Фалсафа мукаммал билимлар асоси
Download 424.5 Kb.
|
Абдушукуров монография
- Bu sahifa navigatsiya:
- АРАСТУ ФАЛСАФАСИ.
ФОРОБИЙ ҲИКМАТЛАРИ:
Ҳар бир инсон ўз табиати билан шундай тузилганки , у яшаш ва олий даражадаги етукликка эришмоқ учун кўп нарсаларга муҳтож бўлади, у бир ўзи бундай нарсаларни қўлга кирита олмайди, уларга эга бўлиши учун инсонлар жамоасига эҳтиёж туғилади. Одамларга нисбатан уларни бирлаштирувчи бошланғич асос инсонийликдир, шунинг учун ҳам одамлар инсоният туркумига кирганликлари туфайли ўзаро тинчликда яшамоқлари лозим, Кишилар жисмоний ва туғма қобилият, куч-қувватда бир-биридан ортиқ-кам бўладилар. Бу даража касб-ҳунар ва билимларининг ортиқ камлигида ифодаланади. Бахтга эришиш мақсадида ўзаро ёрдам берган халқ-фазилатли халқдир. Шу тартибда барча халқлар бахтга эришиш учун бир бирларига ёрдам берсалар, бутун ер юзи фазилатли бўлади. Бахт-саодатга эришув йўлида нимаики ёрдам берса уни сақламоқ ва мустаҳкамламоқ, нимаики зарарли бўлса уни фойдали нарсага айлантиришга ҳаракат қилмоқ зарур. Инсон яхши тарбия кўрмаган ва турмушда тажриба ортирмаган бўлса у кўп нарсаларни назарга илмайди ва улардан жирканади. Ақлли деб шундай кишиларга айтиладики, улар фазилатли, ўткир мулоҳазали, фойдали ишларга берилган, зарур нарсаларни кашф ва иштирок этишда зўр истеьмолга эга: ёмон ишлардан ўзини четга олиб юрадилар. Бундай кишиларни оқил дейдилар. АРАСТУ ФАЛСАФАСИ. Арасту (Аристотел) фалсафасининг бош мавзуси Афлотундагидек инсон ва унинг баркамоллигига ўхшайди, баъзан ундан ҳам кучлироқдир. У одамларнинг эзгуликка интиладиган мақсадларни тўртга бўлади, булар: тан соғломлиги, туйғулар соғломлиги, идрок этиш қобиляти соғломлиги, интилиш қобилияти соғломлиги, инсондаги бу мақсадлар биридан бошқасига, яъни фаол интилишининг дастлабкиси бошқаси билан қўшилиб, мазкур одам учун бўлади, ёки бошқа биров учун бўлади, бу фойдали интилишдир. Демак бизнинг фикримизча бу эзгу интилишлар йўқ бўлиб кетмайди, балки улар бир-бирига таъсир кўрсатиб, ўзгариб турадилар. Бу ўзгаришлар таркиб топаётган нарсаларнинг бузилишига ёки аксинча баркамолликка қараб бурилиши мумкин. Бу жараённи қўрқмасдан ижобий холат дейиш мумкин, чунки мақсадли интилишлар турли хил тоифага мансуб кишилар иштирокидаги ходиса бўлгани учун уларнинг мақсадлари мазмуни, тушунчалари бир хил эмаслар. Шулар сабаб уларнинг бу интилишлари ўзгаришлар жараёнида бир-бирини тўлдиради, яхши мақсадлар ғолиб бўлади, улар сараланади. Бу ижобий холатдир, дейиш мумкин. Инсон ўзи ва ўз руҳи ўртасидаги мавжуд имконияти билан улуғворликка, баркамолликка эриша олса унинг руҳи улуғвор ва олийжаноб бўлади ва бу одам ўзи эришган фазилатлардан бағоят завқ олади, хурсанд бўлади деган ғояни асардан англаймиз. Шарҳда “энг юксак, баркамол билим (даражасига) эришган ҳар-бир инсон энг юксак ҳузурга молик бўлади. У руҳида баркамол билимга эришган чоғда ундан олайдиган ҳузури ҳам тўлақонли ва баркамол бўлади27”, -дейилади. Фикрлар юритиш ва таҳлил этиш туфайли инсон ўзида аввалдан номаълум бўлган билимларни топади, аммо кўпинча хулосаларнинг қайси бири фойдали, қайси бири зарарли эканлигини билолмайди, фақат таҳлиллар давомийлиги унга тушунча фарқларини кўрсатади. Асарда инсонда билимга бўлган интилишнинг сабаби нимада, агар соф инсоний сифат бўлмаса, инсонни ҳақиқат томон йўналтирувчи билим, идрок этишга бўлган интилиш қобилияти нега берилган... нарсаларни идрок этиш, билиш учун зарурат туғилмай туриб, билим хайрли бўлмайди. Яна билим сифати зарурий даражадан ортиб кетмаслиги керак. Инсон интилаётган нарса ҳаддан зиёдми, йўқми ва инсонга табиатан хос бўлган бу ҳаддан зиёдми, йўқми ва инсонга табиатан хос бўлган бу ҳаддан зиёд хоҳишни чегаралаш ва босиб туриш кераклиги ёки умуман йўқотиш зарурлиги? -деган фикрлар берилади. Бу ердаги зарурат туғилмаган билим хайрли эмас, -деган тушинчада кўп маъно бор. Бундан зарурий билимлар инсон эхтиёжини қондирувчидир, эҳтиёждан ортиғи инсонларга ташвишлар келтириши мумкин. Бу ҳозирги даврдаги фан-техника тараққиёти ютуқларининг айрим соҳалари инсонлар бошига кулфатлар келтираётгани маълум. Масалан, атом ва бошқа оммавий қирғин қуролларининг ишлаб чиқарилиши инсониятнинг ўзи ўйлаб топган офат ва унинг сабабчиси ҳам ўзи эканлиги аён бўлмоқда. Булар мутафаккирларнинг дунёнинг тузилиши, инсон тафаккурининг кучи-қудрати, бунёдкорлиги зарурат эканлиги аммо бу жараён сиёсий тузум томонидан фақат ақл билан бошқарилиб туришлигигина фаровонликка олиб келиши мумкинлиги қоидаси муҳимдир. Акс ҳолда илм ютуқларидан нотўғри фойдаланиш “хайрли бўлмайди” деган мутафаккирнинг ғоясини яна эслатиб ўтамиз. Аммо бу билан одамнинг имкониятлари чегараланиб қолмаслиги керак, у доимо интилиши ва мақсадни амалга ошириши керак. Инсон мақсади унинг баркамоллигидан далолатдир. Аммо инсонни ўраб турган табиат, коинот, жамият муаммолари бехисобки, бунинг барчасини бир ёки бир неча инсонларнинг билишлари, тушиниб етишлари, хақиқий манзарани, моҳиятни тўлиқ англаши жуда қийин. Демак дунёнинг тузилиши ва инсоннинг уни билишга интилиши ўта мураккаб бўлиб, бунда тафаккурли инсон хақиқий билимларга, гарчи улар хали нисбий бўлсаларда интилиб яшайдилар. Мутафаккир инсон коинотнинг бир бўлаги экан, унинг мақсадини билиш учун аввало бутун коинотнинг мақсадини билиб олишимиз керак, дейди. Форобий Арастунинг турли туркум ва даражадаги одамларни қандай, нималарга, билимларининг қайси турларига ўргатиш зарурлигини тушунтиради, улар ўзи интилаётган мақсадини яхши тасаввур этсин, олган билимлари билан жоҳилятдан қутулиб шу билимлаирни ўзларига раҳнома, дастур қилиб олсин, -деган ғоясини маъқуллайди. Форобий “агар инсон яратилишининг мақсади бўлмиш баркамоллик инсонга фақат табиатан хос бўлганида ва фақат яхши ният билан амалга оширилганида эди, у холда баркамоликка етиштирувчи фаолият ва ҳаёт тарзи фақат чин инсоний фазилат, эзгу ишлар ва фаолиятлар, гўзал ҳаёт тарзи бўлур эди. Аммо инсонни ушбу баркамолликдан маҳрум этадиган ҳолатлар ҳам бор, инсоний бўлмаган бу фаолятлар ва ҳаёт тарзи мараз, хунук ва ёмон ишлар ҳамда ёмон фаолиятлардир”, -деб қайд этади. Шарҳда Арасту фикрича фанлар уч хилда намоён бўлиши, улар “мантиқ санъати”, “табиат ҳақидаги фан (физика)”, “ниятлар хақидаги” фанлар эканлиги, мантиқ санъати бу икаласидан юқорироқ туради деб, қайд этилади. Мантиқ фани ҳақида яна тўхталамиз. Форобий шарҳларида “хақиқий билим изланади ва тахмин қилинади”, ...илмий йақинийа (ишончли илм), нарсанинг, буюмнинг нима учун мавжудлиги ва нарса зотининг мавжудлиги туфайли мавжудлиги ҳамда, бу билим хилларга бўлиниши айтилади. “Агар нарсанинг мавжудиёти асос ва сабабларга эга бўлмаса, бу нарсанинг нега мавжуд эканлиги ҳақида илми ал-йақинийага эришиб бўлмайди, аммо нарсанинг мавжудиёти бор экан, илмий ал-йақинийага етишса бўлади”28, дейилади асарда. Форобий илмий йақинийага эришишга имконият берилмайдиган, мавжуд нарсаларни ўзида жо этган зарурий муқаддимотлар билан, зарурий ва имконий (эҳтимолий) муқаддимотларни бартараф этишга восита бўлган моддалардан фойдаланиб, улар (моддалар)ни таҳлил этувчи санъатларнинг ўртасидаги фарқни кўрсатади. Арасту бу фанни “фалсафа” деб атайди. Таъкидлаш жоизки, асарда фалсафадан бошқа санъатлар хам борлиги, улар хам фалсафага тақлид қилиб билимларни ва амалларни чуқур таҳлил қилишни қабул этиш санъати хам фалсафа санъатига яқинлиги сабабли ҳам фалсафа дейилади, ...аммо инсон ўз зоти ва фаолиятига, фазилатининг аслига ва амалларига муносабати сифатида кўрилгани учун ўз номи билан, бошқа фанлар орасида алоҳида ном билан фалсафа деб аталади, деган фикрни беради. Бунда биз турли санъатлар ҳақидаги умумийликдан, тушунлардан алоҳидаликни, яъни умумийликда фалсафанинг ўрни алоҳидалиги, бошқа барчалари унинг услубидан фойдаланиши, унга таяниши, унинг назарий ва амалий асосларининг муҳимлиги уни бошқа санъатларга нисбатан “ишончли илм” эканлигидан далолат беради Бу борада Форобий Арастунинг фалсафасига юқори баҳо бериб, уни мутлоқ маънода “фалсафа” ва “билим” деб, ёки яна “фалсафалар фалсафаси”, “билимлар билими” деган ажойиб фикрни тасдиқлайди. У яна фалсафа санъатини олқишлаб, Арастунинг ушбу санъатини ўрганиш учун ва ёки бу санъатга малака ҳосил учун инсон табиий-руҳий қобилятга эга бўлиши кераклиги, агар инсон бундай фазилатлардан мосуво бўлса, ушбу санъат билан шуғулланмаслиги тўғрисидаги фикрини тасдиқлайди. “Табиатан туғма хислатлари ва қобилиятлари борлар... табиатан алохида одамлардир. Алоҳида қобилияти бўлмаган одам эса табиатан оддий одамлардир29”, -дейди асарда. Форобий Арастунинг яна бир санъат тури ҳақида, бу санъат туфайли инсон ҳар қандай изланадиган мақсад ҳақида эҳтимолий ахборот берувчи ҳар бир қиёс силлогизмни зудлик билан олиш қобилиятига эришиши, қиёслардан топган нарса илмий қонунларни топишга таёргарлик вазифасини ўташи зарур, деган фикрни маъқуллайди. Бу ҳақда қуйида алоҳида яна тўхталамиз. Асарда софистика (сўфистайина) санъати (қуруқ сафсата) бўйича баҳсда қатнашувчиларининг ҳар бирлари қуйидаги олти нарсани қўллашади: биринчиси танбех, иккинчиси саросима довдираш, учинчиси туҳмат ва қатъият, тўртинчиси нутқда дудуқланишга мажбур қилиш, бешинчиси сафсата, олтинчиси сукутга мажбур этиш каби турлари кўрсатилади ва мисоллар билан ифодаланади. Буларнинг барчаси инсон онгига (тадқиқотчининг албатта) тилига жароҳат етказади. Бу усул ўша қадимий юнон даврида хам, ўрта асрда, айниқса мусулмон дунёси фалсафасида хам, (18-19-аср дунё фалсафий таълимотларида хам фаол қўлланиб келинди ва) бу таълимот ҳақиқий илм тараққиётига ўзининг чалкашликлари билан зиён етказиб келди, сўфиситанийа санъати диалетика санъатини ҳақиқатга ва илмий йақинийага эришиш йўли бўлган усулларидан чалғитади, деган фикр берилади асарда. Бу қоидалар Арастунинг “Топика” номли асарида ёритилган. Илмий ал-йақинийа (ишончли илм)га фақат мантиқ илмидан фойдаланибгина эришиш мумкинлиги ва бу илмдан фойдаланмайдиганларни бу санъатни ўрганишга қодир бўлиши таҳлили асарда қуйидагича берилади. Ўрганувчилар икки гурухга, биринчиси табиатан қобилияти бўлмаганлар ва иккинчиси қобилиятсиз, аммо бетиним машқлар орқали ўз меҳнатлари билан илми-йақинийага етишишга интилувчиларга бўлинадилар. Шу билан бирга Арасту ўз мақсадларини мукаммал билувчи ва олдиндан тасаввур қилувчи ва илмий-йақинийага эришишга табиатан тайёр одамларгина интилишлари ўринли деб билади. Шу билан бирга мақсадга интилувчи бошқалар хам ўз идрокларича харакат қилмоқлари зарурлигини айтади. Улар одамлардан ўрганганлари билан чегараланиб қолмасдан ўзлари хам илмий-йақинийага эришишга ҳаракат қилмоқлари уқтирилади. Инсон мунтазам равишда ўзи ва руҳияти ўртасидаги ва бошқа билан ўзи орасидаги мавжуд нарсаларни тадқиқ этишда ҳаракат қилмоқлиги керак. Буларни у сабот билан ўқитиш (ўрганиш-ўргатиш) баҳсга киришиш ва химояланиш усуллари билан амалга оширишлари зарур. Бу машқ ва санъат орқали инсон эришган қобилияти “мантиқий қобилият”, деб аталиши асарда алоҳида қайд этилади. Табиатан мавжудликнинг борлиғи инсоннинг идрок этиш қобилиятига боғлиқ бўлмасдан, балки бу табиатан мавжудлик-табиат сифати ва мохияти бўлиб, бу уларнинг биз идрок этадиган ва хис қилайдиган белгиларидир. Инсон ўз идроки билан тўлдирилган ҳолат (бу ҳам нисбий тушунча) мантиқий ҳолат йўриқларидир дейиш мумкин. Мантиқ санъати тўғри фикр юритишга алоҳида қоидалар, усуллар ва йўсинлар беради деган фикрлар асарда берилади. Асарда кўплик (беадад) зиддиятлар ва сифатлар бир-бирларини алмаштириб туришлари ва ушбу жараёнда битта ўзгармайдиган доимий нарса бўлиб, у ушбу алмашинувларни сақлаб туради ва уларга сингиб хам кетади. Бу нарсалар бир-бирига эргашиб ва ўзгариб турганлари ҳолида доимий бўлиб, келадиган нарса “жавҳар” (асл, асос субстанция) деб аталади. Ўзгариб ва алмашиниб турадиган нарсалар эса “араз” (акциденция) дейилади деган фикрлар мавжуд асарда. Инсон ўз ҳис-туйғулари орқали биладиган ва улар тасдиқ этадиган нарсалар табиатан мавжуд нарсалар бўлиб, улар ҳақида ўз категориялари орқали бизга ахборот беради, яъни нарсанинг жавҳари деб айтганимиз ўзи ҳақида қуйидагиларни билдиради: “нималикнинг ўзи нима, у ўзи қанча, қандай ёки ўзи нималикдан” бошқа бир ҳолат ҳақида хабардор этади, деган фикрлар асарда ўз таҳлилини топган. Инсон тасаввуридаги ақлан тушунадиган моҳиятлар ва сифатларнинг кўплигини ва қандай ҳолатда эканликларини билганида, у фикр қилган кўпликни (беададликни) хаёлан тасаввур қилади. Маълум бир нарса ҳақида, унинг тутган ҳолати тўғрисида у беадад (кўплик) моҳият ва сифатларга эга эканлиги маълум бўлса, бундай ҳолда ўша нарсага мазкур сифатлардан исталган бир сифат мансуб эканлигини англаш мумкинлигини тушунамиз. Бу умумийликнинг замирида айримликнинг, алоҳидаликнинг доимо мавжудлигидан далолатдир дейиш мумкин. Инсон беададликдан (кўпликдан) берилаётган ахборотларнинг фарқларини билолган тақдиримизда унинг “нима эканлигини” белгиловчисини аниқлаши мумкин ва худди мана шу пайтда инсонга ўша нарсанинг жавҳари (субстанция) маълум бўлади. Форобий барча табиатан махлуқотларни (моҳият, сифат) том маънода жавҳар деб аташ мумкин ва унга табиатан талуқли бўлмаган барча нарсалар эса мутлоқ деб аталувчи жавҳарнинг арази деб аташ мумкинлиги, мутлақ жавҳардан бошқаси мавжуд эмас, деб қайд этилади асарда, бошқалари эса умумий ном билан “жавҳардаги аразлар” деб аталади. Арасту бу қоидасини ривожлантириб, у ушбу ҳолни ўзининг мантиқдаги давоси билан қувватлаб, жавҳардаги мавжуд аразларнинг жавҳардаги моҳияти “нималигини” аниқловчилари хам, ва ўз навбатида араз ёрдамида аниқловчилари ҳам бўлади. Фақат зотий (айнанлик)дан биринчи тартибдаги “нималик” келиб чиқади. Бу мутлоқ жавҳар шундайки, уни аразлардан инсон ўз хис-туйғулари (шуурлари) ва на хатто фикри билан ажратиб бўлади, бунда фақат ақл жавҳарни идрок этиш орқалигина ажратиб олади... борлиги инсон иродасидан ташқарида мавжудлиги бўлган нарсалар табиатан мавжуд нарсалардир деб аталиши қайд этилади. Форобий Арасту бу ерда ўз мақсадига ҳис-туйғу туфайли етиб бормади ва туғма одатлари маъқулотларни (моҳият сифат) билгандай бўлмади, балки ўзи мантиқда эслатиб ўтган нарсаларни тадқиқ этиш усули туфайли муқаддимоти аввалини (зотийни, айнанни, А,Қ) аниқлаб, мақсадига эришди30, -деб таъкидлайди. Бу ерда Арастунинг “Органон” номли асаридаги услубиятни, яъни бу асарнинг дунё тузилишини ўрганишдаги “билимлар қуроли” деб аталишини ва олим ундаги мантиқ ва силлогизм каби қатор “билим қуроллари” орқали ўнлаб табиат ва ижтимоий ҳаётнинг мураккаб тузилмаларини чуқур ўрганганлигини ўқувчиларга маълум қилиш зарур деб ўйлаймиз. Форобий туйғу билан идрок этувчи нарсаларда маълум бир икки нарсалардан ажралиб турувчи алохида нарсалар йўқ... жавҳарий бўлмаган нарса умуман бўлмаслиги мумкин, мавжуд бўлмаган нарса эса умуман ҳеч нарса эмас.., ҳақиқатдан мавжуд бўлмаган ва мавжудиётдан ташқари бўлган нарса умуман мавжуд эмас, деб кўрсатади шарҳларда. У Арастунинг фазо тузилиши ҳақидаги тадқиқотини шарҳлаб, фазода намоён бўлган жавҳарнинг эни, бўйи ва қалинлиги борлигини, жавҳар фазода чўзиқ ҳолатда деб таърифланса у баъзан, жисмлар, баъзан эса “жисмий жавҳарлар” деб аталганини қайд этади. Асарда кўрилаётган хар бир нарсани у икки-жадалий (диалектик, А.Қ) вва илмий ал-йақинийа тарафидан солиштиради ва ушбу услуб билан мавжуд нарсаларни таърифловчи умум асосларини аниқлайди. Форобий ҳаракат даражасин, у қандай намоён бўлишини ва моҳиятини таҳғлил қилади. У бениҳоя фазода узалган жисмий табиий жавҳар йўқлигини ва ҳар бир жисмий жавҳар фазода чекланганлигини тушинтиради. У макон категориясига ва унинг мохиятига хос бўлган нарсалар таърифига тўхталиб, қисм учун макон зарурми, йўқми деган масалага тўхталади. Асарда жисмларнинг ҳаракати ва бу ҳаракатларнинг бошланишига зарур бўлган беҳисоб сабабларга тўхталиб, бир-бирига тегиб турувчи бошқа жисмлардан ҳаракатланайдиган жисмлар борлигини ва улар эса ўз навбатида бошқа жисмлардан ҳаракатланиши ва бу ҳаракат шакли фақат механик ҳаракат бўлиши кўрсатилади. Жисмларни ҳаракатга келтирувчи ҳаракат кучи тўғри чизиқли бўлмай, айланма ҳаракат бўлиши, бу жараённи бошлаб берувчи бошланғич жисм зарурлиги ва ундан ҳаракатни қабул қилувчи ва бошқа жисмларни айланма ҳаракатга келтирувчи яна бошқа жисм бўлиши кераклиги шарҳларда баён этилган. Бу баённи таҳлил қилиб, табиатдаги (ҳатто жамиятдаги ҳам) барча ҳаракатлар, ердаги инсон учун зарур ҳаракатлар тизими барчаси ва коинот жисмлари ҳам шу қонунга тобеълиги кўринади. Бу ҳаёт қонунияти бўлиб, файласуф бу қонунятларни азалдан ўрганиб турлича талқинларни қилганлар. Бир-бирига яқин жисмлар фазода шундай жойлашганки улар орасида мутлақ бўшлиқ йўқ, бу ёндош жисмларни ўз ичига олган маконни Арасту “Коинот” деб атайди. Ва у, коинотни ташкил этувчи биринчи жисмлар бўлган мавжудотлардир,- деб кўрсатади. Асарда харакатнинг механик усулдалиги ва унинг учта хили: айланма бўйлаб харакат, марказга интилувчи харакат ва ўртадан марказдан четга томон харакат бўлиб, улар ўртасида бўшлиқ бўлмайди, дейилади. Арасту коинотни ташкил этувчи энг биринчи жисм мавжудлиги ва улар коинотни ташкил этувчи қисмлардан иборат бўлган мавжудотлардир, ва улардан бир бўлагининг йўқ этилиши коинотни йўқ қиладими?, деган масалага тўхталади. Бунда Арасту барча жисмлар мажмуасида ўзгаларга айланма харакат берувчи жисм (оқил жисм дейиш мумкин, А.Қ) бўлгани учун унда зарурий тарзда икки макон: марказдаги макон ва унинг атрофини қуршаган макон тўғрисидаги фикрни айтади. Асарда коинотда жойлашган жисмлар-ҳолатлари ва тартиблари таърифланиб, ундаги “биринчи жисм”нинг табиатдаги мавжуд тўрт жисм тупроқ, олов, сув, хаводан ҳам модда, ҳам шакл жиҳатидан фарқланади, улар “биринчи жисмдан” пайдо бўлмайди, улар бир-биридан ва ўзларидан оддийроқ жисмлардан яраладилар деган тушунча исбот этилади.яъни олов, сув, ҳаво, тупроқ каби табиатни ташкил этувчи элементлар бир-бирига ўтиб, айланиб турадилар деган хулоса берилади. Асарда қайд этилганидек, бу тўрт унсурлар ўзларининг асосларига ва кучларига эгадирлар, шул сабабдан улар бир-бирига ўтиб турадилар ва ўзга жисмларни ҳам яратадилар, бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтадилар, бири бошқасининг таъсирига учрайди ва бир-бирига тегиб турган ҳолатда айланма ҳаракатни юзага келтиради. Биз бу таълимотнинг, яъни жисмлар бир-бирларидан яраладилар..., бир жавҳарнинг моддаси бошқа жавҳар моддаси ҳам бўлади.., унсурлар бир-биридан пайдо бўлади ва ўзлари учун ўзга жисмларни пайдо қиладилар деб қайд этилаётган талқинлардан, яъни фикрдан фикрлар келиб чиқиши заруриятидан қуйидагича амалий хулосаларга ҳам келишимиз мумкинга ўхшайди. Масалан, хозирги фан техника ривожланиши ва унга инсонларнинг кучли эҳтиёжи борлиги ва манфаатлар кучайиши сабабли халқ хўжаллиги-тараққиёти талаблари натижасида фаннинг турли тармоқлари, айниқса табиий фанларга нисбатан жуда катта, глобал аҳамият берилади. Бу жараён дунё миқёсида амалга оширилмоқда, жадал ривожланиш йўлидан бормоқда. Масалан, нанотехнология таълимоти (назаряси амалёти хам)нинг мужассамида ихтиролар ва топилмалар жараёни худди манашу фалсафий-мантиқий таълимотниннг назарий ҳолидан амалий ҳолатга ўтишига яхши мисолдир. Ривожланиш сари йўл тутаётган хар қандай жамият фалсафий меросларга хам жиддий эътибор бермоғи керак, чунки инсон яшаётган табиат ва жамият ҳам бир маконда мавжуддир. Буларни фақат чуқурроқ тафаккур билан англамоқ лозим, англамоқ эса инсонга фаровонлик, хотиржамлик ҳадя этади. Форобий асарда Арастунинг ҳам кўрилаётган барча нарсаларни бирданига ечимини топмаганлигини, уларни ўзининг қатор асарларида турли йўлларда таҳлиллари билан ўрганганлигини ва бу ўрганишлар бир-биридан фарқланганликларини хам кўрсатиб беради. Масалан, Арасту табиатни ташкил этувчи унсурлар олов, сув, ҳаво, тупроқ биринчи энг оддий жисмларми ёки улардан аввал бошқа зарралар борми, улар бенихоями ёки ниҳоялими? Кейинги тадқиқотлар эса... унсурлар абадийларми ёки улар хам пайдо бўлиб яна барбот бўладиларми? Ва улар абадий эмаслар, чунки олов, сув, тупроқ, хаво бўлинадилар ва бир-бирига айланадилар, ҳар бир унсур ҳар бир бошқасида мавжуддир деган ғоялар келтирилади. Арасту фалсафасидаги барбод бўлишга маҳкум жисмлар яна тикланадиларми ёки уларда моҳиятсизликка айланиб йўқлик пайдо бўладими ёки яна пайдо бўлиб ва яна фасод (йўқлик)га учрайдими бунинг ниҳояси борми ё бениҳояликми деган мураккаб масалалар ёритилади. Маълумки, унсурлар (жисмлар) бир-бирларига моҳиятан зид кучга эгадирлар, шу сабаб улар ўзаро таъсир кучларига эгадурлар, ...бир-бирига аралашадилар, барбод бўладилар ва янгилари пайдо бўладилар. Уларга моҳият берувчи баркамоллик бўлиши учун моҳият камолоти унда зарурийдан ортиқча бўлмаслиги керак. Арастунинг “Органон” асарида силлогизм ва унинг моҳияти кашф этилиши мантиқ фанида беқиёс ютуқ бўлди. Силлогизм назариясининг яратилиши Аристотелнинг буюк хизматидир. Силлогизм термини фикрлар синтези маьносини бериб, у умумлаштириш, қиёслаш, ҳисоблаш, хулосалар қилиш маьносини ҳам беради. Аристотелнинг мушоҳада ҳақидаги бу таълимоти ривожи давомида синтез шакли аста-секин мураккаблашиб ва бойиб боради, ҳамда мушоҳаданинг зарурий даражасигача кўтарилади. Бунда кўтарилиш даражаси меъёри, албатта, воқеа ва ҳодисалар, предметлар, умуман моддий ва номоддий олам ва уларнинг ривожланиш қонуниятлари ҳакидаги бизнинг билимлар даражамиздан келиб чиқади. Барча нарсалар тўғрисида фикрлаш даражамиз мушоҳаданинг характерли белгиси бўлиб, у бир-биридан тубдан фарқланадиган қарама-қарши нарсаларга йўналтирилган бўлади. Мушоҳадага нарсаларни бир-биридан ажратиш ва қарама-қарши қўйиш билан бирга, уларни сабаб ва ҳаракат, оқибат ва асос шаклида ҳам қарама-қарши қўйиш хосдир. Бу объектни тўла-тўкис мушоҳада имконини, яьни мушоҳаданинг дастлабки саволларидан янги саволларни келтириб чиқаради ва бунда фикрлар хулосаси пайдо бўлади. Фикрлар хулосаси асосида воқеа, ходисаларга ва ҳо казоларга дастлабки баҳо берилади. Фикрлар хулосасига келишда, албатта, объект ҳақидаги дастабки тасаввур, тушунчаларни текшириш жараёнидаги бошланғич , мушоҳада саволи-А (термин) билан охирги хулосага келиш ўртасидаги мушоҳада саволи-Б (термин) муҳимдир. Ўрта саволнинг (термин) қай даражада мантиқли, қўйилиши ва унга тўғри мантиқли жавоблар топилиши хулосавий мушоҳаданининг-В (термин) келишига шароит яратади. Демак, ўрта мушоҳада-Б саволи ўз мазмунига кўра дастлабки мушоҳада-А билан охирги хулосавий мушоҳаданинг-В боғловчиси сифатида намоён бўлади. Ўрта мушоҳадада-Б (саволда) охиргининг-В мазмуни кўпроқ, дастлабкиники эса камроқ ёки умуман бўлмаслиги ҳам мумкин. Аммо охирги хотима-В биринчи-А шаклнинг такомиллашуви натижасидир. Бу жараённи силлогизмнинг уч шаклига тадбиқ этсак, қуйидаги ҳолат юзага келади. Агар биз уч шаклни: I-шакл-А, II-шакл-Б, III-шакл-В деб белгиласак: Барча Б-А-нинг моҳияти. Барча В-Б-нинг моҳияти. Барча В-А-нинг моҳияти моделини оламиз. Аммо янада аниқлик киритиш учун, мушоҳадани ривожлантириб, уни Аристотелча сифат ва миқдор мантиқий тушунишига асосланиб, қуйидаги силлогизм шаклини ясаш мумкин. Масалан: барча Б-А нинг моҳияти айрим В-Б нинт моҳияти айрим В-А нинг моҳияти ёки хеч бир Б-А нинг моҳияти эмас айрим В-Б нинг моҳияти, айрим В-А нинг моҳияти эмас31. Бундай ҳолатни силлогизм аксиомаси дейиш мумкин. Агар ушбу силлогизм саволларини (терминларини) тўғри чизиқ, тартибида олиб қарасак, бунда биринчи термин А-умумийликни, ўрта термин Б-алоҳидаликни, охиргиси В-айримликни ифодалайди. Силлогизм шаклларига қадимги файласуфлар турлича қарашганлар. Масалан, Суқрот умумийликдан айримлик сари фикр юритиб, у ўзининг индуктив хулосасларини айримлик негизида яратди. Аристотель эса силлогизмнинг ўрта терминига- алоҳидаликка эьтиборини каратди. Ўрта термин (алоҳидалик) ни кичик йуналишда "нарсанинг" (воқеалар, ҳодисалар, предметлар ва ҳоказолар) белгиси сифатида, катта йўналишида эса ўхшаш нарсаларнинг ягона кўринишларини ифодалайдиган моҳият деб, у нарсаларнинг сабабини очиб беради, шунинг учун ҳам у бизга билим беради деб кўрсатади. Ўрта термин ҳар икки томондагиларга дахлдор бўлиб, унинг белгилари аввалгисида ва кейингисида, ва ўз навбатида унда ҳар икки томондаги терминларнинг моҳияти ётади. Ҳеч бир нарса, вокеа ва ҳодисаларга унинг асл моҳияти (нарсаларнинг хусусий принциплари) дан келиб чиқмасдан тўғри, тўлиқ, аниқ баҳолаш мумкин эмас. Суқрот тили билан айтганда, ақлий хулосаларнинг бошланиши нарсалар моҳиятини англай билишдадир. Демак, нарсалар, воқеалар, ҳодисалар моҳиятини англаш, англай билиш инсоннинг олам ва ундаги нарсалар, воқеалар, ҳодисаларнинг келиб чиқиши сабаблари тўғрисидаги билимлари даражасига ва у билимларнинг қанчалик тўғри ёки нотўғрилигига ҳам боғлиқ бўлади. Ҳар бир нарсада моҳият, ҳар бир моҳиятда аниқ нарса мавжуд. Ҳар бир нарсанинг мавжудлиги унга алоқадор бўлган кўплаб алоҳида нарсалар "даслабки моҳиятлар" дан иборат бўлади. Шу маънода “дастлабки моҳият" сиз кейинги моҳиятлар келиб чиқмайди. Айримлик, ва хусусийликлардан умумийлик вужудга келади, аммо умумийлик (моҳияти) айримлик, хусусийликлардан ташкил топган оддий арифметик сонлар йиғиндиси эмас, балки янги сифатдаги «нарса»лар ҳақидаги «тугалланган маьлумотимиз», ақлий хулосаларимиз имконияти даражасидаги тасаввурларимиздир. Демак, дастлабки моҳият аста-секин ривожланиб, оддийликдан мураккаброқ моҳиятга айланиб боради, бу жараён узлуксиз давом этиб туради. Талабалар тафаккур доирасини, дунёқарашини кенгайтиришда, масалан, ижтимоий-сиёсий фанларда (ва бошка фанларда ҳам) мантиқий мушоҳада юритиш, услубидан кенг фойдаланиш мақсадга мувофик. Бу услуб амалиёт дарсларида анча қўл келиб, талабалар аудиториясида мунозарага ва унда турли хил фикрларни, қиёслашлар, солиштиришлар натижасида энг тўғрироғини, тўлиқроғини топишга бўлган интилиш ҳолати юзага келиб, унда маьрузада ва ҳатто адабиётларда ҳам учрамайдиган қизиқарли муаммолар, гарчи уларга ҳали исботланиши талаб этилса-да, энг муҳими, талабада мустақил изланиш, фикрлаш қобилиятини ривожлантиради. Ҳозирги даврда Ўзбекистонда таълимга берилаётган катта эьтибор унинг сифатини тубдан кўтаришни талаб этмоқда. Бу талаблар барча олимлардан тинимсиз ижодий изланишларни, уларни хаётга тезликда жорий қилишни тақозо этади. Юкоридаги келтирилган фикрлардан келиб чикиб шуни айтиш мумкинки, ўқув жараёнида талабаларга берилаётган тушунчаларда ва қўйилаётан тест (рейтинг) саволларида вa уларнинг ечимларида ўкитувчи-олим фалсафий-мантиқий силлогизм услубидан кенг фойдалана олиши зарур, фақат ана шундагина талабани ҳар бир муаммолар устида чуқур ва атрофлича фикр юритишга ўргатиш мумкин. Фақат чуқур фикрлай олайдиган талабалардангина ҳозирги замон талабидаги мутахассис кадрларни тайёрлаш мумкин бўлади. Download 424.5 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling