Ф. С. Абдугаппаров, И. Р. Асқаров, М. М. Хожиматов, А. Умаров Андижон давлат университети


Download 41.02 Kb.
Sana02.05.2023
Hajmi41.02 Kb.
#1421761
Bog'liq
Тезис Абдугаппаров Ф.1


АЙРИМ БУЙРАК КАСАЛЛИКЛАРИДА ҚЎЛЛАНИЛУВЧИ АНТИБИОТИК ПРЕПАРАТЛАР ВА УЛАРНИНГ ОРГАНИЗМГА САЛБИЙ ТАЪСИРИ
Ф.С.Абдугаппаров, И.Р.Асқаров, М.М.Хожиматов, А.Умаров
Андижон давлат университети
Сўнгги йилларда дунёда ишлаб чиқаршнинг кимёвий технологияга асосланган усулларининг ортиб бориши натижасида экологик вазиятларнинг кескинлашуви кузатилмоқда. Бунинг оқибатида эса минтақаларда ташқи муҳитнинг ифлосланиши ва бу ўз навбатида инсон саломатлигига салбий таъсирининг ортишига сабаб бўлмоқда. Атроф-муҳит объектларининг ифлосланиши инсонларда нафас йўллари, юрак қон-томир тизими, ошқозон ичак касалликлари, сийдик ажратиш тизими ва бошқа кўплаб касалликларни келиб чиқишига сабаб бўлувчи омиллардан бири бўлиб қолмоқда.
Бугунги кунда дунёнинг аксарият мамлакатларида касалликларни даволашда ёки уларни олдини олиш амалиётларида замонавий тиббиёт билан бир қаторда халқ табобати усулларидан кенг фойдаланилади.
Тарихий манбалардан билиш мумкинки, турли касалликларни даволашда аждодларимиз ўсимлик, ҳайвонлар ва шифобахш минераллардан халқ табобати усуллари ёрдамида кенг фойдаланиб келишган.
Маълумки, кўплаб органлар қатори организмда қатор фаолиятларни бошқаришда буйракнинг аҳамияти жуда катта бўлиб, у организмдан иккиламчи метаболитлар, ортиқча сув ва тузлар, баъзи дори препаратларни парчаланиш маҳсулотларини чиқариб ташлашда муҳим роль ўйнайди. Буйрак сийдик ажратиш тизимининг асосий органи ҳисобланиб, бундан ташқари сийдик каналлари ва қовуқ каби органлар ҳам шу тизимнинг қисмларидир.
Организмнинг шамоллаши, турли дори воситалари дозасининг ортиб кетиши, атроф-муҳитнинг кескин ифлосланиши ва бошқа омиллар таъсирида буйракларда турли касалликлар келиб чиқади.
Келиб чиқишига кўра буйрак касалликлари ирсий ва орттирилган турларига синфланса, структур-функционал принципи бўйича эса – гломеруло- ва тубулопатияларга синфланади.
Гломерулопатияларда касалликларида буйракни коптокча аппарати шикастланиши натижасида, уни фильтрация жараёнини бузилиши ётади.
Патоген микрофлоралар таъсирида келиб чиқадиган буйрак касалликларини даволашда уросептиклар, антибиотиклар, иммуностимуляторлар ва кортикостероидлар каби табиий ва синтетик дори воситаларидан фойдаланилади. Бундай ҳолларда препаратлар яллиғланишни ҳосил қилган микрорганизмларнинг турларига қараб белгиланади.
Бугунги кунда замонавий тиббиётда буйрак касалликларни даволашда инфекцияларини ва яллиғланишларни бартараф этишда антибиотиклардан кенг фойдаланиб келинади. Антибиотикларга аминогликозидлар, ансамцинлар, макролидлар, азалидлар, монобактамлар, пенициллинлар, тетрациклинлар ва цефалоспоринларнинг барча вакилларини киритиш мумкин.
Тикарциллин, Аугментин, Тиментин, Кламосар, Хиконцил, Флемоксин солютаб, Оспамокс, Амоксиклав, Грюнамокс каби препаратлар, буйрак инфекцияси касалликларида Цефуроксим, Цефотаксим, Цефтриаксон, Цефалексин, Кефлекс, Оспексин, каби цефалоспорин антибиотиклар ва Ципромед, Офлоксацин, Ципрофлоксацин, Левофлоксацин каби таркибида фтор сақловчи фторхинолон антибиотиклардан фойдаланилади.
Ушбу препаратлар касалликни даволашда ижобий самара бериши билан бирга организмда нохуш ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Масалан, Цефалексин препаратини қабул қилиш организмда касалликни бартараф этиш билан бирга бош оғриғи, уйқучанлик, галлюцинация каби асаб тизими ҳолатларини келтириб чиқарса, лейкопения, нейтропения, тромбоцитопения ва эозинофилия ҳолатлари юрак қон-томир тизимида кузатилади. Шунингдек, терида қичишиш, тошмалар тошиши, ангионевротик шишлар пайдо бўлиши, анафилактик шок ва артралгия каби аллергик реакция ҳолатларини келтириб чиқаради.
Буйракларда яллиғланиш касалликларини ҳамда кучли оғриқ ҳосил қилувчи бактерияларга қарши нитрофуран гуруҳига мансуб бўлган Фурагин, Фурамаг, Нифуроксазид, Фурадонин сингари мансуб препаратлар қўлланилади.
Шунингдек, антисептик ва антибактериал хусусиятларга эга Ампициллин, Бисептол, Нитроксолин, Эритромицин, Норфлоксацин каби уросептик препаратлар бактериялар ва замбуруғлар келтириб чиқарувчи яллиғланишга қарши қўлланилади.
Ушбу препаратларнинг зарарли оқибатлари маълум бўлиб бунда инсон организмда ўзгаришлар содир бўлиши мумкин. Масалан, Фурагин қабул қилинганда организм овқат ҳазм қилиш тизимида кўнгил айниши, иштаҳа йўқолиши, жиғилдон қайнаши ва эпигастрия соҳасида оғриқ пайдо бўлиши каби ҳолатлар кузатилса, нейротоксик ҳусусиятларига кўра бош оғриғи, бош айланиши, уйқусизлик, умумий ҳолсизлик ҳолатларини келтириб чиқаради. Шунингдек, ушбу препаратни узоқ вақт қабул қилиш гемолитик анемияни келтириб чиқаради.
Юқорида номлари келтирилган кўплаб синтетик антибиотик препаратлар бугунги кунда замонавий тиббиётда қўлланилувчи дори воситаларининг аксарият вакиллари ҳисобланади. Ушбу препаратларнинг даволаш хусусиятлари билан бир қаторда салбий оқибатлари маълум эканлигини инобатга олган ҳолда буйрак касалликларини даволашда келиб чиқиши табиий бўлган манбалардан фойдаланиш ҳам безарарлиги ҳам иқтисодий жиҳатдан афзалликларга эга бўлади.
Шуларни инобатга олган ҳолда минтақамизда мавжуд таркибида антибиотик хоссаларни намоён этувчи биологик фаол бирикмаларга эга бўлган табиий манбаларни тадқиқ этиш ва улар асосида янги турдаги озиқ-овқат қўшиламалар рецептурасини яратиш олдимизга қўйган вазифалардан ҳисобланади.
Download 41.02 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling