Тарих ёки маданият ёдгорликларига шикаст етказиш деганда, уларга маълум даражада зарар етказилиши, унинг ўз қийматини йўқотиши тушунилади.
Жиноятнинг содир этилиш усуллари (ёдгорликларни ёндириш, вайрон қилиш, сув бостириш ва ҳоказо) жиноятни квалификация қилишда аҳамиятга эга эмас.
Давлат муҳофазасига олинган тарих ва маданият ёдгорликлари нобуд қилинган ёки бузилган ёхуд шикаст етказилган пайтдан бошлаб жиноят тугалланган, деб эътироф этилади.
Айбдор ўз қилмиши натижасида кўп миқдорда зарар етказган бўлса, ЖК 132 -моддаси 2-қисми билан жавобгарликка тортилади.
Энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз бараваридан юз бараваригача миқдордаги зарарни кўп миқдордаги зарар деб тушуниш лозим.
Етказилган моддий зарар уч бараварига тенг миқдорда қопланган ҳолларда, айбдорга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо қўлланилмайди (ЖК 132-модда 3-қисми).
Субъектив томондан жиноят қасддан, билвосита ёки бевосита ғаразли ният билан содир этилади.
Жиноятнинг содир этилиш мотиви жиноятнинг квалификациясига таъсир этмайди. Аммо, ёдгорликларни нобуд қилиш, бузиш, уларга шикаст етказиш безорилик ҳаракатлари билан биргаликда содир этилса, айбдорнинг қилмиши ЎзР ЖК 132 ва 277-моддалари билан жиноятлар жами бўйича квалификация қилинади.
Тарих ва маданият ёдгорликларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш эҳтиётсизлик натижасида рўй берган ҳолларда, айбдор ЖК 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) ёхуд 172-моддаси (мулкни қўриқлашга виждонсиз муносабатда бўлиш) билан жавобгарликка тортилади.
Тарих ёки маданият ёдгорликларини бузиш ёки уларга шикаст етказиш ёдгорликларнинг муайян қисмларини ўғирлаш билан биргаликда содир этилган ҳолларда, айбдорнинг қилмиши ЖК 132-моддаси ва ўзганинг мулкини ўғирлаганлик учун жавобгарлик назарда тутилган тегишли модда билан жиноятлар жами бўйича квалификация қилиниши зарур.
Бу жиноятнинг субъекти 16 ёшга тўлган шахс бўлиши мумкин.
Айбдор шахснинг қилмишида мансаб ваколати билан боғлиқ жиноят аломатлари бўлган тақдирда, унинг қилмиши жиноятларнинг жами бўйича квалификация қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |