Тарқатиш деганда, порнографик нарсаларнинг ҳеч бўлмаганда бир шахсга етказиб берилишини, жўнатилишини тушуниш керак.
Намойиш қилиш деганда, порнография билан ҳеч бўлмаганда бир шахснинг ҳар қандай усуллар (масалан: видеофильм, кинофильм, фотосуратлар, слайдларни кўрсатиш, порнографик асарларни ўқиш ва ҳоказо йўллар) билан таништирилишини тушуниш лозим.
Жиноят порнографик нарсаларни намойиш қилиш ёки тарқатиш мақсадида тайёрланган пайтдан бошлаб ёхуд порнографик нарсалар йигирма бир ёшга тўлмаган шахслар ўртасида намойиш қилинган ёки тарқатилган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
Агарда порнографик нарсалар йигирма бир ёшга тўлган шахслар ўртасида намойиш этилган ёки тарқатилган бўлса, бунда жиноят таркиби бўлмайди.
Айбдор порнографик нарсаларни намойиш этиш ёки тарқатиш мақсадини кўзлаб тайёрлаган тақдирдагина жиноий жавобгарликка тортилади.
Порнографик нарсалар намойиш этиш ёки тарқатиш мақсадисиз сақланган бўлса, шахс жазога тортилмайди.
Субъектив томонидан жиноят тўғри ёки эгри қасд билан содир этилади. Айбдор порнографик нарсаларни намойиш қилиш ёки тарқатиш мақсадида тайёрлаётганлигини ёки порнографик нарсаларни йигирма бир ёшга тўлмаган шахслар ўртасида намойиш қилаётганлигини ёки тарқатаётганлигини билади ва буни хоҳлайди. Порнографик нарсаларни тайёрлашдан махсус мақсад, яъни уларни намойиш қилиш ёки тарқатиш мақсади бўлиши лозим. Бунда айбдор порнографик нарсаларни намойиш қилаётганда жабрланувчининг ЖК 130-моддаси диспозициясида белгиланган ёшга тўлмаганлигини билиши лозим. Эгри қасд айбдорнинг порнографик нарсаларни намойиш қилиш ёки тарқатиш мақсадида тайёрлаётганлигини билиши ва уларнинг йигирма бир ёшга тўлмаган шахслар ўртасида тарқалиши мумкинлигига кўзи етиши ва бундай оқибат келиб чиқишига йўл қўйишида ифодаланади.
Унинг содир этилиш мотиви ҳар хил (ғараз, безорилик ва ҳоказо) бўлиши мумкин, аммо улар жиноятнинг квалификациясига таъсир этмайди.
Ушбу жиноятнинг субъекти ўн олти ёшга тўлган ҳар қандай ақли расо шахс бўлиши мумкин. Агар жиноят мансабдор шахс томонидан ўз хизмат вазифасидан фойдаланиб содир этилган бўлса, қилмиш жиноятлар жами тариқасида ЖК 130-моддаси ва 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жавобгарликка тортилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |