Хотира ва қадрлаш куни


Download 81 Kb.
bet2/2
Sana18.06.2023
Hajmi81 Kb.
#1580219
1   2
Bog'liq
xotira 2012

Хотира – улуғ қадрият
тартибот

Мактаб мажлислар зали тадбирга мослаб безатилади.


Тадбир ўтказиладиган жойни “Ўтганлар ёди азиз”, “Шаҳидлар хотираси мангу барҳаёт”, “Аждодлар хотираси муқаддас ва барҳаёт”, “Хотира – эзгулик сабоғи” каби шиорлар билан безатиш мумкин.
Тадбирга II жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, байналмилал жангчилар, маҳалла фаоллари, ҳокимият ходимлари таклиф қилинади.
Тадбирни мактаб раҳбари очиб, меҳмонлар билан таништиради, сўнг “Хотира ва қадрлаш куни” ҳақида қисқача маълумот беради.
Тадбирнинг қолган қисми ўқувчилар томонидан олиб борилади.
I-бошловчи: Хотира ўзликни англашга, ўтмишни доимо ёдда тутишга, бот-бот даъват этиб турадиган муқаддас туйғу орқали инсон ўзида яхши ҳислатларни қарор топтириб боради.
II-бошловчи: Биз “Миллат”, “Ватан”, “Истиқлол” каби бир неча сўзларни ҳурмат билан тилга оламиз, муқаддас санаймиз. Ана шу тушунчалар ҳақида сўз юритганда, гапнинг бир учи хотирага келиб тақалади.
I-бошловчи: Муқаддас саналган тушунчаларнинг ҳаммаси хотира билан тирик. Хотира нафақат ўтмишни унутмаслик, бугунги кунни тўғри тасаввур этиш демакдир.
II-бошловчи: Хотира инсонни келажакка очиқ кўз билан қарашга ўргатади.
I-бошловчи: Қадрлаш эса, хонадонларимизга файз-барака бағишлаб, қилаётган эзгу изларимизга оқ фотиҳа тилаб турган пиру бадавлат қарияларимизнинг ҳурматини жойига қўйишдир.
II-бошловчи: Президентимиз И.Каримовнинг Фармонига кўра халқимизнинг Ватан озодлиги ва мустақиллиги учун жон фидо этган фарзандлари хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам эл-юртимиз обрўйини юксалтиришга, биз ёшларни тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларнинг ҳурматини жойига қўйиш мақсадида мана бир неча йилдирки, мамлакатимизда 9 май “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида кенг нишонланмоқда.

I-бошловчи: Озод Ўзбекистон бош эгиб бу кун,


Шаҳид фарзандларин номини йўқлар.
II-бошловчи: Қай бири бедарак, қай бири беун,
Узоқ сарҳадларда жимгина ухлар.
I-бошловчи: Айтиш мумкинки, бу нафақат жанг майдонларида қурбон бўлганларни хотирлаш, балки фронт ортида фидокорона меҳнат қилган отахон ва онахонларимизга иззат-икром кўрсатиш, мустақил Ўзбекистон тараққиётига ўз улушини қўшиб келаётган фахрийларимизни ардоқлаш борасидаги хайрли ишларидандир.
II-бошловчи: Инсонни эъзозлаш, иззат-ҳурмат қилиш, ўтган авлодлар руҳини ардоқлаш, ҳар бир фуқаронинг Ватан олдидаги қилган хизматини қадрлаш халқимизнинг турмуш тарзи, руҳияти, анъана ва ҳаётий одатларига айланмоқда.
I-бошловчи: Бунинг ёрқин далили “Хотира ва қадрлаш куни”нинг ҳаётга татбиқ этилишидир. Хотира ўзининг янгича замонавий мазмун-моҳияти билан онгимизга сингиб бормоқда.
II-бошловчи: Бу кунда биз, она юртимизни матонат билан ҳимоя қилган, Ватанимиз эрки ва мустақиллиги, озодлиги йўлида жонини фидо этган ватандошларимизни хотирлаймиз.
I-бошловчи: 1937-1953 йилларда собиқ шўролар даврида амалга оширилган оммавий қатоғонларнинг оқибатида Ўзбекистон бўйича 100 минг киши қатоғонга учраб, 13 минг нафари отиб ташланган.
II-бошловчи: Инсоний қадр-қиммати топталган бу инсонлар орасида нафақат арбоб ва зиёлилар, балки юзлаб оддий инсонлар, юртимизда истиқомат қилган, деярли барча миллат ва элатларнинг вакиллари бор эди.
I-бошловчи: XX асрнинг 30-йилларида Италия ва Германияда фашизмнинг вужудга келиши нафақат италян ва немис халқининг, балки дунёдаги миллионлаб инсонларнинг бошига чексиз кулфат солгани барчамизга тарихдан маълум.
II-бошловчи: Ўзларининг қабиҳ, ёвуз ниятларини амалга ошириш мақсадида Европани забт этган фашистлар ҳужум қилмаслик ҳақидаги шартномани хоинларча бузиб Осиё мамлакатларига бостириб кириши, Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади.
II-бошловчи: Уруш ҳеч бир хонадонни четлаб ўтгани йўқ. Кимнингдир бобоси, яна кимнингдир акаси ёки тоғаси урушда шаҳид кетган.
I-бошловчи: Ёвузликка қарши жонлар қурбон берилган. Минглаб шаҳарларнинг кули кўкка совурилган, орзу-умид ришталари чирт узилган.
II-бошловчи: 1941-1945 йиллардаги иккинчи жаҳон урушида Республикамизда 1.433.230 нафар киши фронтга кетган. Шулардан 263.005. нафар киши жангларда ҳалок бўлган. Шулардан 132.670 нафар ҳамюртларимиз бедарак кетишган.

II-бошловчи: Бир дақиқа сукут сақланг марҳумлар ҳақи.


Айрилиқдан ўртанади аламли кўзлар.
Бу ҳурматни деманг, йўқ, йўқ, мавҳумлар ҳақи,
Афсус, энди орамизда йўқ бугун дўстлар!
I-бошловчи: Элимиздан четда қолган қабрлар ҳақи,
Бир дақиқа, бир дақиқа сукут сақлангиз.
(Ўтган шаҳидлар хотирасига 1 минут сукут сақланади).
II-бошловчи:
Ўтганлар ёдига мангу эҳтиром,
Борини қадрлаб асрайди кўздек.
Оқибат сўзини кўтариб дилда,
Ўзи ҳам юксакда яшайди ўзбек.

I-бошловчи: “Хотира ва қадрлаш куни” йил тақвимидаги тарихий санага айланди. Бу куннинг кенг миқёсда нишонланишини таъминлашга барча давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотлари бош қўшишмоқда. Ушбу қутлуғ сана шарофати билан бутун республикамизда минглаб уруш ва меҳнат фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда.


II-бошловчи: Уруш даҳшатларини кўрган, истибдод зулмини тортган ва истиқлол кунларига етган фахрийлар билан учрашувларда кишиларимиз маънавияти бойимоқда, қалбларда хотира ва фахр туйғуси мустаҳкамланмоқда.
I-бошловчи: Ҳар бир даврнинг ўз фидоийлари бўлади. Улар ўзидан тарихни нурлантирувчи излар қолдиради. Миллат шарафи, фахри деганда биз, аввало, ана шундай сиймоларни кўз олдимизга келтирамиз.
II-бошловчи: Имом Бухорий, Аҳмад ал-Фарғоний, ибн Сино каби инсоният тафаккур дунёсини бойитган сиймолар халқимиз учун нечоғлиқ мўътабар бўлса, Тўмарис, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби ватан озодлиги йўлида қаҳрамонлик кўрсатган зотлар ҳам миллат учун шунчалик азиз ва ардоқлидир.
I-бошловчи: Дунё илму маърифат билан обод. Лекин, қарамлик нима эканлигини яхши билган, истибдод ситамини бошидан кечирган одамлар бу дунёдаги энг ноёб неъмат озодлик эканлигини жуда теран англаганлар.
II-бошловчи: Ватан бу улкан оила. Ота-боболаримиз оиласини, аҳли аёлини ёт назарлардан қанчалик эҳтиёт қилган бўлса, она Ватанини ҳам шунчалик асраган.
I-бошловчи: Албатта, миллий озодлик ҳаракати, ўз Ватанини ҳимоя қилиб курашиш инсоний бурч саналади. Бироқ, шўролар замонида адолатсизлик билан қилинган урушлару қирғинлар ҳам оз эмас эди.
II-бошловчи: Бемақсад ва бемаъни афғон урушига мажбуран ташланган ва минага урилиб парча-парча бўлиб кетган юзлаб ўзбек йигитларининг гуноҳи нима эди? Фарзандининг темир тобутини қучоқлаб йиғлаган ўзбек онасининг фарёди ҳамон тингани йўқ. . .
I-бошловчи: Она юрт бағридан жуда ҳам йироқ,
Ўзга манзилларда топширдингиз жон.
Ҳануз кўксимизни тирнайди фироқ,
Гарчи сиз музаффар, ғолиб қаҳрамон.
II-бошловчи: Гарчи ватан ҳамиша ёдлар,
Лекин армонингиз сиғмас қабрга.
Ҳали туғилмаган не-не зурёдлар,
Барчаси кетдилар сиз билан бирга.
I-бошловчи: Ватан – бизнинг қисматимиз, номусимиз, оримиз. Шу боис унга ғанимлар тажовуз қилганида ҳамиятли, ор-номусли, ғурурли фарзандлар оёққа туришган. Ватан ҳимояси йўлида улар жон олиб жон беришни мардлик деб билишган.
II-бошловчи: Биз яхши эслаймиз. Ватанимизнинг Жанубий воҳаси – Сурхондарё ҳудудларидаги 2000 йил август, сентябр ойларидаги душман тўдалари билан тўқнашувлар ҳали ҳеч кимнинг хотирасидан кўтарилгани йўқ. Ватан сарҳадларини ёвуз ниятли кучлардан соқит қилиш, уларни тор-мор этиш яна юрт ўғлонлари зиммасига тушди ва бу йўлда бир неча мард йигитлар ҳалок бўлишди. Бундай кунлар қайтиб халқимизнинг бошига тушмасин.
II-бошловчи: Ўтганларни ёдга олиб турмуш тарзимиз гўзал, тутган тутимимиз мазмунли, бу дунёда хотира билан яшаш, уни ардоқлаш ҳар биримизни икки дунё саодатини кўрмоқликдек бахтга рўпара қилади.
I-бошловчи: Чунки, марҳумларни хотирлаганда, улар ўзбеклигингни унутмадингми, қариндош-уруғингдан, маҳалла-кўйингдан, эл-юртингдан боҳабармисан деган каби бизни тергайди.
1-ўқувчи: Ватанни аслида Ватан қилганлар,
Эрк учун жонларин гулхан қилганлар.
Тилларин кессалар, кўзларин ўйса,
Бир-бирига дил билан сухан қилганлар,
Ватанни аслида Ватан қилганлар.
2-ўқувчи: Эргашса офтобга эргашиб юрган,
Тунлари хобига озодлик кирган.
Маърифат боғининг боғбони бўлиб,
Ҳар фарзанд қошида жилмайиб турган,
Ватанни аслида Ватан қилганлар.
1-ўқувчи: Ёвнинг яхшиси йўқ деган ҳам улар,
Зоғнинг бахшиси йўқ деган ҳам улар.
Миллатнинг кўксида бўй чўзган чинор,
Ҳар дилда кўкламдек кўкариб келар,
Ватанни аслида Ватан қилганлар.
2-ўқувчи: Мақтов малҳам бўлмас, бил қурбонларга,
Оятда ором бор шаҳид жонларга,
Қўлларинг дуога катта оч, элим,
Шукрона жоиздир, эркли онларга,
Ватанни аслида Ватан қилганлар,
Эрк учун жонларин гулхан қилганлар. (Маҳмуд Тоиров)

I-бошловчи: Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг ташаббуси билан Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар марказларида барпо этилган “Хотира майдони” халқимизнинг миллий қадриятлари, ўтганлар руҳига чуқур ҳурматни ўзида мужассам этган, миллий меъморлик анъаналари асосида бунёд этилган ҳақиқий зиёратгоҳга айланди.


II-бошловчи: 9-майни нима учун “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида нишонлаймиз деганда, мен аввало шуни айтаманки, бу кунда юрт озодлиги, халқитмизнинг бугунги ҳаёти учун жонини фидо қилган ота-боболаримиз хотираси, жигарбандларини кутиб қалби тўлган мунис отахонларимиз олдида бош эгамиз», - дейди юртбошимиз Ислом Каримов.
I-бошловчи: Озод Ўзбекистон бош эгиб бу кун,
Шаҳид фарзандларин номини йўқлар.
Қай бири бедарак, қай бири беун,
Узоқ сарҳадларда жимгина ухлар.
II-бошловчи: Мангуга тинмишдир қалб туғёнлари,
Энди хотирангиз йўлдошдир бизга,
Халқимизнинг фидоий мард ўғлонлари,
Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин сизга.
I-бошловчи: Эл-юртимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида, халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда қурбон бўлганлар хотираси миннатдор авлодлар ёдида абадий сақланиб қолади.
II-бошловчи: Юз, хотира сўзининг ёнгинасида қадр деган иборани ҳам ишлатамиз. Нима учун? Чунки, хотира ва қадр бир-бирисиз яшолмайди, айтилмайди ва англашилмайди. Истардикки, ана шу икки олижаноб туйғу ҳеч биримиздан йироқлашмасин, ҳамиша қалбларимизда акс-садо бериб турсин.

I-бошловчи:Сен менинг бобомсан – Хотира


Сен менинг момомсан –Қадр.
Бир узун йўллар-а. . . Хотира. . .
Бир узун йўллар-а. . . Қадр. . .
II-бошловчи: Ғалвирак дунёнинг боғлари
Пўпанак боғлайди рахтма-рахт
Хотира – канглумнинг тоғлари,
Қадр – канглум суянган дарахт.
I-бошловчи: Муҳтарама меҳмонлар, азиз мактабдошлар! “Хотира ва қадрлаш куни”га бағишлаб ўтказилган тадбиримизнинг тантанали қисмини якунлаймиз. Ва хотира, қадр тушунчалари ҳеч бирингизни кўнглимизни тарк этмаслигини тилаб қоламиз.
II-бошловчи: Энди эътиборингизга мактабимиз ўқувчилари томонидан тайёрланган байрам дастурини ҳавола этамиз.

Ижтимоий, иқтисодий билим асослари ва маънавий-маърифий


ишлар бўлими бош методисти
Фотима Ҳолмирзаева
Download 81 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling