциялари қанчалик зарур бўлса, атом энергетикаси ҳам шу қадар аҳамиятлидир.
Назаримда, АЭС қурилиши билан боғлиқ истерия ҳаддан зиёд бўрттирилган. Агар лойиҳа ижрочиси “Росатом” эмас, бошқа хорижий компания бўлганида, аминманки, четдан молиялаштирилаётган нодавлат ташкилотларимиз, турли туман табиат муҳофазачилари, сотиб олинган журналисту блогерлар ҳозиргидек дод-вой солмасди. Ҳамма гап Ўзбекистон атом энергиясидан фойдаланишга қарор қилгани эмас, балки бу ишни Россиянинг кўмагида амалга ошираётганида. Демак, сиёсий омил кўзга яққол намоён.
Боз устига, минтақадаги бошқа давлатлар ҳам АЭС қурилишига бел боғлаган. Қозоғистонда бу мавзу бир неча йилдан буён муҳокамада. Яқинда Қирғизистон ҳукумати “Росатом” билан музокаралар бошлагани ҳақида хабар тарқалди. Ваҳоланки, қўшниларнинг хатти-ҳаракатидан юртимиз жамоатчилиги жумбишга келгани йўқ. Экологларимиз жимжит. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳам лом-мим демаяпти. Қизиқ, нега?..
Мамлакат тақдирига дахлдор масалаларда, аввало, миллий манфаатлар устувор қўйилади. Бугунги Ўзбекистон иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини оширишдан манфаатдор. Бунинг учун эса бизга барқарор энергия манбалари зарур. 
Атом электр станцияси мана шундай барқарорликни таъминлай олади. Ўйлайманки, Ўзбекистон лойиҳадан воз кечгани йўқ. Савдолашяпмиз, холос. АЭС атрофидаги ваҳималар объект таннархини тушириш мақсадида уюштирилган бўлиши ҳам мумкин. Балки шу сабабли шартномани имзолаш пайсалга солинаётгандир.
Маълумки, Ўзбекистонда электр энергиянинг катта қисми ИЭСларда ишлаб чиқарилади. Уларнинг узлуксиз ишлаши учун мамлакат табиий газининг 12-15 фоизи кўкка совурилмоқда. Бу жуда кўп. Юртимиз газ захиралари Қувайт, Қатар ёки Россиядаги каби улкан эмас. Ҳисоб-китобларга кўра, яқин 15-20 йилда республикада табиий газ қазиб олиш ҳажми сезиларли равишда қисқаради. Натижада иссиқлик электр станцияларимиз қувватсизланиши аниқ. Бунга тайёр туриш зарур. Электр энергия манбаларини диверсификациялаш вазиятдан чиқишга ёрдам беради.

Download 1.12 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling