Кўриш қобилиятини йўқотиш иккала кўзнинг батамом кўрмай қолиши ёки кўриш қобилиятининг 2 метр ва бундан кам масофада бармоқ санарли даражада пасайган (кўриш ўткирлиги 0,04 ва паст) ҳолати. Битта кўзнинг кўр бўлиб қолиши ҳам меҳнат қобилиятини учдан бир ҳисса барқарор йўқотиш аломатига кўра оғир тан жароҳатлари жумласига киради. Кўрмайдиган кўзнинг шикастланиши унинг олиб ташланишини тақозо этса, қилмиш соғлиқ ёмонлашганининг муддати бўйича квалификация қилинади.
Сўзлаш қобилиятини йўқотиш – жабрланувчида ўз фикрларини атрофдагилар учун тушунарли, бириккан товушлар билан ифодалаш имконияти йўқлигини, шунингдек сўзлаш қобилияти одам организмининг бир қисми сифатида йўқотилишини билдиради;
Эшитиш қобилиятини йўқотиш – тўла карлик ёки шундай тузалмас ҳолат, бунда жабрланувчи қулоқ чаноғидан 3-5 см масофадаги оғзаки сўзлашувни эшитмайди. Битта қулоқнинг кар бўлиб қолганлигини аъзо фаолиятининг йўқолгани деб эътироф этилмайди ва у умумий меҳнат қобилиятининг 15 % йўқотилишига сабаб бўлиши боис, ўртача оғир тан жароҳати деб топилади;
Аъзонинг ишдан чиқиши деганда, одам организмининг ҳаёт фаолиятида фақат ўзигагина хос бўлган вазифани бажарадиган ҳар қандай, шу жумладан жуфт аъзонинг (ички, ташқи) ишдан чиқиши тушунилади. Амалдаги қонунга мувофиқ, оғир тан жароҳатларининг бу турига:
Қўл ёки оёқни йўқотиш – танадан уларнинг ажралиб кетиши ёки уларнинг ўз вазифасини бажариш қобилиятидан маҳрум бўлиши; бунда жабрланувчи шу аъзоларидан фойдаланиш имкониятини батамом йўқотади (оёқ таянч ёки ҳаракат фаолиятини йўқотади, қўл ишламай қолади). Қўл ёки оёқни тирсак ёки тизза бўғимидан паст бўлмаган даражада кесиб ташлаш уларни йўқотиш деб ҳисобланади. Қолган барча ҳоллар қўл ёки оёқнинг бир қисмини йўқотиш деб қаралади ва улар меҳнат қобилиятининг қай даражада йўқотилганлигига қараб баҳоланмоғи лозим;
Насл қолдириш қобилиятини йўқотиш – жинсий алоқа қилиш қобилиятини йўқотишдан ёки уруғланиш, ҳомиладор бўлиш ва бола туғиш қобилиятини йўқотишдан иборат. Шахснинг ташқи жинсий аъзолари шикастланиши оқибатида росмана жинсий алоқа қилиш қобилияти йўқолса ёхуд аёл бачадон, тухумдон ёки найчалар шикастланиши оқибатида ҳомиладор бўлиш, ҳомилани нормал олиб юриш ва кўзи ёриш имкониятидан маҳрум бўлса, шикаст оғир деб топилади. Эркакларда насл қолдириш қобилиятини йўқотиш уруғлантириш қобилиятини йўқотишда намоён бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |