Ибтидоий жамият тарихи (Жаҳон тарихи)


Мотига деҳқонлари ва чорвадорларнинг моддий маданияти


Download 1 Mb.
bet31/57
Sana22.02.2023
Hajmi1 Mb.
#1220168
1   ...   27   28   29   30   31   32   33   34   ...   57
Bog'liq
I J T kitob

3. Мотига деҳқонлари ва чорвадорларнинг моддий маданияти
Сўнгги уруғ-жамоалари ҳаётидаги деҳқончилик ва чорвачилик хўжаликлари ҳақида ривожланган неолит ва энеолит даври ёдгорликларининг қизиқарли археологик манбалари мавжуд. Маълумки, палеолит даврида бир қатор локал, яъни жойли маданиятлар вужудга келган эди. Бу маданиятлар ҳар бир вилоятнинг табиий шароити ва жўғрофик жойланишига қараб турли даражада ривожланишда бўлган. Сўнгги неолит ва энеолит даврига келиб, бу жараён бир қатор кескин тус олади. Жумладан, Яқин Шарқ вилоятларида неолит даври маданияти бирмунча тезлашган ҳолатда ривожланишда бўлган. Бу вилоятларда деҳқончилик ҳамда ҳайвонларни хонакилаштириш анча эрта ташкил топади. Масалан, натуфия маданияти мезолит даврининг охирларида пайдо бўлган эди. Бу маданият соҳиблари донли ўсимликлардан фойдаланишни билишган эдилар. Ундан ҳам аввал Шимолий Ироқ ҳудудларида яшаган қабилаларда ишлаб чиқариш хўжалик маданияти маълум эди. Бу ерда Шимолий Қурдистоннинг шимол томонидаги тоғ этакларида жойлашган Карим – шаҳар ва бошқа ёдгорликларнинг ўрганилиши пайтида жойли аҳолининг ишлаб чиқариш хўжалиги билан таниш бўлганлиги археологик материаллар асосида ойдинлаштирилган. Бу атрофда яшаган аҳоли қўй ва эчкиларни хонакилаштирган. Ёрғучоқ ва тош ўроқ тиғларининг топилиши эса илк деҳқончиликдан гувоҳлик беради. Археологик маълумотларга қараганда, бу вилоятларда мил. авв. 7 минг йилликларда яшаган аҳоли нонбоп ғалла етиштирганлар, қўй, эчки каби жониворларни хонакилаштиришни билганлар. Ёдгорликлардан топилган археологик ва палеонтологик материаллар бу вилоятларда содир бўлган иқтисодий ўсиш жараёнидан гувоҳлик беради.
Неолит даврида вужудга келган ўтроқ қишлоқларнинг қолдиқлари ҳозирги вақтда тепалик қолдиқлардан иборат бўлиб, уларнинг айримларининг баландлиги 15 м ва ундан ҳам баландроқни ташкил қилади. Масалан, Ироқ вилоятидаги Джармо қишлоқ қолдиғи майдони 1 гектар атрофидаги майдонни эгаллайди. Унинг маданий қатлами 7 м ва 15 горизонтдан иборат. Унинг энг қуйи қатлами керамика давригача бўлган тараққиёт босқичини кўрсатди. Қишлоқ тўғри бурчакли 25 та лойдан қурилган яшаш уйлардан иборат бўлиб, эҳтимол, бу турар жой бирор уруғ жамоасига тааллуқли бўлиши мумкин. Қишлоқ маданий қатламларидан топилган ёввойи жониворларнинг суяк қолдиқлари 5 % ни, қўлга ўргатилган ҳайвонлардан чўчқа, эчки, қўй суяк қолдиқлари 95 % ни ташкил қилади. Шунингдек, уй ҳайвонларининг ҳамда лойдан куйдирилмаган аёлларнинг ҳайкалчалари топилган. Мил. авв. 6 минг йилликка тегишли юқори қатламдан керамика қолдиқлари топилган. Айнан шундай манзарани вилоятдаги бошқа ёдгорликларда ҳам кузатиш мумкин. Мамлакатнинг шимолий туманларида тўғри бурчакли пиширилмаган ғиштдан қурилган уй-жойлар топилган. Уларнинг асослари тош қаламасидан иборат. Фаластин ҳудудида ўрганилган уйлар доира шаклида бўлиб, деворлари тошдан қаланган, Исрахондан топилган уйлар ғиштдан қурилган.
Мил. авв. 6-5 минг йилликлар Яқин Шарқ неолитининг гуллаган даври ҳисобланади. Унинг энг муҳим хусусиятларидан бири нақш солиб гулланган («рангланган») керамиканинг кенг тарқалганлигидир. Ишлаб чиқилган сопол идишлар ясалиш технологияси жиҳатдан юқори сифатга эга, қизил ва сариқ ранг бериб ишланган. Керамика сиртларига ҳайвон суратлари солинган. Керамикаларнинг юқори сифат даражасига қаралганда, ихтисослашган уста-кулоллар фаолият кўрсатган. Ҳар бир вилоятда ўзига хос керамика ишлаб чиқилган бўлиб, бу жиҳат вилоятлараро яшаган қабилаларнинг ўзига хос маданий анъанасининг мавжудлигидан гувоҳлик беради. Рангланган керамика илк деҳқончилик жамоаларига хос бўлса-да, ҳатто Яқин Шарқда ҳам бир типда эмас. Месопотомия неолитининг муҳим ёдгорликларидан бири Ироқдаги Телл Хусанна ҳисобланади. Бу ёдгорликда илк неолитдан энеолит давригача бўлган маданий қатламлар ўрганилган. Бу ерда қурилган уйлар доира ёки айлана шаклида қурилган бўлиб, анча қўпол ишланган сопол идишлар, ёрғучоқ, силлиқланган тошдан мотига кабиларнинг топилиши бу маданият соҳибларининг деҳқончилик билан машғул бўлганлигидан гувоҳлик беради. Ёввойи қулон, кийик каби жониворларга ов қилишган. Ҳўкиз ва қўй, эчки каби моллар хонакилаштирилган. Кейинчалик улар тўғри бурчакли уйлар қуришга ўтганлар. Керамика таркибида коса, товоқ, ликобча, шарсимон идишлар бўлиб, қора ранг билан бўялган, баъзиларига нақш солинган. Керамикалар сиртида ҳайвон суратлари учрайди. (Расм-44)
Ўрта Осиёда Ашхобод шаҳридан 30 км шимолроқда Жойитун қишлоғи жойлашган. Унинг моддий маданияти кўп жиҳатдан Олд Осиё (Джармо, Телл Хусан)нинг илк деҳқончилик маданиятига ўхшайди. Қишлоқ аҳли лойдан чоғироқ бир хонали уйларда яшашган. Ёдгорликнинг маданий қатламларидан арпа ва буғдой донлари, ёввойи ҳайвонлар суяк қолдиқлари билан кўпроқ қўлга ургатилган ҳайвонлар суяк қолдиқлари топилган. Шу билан бирга тош ва лойдан ясалган ҳайвонлар ҳайкалчалари топилган. Сопол идишлар оддий геометрик чизиқлар билан ҳамда оч қизилроқ бўёқлар билан бўялган.
Мил. авв. 5 минг йилларга келиб Яқин Шарқда энеолит даври бошланади. Аслида бундан олдин ҳам мисдан ясалган қуроллар топилган. Бу вилоятларда содир бўлган энеолит даври неолит давридан кескин фарқ қилмасди. Барча туманларда деҳқончилик ва чорвачиликнинг ривожланиши давом этарди, рангланган керамика кенг тарқалади, аҳоли сони оша бориши билан қишлоқлар сони ҳам кўпаяди.
Ривожланган энеолит даври мил. авв. 4 мингинчи йилларга тўғри келиб, мисни эритиб қуйиш йўли орқали қуроллар ишлаб чиқарилиши билан характерланади. Мил. авв. 3 минг йилликда Иккидарё оралиғи аҳолиси лой ғиштдан нафақат уй жойлар, шунингдек, жамоаларга тегишли йирик бинолар, ибодатхоналар қуришган. Суғориш иншоотлари қуриш бошланади, керамика ишлаб чиқаришда чарх вужудга келади ва ғилдиракли аравалар пайдо бўлади. Умуман, энеолит даври сўнгги босқичларига келиб, бўлажак Шумер цивилизациясининг асослари яратилади.
Мил. авв. 5-4 мингинчи йилликларда ривожланган неолит даврининг деҳқон қабилалари Мисрга ҳам тарқалади. Мисрнинг юқори ҳудудларига, айниқса, унинг жанубий сарҳадларига мил. авв. 5-4 минг йилликларда илк неолит даври маданиятига хос бадарейлар биринчи бўлиб кириб келишадилар. Бадарей номи шу атрофда ўрганилган бадарей қишлоқлари номидан олинган. Бадарейлар тоғ бағирларида ўрнашадилар ва пиширилган ғиштлардан бинолар қуришни билишганлар. Қурилиш материали сифатида қамиш буйраларидан кенг фойдаланганлар. Уларнинг асосий хўжалиги оддий деҳқончилик ва чорвачилик бўлиб, овчилик ҳам ёрдамчи хўжалиги ҳисобланган. Ерга тош мотига (омоч) билан ишлов беришган. Улар кўпинча Нил дарёси қирғоқларидаги қумлоқ, юмшоқ ерлардан фойдаланганлар. Уларнинг асосий қуроллари тош, суяк ва ёғочдан ясалган. Айрим ҳолатларда мис куллар ҳам учрайди. Бадарейликлар тўқимачиликни билганлар, ип ва қамиш пояларидан, химичдан саватлар тўқишган. Уларнинг керамикаси турли хил бўлиб, қизил ва қора рангга бўялган. Айрим идишлар тошдан ясалган. Бадарейлар ўз атрофида яшаган бошқа қабилалар билан ўзаро маданий алоқалар олиб борган. Улардан сувда сузиш воситаси – қайиқ ясашни ўрганган. Бадарейларга ўхшаш илк неолит даври деҳқон қабилалари Нил водийсининг Фаюм ботиғида ҳам яшаганлар.
Мил. авв. 4 минг йилликка келиб Мисрда энеолит маданияти гуллаб яшнайди. Бу давр Мисрнинг «сулолаларгача» бўлган даври ҳисобланади. Тошни қайта ишлаш техникаси мисли кўрилмаган даражада ривож топади. Уларнинг керамикаси оқ тусга қизил ранг ва қизил тусга оқ ранг бериб ишланган. Керамика идишлари гулланган. Мисдан ўткир болта, ханжар, баргсимон пичоқ, игна ва бошқа нарсалар ишлаб чиқилган. Бу даврга келиб бадарейларнинг моддий маданияти анча юксакларга кўтарилган эди.
Нил, Ефрат, Хуанхэ, Инд дарёларининг водийлари аллювиал ётқизиқлар билан қопланган ҳосилдор ўлкалар бўлиб, бу омиллар бу ерларда цивилизациянинг анча эрта шаклланишига олиб келди. Бу айтилган ўлкалар шароитидан кескин фарқ қиладиган Африкада бирмунча бошқачароқ, аниқроғи, қолоқ маданият ҳукм сурарди.
Мезолит даврида Ўрта Ер денгизи қирғоқларида яшаган каспийск маданиятига оид қабилалар Сахора чўллари бўйлаб Африкага кириб борган ва Шарқий Африкани эгаллашган. Улардан Сахора саҳролари бўйлаб қоятош устларига солинган хилма-хил суратлар қолган. Мил. авв. 6-7 минг йилликларда Африканинг шимолий ўлкалари бўйлаб неолит маданияти пайдо бўлади. Уларнинг турмуш хўжалиги аралаш-қуралаш эди. Масалан, улар балиқ ови, майда жониворларга овчилик, қисман деҳқончилик билан шуғулланишганлар. Майда ва йирик шохли ҳайвонларни хонакилаштиришни билишганлар. Уларнинг керамикасида тўлқинсимон нақш солинган бўлиб, кейинчалик муҳрланган нақш солишга ўтадилар. Сахоранинг тобора кўпроқ чўллаша бориши бу қабилаларнинг суғориладиган туманларга ўтиб яшашни ва ўзлаштиришини ҳаётнинг ўзи талаб қиларди. Шу билан бирга чорвачиликнинг ихтисослашувига олиб келади.
Сахора саҳросининг жанубий ўлкалари турли озиқабоп меваларга бой қалин ўрмонзорлардан иборат бўлиб, неолит даври қабилалари бундай шароитдан кенг фойдаланган ва овчилик билан шуғулланиб, деҳқончилик қилишга хожат бўлмаган. Неолит даврининг излари Гвения, Гана мамлакатларида ўрганилган ғор маконларининг қуйи қатламларида кузатилган. Юқори қатламлари эса мил. авв. I минг йилликка, яъни темир даврига тегишли эди.
Ҳиндистон ва Африка палеолит ёдгорликлари кенг тарқалган ўлкалардан бўлиб, бу ерларда ташкил топган неолит маданияти жамоалари ўзларининг ўтмишдошларининг меросхўрлари бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам бу музофотларда илк неолит даври маданиятига хос топилмалар бисёр кузатилинган. Бу қабилалар ишлаб чиқариш хўжалик билан анча эрта таниш бўлганлар. Шуни айтиш керакки, Яқин Шарқда деҳқончилик ва чорвачилик хўжаликлари гуллаб яшнаган бир вақтда Ҳиндистоннинг дашт минтақаларида яшаган қабилалар ҳали овчилик, балиқчилик билан шуғулланиб, микролит қуроллардан фойдаланар эди. Бу вақтда оддий кулбалар қуриш маълум бўлса-да, лекин аксарият маконлар ғорлардан иборат эди. Фақат мил. авв. 5 минг йилликка келиб, Булжистон (Ҳинд дарёси ўнг соҳили) ва Синдда илк деҳқончилик маданияти ташкил топади. Қишлоқларнинг деярли аксарияти мавсумий бўлиб, уларнинг аҳолиси деҳқон ва чўпонлардан иборат эди. Бу қишлоқларда ҳали керамика камёб эди. Бироз кейинчалик мис буюмлар пайдо бўлади. Уларнинг керамикаси нақшланган ва гулланган бўлиб, Эрон вилоятлари топилмаларига яқин ва ўхшаш эди. Мил. авв. 3 минг йилликка келиб, Ҳинд ҳавзаси ўзлаштирила бошланади. Юқорида келтирилган маданий ҳаёт ўз даврида гуллаб яшнаган Хараппа цивилизациясининг ўтмишдошлари эди.
Шарқий Ҳиндистонда мил. авв. 3 мингинчи йилларда бир неча энеолит даври маданияти ташкил топади. Бу давр аҳолиси иқтисодиётини шоличилик, полизчилик ҳамда чорвачилик ташкил қиларди. Лекин уларда ҳали неолит даври турмуш тарзи ҳукм сурарди.
Хитойда неолит Яқин Шарқ ва Овропага нисбатан кейинроқ вужудга келади. Бу ҳодиса, тахминан, мил. авв. 5 мингинчи йилларда содир бўлган. Бу маданият диффузия натижасида эмас, балки маҳаллий асосда вужудга келган. Хитойнинг илк неолит маданиятида микролит қадама тошлардан фойдаланган ҳолда суякдан ва ёғочдан ясалган қуроллар учрайди. Кейинчалик йирик, дағал тош қуроллар, ўқ-ёй, найза, силлиқланган тош болта каби асбоб-ускуналар пайдо бўлган. Бу қабилалар овчилик, балиқ овлаш, Маниижуриянинг шарқий туманларида тариқ етиштириш билан шуғулланганлар. Уй ҳайвонларидан чўчқа ва ит маълум бўлган. Яшаш жойи сифатида кўпинча доирасимон ярим ертўлалардан, тўғри бурчакли уйлардан кенг фойдаланганлар. Уйларнинг томонларини устунлар кўтариб турган. Бу қабилаларнинг керамикаси ҳам ривожланган ва мота изсимон нақшлар солинган. Уларда фақат мил. авв. 4 минг йилликка келиб мисдан фойдаланиш бошланган. Хўжаликнинг асосий тури шолигарчилик бўлиб, овчилик ва балиқчилик, чорвачилик ёрдамчи озиқа манбалари ҳисобланган.
Яншан қабилалари неолит даври маданияти ушбу мамлакатнинг шарқий туманларига кенг тарқалган. Улар ҳали металл билан таниш эмасдилар. Уларнинг қишлоқлари девор билан ўраб олинган бўлиб, лойдан уй-жойлар қуришни билишганлар. Меҳнат қуроллари чиғаноқдан, тошдан ва суякдан ясалган. Чарх ёрдамида керамика идишлари ишлаб чиқилган. Сопол идишлари ҳар хил рангли кўкчил, қора тусга бўялган бўлиб, сирти обдон силлиқланган. Луншанликлар маданияти билан бир вақтда Хитойда донли ўсимликларнинг янги нави: буғдой ва арпа пайдо бўлади. Уй ҳайвонларидан эчки, қорамол, қўй маълум эди. Тарихий ўтмишга назар солинса, луншан маданияти асосида кейинчалик дастлабки Хитой давлатчилиги вужудга келган ва дастлаб Шан, Инь подшоликлари пайдо бўлиб, улар мил. авв. XVII-XII асрларга тегишли эди.
Японияда ҳозиргача палеолит ва мезолит даври ёдгорликлари номаълум. Мил. авв. 13-12 минг йилликларда, аввало, Япония атрофидаги ороллар одамзод томонидан ўзлаштирилган. Илк неолит Японияда арқонсимон нақш солинган керамика билан боғлиқ бўлиб, сопол идишларнинг аксарияти цилиндрсимон шаклда ишлаб чиқилган. Бу даврга мансуб қишлоқ харобаларидан тош болта, обсианадан ясалган чопқи, қирғич ҳамда уюм-уюм чиғаноқлар топилган. Аҳоли бу вақтда денгиз малюскаларига, овқатбоп бошқа қурт-қумурсқаларга теримчилик, балиқ овлаш, майда туёқли ҳайвонларга овчилик қилиб ҳаёт кечиришганлар. Трапеция ёки доира шаклидаги ярим ертўла уйларда яшаган. Уларда бирдан бир уй ҳайвони ит бўлган. Айрим археологик маълумотларга қараганда, кейинчалик улар тариқ ва бошқа бошоқли ўсимликлардан фойдаланганлар. Япония энеолити бирмунча яхши ўрганилган. Токио яқинида Яёй номи билан аталган макон ўрганилган. Ёдгорлик мил. авв. III-II минг йилликлар ва милодий III-IV асрлар билан саналанган. Балки, бу маданият Хитой ёки Корея томонларидан кириб келган қабилалар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Ҳиндихитой вилоятлари аҳоли томонидан мил. авв. 8-7 минг йилликларда ўзлаштирилган. Бу ерда яшаган аҳоли овчилик, терим-термачилик, балиқчилик билан кун кечириб, аксарият ҳолларда ғорларда яшаганлар. Бу қабилаларга Вьетнам ўлкасида топиб ўрганилган хоабинь маданияти характерли бўлиб, бу маданият соҳиблари суяк, чиғаноқдан ясалган қуроллардан фойдаланганлар, тошни силлиқлаш техникасини билганлар. Тош қуроллар билан бирга керамика топилган. Ғаллани майдалайдиган келисоп топилган. Улар ёввойи шоли ўсимлигидан кўпроқ фойдаланишган. Балки, бошқа донли ўсимликлар билан ҳам таниш бўлиши мумкин. Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари қаторига кирувчи Ҳиндихитой, Индонезия, Филиппин ўлкаларида хоабин маданиятига хос маданият тарқалган.
Овропа неолитининг ривожланишида Яқин Шарқ маданиятининг таъсири кучли бўлиб, муҳим маданий ўсимликлар, айрим ҳайвонот турлари шу томондан кириб борган. Кейинги йилларда Кипрда ва Болқон ярим оролида «керамикагача» даврга хос маданият излари топилган бўлиб, у мил. авв. 7-6 минг йилликларда Яқин Шарқда яшаган қабилаларнинг маданиятига яқин туради. «Керамика»гача давр қабилалари бу ерларда устунли уйларда яшаган, деворлари ўсимлик тўқималаридан қурилган бўлиб, ярим ертўлалардан иборат эди. Деҳқончилик овчилик билан бирга олиб борилган. Улар донли ўсимликлардан буғдой, арпа етиштирган, чорвачиликда эса асосан қўй, шунингдек, йирик шохли жониворларни ва чўчқани боқишганлар. Юқорида айтилган ғалла навлари, уй ҳайвонларининг турлари Овропага Олд Осиё марказларидан кириб келганлиги исботланган. Аммо Овропанинг мезолит даври маданияти туб, маҳаллий асосда ривожланганлиги ҳақидаги фикрлар ҳам инобатга моликдир.
Мил. авв. 5 минг йилликларга келиб Овропанинг жанубий-шарқий ўлкаларида бир неча маданий тарихий вилоятлар вужудга келган. Бу вилоятларда айрим қишлоқлар узоқ вақт яшаган қабилаларга тегишли бўлиб, кўп қатламли ёдгорликларга айланган. Масалан, Болгариянинг Кирнова теллининг баландлиги 12 м бўлиб, бу ерларда қабилалар неолит давридан то жез асрига қадар узлуксиз яшашганлар. Машғулоти деҳқончилик ва чорвачилик бўлган. Аҳолиси қамишли лойсувоқ уйларда яшаган. Аввал қамишдан кулбалар қуриб, деворини лой билан суваганлар. Меҳнат қуролларидан - мотига, болталар, тошдан ясалган болға, буғу шохига микролитлар ўрнатилган ўроқлардан фойдаланилган. Керамикаси кўк рангга бўялган. Болгарияда ўрганилган телларга қараганда, бу вилоятларда қабилалар доимий равишда ўтроқлашиб яшаганлар.
Овропанинг Ўрта вилоятларида ҳам деҳқончилик маданияти ривож топган. Керамикаси нақшларга бой. Бу маданиятнинг давр суриши мил. авв. 5 минг йилликка тўғри келади. Бу маданият одатда ўрмонли районларда кенг тарқалган. Буғдой, арпа, жўхори, нухат каби донли ўсимликлар билан деҳқончилик қилишганлар. Хонакилаштирилган ҳайвонларга эга бўлган ва улар овчилик билан шуғулланмаган. Бу ўтроқ қабилалар ёғочдан қурилган кенг уйларда яшаган. Уларнинг ўртача кенглиги 27 м узунлик, 6 м энига эга майдонни ўз ичига олган. Қишлоқлар кўпинча чуқур хандаклар билан ўраб олинган. Мил. авв. 3 минг йиллик ўрталарига келиб, чорвачилик ва овчилик хўжаликлари бирмунча ривожланган. Аввалги катта-катта уйлар ўрнига якка оилалар яшайдиган ўчоқли бир хонали уйлар пайдо бўлади. Эндиликда қишлоқлар нафақат ўрмонзорларда, шунингдек, очиқ жойларда, дарё соҳилларида барпо этилган. (Расм-44)
Керамикаси бўялган, тасма шаклидаги чизиқлар ёрдамида нақшлар солинган маданият Украинада, Молдавия, Шимолий Руминия вилоятларида кенг тарқалган. Бу маданият Киевдан 50 км узоқликда жойлашган Триполия қишлоғи номи билан боғлиқ. Триполияликлар қишлоқлари доирасифат бўлиб, унинг ўрта қисмида очиқ майдон бўлган. Яшаш уйлар қамиш деворлардан иборат бўлиб, лойсувоқ қилинган. Ҳар бир катта уй бир неча хоналарга бўлинган. Уйлар билан туташ омборхоналари бўлган. Ҳар бир хона алоҳида печкага эга бўлган. Ҳар бир уйда ғалла сақланадиган йирик хумлар ва ёрғучоқлар бўлган. Уйнинг тўрида лойдан қилинган ҳадия жойи бўлиб, у ерга аёллар худоси ҳисобланган ҳайкалчалар қўйилган. Ҳар бир йирик уйда бир неча жуфт оилалар яшаган. Ҳар бир қишлоқ қавм-қариндошлардан иборат бўлган. Триполияликларнинг асосий машғулоти мотига деҳқончилиги бўлиб, чорвачилик, овчилик, балиқчилик ёрдамчи хўжаликларига ҳам эга бўлишган. Бу маданиятнинг сўнгги босқичларига келиб чорвачиликнинг аҳамияти ошиб борган. (Расм-45)
Триполияликлардан шарқ томонда Днепр билан Урал оралиғида мил. авв. 3 минг йилликларда деҳқон ва чорвадор қабилалар яшаган бўлиб, улардан бизгача ғужанак ҳолатда ва суяклари қизил бўёқларга бўяб дафн қилинган кўпгина қўрғонлар етиб келган. Улардан қўрғон остида оддий чуқур қилиб кўмилган қабрлар энг қадимгиси ҳисобланади. Улар археологияда қадимги хандак қўрғонлар деб аталиб, улар жуда камбағал ва мис буюмлар камдан кам топилади. Уларнинг соҳиблари «қадимги чуқур қабрли» қабилалар деб аталиб, қабрларни қолдирган қабилалар мил. авв. 3 минг йиллик охирларида яшаган, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланганлар ҳамда мис металлургияси билан яхши таниш бўлганлар. Кейинчалик улар тарихий жараёнда ғарб томон силжиб, Польша, Славения ва бошқа кенг ҳудудларга тарқалиб яшашганлар.
Мил. авв. 5-4 мингинчи йилларда қадимги деҳқончилик маданияти Кавказда қадимги шарқ маданияти таъсирида ривожланишда бўлди. Бу вилоятларда мис буюмлар ишлаб чиқариш анча эрта пайдо бўлди.
Франция, Англия ва Периней ярим оролларида неолит ва энеолит даврларида деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган қабилалар яшаган. Улардан бизгача талайгина мегалит қурилмалар етиб келган. Мегалитлар йирик ясси тошлардан қурилган бўлиб, уруғ бошлиқлари ёки машҳур қабила бошлиқларига ёдгорлик сифатида қўйилган. Мегалит қурилмаларга ишлатилган йирик ва оғир тошларнинг муайян атрофдан келтирилиб, катта сиғиниш иншоотларининг пайдо бўлишига қараганда, қабила кучларининг кооператив тарзда бирлашиб, меҳнат қилишини талаб қилган. (Расм-46, 47, 48)
Швейцария ва унга туташ вилоятларда фойдали ерлар ботқоқлик билан боғлиқ бўлганлиги сабабли ерга қоқилган қозиқ оёқлар устига уйлар қуриш одат бўлган. (Расм-49) Бу мамлакатга ҳам меголит маданияти кенг тарқалган. Бу ҳудудларда яшовчи қабилаларнинг машғулоти, асосан, ҳайвонларни боқиш бўлиб, деҳқончилик билан шуғулланган. Қозиқ оёқлар устидан дарахтдан олинган болорларни териб, устига хашак ёки қамиш, майда шох-шаббаларни бостириб, полини лой билан суваган ва унинг устидан яшаш уйлари қурилган. Қозиқ оёқли уйлар билан бир вақтда инсоният турмушида биринчи бор ёғочдан ясалган мебел пайдо бўлади. Ҳар бир оилага тегишли уй сандиқ ва мебел билан жиҳозланган. Уйларнинг ичидан кўплаб тош қуроллар, суякдан ясалган қурол болталар, теша ва бошқалар топилган. Кейинчалик торфияникка айланиб кетган бу ёдгорликлар жойидан турмуш нарсалари, ҳар хил идишлар топилган. Уларда уй ҳайвонларидан сигир, қўй, эчки, от ва ит боқиларди. Нон учун ғаллалардан буғдой, арпа, тариқ маълум эди. Ерни мотига билан юмшатганлар. Бу қишлоқ харобаларидан мато, тўқилган нарсалар топилган ҳамда улар жундан кўп фойдаланганлар. Бу ёдгорликлардан тўқимачилик дастгоҳлари топилган. Кўпгина топилмалар бу қабилаларнинг Овропа ва бошқа вилоятлар билан савдо алоқалари анча ривож топганлигидан далолат беради. Қозиқ оёқли уйга эга қабилаларда содир бўлган ривожланиш уруғ жамоатчилигининг сўнгги босқичларига тўғри келади. Чунки бундай йирик қишлоқ қурилмалари жамоаларнинг бирлашмасисиз вужудга келмаган бўларди. Қозиқ оёқ билан боғлиқ маданият нафақат Алпён бағирларида, шунингдек, Шимолий Овропада Германиядан то Швециягача тарқалган. Бу маданият аввалги Иттифоқнинг Волгоград вилояти ва Уралда ҳам маълум.
Ҳозирги вақтда кўпчилик олимларнинг хулосасига қараганда, Шимолий Америка Сибирдан Беренгов қўлтиғи орқали ўтган аҳоли томонидан ўзлаштирилган. Бу ўрмонли минтақалардан топилган тош қуролларнинг техник ясалиши Шарқий Сибир моддий маданиятига ўхшаш. Неолит давригача Сибир ўлкаларида яшаган монологид одамлар Шимолий Америка ерларига тарқалиб, маҳаллий ҳинд қабилалари билан аввал қўшни бўлиб, кейинчалик аралашиб яшаганлар ва ҳозирги замонда яшаётган ҳиндлар ана шу жараённинг маҳсули ва авлодидир. Музликдан кейинги даврда неолит асрида шимолдан эскимос қабилалари Американинг шимолий сарҳадларига тарқалади. Хуллас, ҳозирги ҳиндуслар Осиёдан ва шимолий ўлкалардан кириб келган қабилаларнинг аралашмасидан ҳосил бўлган аҳоли бўлиб, ўз тараққиёт йўлида ривожланди ва Колумбия Америкасига қадарги давр цивилизацияга асос солди. Шу жараённи алоҳида эслатиб ўтиш лозимки, Янги Дунёда ўзлаштирувчиликдан ишлаб чиқариш хўжалигига ўтиш ўзига хос жиҳатларга эга. Масалан, бу ҳудудларда деҳқончилик билан чорвачилик бирга ривожланмади. Американинг кўпгина вилоятларида хонакилаштирадиган қорамоллар зоти йўқ эди. Шунинг учун ер ҳайдаш, ҳосил олишда ҳамон мотигалардан фойдаланарди. Омоч, ғилдиракли араваларга қўшадиган ҳайвон зотлари йўқ эди. Шу боис ҳам хўжалик юритилишида одам кучидан фойдаланиларди.
Мексиканинг Тегуакан водийларида яшаган қабилаларда деҳқончилик маданияти ташкил топмаган ва мил. авв. VIII асрларда ҳам гуруҳ-гуруҳ овчи ва термачилар тез-тез ўз яшаш жойларини алмаштириб, кўчиб юришганлар. Овчи ва терим-термачилар ғорларда ҳам истиқомат қилган. Фақат мил. авв. 3 мингинчи йилларга келиб, дастлабки ўтроқ деҳқончилик вужудга келиб, мил. авв. 2 минг йиллик бошларида деҳқончилик хўжалиги ривож топади. Мил. авв. 2 мингинчи йилларга келиб, Тегуакан водийсида кичик-кичик ўтроқ қишлоқлар пайдо бўлади. Уйлар лойдан қурилган эди. Қизил сир берилган керамика пайдо бўлади. Ерни юмшатиш учун мотига ва оғир найзасифат ёғоч қуроллардан фойдаланарди. Мил. авв. I минг йилликнинг охирида бу маданиятнинг ўрнига классик мая цивилизацияси ташкил топади.
Тахминан, бу вақтга келиб айнан шундай деҳқончилик маданияти Эквадор, Боливия, Перу вилоятларида ташкил топади. Месоамерика ва Анд вилоятларида неолит даври маданияти анча ривож топди. Меҳнат қуроллари чақмоқтош ва обсидиан тошидан ясалган. Металл узоқ вақтлар номаълум эди. Дастлабки олтин қуймаси мил. авв. III минг йилликда пайдо бўлади. Ҳақиқий металлургиянинг ривожланиши бу ҳудудларда мил. авв. I минг йилликка тўғри келади.
Мотига деҳқончилик ва чорвачилик хўжалигининг сарқитлари Мелонезия, Америка ҳиндларида ва тропик Африка қабилаларида сақланиб қолган. Мелонезия оролларида яшаган қабилалар озиқ-овқатга бой жойларга кўчиб юришганлар. Уларнинг чайласимон уйлари турли ўсимлик шох-шаббаларидан қурилган бўлиб, томини уй ўртасига қўйилган устунлар кўтариб турган. Ер қатламида соз тупроқ йўқлигидан уларнинг керамикаси оловда куйдирилган қўпол идишлардан иборат эди. Бу тропик мамлакатларда одамлар жинсий уятини ёпиб юрадиган пешбанди ва аёллар ярим юбка билан ҳаёт кечирардилар. Кийимлар хашакдан, қамишдан тўқилган. Уларда уй-рўзғор идишларини ясаш, кийим-кечак, овқат тайёрлаш ва кўп ҳолатларда уй-жой қуриш ишлари билан аёллар шуғулланган. Эрлар овчилик, терим-термачилик ва балиқ тутиш билан машғул бўлганлар.
Ирокезлар ҳам олов ёрдамида очилган тўқайзор ерларда мотига деҳқончилиги билан шуғулланганлар. Асосий етиштириладиган озиқаси майиз бўлган. Ирокезларнинг қишлоқлари 10 км радиусдаги майдонни ўз ичига олган. Ёрдамчи озиқалари ошқовоқ, қулупнай, нухат, кунгабоқар ва бошқалар эди. Чакалакзорларни, ўрмонларни куйдириб, деҳқончилик учун ер очиш, тайёрлаш ишлари билан эркаклар шуғулланарди. Деҳқончилик билан эса аёллар шуғулланарди. Бу вақтда ерни экин учун юмшатадиган ва тайёрлайдиган қуроллардан болта, сўйил, ер юмшатгич найзасифат қуроллардан фойдаланиларди. Фақат XVII асрга келиб, ерни юмшатадиган ҳақиқий омоч пайдо бўлади.
Ирокезлар уй ҳайвонларидан итдан бошқасини билмасдилар. Бу ҳолат колониал давргача сақланиб қолган. Ирокезлар ҳақиқий деҳқончилик хўжалигини билмасдилар. Аёллар турли озиқабоп нарсаларга, хусусан, мева, қўзиқорин, ёнғоқ, овқатга солинадиган лойиқ ўсимлик томирлари, қулупнай, парранда тухумлари, қисқичбақа ва бошқа озиқабоп нарсаларга теримчилик қилганлар. Кўл қирғоқларида ўсадиган ёввойи шоли донларидан фойдаланган. Эркаклар ёзда ва баҳорда балиқ овлаш билан шуғулланганлар. Қиш мавсумида эса буғу, лос, айиқ, қуён, учиб ўтувчи қушлар кабиларга овчилик қилишганлар. Техник жиҳатдан ирокезлар энеолит характерига эга эди. Ишлаб чиқариш қуролларидан болта ва мотиганинг ер юмшатадиган тишлари тошдан, суякдан ёки шохдан ясаларди. Овропа колонизациясига қадар ирокезлар табиий мис рудасига совуқ ҳолатда болғалаш йўли билан ишлов беришни билишганлар. Айниқса, уй ва бошқа хўжалик ишлари юмушлари аёллар томонидан бажариларди. Аёллар сопол идишлар тайёрларди, сопол қозонларда овқат пиширарди, нон ёпиш ва чекиш учун найлар ясаш билан шуғулланардилар. Ёғочдан дон майдалагич келилар ишлаб чиқиларди. Коса ва қошиқлар ясаларди. Ўсимлик ва дарахт пўстларидан ҳамда ёввойи ошқовоқдан идишлар тайёрланган. Улар ҳайвон териларини қайта ишлашнинг устамонлари бўлганлар. Қиш мавсумида ҳайвон териларидан кийимлар тиккан. Эрлар ва аёллар юзларини ҳар хил ранглар билан бўярди. Эрлар парранда патларини бош кийим билан бирга тақиб юрардилар. Л.Г.Морган ўз асарларида ирокез қабилалари ҳақида турли-туман маълумотлар келтирган. Шулардан бири ирокезларнинг яшаш уйлари ҳақида. Уйлар узун тўртбурчак кўринишда бўлиб, деворлари ёғочлардан ташқари дарахт пўстлари, қамишлардан, майда шох-шаббалардан ясалган бўлиб, ички қисми уч ярусга бўлинарди. Биринчи яруснинг поли буйра ва ҳайвон терилари билан тўшалган бўлиб, унда ётиб ухлаганлар, иккинчи ярусда уй-рўзғор ашёлари сақланган, учинчи ярусда овқат учун маис сақланган. Уй бир неча жуфт оилаларнинг яшаши учун бўлинган бўлиб, ҳар бир хона дарахт қобиғидан тикланган «девор» билан ажратилган. Катта уйнинг марказида ҳар тўрт хона учун оловли ўчоқ ўрнашган. Ўчоқ-гулхан устида овқат пишадиган умумий қозон осиғлиқ турган. Одатда ҳар бир шундай умумий уйларда қаторасига 5-7 та ўчоқ бўлган. Унинг узунлиги 10-15 метрни ташкил қилган. Бундан икки баробар катта уйлар ҳам бўлган. Уйнинг ёнбошида маис сақланадиган омбор бўлган. Ирокезлар қишлоқлари шунқанги бир неча уйлардан иборат бўлиб, қишлоқ айланаси енгил девор – чўп-шаббалардан тикланган девор билан ўраб олинган.
Ирокезлар ва малинезейликларда муҳим меҳнат жараёни коллективники бўлган. Деҳқончилик учун янги ерларни очиш, хусусан, чакалакзорларни, ўрмонзорларни ёқиш йўли билан экин майдонларини тайёрлашда уруғ-жамоаларининг бирлашган меҳнати талаб қилинарди. (Расм-50, 51, 52, 53, 54)

Download 1 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   27   28   29   30   31   32   33   34   ...   57




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling