Фалсафа мукаммал билимлар асоси
ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙНИНГ “ИЧИНДАГИ ИЧИНДАДУР”АСАРИДА ТАКОМИЛ ИНСОН ҒОЯСИ
Download 424.5 Kb.
|
Абдушукуров монография
ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙНИНГ “ИЧИНДАГИ ИЧИНДАДУР”АСАРИДА ТАКОМИЛ ИНСОН ҒОЯСИ
Ватандошимиз ва наслдошимиз Жалолиддин Румий 1207 йилда қадимий Балх шаҳрида ўз даврининг машҳур мутасаввуф донишманди Баҳовиддин Валад оиласида дунёга келади. Унинг отаси Хоразмийшоҳлар билан келишмай Балхдан чиқиб кетади, араб-у, Ироқ-у ажам мамлакатларини кезиб, ахийри Туркиянинг Кўния шаҳрида қўним топади ва миллатдошлари Салжуқ султонлари иззати-икромида бўлади. Бу улуғ зот ўзининг тасаввуф тараққиёти, илм-у ҳикмат ва фалсафа, шеърият ва маънавиятга катта ҳиссалар қўшган асарлари билан дунёнинг улуғ донишмандларидан бири даражасига кўтарилган мутафаккир, валий инсондир. Уни ўз давридан кейин ҳам барча улуғларга қиёсласак, аммо у ҳеч кимга ўхшамайди, у ўша давр шарқининг ҳам, ҳозирги даврда ҳам мўъжизали сиймодир, - дейди олимларимиз. Дарҳақиқат бу зот шундай олий ақлий сифатга эга инсондир. Ҳатто, Алишер Навоий уни буюкликнинг кўз илғамас чўққиси деб шарафлайди. Мавлоно Румий ислом мутафаккири бўлиши билан бирга ўта мутаассиблик ва ақидапарастлик намуналари унинг қарашларида кўринмайди. У ўша давр сўфийлик мулоҳазаларини инсонга хос бўлган турмуш мулоҳазаларини оддий ҳаётий тарз билан тушунтириб беради. У инсон ақлининг ва руҳиятининг қудратини намойишкорона мисоллар билан исботлайди. У инсонни яратилганидек олиб ўрганади, инсон ўзи сезмаган заруриятларини, унинг руҳидан ахтаради, бу билан у инсонни ўзини-ўзи, ўзликни ва Аллоҳни англашини ўргатади. Инсоннинг ўзини-ўзи, ўзликни англаши – Аллоҳни англашига олиб келади деган қоида келиб чиқади бундан. Мавлоно Румий барча инсонлар қайси дин-у мазҳаблар, амалдорлари-ю, амалсизлари, барча-барчаси учун поклик ва тавбадан сўз очиб “ Йўллар мухталиф , аммо мақсад бир, яъни Аллоҳ ҳузури” деб Аллоҳ олдида ҳамма тенгдир деган тартибодни исботлайди. Мутафаккирнинг бу асарининг таржима этилиши ва зиёлилар қўлига етиб келиши ўтган юз йиллар мобайнида онгимизга сингдириб келинган Гегел, Кант, Маркс, Ленин каби файласуфлар материалистик таълимотидаги “нарса ўзида”си аллақачон, ҳали улардан олти юз йил аввал буюк мутафаккир бобомизнинг “Фиҳи мо фиҳий” (Нарса ўзида) асарида мукаммал ёритилганига ишонч ҳосил қиламиз. Румийнинг “Ичиндаги – ичиндадур” асари улуғворлик ва оддийликнинг бир замон-у бир маконда муросада сиғишиб яшашнинг намунасидир. У ўз ҳикматлари орқали шоҳ-у гадога ҳам, олим-у авомга ҳам тенглик Аллоҳдандир, масала ҳаракатингда, ғайратингда, бу йўлдан ўтишга ҳақлисан, деган хитобни қилади. Унинг асари инсонийлик ва илоҳийлик орасидаги мустаҳкам воситадир. Румий инсон ақлига баҳо бериб, олимнинг барча ҳаракатларини бошқарувчи нарса ақлдир, барча инсонлар олимдан таралган нурдан баҳраманддир, чунки у бадавлатдир, нур сочаётган қуёш кабидир. Иши таъмасиз кўмак бермоқ, эҳсон этмоқдир дейди. Олимнинг қувватига юксак баҳо бериб, олим тошлардан лаъл ва ёқут қила олади. Таркиби тупроқдан иборат бўлган тошлардан мис, олтин, кумуш ва темир маъданлар ясайди… Иш эрмаги бағишламоқдир, ҳадя қилмоқдир,32 - дейди Мавлоно. Унинг бу доно фикрларидан ва тарғиботидан инсон ақлий салоҳиятидан жамият ривожланиши учун фойдаланиш зарурлиги, уларни-олимларни, ҳунармандларни ва барча эъзозли кишиларнинг қадр-қиймати юксак эканлигини уқтиради. Бу фикрлар ҳозирги янги Ўзбекистоннинг учинчи Ренессансга киришидаги олимлар ва барча зиёлиларнинг муҳим, ҳатто ҳал қилувчи таянч эканлиги тўғрисидаги Президентимиз таъкидлаган ғояга монанддир. Румийни тушуниш учун инсонда мантиқий, диний, зоҳирий тайёргарлик билан бирга юқори даражадаги руҳий-маънавий сифатлар ҳам зарур. Уни бир томонлама тушуниш илмнинг торлигидан, кенг ва ҳар томонлама тушуниш – яъни оламнинг тузилиши, инсон билимининг такомиллашуви, унинг ички кечинмасидаги турли-туман қарама қаршиликлар ва ақлий муросалар ва ниҳоят хулосалар – яъни шаклланган моҳиятлар бирлигидан деб англамоқ зарур. Румий инсон қандай замон ва маконда яшамасин ўз моҳиятидан – инсоний мақсаддан – руҳидан келиб чиқиб, унинг азалий шериги бўлган гумроҳликдан – нафс балосидан холи бўлишни уқтиради. Ушбу асарида у шундай савол-жавобни баён этади: Дедики:”Онангни нечун ўлдирдинг?” Деди:”Унга ярашмаган бир нарсани кўрдим” Дедики:”Аммо онангни эмас, етти ёт бегонани ўлдирсанг бўлмасмиди?” Деди:”Ҳар куни биттадан ўлдирайми?. 33 Мавлоно бу билан сен нафсингни (онани) жиловла, ҳадеб ўзгалар билан талашма, гуноҳ ишлардан қутул, - дейди. У руҳ ва жисм ўртасидаги мувозанат ҳақида гапириб, руҳ ва жисм иккаласи бир бутунликда ҳаётийликни ташкил этади, - дейди. Инсон ҳар икки асосга – руҳ ва жисмга таяниб яшайди, чунки уларнинг бирлигигина ҳаётийликни беради. У руҳий бирликнинг ҳақиқати тўғрисида гапириб “Сўз ҳақиқатнинг сояси ва парчасидир… сўз баҳонадир. Бир инсонни бошқа бир инсонга тортган нарса сўз эмас, балки иккаловидаги мавжуд бўлган руҳий бирликдан бир парчадир”, - дейди. Мавлоно инсоннинг умид билан яшаши, умид ишонч йўли эканлигини, у тўғриликка олиб боришини тушунтириб, “умид-ишонч йўлининг боши,… доимо йўлнинг бошини кўзла…, тўғриликни тут, - деб таъкидлайди. Ягона мақсад сари тутилган йўллар, айтилган сўзлар, турли хил бўлсада уларнинг манзили, поёни биттадир деган маънони Румийдан эшитамиз. “Улуғларнинг сўзлари агар юз турли бўлса ҳам, модомики, Ҳақ ва йўл танҳодир, демак, сўз ҳам иккита бўлолмайди, (улар фақат А,Қ) айрилиқ-қаршисида”. 34 Бундан англашиладиган нарса шуким, мақсаднинг тўғрилиги барча айримликларни ўз ниҳоясида бирлаштиради ва умумлашиб ягона кўринишни ҳосил қилади. Инсон Аллоҳ томонидан яратилган шундай бир мўъжизаки, юқорида айтганимиздек, у коинотнинг бир парчаси, уни англамоқ учун коинотнинг сир-у синоатидан хабардор бўлмоқ лозимга ўхшайди. Бу борада Мавлоно Румий бундай дейди: “Инсон буюк бир мўъжиза ва унинг ичида ҳамма нарса ёзилган. Бироқ зулмат ва пардалар борки, улар ёзувларни ўқишга имкон бермайди”. 35 Булардан инсонлар барчаси бир хил деган хулосалар келиб чиқмайди, балки бу белгилар инсонларга хослик, умумийликдир. Аммо, ҳар бир инсон ўзига хос индивидуал хислатларга ва сифатларга эгаки, улар бир-биридан фарқ қилади. Бу фарқланишлик уларнинг қайси ижтимоий муҳитдан, маънавий ва иқтисодий-сиёсий имкониятлардан ва ҳатто наслий-насабий туғма қонуниятлардан келиб чиқади. Уларнинг фарқланишлари жамиятда биринчи навбатда тутган ўринларида, яъни эгаллаган мавқеларида кўринадиким, бу табиий ҳолдир, аммо жамиятни бошқарувчи қонунлар инсонларни тенг тутишга қаратилган бўлади. Буни Мавлононинг таъбири билан айтсак, “соҳиби қонунлар” – раҳбарлар амалга ошириб турадилар ва натижада табиатда тартиб-интизом сақланиб туради, барча инсонлар ўз юмушлари билан банд бўлади. Модомики, бунинг акси бўлса, яъни қонунларга итоатсизлик юзага келса жамиятда парокандалик юзага келади. Итоатсизликнинг асоси уларнинг қонунлар моҳиятини, унинг ўзларининг манфаатини кўзлашини-қонунлар инсонлар учун хизматкор эканлиги ақлан англамасликларидан деб тушунмоқ лозимлиги ҳақида Румий шундай дейди: “Агар халқ ақлга итоат қилмаса, ишлари доимо пушаймонлик ва паришонлик ичида бўлғуси”36 У инсонда сифатий кўрсаткични оширадиган нарса – бу унинг илмни эгаллагани билан мавжуддир. У толели инсондир. Мавлонодан мисоллар: “Толели киши мушкка эга бўлган ва ўзи ҳам унга ўхшаган зотдир. Чунки у худди мушк каби атрофга хушбўй таратади, бора-бора ўзи ҳам мушкка айланади… Агар инсонда ҳам амал, ҳам илм бўлса, у ўта муваффақиятли зотдир… Демак, илм ҳамма нарсадан устундир”. 37 Мавлоно илмли киши фаолияти билан яхшиликнинг вужудга келишини, ундан барчанинг баҳраманд бўлишини мисоллар билан изоҳлайди. Унинг бу доно фикрлари ҳозирги янги Ўзбекистоннинг учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда илм-у фан вакилларининг ўрни муҳим эканлиги тўғрисидаги Президентимизнинг сермаъно фикрлари билан ҳамоҳангдир. Жалолиддин Румий меросини ўрганиш ҳозирги даврда барча зиёлиларимизнинг вазифалари бўлмоғи лозимки, ундан ёшларимизни инсонийлик руҳида тарбиялаш, чуқур мулоҳазали фалсафий, мантиқий дунёқарашни улар онгида шакллантиришда катта манба тарзида фойдаланиш зарур. Инсон ўзи эгаллаган илмини ва бажараётган амалларини кўз-кўз қилиш учун бажариши унинг инсоний сифатига мос келмаслигини Мавлоно қоралайди ва дейди, “Кўз-кўз учун амал қилган кимса ярамасдир”. Бундай иккиюзламачи одам ўзига-ўзи... мени хечким кўрмас экан, унда нега ибодат қилай? деб... сени шундай бир зот кўрмоқдаки, хар ким унинг қудратли қўлидадур...38 У ҳар-бир инсонда аниқ фикр ва мақсад мавжуд бўлишлигини уқтириб, беҳуда хаёллар..., фақат дангасалигу зерикиш ҳиссини ўйғотувчидир... сиздаги ҳайвоний нафсдир... сизнинг душманингиздир,39 ... деган илохий ғояни бериб, инсонда хаёл ўрнига ишонч ва аниқликга қараб юз тутмоқликни зарур деб билади. Уни Улуғ Тангрига таянишни, фақат ундан тўғри йўлни топишга умидвор бўлишликни, ақлсизлик зиндонидан қутулиш мумкинлиги уқтириб, дейди, “Нафс хоҳишларини адо этишдан сақланингиз, абадий муродингизга етасиз ва ушбу зулматхонадан –зиндондан қутуласиз40”. Мавлоно инсонда мавжуд бўлган бехисоб орзулар, дардлар, хаваслар, ишқлар ва хатто хайвоний хирслар доимо мавжудлигидан бутун олам ўзиники бўлса ҳам кўнгли тинчимаслиги, ўз ҳузурини топа олмаслиги, орзулар ва завқлар зинапоясига хотиржамликнинг йўқлиги ҳақида гапириб, дейди, “Умрни шу зиналарда бехуда ўтмаслик учун ғофилликдан тез ўйғонган ва ахволнинг моҳиятини англаб етган зот қандай бахтли !”41 У инсонларнинг жамланиб яшашлари, ишлашлари, фаолият олиб боришлари ҳақида тўхталиб, инсон ёлғиз ўзи катта мақсадларни бажара олмаслиги, фақат жамланган руҳлар (инсонлар) катта ишларни бажара олишлари мумкинлигини таъкидлайди. “Масжиднинг қурилишидан мақсад маҳалла халқининг у ерда тўпланиши ва Аллох раҳматини орттиришдир” , -дейди У ҳатто дунё халқларининг бир ерга жамланиши, бир мақсад билан ишлашлари ва яшашлари ҳақидаги фикрлари бугунги ҳаётимизга, дунёнинг, инсонларнинг турли-туман элату-миллатларга, диний эътиқодларига мансублигидан қатъий назар содир бўлишлиги тахсинга лойиқ. “Каъба, аввало, зиёрат қилишлари учун, қолаверса, бутун дунё бир ерга жамланишлари учун вожиб этилади”42, -дейди У. Гарчи унинг бу фикрлари ўша давр диний эътиқод руҳида бўлса ҳам, унинг замирида дунё халқларининг бирдамликга интилиши “Жамланган руҳларнинг буюк асри” эканлиги исботи келтирилган ва бу ғоялар бугунги давримизда барча дунё халқларининг мақсаду-муддолари, тинч-тотув яшашлари, ўзаро муносабатларга киришишлари, ўзаро ҳурматда бўлишлари каби умуминсоний фазилатларнинг юксалиб боришига ҳамоҳангдир. Румий инсонларни доимо яхшиликка эзгу-ниятларга, савобли амалларга хайқириб чақиради. Ёмонликлардан, қабиҳликлардан, ахлоқсизликлардан инсонларнинг амалда, ҳатто кўнглида ва ниятида ҳам сақланишларини раво кўради. Ҳеч бир нарса ҳаётда жавобсиз қолмаслигини қуйидагича изоҳлайди “Улуғ Аллоҳ ҳар нақадар яхши ва ёмон амалларнинг жавоби қиёматда берилади, деб ваъда қилсада, биз намуналарни бу дунёда ҳам ҳар лаҳзада кўрмоқдамиз... бир одамнинг кўнгли фарахланса (қувонса), демак, у кимнидир севинтирган ва ундаги қувонч ана шу ишнинг мукофотидир..., инсоннинг хафагарчилиги -унинг бошқа бировнинг кўнглини оғритганига муносиб жавоб”43 Тангрининг азалда “Ёмонликка қарши-ёмонлик, яхшиликка жавоб-яхшилик бўлиши керак, деган ҳукми асло ўзгармайди44”. У Тангрининг каломини эшитганда ҳам аҳолини тушуниб етмайдиган руҳлар (одамлар) ҳақида гапириб, ўзларини бу каломга ёт ҳисоблайдилар, чунки уларнинг руҳлари пардалангандур, яъни куфр ва разолатга ғарқ бўлгандур, дейди. Мавлоно ақлли, илмли инсон ичида, унинг руҳида доимо маъно мавжудлиги, у доимо ривожлантирилиб туришлиги ақлий одам маънони-ҳикматни асраши, лозим пайтда, лозим жойда, лозим одамлар ўртасида ёйишни айтади. “Ичингизда маъно келинлари юз кўрсатиб, сирлар ошкор бўлганда, эхтиёт бўлиб, бегоналардан яширинг, бизнинг сўзларимизни ҳаммага ҳам айтманг, чунки ҳикматни барчага ҳам берманг, агар берсангиз ҳикматга нисбатан зулм қилган бўласиз. Уни аҳли ҳикматдан эса изламанг, ёмонлик этган бўласиз” (ҳадис)45. Булардан шу нарсаларни англаш лозимки, ҳар бир ишнинг ва фикрнинг ўз эгаси -яъни бажара оладигани ва уқиб оладигани бор, фақат шундай одамларгина бундай ҳикматларга муносибдирлар. Улар бир тоифадирлар, ундан кейинги тоифалар эса биринчи тоифа даражасига эришмоқлари учун қунт билан илм ўрганмоқлари зарур бўлади. Бу қоидалар азалдан шундай бўлган. Ҳозирги давримиз илм ўрганувчилари учун барча шароитларни яратиб бермоқдаки, бундан ёшлар унумли фойдаланмоқлари керак бўлади. Асарда илмли инсоннинг ва унинг содирликдаги бажарилган ишларининг афзалликлари, унинг самаралари тўғрисидаги мукаммал фикрларида илм соҳиби-олимни Тангрининг зотига қиёслайди. Илм “соҳиби бўлган олим юз зоҳиддан эмас, балки юз минг зоҳиддан ҳам устундир. Аллох буни истаганига (бандасига-тарж) беради46”. Маълумки, ҳар бир нарсанинг зидди-асли мавжудким, бу айримликнинг (қисмнинг) ўзининг умумийлиги (бутунлиги) сари ҳаракатланиши унинг тўлиқ моҳиятини ифода этади Мавлоно шундай дейди “Ҳар бир нарсанинг жузъи (қисми) кулли (бутуни) дан айри бўлолмайди, улар биргадир, яъни қисм бутун биландур. Мисол гўзаллик севимлиликнинг бир жузъидир. Севимли бўлмоқ асилдир. Бу бўлгандан кейин гўзаллик мавжуддир”.47 “Амал-амал орқали, илм-илм билан маъно-маъно воситасида, шакл эса шакл ёрдамида англашилади... Амал инсондаги маънодир... хар бир нарсанинг асли-сўз..., Сўз амал дарахтининг мевасидир. Чунки у амалдан туғилди. Улуғ Тангри оламни сўз билан яратди ва “бўл” дейиши билан у ҳам бўла қолди”. Иймон қалбдадир. Бироқ уни сўз билан ифода қилмасанг, фойдаси бўлмайди48. Маълумки ҳар қандай мавжудликнинг ўзида ва ўзидан ташқарида зидди бор. Зидди бўлмаган нарсани тўлиқ англамоқ қийин, бунинг иложи йўқ. Асарда бу масалага жиддий ёндашиб, қуйидаги исботлар келтирилади: Ҳар қандай... “ашё” қиймати зидди билан аён бўлади. Зидди бўлмагани учун ҳам... (у) авлиёларни хам “Менинг сифатларим билан чиқ, халққа кўрин” дея вужудга келтирди..., (Бу ерда авлиёларга Тангрининг ўзи ўз сифатларини бергани учун) маънонинг маъно сифатида зидди йўқдир, бироқ буни сурат (шакл) йўлида кўрсатиш мумкин49” Мавлоно бу фикрларини янада чуқурлаштириб дейди: “Масалан, одамнинг қаршисида Иблис, Мусонинг қаршисида Фиръавн, Иброҳимнинг Намруд ва Мустафонинг қаршисида Абу Жаҳл пайдо бўлганидек, шу ҳолда, маъно эътибори билан зидди бўлмаса ҳам авлиёлар воситасида Тангрига зид пайдо бўлмоқда50”. Бунда албатта барча нарсанинг яратувчиси бўлган Аллоҳ авлиёларнинг кўнгилларига ўзининг сифатларидан солганлиги ва улар Аллоҳ каломларини халққа етқазганликлари учун хам воситачи (ҳатто Аллоҳ сўзларини чин кўнгилларидан ўзиникидек қилиб айтганликлари сабабидан) эканликларини ҳисобга олиб бу жойда суратда зид аломати мавжудлигини қайд этиш мумкин, аммо Аллоҳнинг зидди йўқдир, бу эса фақат нисбатдир. У асарда молу-дунё йиғмоқ, унинг доимо ташвишида, ҳатто ишқида бўлмоқликни кимсалардаги Аллоҳ берган азобдир деб кўрсатади. “Шундай кимсалар борки, Улуғ Тангри уларни мол, неъмат, амирлик ва куч-қувват бериб азоблайди. Чунки уларнинг руҳлари бундай нарсалардан қочади51”, -дейди. Румий яна маънолар ва суратлар ҳақида тўхталиб, инсон ҳаётида ва унинг фаолиятида дастлабки ҳаракатлари суратдан ва маъносизликдан иборатлиги тўғрисида ва маънолар кейин меҳнат ва вақт билан келишлигини қиёслайди. Масалан, У “Бу ўқувчи Қуръонни тўғри ўқийди. Бироқ фақат суратини. Унинг маънодан хабари йўқ. Агар унга маъно англатилса ҳам, барибир, кўр-кўрона ўқийверади..., (ёки) ёнғоқ ўйнаётган болага ёнғоқ мағзини ёки ёғини берсангиз, олмайди. Чунки бола ёнғоқдан чиқаётган овозга ишқибоз. Мағиз ва ёғ эса сас чиқармайди52”. Яна мисол келтирамиз “Пайғанбар замонида асхобдан кимдан-ким яримта ва ёки битта сура ўрганса, уни улуғ одам хисоблаб, яримта ёки битта сура билади, дея бармоқ билан кўрсатар эдилар53, -дейди Румий. Инсонлар барчаси хам маънога (илмга, амалга, А.Қ.) юзланавермайдилар, уларнинг юзланишлари ҳам қобилиятлари ёки эҳтиёжларига қараб бир хил бўлмайди ва бири-биридан фарқланади. Бу фарқлар табиий-наслий, ёки ижтимоий шароитлар таъсирида юзага келиши мумкин, албатта. Мавлонога юзланамиз:-“Маънога юзланишни инсон дастлаб унчалик севмайди –бироқ вақт ўтган сари ёқтира боради. Бу жараён суратда (шакилда) аксинча кечади. Чунки сурат бошида хуш ва латиф туюлади, бироқ у билан қанчалик бирга бўлганинг сари ундан шунчалик тез совиб борасан54”, -деб таъкидлайди. Одамзод ўрталарида, ёки тузумлар ва жамолар (бу ҳхозирги сиёсий муносабатларда ҳхам муаллиф) муносабатларда ҳам юзага келаётган ва келиши мумкин бўлган келишмовчиликларни ҳам ақл ва сабр билан ечимини топишга ҳаракат қилиш йўли -энг афзал йўлдир деган ғоя асарда ўз ечимини топган. Масалан, У таъкидлайди. “Одамларнинг ёмонликларига сабр қилмоқ, гўё ўз нопоклигини уларга суртиб тозаланган кабидир. Сенинг феъли-хуйинг таҳаммул билан яхшиланади. Уларники эса (нопокларнинг, муаллиф), зулм ва ёмон муомала сабабли бузилади. Буни билиб олдинг ва энди ўзингни покла55”. Асарда барча инсонларни ғоя ва мақсадлар бирлаштириши исботи келтирилган бўлиб, ғояга ва мақсадларга интилиш йўллари турли-туман бўлсада ягона Аллоҳга юзланишлари уларни ягона йўлга олиб кириши ва ягона мақсадга эриштиради деган ғоя бундай изоҳланади. “Йўллар турли-туман бўлса хам ғоя бирдир. Ахир кўрмаяабсан-ми, Каъбага элтувчи қанча йўллар бор. Ким Румдан, ким Шомдан, ким Ажамдан, ким Чиндан, ким Хинду, Ямандан йўлга чиқади. Агар йўлларга боқайдиган бўлсак, буюк фарқлар бор. Мақсадга, ғояга назар солсак-чи, уларнинг хаммаси бир-Каъбага йўналгандир56”. Гап бу ерда Аллоҳнинг ягоналигини тан олувчилар ҳақида бормоқда, аммо, яъни -Аллоҳни танимайдиганларнинг йўли бирлашмайдилар, ундайларнинг бирлашишлари эса разолатдан ўзга нарса эмас. Ҳақ сўзлардан, Ҳақнинг айтган сўзларидан (сўзнинг кучидан, муаллиф) айтилаётган бир йиғиндаги ваъздан чуқур таъсирланган мусулмону-кофир йиғлашга тушганлиги ҳақида асарда шундай дейди. ”...Кофирлар нега йиғлашди, устига-устак тилни билишмайди. Мусулмонларнинг ҳам мингдан бири аранг тушунган ваъздан улар нимани англаяпдики, бу қадар йиғлаб сиқташди? -деб сўради. ...Сўзнинг ўзини тушунишга хожат йўқ. Улар мохиятни, мақсадни англашмоқда. Улар ҳам Аллоҳнинг бирлигини эътироф этишади57”. Румий инсоннинг тушунчалари, тасаввурлари шаклланиб тугал ҳолга келиши унинг маъносини ва маънонинг юзага чиқиши унинг кимлигини аён қилиши тўғрисида бундай қайд этади. “Маъно ибора ҳолига келиши билан инсоннинг кофир ёки мусулмонлигига, ёмон ёки яхшилигига ҳукм бўлиши мумкин58”. У борлиқ (жисмлар) олами мавжудлиги каби инсон тасаввурлари, яъни маънавий тушунчалар олами одам мавжудлиги тўғрисида, “инсоннинг ичи ҳуррият оламидир, тушунчалар латифдир” дейди. Мавлоно одамзод учун буюк ишларни қилган валийлар, фозилу-уламолар, шарафли олимларнинг буюклик даражаларини юксалтирмоқ, хурмат қилмоқлик, улардан тараладиган нурлар инсонлар учун эканлиги тўғрисида қуйидаги фикрларни айтади. “Улар буюкдирлар, ҳурматга муносибдирлар..., чироқ баланд бир жойга қўйилишини истаса, буни ўзи учун эмас, бошқалар учун истайди, чунки унинг ўзи ҳар қаерда ҳам нурли бир чироқдир. Унинг мақсади нурнинг ўзгаларга фойда беришидир”. У сурат ва моҳият ҳақида бот-бот тўхталиб моҳиятнинг суратдан устунлиги барча нарсаларга қатъиян хослигини ифодалаб дейди, ...“кумуш пулни том бошига қўйсанг-у олтин пулни ерга ташласанг, кумуш олтиндан устун бўла оладими. Ёки кепак элакнинг устида, ун эса остида қолади. Кўринишидан кепак ундан устундек туюлади, аслида-чи? Демак, устунлик суратда эмас, моҳиятида, ундаги жавҳардадир”. Бундан қатор хулосаларни хозирги мамлакатимиз ривожланиши учун чиқаришимиз лозим. Масалан, раҳбар кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш сиёсатини амалга оширишдаги долзарб масалада қўл келиши ва бошқа кўплаб ҳаётий масалаларда ақл билан қўллаш зарур бўлади. Масалан, таълимнинг сифатини кўтаришда барча фанларни, биринчи навбатда ижтимоий-сиёсий ва гуманитар фанларни ўқитишда ва илмий ишларда ушбу мантиқий тафаккур этишга асосланган сабоқлар ва китоблар яратилиши керак. Нарсанинг моҳияти (асли, жавҳари) бирламчилигини унутмаслик лозим, бу қоида азалдан файласуфларнинг борлиққа (жавоҳирга) бўлган қатъий муносабатларидир. Дастлабки кўриниш суратдир, у моҳиятнинг ташқи жилоси холос, моҳият барча нарсаларнинг сабабчисидир, дейиш жоизлигини англашимиз зарур. Румийдан мисол: “Инсоннинг сояси ўзидан олдин уйга киргандек туюлса, аслида, аввал (уйга А.Қ) кирган унинг ўзидир59”. Моҳият суратсиз бўлмаганидек, ҳар қандай сурат моҳиятдандир, ҳатто ақлнинг сояси ҳар нақадар йўқдек туюлса-да, барибир, бир кўланкаси бордир,- деган фикрни беради у. Инсон ичидаги фаришталар, унинг ҳар бир тана аъзолари қиёмат кунида тилга кириши ва инсон босиб ўтган ҳаётига гувоҳлик бериши муқаррардир. булар эса уларни гапиртирган Аллоҳдандир деб кўрсатади. Инсон ҳаёти бир текис кечмаслиги, унда ғам чекмоқ ўлчамлари борлиги унинг кейини эса севинчли эканлиги, яъни ҳаётда ғам-ғусса ва севинч ҳаёт андозасилиги аён файласуфларга. Мавлоно шу мураккабликларга ҳам тўхталиб, ғамни сабр билан, чидамлилик билан енгиб ўтиш орқали севинчга, ҳузурга сазоворлик бўлади, аммо сен топган роҳат бир чақмоқ кабидир деган ғояни қуйидагича ифодалайди. “Сен сабр қил ва қайғу чек... фақат шундан кейингина ҳақиқий севинч ҳосил бўлади.., сен кеча-кундуз дунёдан хузур қидирмоқдасан. Дунёдан топган роҳатинг эса бир чақмоқдек ёниб ўчувчидир60”. У инсон ҳаёти доимо унинг эҳтиёжи билан чамбарчас боғлиқлиги, эхтиёж зарурияти, эхтиёжи бўлмаган нарса ортиқча юк эканлиги тўғрисида қуйидаги фикрларни баён этади. “...Инсон қаерда бўлмасин, хамиша ўз эхтиёжининг ёнидадир:, гўё унга ёпишгандир, ундан ажралмасдир61. Эҳтиёжи бўлмаган кишига берилган ҳар қандай нарса ортиқча юкдир62”. Албатта, инсон эҳтиёжи турличадир, унинг моддий, маънавий, маиший, шаҳватий ва ҳокозо шаклларда намоён бўлиб туриши табиий ҳолатдир. Эхтиёж кенг қамровли, у инсоннинг соводхонлиги, тарбияси, жамиятдаги ўрни каъби омиллар билан боғлиқ. Инсон эҳтиёжи унинг руҳияти қамрови ва бу қамровдаги сифатларда намоён бўлади. Эҳтиёжнинг намоёнлиги ва унинг қондирилиши жамиятнинг ривож даражасига таянади, чунки ривож этмаган жамиятда эҳтиёж даражаси ҳам паст бўлади. Эҳтиёжнинг жамият ҳолатидан юқори бўлиши (айниқса моддий эҳтиёж) мазкур сиёсий тизимда поракандалик келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Инсон эҳтиёжи бирламчи бўлган табиий ҳолат иккиламчи бўлган ижтимоий ҳолатга ўсиб ўтишни, ва иккиламчи ҳолат жамият тараққиётига боғлиқлиги, инсоннинг илмга, ҳунарга интилишининг кучайиши, ҳамда инсон омилининг ҳал қилувчи кучга айланиши каби қатор сабабларга келиб тақалишини биз зиёли қатлам англаймиз. Қайд этиш лозим, агар ўтмишда инсон етуклиги, эҳтиёжи қондирилиши Ислом дини ақидалари асосида қаралган бўлса, ҳозирги шароитда Исломий анъаналар ва ахлоқий тарбиялар, яъни шукроналик ва сабрлилик фазилатларига таянган ҳолда, миллий ўзига хослик, урф-одатлар ва замон талаби қоидалари асосида таркиб топмоқда. Эҳтиёж ва унинг қондирилиш меъёрлари албатта инсоннинг етукликка интилишига бевосита боғлиқдир. Демакким, инсон эхтиёжи маълум маънода унинг ўзи орқали бошқарилайдиган ижтимоий жараён, ва бу узликсиз ривожланайдиган ва ўзгариб борадиган жараёндир. Асарда инсон ҳаётидаги яхшилик ва ёмонлик хислатларининг доимо мавжудлиги, уларнинг доимо бирлиги ҳақида, инсонда уларни танлай олиш имкониятлари борлиги тўғрисида фикр юритилади. “...Яхшилик ёмонликдан айрилмайди. Яхшилик шу ёмонликни тарк этмакдир. Ёмонлик бўлмаса, уни ташламоқ хам мумкин эмас.., хуш нарсалар нохушлардан бўлак эмасдир. Чунки нохуш нарса бўлмагунча, хуш нарсанинг бўлиши имконсиздир. Севилган севилмаганнинг заволи хисобланади... ашёлар зидди билан маълум бўлади63”. Инсон ўз ҳаётида доимо фаол ҳаракатда бўлишлиги, фаолликни исташлиги, босиб ўтаётган йўлидаги қийинчиликларни енгиб бориши натижасида инсонийлик даражасига ва мартабасига эришиши мумкунлиги ҳақида ҳам зарур баён берилган. Масалан, “Инсон учун фақат икки ҳол мавжуд: ё истайди ё истамайди. Мутлақо истамаслик васфи эса инсонники эмасдир. Агар бундай инсон бўлса, у ўзидан қутилган, йўқ бўлган ва қолмагандир... Одамлар қисмларга айрилгандир. Улар учун (Аллоҳга элтувчи) йўлда даражалар ва мартабалар мавжуд кимлардир ичкаридаги тушунчаларни амалга оширмайдилар”64. Мавлоно асаридан инсонни (мўминни) улуғлаб, унинг савобли амалларини бажаришлиги, жамият равнақи йўлида ижодкор ва бунёдкор фаолиятлар кўрсата олишлари каби хислатлар ҳақиқий иймон соҳиби, Аллоҳга яқин бўлган кишиларга, олиму-фузалоларга, ижодкорларга хос сифатлар эканлигини англаймиз. Асарга мурожаат этамиз: “Агар мўмин киши ҳхақиқий иймонга соҳиб эрса у энг мувофиқ ишни қилган бўлади. Мустафодан кейин ҳеч кимга ваҳий келмайди, дейишади. Нега келмасин? Келади. Бироқ бунга ваҳий демайдилар. Унинг маъноси “Мўмин Аллоҳнинг нури билан боқади... Аллоҳнинг нури билан назар солган зот (мўмин) ҳамма нарсани, аввал ва охирини уларда бўлган ва бўлмаганини кўра олади”65. Румий ўз асарларида ҳатто давлат раҳбарларига, амалдорларига, уламоларига, авомни бошқарув санъати сирларини кўрсатди. Унинг мақсадини амалга оширишда чидамлилик, сабру-тоқатлилик, кечиримлилик, бағрикенглик тамойиллари ҳақидаги доно фикрларини қадрлаш зарур бугунги кунларимизда. У бундай дейди... халқнинг бутун ишлари эгри ва янглишдир. Набий ва Валийлар буларни кўрадилар, уларга тааммул (чидаш, А,Қ) этадилар. Агар бундай қилмай, уларнинг эгри ишларини очиқ айтсалар, ҳамма улардан қочади ва мусулмонлик саломини ҳам қизғонади. Улуғ Аллоҳ уларга жуда улкан сабр бергани туфайли, улар барча эгриликка чидайдилар ва халқга оғир келмасин, дея ошкор юз гумроҳликдан атиги биттасини айтиб, қолганини яширади. Шундай бўладики, ҳатто одамларни мақташга тўғри келади: “Бу ишинг жуда соз, тўғри”. Шу тарзда бутун эгриликни бир-биридан тузатишга муваффақ бўлурлар.”66 Бу фикрлар Мавлононинг чуқур ва серқирра билимлар соҳиби эканлигидан, унинг файласуф, мантиқшунос, адабиётшунос, педагог, руҳиятшунос сифатида фикрлар илгари сургани каби давлат бошқаруви илми-бўлган сиёсатшунослик соҳасининг ҳам чуқур билимдонлиги эканлигидан далолат беради. Унинг бу фикрлари ҳозирги давр сиёсатшунос ва сиёсатчилари учун ҳам катта бир қўлланмадир. Румий мантиқий тушунишни чуқурлаштириб инсонинг атроф-муҳитни, ҳодиса ва воқеаларни англашга бўлган эҳтиёжи авваламбор тушунчалар ва фикрлар шаклида пайдо бўлиши, яъни аввал ташқаридан уйнинг даҳлизига:, сўнг уйнинг ичига кирилиши, даҳлизда кўринган барча нарса уйнинг ичида хам зоҳирлиги ҳақиқатини билиш керак. Чунки Аллоҳ барча орзу ва истакларни инсоннинг ичига қўяди, -деб кўрсатади. У инсон ақли тўғрисида фикр юритиб, у қуллий ва жузъийликда таркиб топгандир, ўзлигида янги нарса топганлар қуллий ақлдир, жузъий ақл ўрганишга-қуллий ақл ўргатишга муҳтождир, ақли қулл ўрганишга эхтиёжи йўқ, ундан фақат ўрганилади чунки у (аслдир) муаллимдир, -деган хулосани беради. У жузъий ақл эгалари қуллий ақлдан ўрганади, бунга улар муҳтождирлар, чунки қуллий ақл эгалари барча нарсаларни топганлар ва майдонга келтиргандир. “Одамлар ёзган китоблар –улар қурган бинолар эмасдир,” деб қайд этади. Қуллий ақл, Мустафога тегишлидир, унинг ўқиши, ёзиши, билим ва ҳикмати онадан туғмадир, дунёда у билмаган ҳеч нарса йўқдир, ҳамма ундан ўрганади, жузъий ақл қуллий ақлнинг қаршисида жуда қўполдир, -деб қайд этилади, асарда. Мавлоно бу асарда мусулмон инсоннинг қиладиган номози унинг ичидан чиқмоқлиги “қалб ҳузурисиз қилинган номоз номоз бўлмайди”, номоз руҳлар номозидур, суратан, шаклан қилинган номоз муваққатдир, доимий эмас, -деган қоидаси жуда муҳимдир. Унинг номоз инсон ичидаги руҳдан чиқишлиги, руҳ эса гўё денгизи бўлиб, унинг сўнгсиз эканлиги, жисм эса денгиз соҳили бўлиб, у чекли-ўлчовлидир деган фикр ҳам мусулмон ахлоқи-одоби тўғрисидаги ғоят муҳим қоидадир. У инсонлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат-иззатни эъзозлаб, уни Аллоҳга ва Аллоҳнинг одамларига бўлган ҳурматидир, ҳурматсизлик эса унинг Аллоҳга бўлган зиддидир деб изоҳлаб бундай дейди: “Ҳурматнинг ташқи кўринишидан, яъни бош эгмоқ, оёқда турмоқ каби ҳаракатларидан инсоннинг ичидаги ҳурматининг қандайлиги.., зоҳиран кўрсатилмаган ҳурмат шуни билдирадики, бу одамнинг ичида Аллоҳ қўрқуви йўқ ва у Аллоҳ одамларини менсимайди”67. Асарда инсонларнинг илму-билимга эга бўлиши бу ақлий гўзаллик эканлиги, бу сифат ҳаммага ҳам насиб қилмаслиги, фақат у насибасига айланганлар ўртасидаги мунозаралар гўзалликлар билан қоришганлиги, ақлий билимсизлар учун мунозоралар фойдасизлиги баён этилган. “...бизнинг (билимлилар, А.Қ) мунозаларимиз гўзаллик билан қоришган.., гўзаллик аҳлидан бўлмаганга гўзаллик кўрсатиш унга қилинган зулм бўлур. Нарсани унинг ақлига кўрсатмоқ лозим”68, -дейди Мавлоно. Инсон ўз ҳаёти давомида ҳар бир ҳаракатининг жамият учун қанчалик фойдалилигини ёки аксинча ҳаракатининг зарарлигини англаши зарурлиги, ва унинг ҳар бирининг ҳаётда ўзига монанд жавоби борлиги аён. Шу сабаб инсон доимо ўзини такрор-такрор ислоҳ қилиб туришлигини, одобли ва одобсиз, нуқсонли ва нуқсонсиз кўришлигини асардан ўрганмоқ жоиз. Асар илохий қарашлар орқали инсоннинг ички дунёси ва ташқи суратининг ўзаро боғлиқлиги, унинг жузъий ақли тасарруфи салмоғи асосида оламни англаши ва ҳаракат қилиши каби инсон билан боғлиқ афзалликлар ва унинг зидди бўлган ноафзалликлар тўғрисида мантиқий фикрлар кўплаб келтирилади. Download 424.5 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling