Қуйида ушбу усулларга қисқача изоҳ бериб ўтамиз:
1. Эркин ассоциациялар методи. Психолог мижозга ўз кечинмалари билан боғлиқ хоҳлаган ассоциатив фикрларини айтишни таклиф этади. Ўзи эса фақатгина айтилаётган фикрлар мазмунига эмас, балки воқеалар кетма-кетлиги ҳамда мижоз таҳлил қилишдан қочаётган жиҳатларга эътиборини қаратади.
Тушлар талқини. З.Фрейднинг фикрича, туш онгсизлик соҳасига борувчи энг қисқа йўлдир. Айнан туш вақтида “Мен”нинг ҳимоя механизмлари сусайиб, онгдаги яширин хоҳиш ва кечинмалар намоён бўлади. Амалий психологнинг вазифаси – тушнинг мазмунини очиш ва мижозга айнан шу туш вужудга келишига сабаб бўлган ҳолатни ўрганишга ёрдам беришдан иборат;
Қаршиликлар таҳлили. Бу усулни қўллашдан мақсад – муаммони реал идрок этиш учун айнан қандай психологик ҳимоя механизми тўсқинлик қилаётганини ва қандай вазиятда ҳимоя функциясига эҳтиёж сезилмаса-да, ушбу механизмнинг иштирок этаётганини аниқлашдан иборат;
Кўчириш таҳлили. Классик психотаҳлилда мижознинг аввал бошдан кечирган психологик жароҳатлари билан боғлиқ эмоцияларини психологга кўчиришининг таҳлили ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу психологга мижознинг психологик муаммолари сабабини кузатиш ва таҳлил қилиш ҳамда мижоз хулқининг айнан бу шакли вужудга келишини юзага келтирган омилларни аниқлашга ёрдам беради.
Интерпретация. Маслаҳат жараёнида интерпретациянинг ўрнини баҳолаш қийин. Бу метод мижозга ўз кечинма ва хулқ-атворининг яширин ҳамда ноаниқ сабабларини аниқлашга ёрдам беради. Аммо бу жараённи амалга ошириш психологдан эҳтиёткорликни талаб этади. Интерпретация жараёнида психолог мижоз қабул қилиши мумкин бўлган жиҳатларнигина тушунтириши, унга тушунарли бўлган тилда суҳбатлашиши лозим.
Юқорида келтириб ўтилган тавсиф классик психотаҳлилга хос, аммо психоаналитик терапиянинг бошқа шакллари ҳам мавжуддир.
Психоаналитик терапиянинг ҳақиқий психотаҳлилга алоқаси доирасида иккита нуқтаи назар мавжуд:
психоаналитик психотерапия психотаҳлилдан сифат мазмунига кўра фарқ қилади;
психоаналитик психотерапия психотаҳлилдан миқдор мазмунига кўра фарқ қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |