Гулистон давлат университети


Download 1.04 Mb.
bet9/53
Sana16.06.2023
Hajmi1.04 Mb.
#1504670
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   ...   53
Bog'liq
portal.guldu.uz-Тасвир саьн ўқ

Мазмуни: 1. Тасвирий ва амалий санъат бўйича синфдан ташқари ишлар
мазмуни. 2. Синфдан ташқари ишларнинг мақсад ва вазифалари.
3. Тасвирий ва амалий санъатдан синфдан ташқари ишларнинг
турлари. 4. Синфдан ташқари ишларнинг муваффаққияти. 5.
Мактабда тасвирий ва амалий санъатдан тўгараклар.

Тасвирий санъатдан синфдан ташқари ишлар умумий ўрта таълим тизимида катта ва муҳим ўринни эгаллайди. Улар тасвирий ва амалий санъат, меъморчилик каби санъат турлари бўйича амалга оширилади. Бу синфдан ташқари ишлар тўгарак учрашув, кўргазма, танлов, кечалар каби қатор йўналишларда ўтказилади ва улар ўқувчиларни бадиий-ижодий эхтиёжларини қондириш ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш, улардаги индивидуаллик ва интеъдодни рўёбга чиқаришга ҳизмат қилади. шу билан бирга у ёшларнинг бадиий ва эстетик фикр доирасини кенгайтиради ҳамда дидини ривожлантиради.


Тасвирий, амалий санъат ва меъморчиликдан ташкил этиладиган тўгараклар умумий ўрта таълим мактабларининг барча синфларини қамраб олади. Улар кичик (1-4 чинфлар), ўрта (5-7 синфлар), катта (8-9 синфлар) гуруҳлардан ташкил топади ва улар рангтасвир, ҳайкалтарошлик, графика, наққошлик, ганчкорлик, мисгарлик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, бадиий сополдўзлик, шунингдек, меъморчилик, санъатшунослик тўгараклари ҳисобланади.
Тўгараклар санъатнинг у ёки бу тури ёки жанри асосида ҳам ташкил этилиши мумкин. Миниатюра, монументал, бадиий безак, мозаика в.б. Бу тўгаракларнинг турлари уларга ажратилган соатлар хажми ва таълим мазмуни болаларнинг истаклари, майллари ва мактаб имкониятлари, болаларнинг ёшлик ҳусусиятларидан келиб чиқиб танланади.
Мактабларда тўгаракларнинг мақсад ва вазифалари асосан болаларнинг бадиий-ижодий қобилиятларини ривожлантириш ҳисобланар экан, улар қатъий режа асосида мунтазам олиб борилиши талаб этилади.
Тўгараклар ҳар бир мактабда санъатнинг турлари, гуруҳлар бўйича битта ёки бир нечта бўлиши мумкин. Умумий ўрта таълим мактабларида тўгарак раҳбарининг асосий эътибори қуйидагиларга қаратилади:

  • тасвирий ёки амалий санъат тўгаракларига қизиқиши ва қобилияти бор ўқувчилар қабул қилинади ҳамда ҳар бир гуруҳда уларнинг сони 10-15 тадан ошмаслиги лозим. Акс ҳолда улар билан олиб бориладиган ишларнинг сифати пасайиб кетади.

  • тўгаракка болаларнинг қизиқиши, идроки, тасвирий малакалари, ижодий қобилиятлари ўрганилиб ва маълум вақт мобайнида синовдан ўтказилиб, қабул қилинади.

Тўгаракларда тасвирий ва амалий санъат таълими мазмуни алоҳида эътиборга лойиқ. Таълим мазмунининг тўғри белгиланиши тўгарак ишини муваффаққиятини белгилайди. Шунинг учун раҳбар мавжуд дастурларни ўрганиб чиқиши ва шу асосда ўзининг маҳаллий шароитлари, болаларнинг тайёргарлиги ва имкониятлари, моддий-техникавий асоснинг мавжудлигига қараб таълим мазмунига оид ўз режасини ишлаб чиқади.
Тўгараклар тасвирий ва амалий санъатнинг қайси тури ёки жанри юзасидан бўлишлигидан қатъий назар,у амалий ва назарий қисмлардан ташкил топади.
Тасвирий санъатдан амалий ишлар бевосита расм, натурага қараб расм ишлаш, композиция, сурат намуналарини кўчириш каби йўналишларда амалга оширилади.
Амалий санъатга доир (наққошлик, ганчокрлик, ёғоч ўймакорлиги,бадиий сополдўзлик, мисгарлик, каштачилик в.б.) тўгаракларда болалар нақш намуналаридан кўчириш, мустақил ижодий композициялар ишлашдан ташқари тасвирий санъат тўгаракларидаги каби натурага қараб расм ишлаш билан ҳам шуғулланадилар.Бундай дарсларда ўқитувчи тасвирлашнинг назарий асослари ҳисобланган ёруғсоя, перспектива, рангшунослик қонунларига ҳам алоҳида эътибор беради.Бу қонун ва коидаларга доир махсус машғулотлар ташкил этилиши ҳам мумкин.
Рангтасвир, ҳайкалтарошлик ва графика тўгараклари машғулотларида композициялар ишлашга катта ўрин берилади.Болалар тасвирий санъатни барча жанрлари(манзара, турмуш, натюрморт, тарихий, батал, анимал, портрат, афсонавий, марина) бўйича мустақил композиция ишлаш, тайёр санъат асарлари намуналаридан кўчириш билан шуғулланадилар. Улар адабий асарларга иллюстрациялар ишлаш, бадиий безак ишларига доир топшириқларни ҳам бажарадилар.
Натурага қараб расм ишлаш машғулотларида тўгарак аъзоларининг ёшлари ёки гуруҳларга қараб табиат маҳсулотлари (барглар, гуллар, мева ва сабзавотлар), уй-рўзғор, меҳнат буюмлари, техника, спорт, санъатга доир предметлар, меъморчилик обидалари, турган ёки ҳаракатдаги одам, қуш, ҳайвонлар расмлари чиздирилади.
Бундай машғулотларда, гипсли геометрик шакллар, резеткалар, одам ва ҳайвонларнинг гипсли шакллари, мева ва сабзавотларнинг муляжлари, қуш ва кичик ўлчовдаги ҳайвонларнинг тулумларини ўқув машғулотларида чиздириш қўйилган мақсадга эришишни енгиллаштиради. Юқорида қайд қилинган буюм ва нарсалар топшириқнинг вазифасига қараб алоҳида ёки тўп ҳолда, харакатда ёки ҳаракатсиз ҳолатларда чиздирилиши мумкин. Бундай машғулотлар мавзуга оид рассомлар асарларининг репродукцияларини намойиш этиш ва таҳлил қилиш билан қўшиб олиб борилади. Шунингдек, бу машғулотларни узоқ, қисқа муддатда, дарсда, мустақил тарзда амалга оширилади.
Бериладиган топшириқлар мавзу ва мазмун жиҳатда болаларнинг ёши, қизиқиши, тасвирий имкониятларига яраша бўлади.
Композиция машғулотларининг болалар учун қизиқарли бўлишлиги учун манзара ва турмуш жанрларидан ташқари, тарихий, батал, анимал, афсонавий жанрларда "Спитамен қўзғолони", "Жиззаҳ қўзғолони", "Муқанна қўзғолони", Мангубердининг мўғилларга қарши кураши" каби мавзулар расм ишлаш учун тавсия этилса, афсонавий жанрда "Сув парилари", "Девлар ҳаёти", "Кентаврлар жанги", "Аждарлар билан кураш", "Бошқа сайёраларда" каби мавзулар берилади. Шу билан бирга анимал жанрдаги она ва бола ҳайвонлар ҳақидаги мавзулар ҳам болаларда катта қизиқиш хосил қилади.
Тасвирий ва амалий санъатдан назарий билимлар тўгаракларнинг турига қараб оддий ёки мураккаб мазмун ва ҳажмда берилади. Хусусан:
1. Санъшунослик тўгараклари (Тасвирий санъатнинг алоҳида тур ва жанрлари. Ўзбекистон тасвирий санъати. У ёки бу давр тасвирий санъати). Бундай тўгаракларда назарий билимлар болаларга анча кенг ва чуқурроқ ҳажмда берилади.
2. Тасвирий санъат (рангтасвир, ҳайкалтарошлик, графика) тўгараклари. Бундай тўгаракларда назарий билимлар ўртача ҳажмда берилади.
3. Амалий-безак санъати тўгараклари. Бундай тўгаракларда назарий билимлар қисқартирилган ҳажмда берилади. Бироқ, халқ амалий санъати тарихи уни назарий асослари, халқ усталари, амалий санъатда ишлатиладиган иш қуроллари ва жиҳозлар, материаллар, иш услублари, халқ санъати ривож топган марказлар, санъат ва вилоят ўлкашунослик музейлари, улардаги экспонатлар ҳақида кенг маълумотлар берилиши талаб этилади.
Амалий санътнинг у ёки бу тури бўйича машғулотларда болалар композиция ишлар эканлар аввало уни бевосита амалиёт ёки буюмлар билан боғлаб амалга оширадилар, яъни бажариладиган нақш ёки безаклар у ёки бу буюмнинг бадиий безаги учун мўлжалланган бўлишлиги лозим. Бунда болалар буюмнинг вазифаси, материали, шакли, ўлчолари кабиларни ҳисобга оладилар. Улар буюмнинг вазифаси, шакли, материалини ҳисобга олиб, йўлсимон, квадрат, учбурчак, тўртбурчак, доира, кўпбурчак, намоён шаклларида бадиий безак ишларини бажарадилар. Бу ишлар амалий санъатнинг турига қараб ҳам эскиз, ҳам бевосита буюм юзасига ишланиши мумкин.
Санъатшунослик асослари тасвирий ва амалий санъатдан барча тўгарак машғулотларида ўрганилади. Санъатшунослик бўйича тўгаракларда санъат тарихи анча кенг ва чуқур ўргатилса амалий тарздаги рангтасвир, ҳайкалтарошлик, графика, шунингдек, амалий санъатнинг турлари бўйича ташкил этиган тўгаракларда уларнинг ҳажми маълум миқдорда тораяди. Қуйида тасвирий санъат тарихи бўйича тўгарак машғулотларининг мазмуни баён этилади.
Кириш. 1. Тасвирий санъатнинг кишилар ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти 2. Тасвирий санъатнинг тур ва жанрлари. 3. Қадимги дунё санъати. 4. Антик дунё санъати. 5. Ўрта асрлар санъати. 6. Қадимга ўзбек санъати. 7. Европа уйғониш даври санъати. 8. Шарқ уйғониш даври санъати. 9. Моварауннаҳрда миниатюра санъати. 10. Европада XVII-XVIII аср тасвирий санъати. 11. /арбий Европада XVIII-XIX аср тасвирий санъатнинг тараққиётидаги асосий йўналишлар. 12. ХХ асрда чет эл санъати тараққиётидаги асосий тенденциялар. 13. ХХ аср бошларидан мустақилликкача бўлган даврда Ўзбекистонда тасвирий санъатнинг ўзига хос ҳусусиятлари. 14. Мустақиллик йилларида ўзбек тасвирий санъатининг тараққиёти.
Рангтасвир тўгаракларида санъатшунослик асослари бўйича тўгарак раҳбари санъатининг кишилар ҳаётидаги ахамияти, тасвирий санъатнинг тур ва жанрлари, амалий-безак санъати, меъморчилик санъатига доир маълумотларни ҳам беради. Санъатшунослик юзасидан олиб бориладиган ишларни имкони борича амалий машғулотлар билан боғлаб олиб борилиши самарилидир. Шунга қарамасдан тўгарак машғулотларидан ташқари вилоятларда болаларни музейларга, кўргазмаларга, рассомларнинг устахоналарига олиб борилиши, болаларнинг тасвирий-ижодий ишлари танлови ва кўргазмаларини ўтказишни ниҳоятда зарур. Машғулотларни санъат асарларининг репродукциялари, слайд ва диапозитивлари, диафильм ва кинофиьмлар, видиофильмлар намойиш этиш орқали ўтказилиши катта фойда беради.
Шунингдек, болалар санъат асарларининг репродукциялари ва откриткаларини, рассом, ҳайкалтарошлар ҳақида материаллар тўплашга одатлантириш яхъши натижалар беради. Шу мақсадда болалар тасвирий санъатнинг тур ва жанрлари, рассом ва ҳайкалтарошлар ҳақида альбом тайёрлашлари мумкин. Бу иш уларни санъатга қизиқишларини оширишда, бадиий фикр доираларини кенгайтиришда, бадиий тафаккурини ўстиришда катта ёрдам беради.
Ўрганиладиган мавзунинг мақсади ва вазифалари, мазмунига қараб машғулотлар расм ишлаш, маъруза, суҳбат, сунозара, семинар, иншо ёзиш тестлар ёрдамида ўтказилади.
Имкони борича амалий ишларни турли ўқув қуроллари, бадиий ва табиий материаллар, турли тасвирлаш техникаси ёрдамида ўтказилиши мақсадга мувофиқдир. Бадиий материаллар ҳисобланган акварел, гуашь, соус, пастел, сангина, угол, рангли қоғозлар, фольга, тушь, табиий материаллардан-барглар, гуллар, мева ва сабзавот уруғлари, рангли тошлар, чиғаноқлар, қуш патлари шулар жумласидандир. Бундай материаллар билан ишлаш машғулотларни турли-туман ва қизиқарли бўлишлигини таъминлайди.
Тўгарак машғулотларига хос бўлган жиҳатлардан яна бири бу расм ишланадиган қоғоз формати, ўлчови, шаклини, рангининг турлича бўлишлигидир ва улар мавзунинг мазмунига боғлиқ ҳолда танланади.
Тўгарак машғулотлари учун мавзу танлашда ўқитувчи ўзидаги мавжуд шарт-шароитлар, ўқувчиларнинг қизиқишлари, фаолият турларининг такрорланмаслиги ва аксинча турли-туман бўлишлигига эътиборни қарамоғи даркор.
Тасвирий санъатдан амалий ишларга ажратилган вақт ҳам топшириқларнинг вазифаси ва иш мазмунига қараб турлича бўлади. Хусусан, қоралама ва рангламалар 5-15 дақиқада, ўқув топшириқлари 2-5 соат ҳажмда, плейнардаги ҳар бир иш 15 дақиқадан 1 соатгача бўлиши мумкин.
Санъат тарихига доир тўгарак машғулотларида ўқитувчи ўзбек миллий санъатининг мустақиллик йилларидаги тараққиёти, жаҳонга машхур ўзбек рассомлари ва амалий санъат усталари, ўзбек тасвирий ва амалий-безак санъати усталарининг юксак бадиий савияда яратган асарлари жаҳоннинг йирик ва машхур музейларидан ўрин олганлиги ҳамда ўзбек халқи бундан фахрланниши хақида сўзлаб бериши лозим. Афросиёб, Вараҳша, Айртом, Халчаён ва бошқа жойларда ер остидан топилган шаҳарлар ва уйлар деворларига ишланган деворий расмлар, шунингдек ҳайкалларнинг фото нусҳаларини намойиш этиш ва Шарқ уйғониш даврида Моварауннахр миниатюра санъати, Камолиддин Беҳзод ва унинг шогирдлари томонидан яратилган тенги йўқ асарлар, IX-XV асрларда Ўзбекистон меъморчилигининг ноёб асарлари ҳақида маълумот бериш болаларда санъатга бўлган қизиқишларини оширади.
Мактабда тасвирий ва амалий санъатдан ўтказиладиган кечалар ўқувчиларни эстетик ва ахлоқий жихатдан тарбиялашда катта ахамият касб этади. Шунингдек, у ёшларни санъатга бўлган қизиқишларини оширади, бадиий фикр доирасини кенгайтиради. Кечалар ўз мазмунига кўра бир қатор санъат турларини мужассам этади. Хусусан, унда тасвирий санъатдан ташқари, мусиқа санъати, адабиёт, хореграфия санъати, цирк санъати, театр санъатлари иштирок этиши мумкин. Шу билан бирга унда мактаб жамоаси, шунингдек ота-оналар, жамоат ташкилотлари вакилларининг иштирок этиши кечани катта кўтаринкилик билан ўтишига имкон беради. Ташкилотчиларнинг тадбирга маъсулиятини оширади. Кечани ўтказганда мактабдаги мусиқа, ўйин, драма тўгараклари аъзоларининг ҳамкорлиги яхши натижалар беради.
Кечанинг мавзуси нихоятда қизиқарли бўлиши лозим. Масалан, у машҳур рассом ёки амалий санъат устасининг таваллуд куни муносабати билан, йил фасллари, маълум бир мамлакат ёки давр санъатига бағишланиши мумкин. Кеча санъатимизнинг ёрқин юлдузлари Комолиддин Беҳзод, Леонардо да Винчи Рембрант Ван Рейн, Иля Репин, Чингиз Ахмаров каби рассомлар, Уста Ширин Мурадов, Ота Полвонов каби халқ амалий санъати усталарининг хаёти ва ижоди, шунингдек."Шарқ миниатюра мактаблари","Тасвирий саънатда Ўзбекистон кузи", "Монна Лиза Жаконданинг сири" "Мутақиллик ва Ўзбекистон тасвирий санъати" каби мавзулар, кечалар учун яхши материал бўлши мумкин.
Кечани ўтказишда мактаб тасвирий санъат тўгараги аъзолари асосий рол ўйнайдилар. Унга туман, шахар, вилоятдаги таниқли рассомлар, хомийларнинг ёрдамини ташкил этиш мумкин. Шу билан бирга кечани ўтказишда мактабнинг мусиқа, адабиёт, мехнат ўқитувчилари ва тўгарак аъзолари иштирок этишлари самаралидир. Улар кечада қўшиқлар, куйлар, шеърлар, спектакллардан парчалар, сахнани ёруғлантириш, стендлар тайёрлашда иштирок этадилар. Кечани юқори бадиий ва ташкилий савияда ўтказиш учун техника воситаларидан фойдаланиш, кинофильмлар намойиш этиш, кеча мавзуси билан боғлиқ холда кўргазма-танлов, викториналар ташкил этса бўлади. Шуни ёддан чикармаслик лозимки, кечани ўтказишдан анча аввал мактаб маъмурияти иштирокида уни тайёрлаш учун хайъат тузилади. Унга кеча ўтказиш билан алоқадор бўлган барча шахслар киритилади, кеча сценарийси ва иш режаси тузилиб мухокама этилади. Вақти-вақти билан тайёргарлик ишлари хайъат йиғилишида эшилиб турилади.
Тўгарак машғулотларида тасвирий ва амалий санъат, меъморчиликка оид суҳбатлар, маърузаларга кенг ўрин берилади ва уларни тўгарак раҳбари, тўгарак аъзолари билан борлиқда ўтказилади. Бундай тадбирлар машғулотлар билан боғлиқ ҳолда ҳам, машғулотдан ташқари вақтларда ҳам мустақил равишда ўтказилиши мумкин.Улар тўгарак раҳбари томонидан у ёки бу мавзуни чуқурроқ ўргатишни мақсад қилиб қўйганида ёки мавзу болалар томонидан яхши ўзлаштирмай қолгани тақдирда ҳам ташкил этилиши мумкин.
Улар рассом, ҳалқ амалий санъати устасининг ҳаёти ва ижоди, маълум бир давр санъати, санътдаги бирон бир оқим, санъатнинг тур ва жанрлари, биронта мамлакат санъати, тасвирий санъатда меҳнат, спорт, буюк шахслар, экология, оналик ва болалик, каби мавзуларга бағишланган бўлиши мумкин. Бундай суҳбатлар мазмуни қизиқарли бўлишлиги билан бир қаторда болаларнинг фаол иштирокида ўтказилиши мақсадга мувофиқдир. Шу мақсадда санъат асарларининг репродукциялари, слайд ва диапозитивлари, диафильмлари техника воситалари орқали намойиш этилиши самаралидир. Суҳбатлар болаларнинг ёши ва синфига қараб 45 минутдан ошмаганлиги маъқул. Суҳбатлар маъруза шаклида бўлиб таниқли санъатшунослар, рассомлар, тасвирий санъат ўқитувчисининг ўзи, тўгаракнинг етакчи аъзолари томонидан олиб борилиши мумкин. Суҳбатга вилоят давлат университетининг ўқитувчилари, вилоят ўлкашунослик музейининг санъатшуносликдан ходимларини ҳам жалб қилса бўлади. Суҳбатларга маърузачи аввалдан тайёргарлик кўриб боради, унинг режаси тайёрланади, мактаб тасвиирй санъат ўқитувчиси билан келишилган ҳолда маъруза матни ва намойиш этиладиган иллюстратов материалларни белгилаб олади.
Маърузачига қўшимча равишда тўгарак аъзоларидан биронтасини ёки тасвирий санъат ўқитувчисининг ўзи тайинланиши мумкин. Марузалар барча синфларда дарсдан сўнг ёки тарбиявий соатларда болаларнинг ёшини хисобга олиб, тор ёки кенг ҳажмда, оддий ёки мураккаб тарзда ўтказилади. Суҳбат 20-45 дақиқа атрофида бўлган маъқул.
Сухбатлар учун "Шарқ миниатюра мактаблари", "Европада уйғониш даври тасвирий санъати", "Мустақиллик ва Ўзбекистон тасвирий санъатда хотин-қизлар образи", "Спорт ва тасвирий санъат", "Тасвирий санъатда йил фаслларининг ифодаланиши", "Ўзбекистон худудига энг қадимги тасвирий санъат", "Тасвирий санъатдаги оқим ва йўналишлар", "Тасвирий санъатда анимал жанр (манзара, портрет, натюморт, турмуш, батал, тарихий, марина, афсонавий)" "Камолиддин Бехзод буюк наққош ва мусаввир", "Леонардо да Винчп", "Монна Лиза Жоконданинг сирлари", К.Брюловнинг "Помпейнинг сўнги куни" асари тарихи", "Ўзбекистон тасвирий санъат музейи" "Қадимги миср санъати", "Қадимги Юнонистонда ҳайкалтарошлик" каби мавзулар танланиши мумкин. Шу каби безакли амалий санъат унинг турлари, усталарининг ҳаёти ва ижодига доир маърузалар самаралидир.
Мактабларда энг яхши ишланган расм, ҳайкал, амалий санъат намунасига доир ишлар учун танловлар болаларда катта қизиқиш уйғотади, уларнинг фаоллигини оширади. Энг мухими болаларнинг ижодкорлигига кенг йўл очиб беради, мустақил ишлашга ўргатади. Танловлар фақат болаларнинг ижодий ишлари юзасидан ўтказилади. Улар тасвирий ва амалий санъатнинг барча тур ва жанрларига доир бўлиши мумкин. Танловлар болаларни гурухларга ёки ёшлариги қараб ташкил этилади. Ҳусусан, кичик (1-4 синфларда), ўрта (5-7 синфларда), катта (8-9 синфларда) гурухларга бўлинади. Танлов учун бериладиган мавзулар бу гурухлар учун алохида - алохида танланади. Танлов учун қуйидаги мавзулар болаларда катта қизиқиш уйғотади: "Мустақиллик куни", "Наврўз", "Ўзбекистон гўзал диёр", "Ўзбекистон менинг Ватаним", "Тасвирий санъатда Ўзбекистон меъморчилиги ёдгорликлари", "Ўзбекистон кузи", "Улар мустақиллик учун курашган эдилар", "Бошқа сайёраларда", "Сув ости дунёси", "Хосил байрами", "Мен севган касб" в.б. Танлов учун болаларга эркин мавзуларни тавсия этса ҳам бўлади. Танловлар фақат мактаб миқёсида эмас, уни туман, шаҳар, вилоят миқёсида ўтказса ҳам бўлади.
Тасвирий санъатдан викториналар ташкил этиш болаларни мустақил ишлашга ўргатади, уларнинг билим доирасини кенгайтиради. Бу тадбир ўйин ва мусобақа шаклида бўлганлиги учун болалар унда катта қизиқиш билан иштирок этадилар.
Викторина санъат тарихи, унинг назарияси (Ёруғсоя, перспектива, рангшунослик), жанрлари, рассом, ҳайкалтарош, амалий санъат усталарининг ҳаёти ва ижоди, рангшунослик, рассом ва усталарнинг иш қуроллари ва материаллари, тасвирлаш техникаси, тасвирий ва амалий санъатда ишлатиладиган атама ва иборалар, айрим мамлакат, ўз ўлкасининг санъатига доир бўлиши мумкин. Бироқ бунда болаларни гурухларга (кичик, ўрта катта) мослаб мавзу танланади. Айрим мавзулар бўйича тадбир мазмунини соддалаштирган ёки мураккаблаштирган холда барча гурухларда ўтказса ҳам бўлади. Викториналарда кроссворд, чайноворад, топишмоқлар ҳам бериш мумкин.
Қуйида санъатшуносликка оид викторина учун тахминий саволлар мажмуаси берилган:

  1. Портретни ишлаган мусаввир ким?

  2. Шарқ миниатюри мактабларидан қайсиларини биласиз?

  3. Рассом (уста)…… қайси йили туғилиб қайси йили вафот этган?

  4. Рассом --------- нинг қайси асарларини биласиз?

  5. Европада Уйғониш даври рассоларидан кимларни биласиз?

  6. ----- мамлакатнинг энг машхур рассоларидан кимларни биласиз?

  7. Жахоннинг энг йирик музейлари қайсилар?

  8. Тасвирий санъатнинг қайси жанрларини биласиз?

  9. Жахоннинг хозирги замон энг машхур рассомларидан 10 тасини кўрсатинг.

  10. Ўзбекистоннинг энг машхур рассомларидан кимларни биласиз?

  11. Тошкентдаги Амир Темур ҳайкалини ким ишлаган?

  12. Витраж (мозаика, фреска) нима?

  13. Қандай рангларни биласиз?

  14. Ушбу кроссоворд (ёки чайноворд) ни ечинг.

  15. Абстракционизм (кубизм, формализм, реализм, импрессионизм, авангордизм в.б.) оқимида ижод қилувчи қайси рассомларни биласиз?

  16. Ушбу суврат хақида нимани биласиз?

  17. Ўзбекистоннинг энг йирик тасвирий санъат музейи қайси шаҳарда жойлашган?

  18. Рассом --------нинг ------- номли асари қайси музейда сақланади?

  19. Портрет (ёки манзара, турмуш, натюморт, тарихий, батал, анимал, афсонавий, марина) жанрида ижод қилувчи қайси рассомларни биласиз?

  20. ХУ асрда Навоий хомийлигида яшаб ижод этган мусаввир ким?

  21. Лувр тасвирий санъат музейи (ёки метрополитен, Дрезден в.б.) қайси шаҳарда жойлашган?

Викторинани ўтказишдан аввал ўқитувчи ва болалар катта тайёргарлик кўрган бўлишлари лозим. Хусусан, кўргазма, танлов, саёхат, маъруза, учрашув в.б. мазкур тадбирни муваффаққиятини таъминлайди. Бу тадбирни ўтказишда мактаб кутубхонаси катта рол уйнаши, уни болалар ўқишлари учун санъатга оид адабиётлар билан бойитилган бўлиши лозим. Акс холда у кутилган натижани бермайди. Викторинани ўтказишда тасвирий санъат ўқитувчиси билан бир аторда синф рахбарлари фаол иштирок этишлари талаб этилади. Улар тайёргарлик даврида ўз синфлари учун маърузалар ташкил этишда, адабиётлар, санъат асарларининг репродукцияларини тўплашда болаларга мунтазам ёрдам кўрсатишлари лозим. Ҳар бир викторина саволларига қайтарилган жавоблар учун болалар белгиланган бўлиб, хайъат аъзолари томонидан хисоблаб чиқилади ва энг юқори бал тўплаган ўқувчилар тақдирланадилар.
Тасвирий санъатдан саёхатлар музейларга, рассомларнинг устахоналарига, ҳайкалтарошлик ёдгорликларига, кўргазмаларга ташкил этилади. Натижада болалар уларнинг асл нусхалари билан танишадилар, санъат асарларининг яратилиш жараёнининг шохиди бўладилар. Одатда бундай саёхатларга ўқитувчи ҳам, ўқувчилар ҳам катта тайёргарлик кўрадилар, бу тадбирнинг режасини тузиб оладилар. Рассом устахонасига саёхатлар уюштирилганда рассомлар ўзларининг ҳаётлари ва ижодлари, келажак режалари хақида гапириб берадидар, ўз асарлари билан таништирадилар ва уларнинг яратишлиш тарихи хақида хикоя қилиб берадилар. Рассомнинг жонли нутқи ва унинг хикояси болаларни хаяжонлантиради, уларнинг хотирасида ўчмас из қолдиради.
Режада қаерга ва қачон борилиши, ким билан учрашилиши, у ерда нималарни кўрилиши, ким билан нималар хақида сухбат бўлиши баён этилади. Агарда музей, биронта ёдгорлик ёки рассом устахонасига бориладиган бўлса улар хақида қисқача маълумот берилади ва у билан саёхатдан олдин болаларни таништирилади. Саёхат вақтида болалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан рассом, музей ходимига мурожат этадилар. Саёхатдан сўнг ўқитувчи болалар билан саёхатдан олган тасуротлари билан фикр олмашадилар.
Мактабларда кенг тарқалган дасрдан ташқари ишларнинг шаклларидан яна бир кўргазмалар ташкил этишдир. Кўргазмаларнинг асосий турлари қуйидагилардир:
1.Болаларнинг ижодий- тасвирий ва амалий- безак ишлари кўргазмаси. 2.Рассомлар ва амалий санъат усталари асарлари репродукцияларининг кўргазмаси. 3.Рассомлар ва амалий санъат усталарининг асл нусхалари кўргазмаси.
Болаларнинг ижодий ишлар кўргазмаси йиллик, ярим йиллик ва чорак натижалари бўйича тўпланган энг яхши ишлари асосида ўтказилади. Бундай ижодий ишлар кўргазмаси энг яхши ишланган расмлар танловида ғолиб чиққан ишлардан, қўшни мактаб, қўшимча таълим марказларида бажарилган ишлардан, туман мактабларидан йиғилган энг яхши расмлардан ташкил топиши мумкин. Улар мактаб, туман, шаҳар, вилоят, Республика даражасида ўтказилади.
Рассомлар асарларининг репродукцияларидан ташкил этиладиган кўргазмалар ҳам нихоятда турли-тумандир. Хусусан, тасвирий санъатнинг у ёки бу тури, у ёки бу жанри, биронта рассомнинг ҳаёти ва ижоди, биронта мамлакат ёки давр рассомлари ижоди намуналари, расмлар галереяси ёки музейнинг биронта бўлими коллекциялари асосида ташкил этилиши мумкин. Шунингдек, репродукциялар асосида ўтказиладиган кўргазмаларни мамлакатимиз ҳаёти, унинг тарихи, келажаги, мехнат, спорт, соғлиқни сақлаш, экология, илм-фан, хотин-қизлар мавзуларида ўтказса ҳам бўлади. Бундай кўргазмалар нафосат билан тайёрланган стендлар ёрдамида мактаб фоеси, йўлаги ёки бошқа болалар гавжум бўладиган жойларда ташкил этилади. Кўргазмани тасвирий санъат хонасига яқин жойда ташкил эитилиши мақсадга мувофиқдир. Ҳар бир ишнинг тагига унинг муаллифи, синфи, ёши, номи, яратилган йили ёзиб қўйилади.
Рассомлар амалий санъат усталарининг асарлари репродукциялари, болалар ижоди асосида ўтказиладиган кўргазмалар учун ишлар танлашни бевосита болалар иштирокида амалга оширилиши уларнинг бадиий дидини ўстиради бадиий билим доирасини кенгайтиради, фаолигини оширади. Бу кўргазмаларга навбатчи қўйилиши мақсадга муофиқдир. Улар томошабинларнинг кўргазма юзасидан саволларига жавоб қайтарадилар уларнинг фикрларини кўргазма дафтарига қайд қилиб қўйилади.
Кўргазмаларни узоғи билан уч-тўрт ойдан оширмасдан янгилаб турилиши болаларнинг янги ишлар, янги билимлар билан бойитади.
Катта хажмдаги кўргазмалар ташкил этилганда уларнинг натижаларини мухокама этиш ва яхши кўрсаткичларга эса бўлган болаларни мактаб маъмурияти томонидан маънавий ва моддий жихатдан рағбатлантирилади. Рассомлар ва амалий санъат усталари асарларининг асл нусхаларидан кўргазмалар ташкил этиш жиддий тайёргарлик асосида амалга оширилади. Кўргазмага қўйилган асарларни юксак бадиий қийматга эга эканлиги, унда мактабнинг барча ўқувчилари ва жамоаси иштирок этиши буни талаб этади. Бундай кўргазма учун кенг ва ёруғ жой (мактаб фаеси ёки зали) танланади. Уни ташкил этишда мактаб маъмуриятидан ташқари ота-оналар, махалла, туман халқ таълими бошқармаси, хайрия ташкилотлари вакиллари иштирок этадилар.
Кўргазмаларни тантанали равишда рассом ва халқ таълими бошқармалари вакиллари томонидан барча мактаб жамоаси иштирокида очилиши мақсадга муофиқдир. Кўргазмага албатта фаол ўқувчилардан навбатчилар қўйилади.
Кўргазмаларнинг қизиқарли шаклларидан бири мактаб тасвирий ва амалий санъат музейи хисобланади. Бундай музейлар рассом, уста ва ўқувчилар томонидан ишланган ишларнинг асл нусхалари асосида ташкил этилади. Музейнинг турлари қуйидагича бўлиши мумкин:
1. Тасвирий санъат ва амалий санъат музейи; тасвирий санъат музейи; амалий санъат музейи; биронта рассом ёки уста ижоди музейи; болалар тасвирий ижоди музейи. Бундай музейлар алохида кенг ва ёруғ ханада ташкил этилади. Музейларни ташкил этишда унинг ташкилотчилари томонидан катта маъсулият талаб этилади. Уни фақат мактаб маъмурияти, ҳайрия ташкилотлар, рассом ва усталар ёрдамидагина амалга ошириш мумкин. Уни ташкил этишда мактаб тасвирий ва амалий санъат тўгараги аъзолари фаол иштирок этишлари лозим. Музейни фақат асарлар намойиш этадиган жой деб қарамаслик лозим. Уни мактабда санъатга оид маърузалар, учрашувлар, сухбатлар, мунозаралар, викториналар танловлар, кўргазмалар ўтказиб туриладиган кинофильмлар намойиши этиладиган жойга айлантириш айни муддодир.
Музей ишларини бундай тарзда кенг қамровли ташкил этилиши болаларни санъатга бўлган қизиқишлари, мухаббатини оширибгина қолмай, балки уларни бадиий маданиятини кўтаришга хизмат қилади.
Республика, вилоят, шаҳар, туман миқёсидаги рассомлар, амалий безак санъати усталари билан мактабларда учрашувлар ўтказиш ўқувчиларни санъатга бўлган қизиқишини оширишда катта ахамият касб этади. Бундай учрашувда рассомлар, усталар ўзларининг ижодий йўллари, яратган асарлари, унинг яратиш сирлари, келажак режалари хақида болаларга сўзлаб берадилар. Тасвирий санъат ўқитувчиси эса бу касбнинг нихоятда фахрли экалиги, рассомчиликни кишилар ҳаётидаги ўрни хақида гапириб беради. Учрашувдаги рассом мисолида уни хукуматимиз, халқимиз томонидан юксак қадрланганлиги (унинг мукофотлари, ловозими, унвонлар в.б.) асарларини қайси жойларда намойиш этилганлиги, унинг сафарлари хақида сўзлаб бериш болаларда катта тасурот қолдиради. Учрашувни тўлақонли бўлишлиги учун рассом ёки устанинг асарлари кўргазмасини ташкил этилиши тадбирнинг янада самарали бўлишлигини таминлайди. Рассомлар ва усталар билан бундай алоқаларнинг кенгайиши мактабда санъат музейини ташкил этишга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Чунки, учрашувлардан сўнг рассомлар ёки усталар ўзларининг ижодий ишларидан мактабларга эсталик учун қолдирадилар.
Бундай тадбирлар орқали ўқувчилар ўзларини қизиқтирадиган кўпгина маълумотларни оладилар, айримлари ана шу рассом ёки устага ўхшашни орзу қилади, бу сохага қизиқанлар эса ўз харакатларини яна фаоллаштирадилар.
4-БОБ.

МАКТАБДА САНЪАТНИ ЎҚИТИШНИНГ НАЗАРИЙ


ВА МЕТОДИК АСОСЛАРИ.

4.1. Тасвирий санъатни ўқитишда дидактик принциплар





Download 1.04 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   ...   53




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling