Фалсафа мукаммал билимлар асоси


АБУ НАСР АЛ-ФОРОБИЙ: “ФОЗИЛ ШАҲАР ОДАМЛАРИ ҚАРАШЛАРИ” АСАРИНИНГ АҲАМИЯТИ


Download 424.5 Kb.
bet3/7
Sana01.05.2023
Hajmi424.5 Kb.
#1420174
TuriМонография
1   2   3   4   5   6   7
Bog'liq
Абдушукуров монография

АБУ НАСР АЛ-ФОРОБИЙ: “ФОЗИЛ ШАҲАР ОДАМЛАРИ ҚАРАШЛАРИ” АСАРИНИНГ АҲАМИЯТИ.

Форобий бу асарида бошда мукаммал илоҳийлик фалсафаси асосида борлиқни тушунтиришга ва сўнгра аста-секин ҳаётда юзага келаётган инсон билан боғлиқ бўлган ижтимоий, сиёсий, маънавий ҳаётга ўтади ва инсоннинг инсон сифатида яшашга лойиқ турмушни ўзининг ушбу асарида кўрсатиб беради.


Форобий биринчи, илк борлиқ, илк мавжудлик – бу Тангридир, у бошқа барча мавжудотларнинг борлигининг биринчи сабабчисидир. Ул зот ҳар қандай нуқсон, камчиликлардан покдир, бошқа барча мавжудларда эса кўп нуқсонлар бордир9, – деб таъкидлайди.
Форобийнинг дастлабки қатор асарларида ҳам ушбу қонуният доимо илгари сурилади ва коинотдаги барча жисмлар доимо ҳаракатда, улар бир-бирини итариши рўй беради, аммо дастлабки, уларни ҳаракатга солувчи, таъсир этувчи кучни у ҳали кўрсатмайди. Бу ҳолат ўқувчини хулосалар қилишга, изланишга мажбур этади.
Форобий кейинчалик бу илк кучни, борлиқни, бошқа барча жисмларни, мавжудликларни ҳаракатга келтирувчи ва борлиқнинг абадийлигини ташкил этувчи куч - борлиқ бўлган зот (яъни, Тангри)дир, у ўзининг асл моҳияти билан барча нарсалардан фарқланишини, унинг борлиги фақат ўзига боғлиқдир деб таъриф беради.
“… У азалийдир, унинг азалийлиги доимо унинг борлигида – жавҳари (субстанцияси) да борлигидандир, … унинг доимо борлиги унинг (Тангрининг барча нарсаларга, А.Қ – муаллиф) эгалиги учун етарлидир”,10 - дейди Форобий.
У борлиқ тўғрисидаги фикрларини мукаммаллик даражасига кўтариб, илк борлиқдан ташқари, тури-нави боқимидан унинг ўхшови бўлган бошқа бир нарса бўлса, илк борлиқнинг борлиги мукаммал бўлолмаслиги, чунки мукаммаллик ўз туридан бошқа бўлган борлиқнинг ўзидан ташқарида бор бўлиши мумкин бўлмаган нарса эканлигини, унинг ўзи бу борлиқда якка-ю ягонадир, деб хулосага келади.
Форобий зидли нарсалар ҳақида фикр юритиб, Мавжуди аввалнинг (А.Қ) зидди бўлиши мумкин эмаслигини, нарса бўлган барча нарсалар бир-бирига қарама-қарши ҳаракатда бўлишлиги ва бу ҳолат уларнинг бузилишига, айнишига олиб келиши, барча зидди бўлган ҳар бир нарсада аҳвол шундайлиги, нарсалар ўзи эгаллаган жойини бошқасининг жойлашишига йўл бермаслиги, бу ҳол қарама-қаршилиги бор бўлган барча нарсага тааллуқли эканлигини қайд этади.
“Илк борлиқ , - дейди Форобий, аслида борлиқ боқимидан ягонадир, унинг мавжудлигида ундан бошқа ҳеч нарса иштирок этмайди, унинг борлиқ турини бўла оладиган ҳеч бир нарса йўқ. Демак, у бирдир, у ўз нави жиҳатдан ҳам, мартабаси жиҳатдан ҳам якка-ю ягонадир”11
Асарда илк борлиқ-жавҳар-аслини майдонга келтирадиган нарсаларга, қисмларга, сонларга, парчаларга бўлинмайдиганлиги бунда унинг улуғлиги, у феъли жиҳатдан ҳам, кайфияти жиҳатдан ҳам, ўз жавҳарида ҳам бўлинмаслиги аён бўлишлиги изоҳлари берилади.
Биринчи борлиқ ўз зотидан бўлмаган бошқа барча нарсалардан ажралиб туради , унинг ягоналигининг маъноси шуки, у ўзига хос бўлган моҳиятдир,12 - деб уқтиради асарда.
Форобий инсон интеллекти ҳақида фикр юритиб, у ақл қабул қиладиган интеллектдан иборатлиги, лекин ундаги бор бўлган маъқул (ақл) нарса ҳали ақлни эгаллайдиган феъл бўлолмаслигини, у ақл мартабасига эришгандан сўнг қабул қила олиши мумкинлиги, бундан хулоса шуким, инсондаги ақл қабул қиладиган – маъқул нарса ҳеч маҳал интеллект бўлолмаслиги, бошқача айтганда “ақлга олиб келолмаслиги” ни баён этади.
Асарда Форобий улуғ Зотга билағон (олим) ҳақидаги аҳвол ҳам худди шундан иборатдир, деб кўрсатиб, олим-инсонни улуғлаб, улуғ Зотнинг зидди тарзида (инсон унинг ҳеч вақт зидди бўлолмайди А.Қ) мисол келтиради. Масалан, билағон (олим) ўз фазилати билан билиш учун ўз зотидан ташқарида бўлган нарсадан фойдаланишга, бошқа бир зотга зарурати йўқдир, аксинча унинг ўзи барча нарсаларни билиши ва билиниши учун ўз жавҳари билан қаноатланади, деган фикрни, яъни Форобий ҳам ўзининг билағонлигини намоён қилади.
“Энг мукаммал бўлган билим эса доимий билимдан иборатдир, у йўқ бўлиб кетмайди, бу билим эса унинг ўзининг белгисидир, … унинг тўғрилик ва ҳақиқат бўлишининг ўзи ҳам айни шу ҳолатни баён этади, чунки тўғри ва ҳақ бўлган нарса шу бор бўлган нарсадан иборатдир,13 - дейди файласуф.
Асарда Оллоҳнинг улуғворлиги ва олижаноблигига тўхталиб, биринчи борлиқ ўз камолотига кўра бошқа барча нарсадан ажралиб туришлиги, унинг улуғворлиги, шон-шавкати ва олижаноблиги ва шарафи унинг асли-илдизи бўлиб, бу унинг жавҳаридаги камолоти бўлишлиги қайд қилинади.
“У ўз зоти билан улуғвор, олижаноб ва шарафли бўлади, унинг асли ўзидан бошқа ҳар қандай бир нарсага қарам эмас. Уни (Оллоҳни, А.Қ) бошқалар қанчалик мақтасин ё мақтамасин, буюклигини кўкка кўтарсин, ё кўтармасин, шарафини юксалтирсин, ё юксалтирмасин, барибир, ўзи боқимидан буюкликка, ўзи боқимидан шон-шарафга соҳибдир”, -дейди Форобий.
Илк борлиқ ниҳоятда гўзал ва олижаноб ва энг зийнатлидир.., унинг билими эса мутлақо энг афзал илмлардандир. Илк борлиқдан барча борлиқ вужудга келади, илк борлиқ фақат ўзининг борлиги учунгина мавжуд, бошқа мавжудот эса унинг ўзида бордир,14 - деб қайд этилади асарда.
Илк борлиқнинг асли шундайки, барча борлиқ ундан файз олади, ундан мавжудот қисмларга бўлиниб, тартибланади, ўзларининг даражаларига қараб бирлашадилар, боғланадилар.
Асарда Мавжудоти соний (иккинчи мавжудотлар) ва уларнинг кўплиги ҳақида фикр юритиб, биринчи Мавжуднинг моҳиятини иккинчи борлиқ тушуниб етишидан Учинчи борлиқ вужудга келиши ва Учинчи борлиқ жавҳарида унинг (биринчининг, силлогизмда – Анинг, А.Қ) моҳияти бўлганлиги сабабли ундан, ўз навбатида Тўртинчи борлиқ вужудга келиши ва бу қонуний жараён узлуксиз давом этиб Ўн биринчи борлиқ – олам пайдо бўлганлиги ва бу билан оламлар тугаши, уларнинг барчаси доиравий (айланиб) ҳаракат қилишлари ҳақида хулосалар келтирилади.
Форобий борлиқ оламлардан тўққизтасини азалий жавҳарий комилликка эгалигини, қолган иккитаси Ой осмони ва Ер осмони энг сўнгги қаторда туришлиги билан юқори қатламлардаги аввалги борлиқларга нисбатан комиллиги камроғлиги ва улар жавҳарий комилликка, қудратга эга эмаслигини таъкидлайди.
Оламнинг бу тартибда ва сифатда тузилишлари ҳозирги даврдаги ривож топган табиий фанлар эгаллаган ютуқлар билан бевосита ҳамоҳанг-ки, бу Форобийнинг нақадар чуқур билимларга эга эканлигидан далолатдир.
Ер қатламидаги мавжудотлар самодаги мавжудотларга ўз таъсирини ўтказа олмайди, балки тўрт унсурлар: олов, сув, ҳаво, тупроқнинг турли тартибда аралашувларига хомашё сифатида хизмат қилиши асарда кўрсатилади.
Форобий моддий ва илоҳий мавжудотлар даражалари тўғрисида тўхталиб, мавжудотнинг тартиб ва даражалари дастлаб энг қуйидан, номукаммалликдан бошланади, сўнгра ўзидан мукаммалроқ, сўнгра яна мукаммалроқ ва энг юқори даражадаги мукаммалликка эришгунга қадар боришлигини айтиб, уларнинг энг паст қадрлиги муштарак бўлган илк моддадир, деб қайд этади.
У ердаги, яъни қуйи борлиқдаги оламнинг мукаммал зоти инсон эканлиги, у тил ва мукаммал тушунчалар, ақл соҳиби бўлган жонзот эканлигини алоҳида қайд этади.
Бу ерда биз гарчи инсон оламнинг энг қуйи қатламида, номукаммал оламида яшасада, у ўзининг Оллоҳдан берилган юксак ақлий салоҳияти билан барча борлиқни ва уларнинг моҳиятларини, тузилишларини, сифатларини тафаккури ила била олиши мумкинлигини, ва умуман Оллоҳ ерни инсон учун яратганлигини ва барча яратиқлар хазрати инсон манфаати учун эканлигини қайд этиб ўтиш лозим деб ўйлаймиз.
Биз илк борлиқ энг мукаммал борлиқ деб билганимиз энг афзал даражалар билан бошланади, кейин мукаммаллик даражалари ўз мукаммаллик даражаларига қараб боради, бу тартиб то Ўн биринчига етгунга қадар давом этади, деган қоида, тартиб асарда берилган.
Форобий нарсалар зидлари тўғрисида тўхталиб, зидлар асл жавҳарлари қарама-қарши бўлган нарсалардан юзага келиши ёки бир-бирига қарама-қарши (совуқ, иссиқ) бўлган нарсалардан юзага келишини таъкидлаб шундай дейди.
“Бу иккаласи ҳам қуёшдан чиқадилар. Аммо қуёшнинг турли-туман икки хил ҳолати бор. Баъзан у дунёга (ерга, А.Қ) яқинлашади, баъзан узоқлашади. Мана шу икки қарама-қарши ҳолатда бир-бирига тескари бўлган ҳоллар ва нисбатлар чиқади”15.
Бунинг изоҳи: Қуёш ерга яқинлашганда ёз, иссиқ, инсонлар ўзларига эҳтиёжларини қондириш учун озиқ-овқатлар жамғармасини ҳозирлайдилар, уй-жойлар, ва бошқа қурилиш ишларини бажарадилар, хуллас бунёдкорлик ишлари авж олади. Оддий инсонлар кучлари иштирокида, бу биринчи аломат, иккинчиси, қуёш ердан узоқлашганида эса табиат билан бевосита боғланган инсонлар фаолиятида юқоридаги афзалликлар сезиларли даражада сусаяди. Булардан ташқари табиат ўзгаришлари, бу жисмлар айланишидаги ўзгаришлар содирлиги ҳамдир. Гарчи инсонлар минглаб йиллар мобайнида ушбу қарама-қаршиликлар замирида яшаб ўрганган, қаноат ва сабр ҳосил қилган бўлсаларда, барибир бир-бирига қарама қарши турган (оқ ва қора каби) табиий ўзгаришнинг ўз ҳаётига таъсирини кучли тарзда сезади ва унга фаол мослашади, яъни мажбур бўлади (А.Қ).
Асарда осмон жисмлари тўққиз туркумдан иборат бўлган тўққиз даражадан ташкил топганлиги, ҳар бир туркум доиравий бир жисмни қамраб олишини, уларнинг биринчиси эса фақат ягона жисмдан иборат бўлиб, у фақат доиравий тусда тез ҳаракатда бўладиган жисм ичида бўлади. Ва кейинги иккинчиси бирор муштарак (ўхшаш маънода, А.Қ) ҳаракатга соҳиб бўлган жисмни қамраб олади, кейингилари учинчисидан кейинги туркумлар ҳар бир жисм ўз ҳаракатларига ўзига хос бўлган кўп жисмларни қамраб олиши қайд этилади .
Шулар билан бирга мавжуд жисмларнинг барчаси жинс боқимидан бир хил бўлсада, тур жиҳатидан бир хил бўлмайди, улар фарқланадилар, бир турга бир жисм хос бўлади. Масалан, ҳар бир осмон жисмлари ўз зоти эътибори билан, тури билан ҳам ягонадир. Қуёшга шерик бўладиган тур табиатда йўқ. Ой ва юлдузлар тури ҳам худди шундай сабабларга эга.
Форобий осмон жисмлари ҳаракатлари илк борлиқдан, Биринчи сабабдан содир бўладиган гўзаллик ва жамол билан юзага келиши, бунинг энг устуни доира (айлана, А.Қ) шакли эканлигини, уларнинг сифатлари – зиё чиқиши, (қуёш, ой, юлдузлар, А.Қ) уларнинг ўзларига хос бўлган улуғлик томонлари билан камолот ҳосил қилишликлари ҳосил бўлишлигини уқтиради.
Унсурлар (олов, сув, ҳаво, тупроқ) қўшилиши натижасида вужудга келган жисмлар турли-хил суратларга, шаклларга киришидан, турли хилдаги жисмлар пайдо бўлади. Бу ҳолат самовий жисмларда ҳам юзага келади. Унсурлар ва жисмларда вақтлар мобайнида қувватланиш пайдо бўлади, улар ёрдамида жисмлар бир-бирига таъсир кўрсатадилар ва ўзлари ҳам бошқа қувватдаги жисмлар таъсирини ўзида қабул қиладилар. Худди шундай турли-туман қувватлар таъсирида табиатда қоришувлар юзага келиб турган, натижада сайёралар, юлдузлар пайдо бўлган.
Айрим жисмлар унсурларнинг дастлабки қоришувидан, баъзилари иккинчисидан, учинчисидан ва ҳоказолардан пайдо бўладилар. Айтиш лозимки, маъданлар унсурларга (олов, сув, ҳаво, тупроқ) энг яқин ва энг кам таркибли қўшилувдан вужудга келган, ўсимликлар энг кўп турдаги қоришувлардан, одамзот энг мураккаб қўшилувлардан пайдо бўлганлиги ҳақида асарда баёнлар берилган.
Юқорида кўриб чиққанимиздек, табиий жисмлар вужудга келгач, ўша таъсир этувчи қувватлар ёрдамида борлиқда яшайдилар. Жисмлар ўз материясига (хаюлосига) мос келувчи шаклга киришига ва асоси – негизига эга бўлгандагина яшай олади, у модда ҳолида яшай олмайди, ёки йўқолиш хусусиятига эга бўлади.
Форобий қайд этганидек, “тана, жисм билан жоннинг биргаликда яшаши шарт. Жонсиз тана ва танасиз жон яшаши мумкин эмас”16.
Унинг бу фикрини охирига етказиб қўйиш мақсадида давом этамиз (А.Қ). “Хаюло (материя) суврат ва жон учун асос бўлсада, улар икки қарама-қарши нарсанинг бирида алоҳида яшай олмайди. Модда (хаюло) бир вақтда ҳам жонли, ҳам жонсиз бўла олмайди. У маълум вақтда жонли бўлади, бошқа вақтда жонсиз бўлади. …Ҳаёт ҳам, ўлим ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилади, модда, хаюло буларда галма-гал яшашда давом этади”17, - деб кўрсатади мутафаккир.
Унинг кўрсатишича одамлар, ҳайвонлар ва ўсимликлар каби жонли жисмлар (эътибор беринг, Форобий ўсимликни тирик деб атади А.Қ) вужуди қарама-қарши унсурлардан таркиб топган бўлиб, уларнинг ҳаётий қувватлари, яъни озиқланиш, сезиш, ҳис этиш, хаёл қилиш, фикрлаш, интилиш каби қувватлари мавжудлиги ва улар унсурларнинг қарама-қаршиликларини тартибга солиб ва уларни мўтадиллаштириб туради18.
Форобий бу хусусда мисоллар келтиради. Масалан, совуғи ошган одам иссиқликни, иссиғи ошган одам совуқликни, ҳўллиги ошган одам қуруқлигини, қуруқлиги ошган одам ҳўлликни қабул қилади ва ҳоказо,19 - дейди.
Мана сизга табобат илми. Бу табиат борлиғининг ҳосиласи, барча нарсалар борлиқдан-табиатдан, ундаги жисмлар, моддаларнинг оддий ва мураккаб қўшилувларидан юзага келадиган табиий ва ундан ҳаётга кўчган тартиб, камолотлар мажмуи. А.Қ.
Форобий қарама-қарши қувватлар тўғрисида гапириб, “бир унсурнинг ўзида қарама-қарши қувват йўқ, камроқ унсурлар аралашган қўшилувда қарама-қарши қувватлар камроқ, мураккаброқ қўшилувларда эса қарама-қарши қувватлар кўпроқдир,”20 - дейди. Бундан содда қўшилувларда ички зидди камроқ, мураккаб қўшилувда эса зидди кучлироқ ва уларнинг ўз вужудларига ўтказадиган таъсирлари ҳам турличалиги, мураккаб қўшилувдан таркиб топган вужудлар ички емирилиши ҳам кучли бўлишини кўришимиз мумкин деган хулосалар келиб чиқади. (А.Қ)
Форобий инсон нафси бўлаклари ва унинг қувватлари ҳақида тўхталиб, инсоннинг борлиққа (дунёга) келиши билан унда ўзини боқадиган қувват пайдо бўлади, сўнг туйғун қувватлар, таъм, ҳид, овоз каби сезиладиган нарсалар ва ранг, зиё каби кўриладиган нарсалар вужудга келади. Булардан сўнг ҳудди ўшалар ёрдамида бошқалари ўртага чиқади, бу ҳаёл қилиш қуввати бўлади, бу билан инсон туйғун нарсаларни бир-бирига бирлаштиради ёки айиради. Кейин инсонга ақл қуввати майдонга чиқади ва у орқали инсон барча нарсаларни билмоқ имконига эга бўлади. Инсондаги қалб шундай бир асосий аъзоки, унда туғма ҳарорат булоғи бор, ҳарорат ундан бошқа аъзоларга ўтади, улар озиқ олади ва шулар сабабли қалб барча аъзоларини бошқаради, кейин мия келади, у қалбдан келадиган ҳароратни юмшатади ва ҳар бир аъзога мўътадил ҳарорат беради деган анча мураккаб ва чуқур идрокни талаб қиладиган масалаларни бу асарида ёритади.
У ақлий қувват ва тафаккур тўғрисида инсоннинг ақлий қобилияти у туғилган вақтидаёқ бола миясида табиий ҳолда олам ҳақидаги билимларни идрок этишга тайёр бўлади, аммо инсонларда идрок этиш имкониятлари ҳар хил, айримлари бу имкониятлардан фойдаланмайдилар,- деб кўрсатади.21
Шу ўринда худди шундай фикр, яъни бетакрор ақл эгаси бўлган сиймо Жалолиддин Румий (1207-1273.йй.) нинг “Ичингдаги ичингдадир” асарида инсонга “инсон буюк бир мўжиза ва унинг ичида (қалбида демоқчи А.Қ) ҳамма нарса ёзилган. Бироқ зулмат пардалари борки, улар ёзувларни ўқишга икмкон бермайди” деб таъриф берилади.
Ҳар икки буюк ақл эгалари инсонни унинг Оллоҳдан берилган буюк неъмати- ақл-идроки мавжудлигини шарафлайди. Ҳўш, бу неъматлардан фойдаланиб, инсон ўзлигини намойиш қилишга қандай қусурлар ҳалақит беради? Эҳтиёжсизликми?, манфаатсизликми?, масъулиятсизликми? , боқимандаликми? ва ҳокозо қусурларми? Эътироф этилаётган камчиликларнинг қарама-қарши томонлари, уларнинг зидлари борми?, бор албатда. Масалан, эҳтиёжсизлик- эҳтиёжмандлик, манфаатсизлик-манфаатдорлик ҳисси, масъулиятсизлик-масъулиятлилик ҳисси, жавобгарлик ҳисси, боқимандалик-инсоний ғурур, шуур кабилар. Бунинг барчаси оиладаги дастлабки оилавий тарбия, жамиятдаги таълим-тарбия ва давлат идораларининг ёшлар тарбиясига эътибори ва уларни касб ҳунарга ўргатиш, иш-жойи билан таъминлаш, Ватан олдидаги бурчи, вазифасини англатадиган тарбиявий таъсирларга ва бошқа ижобий тусдаги фаолиятларга бевосита боғлиқ деб биламиз, (А.Қ)
Форобий инсондаги истак, ирода ва бахт-саодат ҳақида сўзлаб, инсоннинг алқий қуввати борлиқ нарсалар ҳақида ўйлашга, фикрлашга, эслашга киришади, ҳулосага келади, ёқимли нарсаларга интилади, ёқимсиз нарсалардан ўзини тортади - деб изоҳлайди.
Инсон илк, бошланғич билимлардан фойдаланиб, янги билимларга интилиши ва уни эгаллаши унга берилган имконият эканлиги ва инсон бу имкониятлардан ўринли фойдаланиб, камолатга эришиши мумкинлиги асарда кўрсатилган.
Бу мартаба инсон учун бахт-саодат бўлиб, бунга етишган инсоннинг руҳи дунё моддийлигидаги ташвишлардан қутулиб, руҳий олам мавжудотларига яқинлашуви (бу албатда ҳар қандай эркин, ихтиёрий ҳаракатлар билан эмас, балки) меъёрий, аниқ-равшан, ва мақсадли ҳаракатлар , амаллар билан етишади деган ҳулоса мавжуд (А.Қ).
Форобий “Бахт-саодатга етказадиган ихтиёрий, эркин иш-ҳаракатлар гўзал иш ҳаракатлардир. Буларни келтириб чиқарувчи хулқ-одатлар фазилатлидир. Инсонга фазилатни Тангри ато этади”15,- дейди.
У инсонларнинг ўзаро бирлашувлари, ўзаро ёрдам эҳтиёжлар тўғрисида фикр юритиб, “ҳар бир инсон табиатига кўра ўз эҳтиёжларини қондириш ва камол топиши учун жуда кўп нарсаларга (кийим-кечак, озиқ-овқат, уй-жой, китоблар, устозларга, дўстларга)” эҳтиёжи бор. Инсон барча зарур нарсаларни бир ўзи ҳосил қилмайди, буларни топиш учун у турли касбдаги одамларнинг хизматига муҳтожлик сезади”16 деб кўрсатади.
Бунинг учун инсонлар жамоага ва жамиятларга бирлашувлари, ҳар бир шахс ўз истеъдодига ва қобилиятига қараб касб-ҳунарли бўлиши ва ўз ҳунарида камолотга эришуви зарурлиги кўрсатилади асарда.
Одамлар бирлашадиган жамиятларни Форобий қуйидагича кўрсатади; “Тўлиқ жамиятлар уч турли: буюк жамоа ер юзидаги барча одамлар яшайдиган жойлар жамоаси. Ўрта жамоа- бирор халқни ташкил этади. Кичик жамоа – у ёки бу шаҳар аҳолиси бирлашмаси”, Оила энг кичик жамоа”,22 деб изоҳлайди. У бу жамоаларнинг яшаш имкониятлари турлича бўлишлиги, масалан, энг яхши неъматлар ва мукаммал нарсалар шаҳардан топилади, кичик жамоаларда камолотга етишиш имкониятлари камроқ, чунки уларда мактаб, мадрасалар, устахоналар йўқ, деб кўрсатилади.
Форобий фозиллар шаҳри ҳақида тўхталиб, “Ҳақиқий бахт-саодатга етишув йўлида бир-бирига ёрдам бериб, яхши, гўзал иш ва амаллар қилувчи одамлар яшайдиган шаҳар фозил шаҳар, яъни фозил одамлар шаҳридир”,23 - дейди.
Бу ерда асарда кўтарилган муҳим масалага (бу табиий ҳол. А.Қ) яъни инсон бадани азолари табиатдан берилган ўз вазифасига кўра бир-биридан фарқланади, инсондаги барча аъзолар қалбга, юракка бўйсунади. Қалб бу маконда (инсон вужудида) раис, юрак эса унга энг яқин аъзо, у қалбга хизмат қилади, юракнинг мавқеи ўзига хизмат қилувчи аъзолардан баланддир, қолганлари иккинчи , учунчи, тўртинчи ва бошқа даражалардадир. Шаҳар жамиятнинг раис аъзоси ва унга яқин аъзолар (масалан вазирлар, ҳокимлар), кейин эса уларга хизмат қилувчи аъзолар мавжуд. Улардан кейинги охирги даражадаги хизматчилар - оддий фуқоролардир. Агар инсон бадан аъзолари ўз даража ва тартиблари табиий бўлгани учун ҳам, ўз вазифаларини тартибли равишда бажаргани ҳолда, инсонлар жамиятида эса раис аъзо ҳам, унинг хизмат қилувчилари ҳам ҳамма вақт ҳам тартибли бўлавермайди. Чунки аъзоларнинг даражаси ва мавқеларидан ташқари қобилиятлари, истак-иродалари, ҳунарлари турличадир, шулар сабаб улар ўз ирода истагича ҳаракат қилолмайдилар.
Демак, инсон таъна аъзолари ўз яратилишларида мукаммал бўлиб, (чунки уни табиат-Оллоҳ мукаммал қобилият соҳиби этиб яратган), улар мукаммаллик борасида жамият тузилиши (жамиятни инсонлар барпо этади) дан устун туради. Жамият тараққиётидаги кўплаб нуқсонларнинг мавжудлиги унинг аъзолардаги мавжуд бўлган нуқсонларнинг иникосидир, деб аташ мумкин (А.Қ).
Бундай нуқсонлар бўлмаслиги учун Форобий кўрсатганидек, шаҳар (давлат) жамиятнинг барча таркибий қисмлари бир инсон вужудининг турли аъзолари фаолияти каби ўзаро мувофиқлашган бўлиши зарур: 19
Форобийнинг бу фикри ҳозирги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этишда жамиятда амалга оширилаётган кенг кўламли барча соҳалардаги самарали фаолиятга бевосита таалуқлидир. Бу муваффақиятли ишларнинг асоси- мамлакат Президенти Ш.М.Мирзиёйевнинг давлат бошқаруви санъати (раис аъзо санъати А.Қ) ва унинг жойлардаги (аъзолари) вазирлар; ҳокимларнинг ўз вазифаларига садоқатли муносабатлари деб билмоқ керак.
Аммо, давлат бошлиғи қилаётган буюк мақсадлар ва ниятлар жамиятни ташкил этувчи аъзолар олдига катта- катта ижодий меҳнатларни, бунёдкорликни кўндаланг қўймоқда. Қилинган ва келажакда бажарилиши зарур бўлган ишлар мамлакатни буюк, ҳар томонлама тараққий этган давлатга айлантириши ҳақиқат, бунга етарли асослар, иқтисодиёт, илму-фан тараққиёти, энг муҳими инсон омили-илмли, шижотли ёшларимиз бор (А.Қ)
Форобий фозил шаҳар раҳбарининг сифатлари тўғрисида тўхталиб, Биринчи сабаб Тангри марҳамати билан гўзал хулқ, фазилатлар, қобилиятлар ато қилинган йўлбошчилар ўз фаолиятига биринчи сабабнинг буюргани- олий мақсадни кўзлайдилар ва бу ишда ул зотдан қувват (ва қудрат) оладилар. Фозил одамлар шаҳрининг раҳбари ҳам шундай, Худо таоло сийлаб, назар қилган баркомол инсонлардир, - дейди.
Форобий ҳар қандай одам ҳам шаҳарга раҳбарлик қилолмайди, дейди. Раҳбар бўлиш учун қуйидаги шартлар:

  1. Инсон табиатида раҳбарлик қилиш қобилияти (маънавий ва ахлоқий етуклик) бўлиши,

  2. У юрт мавқеи инсоний фазилатлари билан халқ орасида ҳурмат қозонган, раҳбарлик соҳасида тажрибаси бўлиши кераклиги кўрсатилади,

Раҳбар ақлий қуввати ва тасаввур қуввати жиҳатидан ҳар томонлама камол топган энг етук одам бўлиши зарур, деб таърифлайди файласуф.
У Фозиллар шаҳри ҳокимининг фазилатлари ҳақида алоҳида шарҳ бериб, шаҳар аҳолисига имомлик қилувчи оқил киши бўлишлигини, у табиатан ўн иккита хислат фазилатни ўзида бирлаштирган бўлишлиги:
биринчидан – унинг тўрт мучаси соғ-саломат бўлишлиги,
иккинчидан – у табиатан нозик фаросатли бўлиб, бошқаларнинг сўзларини, фикрларини тез илғаб олиши ва масалани равшан тасаввур эта олиши зарур,
учинчидан - у кўрган, эшитган, англаган, идрок этган нарсаларни хотирасида тўла тўкис сақлай олиши , унутмаслиги зарур,
тўртинчидан - у зеҳни ўткир, зукко, барча нарсаларни аломатларини тез англай билишлари,
бешинчидан – у фикрини равшан ифодалай оладиган бўлиши,
олтинчидан – у маърифатга, таълимга, ўқишга, ўрганишга ҳавасли бўлиши,
еттинчидан - таомга, ичимликда, аёлларга яқинлигида очофат эмас, ўзини тия оладиган бўлишлиги,
саккизинчи - у ҳақ ва ҳақиқатни, одил, ҳақгўй одамларни севадиган,
тўққизинчи – у ўз қадрини билувчи, номус-ориятли, одам бўлиши,
ўнинчи - у молу- дунёга қизиқмайдиган бўлиши,
ўн биринчи - у адолатпарвар, одил бўлишлиги, жабр-зулмни, истибдодни, золимларни ёмон кўрувчи,
ўн иккинчи – у ўзи зарур деб ҳисоблаган нарсани бажаришда қатьиятли, саботли, журъатли, жасур бўлиши кераклигини алоҳида қайд этади.
Бир имомнинг ўрнига келган кейингисида хам шу хислатлар-фазилатлар ёшлигидан шаклланган бўлиши кераклиги, у имомда яна олтита фазилат хосил қилиниши зарурлиги кўрсатилади.
Форобий юқорида келтирилган фазилатлар бир одамда жамланиши жуда қийин, энг камида у фазилатларнинг ярмига эга одам топилса хам уни хоким (имом) этиб тайинлаш мумкин, ёки ўша фазилатлар икки-уч кишидан таркиб топган бўлса, улар имомликка лозим кўрилади, -деб кўрсатади.
У имомлар рахбарликларидаги яна асосий бир нарсага эътиборни қаратади. Бу - рахбарликдаги ворисийлик. Имом ўзидан аввалги имом яратган қонунларга ва тартибларга риоя қилиши ва зарур ҳолларда янги қонунлар ихтиро қилиб, халқ фаровонлигини яхшилаш йўлида ижод этиш керак деган ғоя илгари сурилади.
Худди мана шу ворисийлик ва қонун ижодкорлиги тамойили бугун янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида кенг тарзда амалга оширилмоқда. Раҳбар кадрларни танлаш, тарбиялаш ва жой-жойига қўйиш масаласи мамлакат раҳбарияти олдида турган долзарб масаладир. Бу масалани хал этишнинг бирдан-бир йўли мамлакатда таълимга, тарбияга энг устувор вазифа сифатида қаралиши мамлакат Президенти томонидан белгилаб берилди.
Асарда фозиллар шаҳрининг зидди бўлган шаҳарлар ҳақида сўз юритилиб, бу жоҳиллар шаҳри, беномуслар шаҳри, айирбош қилувчилар шаҳри, адашган, залолатдаги одамлар шаҳри, деб кўрсатилиб, уларга алоҳида-алоҳида таърифлар берилади.
Бу турдаги шаҳар аҳолиси бахт-саодатга интилмайди, асл бахт-саодат нималигини билмайди ҳам. Улар юзаки нарсаларни, мол-дунёни, жисмоний лаззатларни, хирсу-шахватни, обрў, амал, шон-шуҳратни ҳақиқий бахт, фаровонлик, деб ўйлайди24.
“Бундай шаҳарнинг ҳокимлари фозиллар шаҳри ҳокимларининг тескарисидир. Шаҳарни бошқариш усуллари ҳам мутлақо қарама-қаршидир. Бундай шаҳарнинг биринчи бошлиғи ўзини илоҳий нур соҳиби қилиб кўрсатади, аммо аслида бундай эмас, у ўзининг илоҳийлигини исботлаш учун алдов, риё, кибри- ҳаво билан иш тутади”25 - деб таьриф беради Форобий.
У бундай шаҳар одамларидан баьзилари ҳамма учун муштарак (умумий) бўлган билимни ўрганиб иш юритсалар, баъзилари эса муайян мавқеидаги одамлар билиши зарур бўлган билимларни ўрганиш билан банд бўлсаларда, уларнинг ҳар бири шундай умумий ва ҳусусий билимлар ва фаолиятлар орқали саодатга эришадилар,26 деб изоҳлайдилар.
Бунда албатта ҳар бир одам ёки гуруҳ шуғулланувчилар ўзлари шуғулланган соҳалари меъёрида билимларга эгалик қилиб, комилликка қараб борадилар. Аммо ҳар икки тоифанинг қўлга киритган ютуқлари жамиятнинг умумий соадатига, раванақига келиб қўшилади ва натижада бутун бир даврни комиллаштиради. Бундай сифатлар инсоният тарихида юзага келишида мисоллар кўп .
Шуни таъкидлаш жоизки, фозил шаҳар тузуми ва одамлари адолатли раҳбар тўғрисидаги фикрлар, ғоялар қадимги юнон мутафаккирлари асарларида ҳам ўз ифодасини топган. Масалан, бу масалага Афлотун тўхталиб, яхши қонунлар, тарбияли раҳбарлар-ҳокимлар, яхши бошқарув, қонунларга итоаткорлик, юксак аҳлоқ, баркамол ақл, фаровонлик ҳақида фикр юритади .
Форобий Фозил одамлар шаҳри аҳолисининг турли халқлари (фазилатли шаҳарда турли динга этиқод қилувчи ва турли миллат вакиллари яшашлиги мумкинлигини кўриш мумкин). У ягона (Ҳақ-таолога А.Қ) ишониб, ягона саодатга, ягона мақсадга интилсаларда, уларнинг динлари турлича бўлиши мумкин, деб кўрсатади. Унинг бу ғоясида турли динга ва миллатга мансуб инсонларда муштараклик, ягона мақсад, орзу, ният, ягона Оллоҳ борлиги ёрқин кўрсатилган.
Асарда одамларнинг бир тоифаси борки, улар тафаккурлари заифлиги туфайли ҳақиқатдан чалғиб, тасаввурларида қай бири тўғрию, қай бири ёлғон ажрата олмай қоладилар, ҳатти ёлғонни ўзларича ҳақиқат деб ўйлайдилар . Ҳақиқатни эса ёлғон деб фахмлайдилар, деб талқин берилади.
Форобий аҳолиларининг диний этиқодлари ҳурофий, ҳато дунё қарашларда асосланган шаҳарларни жаҳолатдаги ёки адашган шаҳар дейилади, деб атайди. (Бу ерда шу нарсага яна этиборни қаратамиз, у ҳурофийлашган диний қарашлар ҳақида айтмаяпди, ҳеч қачон ислом динидан ўзгасини эмас, юқорида айтганимиздек, одамлар ягона Оллоҳга сиғинадилар. А.Қ).
Адолат тўғрисида Форобий фикр юритиб, ҳар бир кишилар гуруҳи ўз манфаатлари, хавфсизликлари, шон - шавкати, фаровонлиги, роҳати учун курашадилар, рақобатлашадилар ва бу қулайликлар фақат бизда бўлсин деб интиладилар, уни қўлга киритсалар ғолибликларидан завқланадилар ва буни адолат қарор топди деб ўйлайдилар, енгилганлар эса ғолибларга хизмат қиладилар, дейди.
Буни шундай тушуниш керакки, вақти келиб, ғолиб гуруҳ мазлумга айланади, кейинги ғолиб гуруҳ адолат тикланди, деб ўйлайди. Бундан ҳулоса шуки, ҳар бир адолатнинг ўз даври ва эгаси бор деб англаш мумкин (А.Қ).
Инсон гуруҳлари (давлатлар ўртасида ҳам) ўртасида кучлар тенг келиб қолса, улар бир-бирига иттифоқлик таклиф қиладилар, ёки яна бири кучайиб кетса иттифоқлик бузилиши мумкин.
Мабодо ҳар иккиси учун хавф солувчи учинчи куч пайдо бўлса, улар яна дўстликка қайтиб, учинчига қарши бирлашадилар, яъни айримликка бўлинган жисмлар яна умумийлика бирлашадилар, ҳатто қорувшувлар пайдо бўлиб, янги бир жисм-куч пайдо бўлади, яъни бирлашган жамоа демоқчимиз (А.Қ).
Шундай қилиб, буюк бобомиз Шарқ уйғониш даврининг йирик вакили Абу Наср Форобийнинг илмий фаолияти нафақат мусулмон дунёсининг, шу билан бирга жаҳон халқлари ҳаётининг жавҳари тарзида инсонлар томонидан ўрганилмоқда ва уларнинг дунёни фалсафий, мантиқий жиҳатдан англашларига бевосита хизмат қилмоқда.
Янги Ўзбекистонни барпо этаётган ёшларимизнинг дунёқарашини шакиллантиришда, уларнинг фаоллигини янада оширишда Форобий асарларини чуқур таҳлил қилиш долзарб масалага айланмоқда.



Download 424.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling