Ибтидоий жамият тарихи (Жаҳон тарихи)


Талончилик урушларининг ривожланиши


Download 1 Mb.
bet43/57
Sana22.02.2023
Hajmi1 Mb.
#1220168
1   ...   39   40   41   42   43   44   45   46   ...   57
Bog'liq
I J T kitob

2. Талончилик урушларининг ривожланиши
Зиёд ва кейинроқ қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотларнинг пайдо бўлиши урушларнинг келиб чиқишига сабаб бўлди. Тўғри, қабилалараро тўқнашувлар илгари ҳам бор эди. Одатда бундай келишмовчиликлар, жанжаллар, қабилалараро чегараларнинг бузилиши, бир-бирини ўлдириш ёки хафа қилиш, қўшни қабиладошига келтирилган зарар ва бошқа сабаблар урушларнинг келиб чиқишига шароит яратарди. Туғри, бундай ҳолатлар нисбатан камроқ бўларди. Классик уруғчилик жамоалари даврида улар урушлардан манфаатдор эмас эдилар. Бироқ қуролли тўқнашувларнинг келиб чиқиши жуда зарурият туғилганда бўлиши мумкин эди. Дастлабки урушларда қон тўкилишининг олдини олиш чоралари ҳам кўрилган. Дастлабки вақтларда бировни камситиш, ҳақорат қилиш, бировга тан жароҳати етказиш сабабидан ўзаро келишмовчилик ва жанжаллар келиб чиқиб турарди. Эндиликда бойликнинг пайдо бўлиши муносабати билан очкўзлик келиб чиқди ва бойлик орттириш хислати пайдо бўлди. Бу ҳолат умумий аҳволни ўзгартириб юборди, талончи киши эндиликда осонгина бой бўлишни истарди. Шунинг учун ҳам кейинчалик аҳён-аҳёнда бўлиб турадиган аразлашлар, майда тўқнашувлар оммавий тус ола бошлайди. Бундай тўқнашувларнинг махсус уюштирилиши урушларнинг келиб чиқишига олиб келарди. Урушлар аввал фақат талончилик ҳарактерида бўлса, эндиликда доимий бойлик орттириш манбаига айланди. Талончилар ўзлари билан қўлга илинган ҳамма фойдали нарсаларни, буюмларни, молларни, қулларни, қимматбаҳо ашёларни талаш йўли билан зўрлик орқали тортиб олиб кетишарди. Кейинчалик аҳолининг кўпая бориши туфайли бошқа қабилага қарашли ерларни ҳам ўзиники қилиб олишга киришган. Бундай фойдали ерларга ҳосилдор, сув ресурсларига бой ўтлоқ, кенг яйловлар, ов ва бошқа хўжалик юритиш мумкин бўлган ерлар кирарди. Шу муносабат билан ибтидоий одамларнинг психологияси ҳам ўзгара борди. Талончилик эндиликда фахрий касб, тинч меҳнат, эркак жинси учун уят иш деб қараладиган бўлинди. Бундай ғоялар кўпгина халқларнинг ўз тарихи бўйича яратилган эпик асарларда ҳам ўз ўрнини топган. Бундай ҳикоя ва достонлар ибтидоий жамият тузумининг инқирозга учраши арафасида анча кўпайган эди.
Урушларнинг пайдо бўлиши аста-секин «фойдали» касбга айланди ва ҳарбий техника ва ҳарбий ташкилотнинг ривожланишига олиб келди. Шу вақтга келиб, юқори ихтисослашган металл тиғли найза, қилич, қалқонлар ва бошқа жанговар қурол-аслаҳалар пайдо бўлди. Катта қишлоқлар, шаҳар ва қасрлар атрофи айланасига қалин мудофаа деворлари ҳамда сувга тўлдирилган хандаклар пайдо бўлди. Илк темир асрининг бошланғич даврида Овропа ва Осиё мамлакатларида алоҳида кучайтирилган мудофаа объектлари пайдо бўлди. Минорали қасрлар қурилди, мудофаа деворлари махсус шинаклар билан жиҳозланди. Шунингдек, ҳовлиларда аҳолини ҳимоя қиладиган алоҳида мудофаа қалъалари қурилди, жанг қилиш, ҳужум ва ҳимоя усуллари такомиллашди. Турли жанговар қурол-яроғлар пайдо бўлди. Урушлар олиб бориш мақсадида ён қўшни қабилалар бирлашади ва оқибатда ўзига хос ҳарбийлашган қабилалар иттифоқи ташкил топади. Қабила иттифоқларининг бирлашмаларидан конфедерациялар ташкил бўлди. Дастлабки вақтларда қабила иттифоқлари қавм-қариндошчилик билан боғлиқ эди.
Бундай ҳолатларда ҳарбий саркардаларнинг етишиб чиқиши аҳамиятли эди. Уларнинг кўп ҳолатларда ҳарбий санъат машқларидан хабардор бўлишлари талаб қилинарди, бинобарин, қабиладошларнинг ҳарбий ютуғи ёки камчилиги ҳарбийлашган саркардаларга кўп жиҳатдан боғлиқ эди. Дастлабки вақтларда оддий йўсиндаги бошлиқлар пайдо бўлган, сўнгра қабила бошлиқлари, оқсоқоллари иш юритганлар, кейинчалик жез асриниг охирги босқичи ва илк темир асрига келиб, қабилавий иттифоқлар ҳамда уларнинг бирлашмаларидан конфедерациялар уюшмалари ташкил топади. Эндиликда оқсоқоллар оралиқдан сиқиб чиқарилиб, ҳарбий саркардалар, доҳийлар пайдо бўлади. Қабила ва қабилавий иттифоқларнинг жангчилари жанговар йигитлардан ва қуролланган аҳолидан ташкил топган. Уларнинг орасидан жанговар, талантли, ботир кишилар етишиб чиққан. Шундай ботир, бошқалардан анча тетик ва кучли кишилардан саркардаларнинг дружинаси тузиларди. Улар сон жиҳатдан доим кўпайиб борди ва талончилик урушларда ўзларининг етук қобилиятларини намоён қилишарди. Шундай қилиб, ҳокимиятнинг ўзига хос ташкилоти вужудга келади. Бу ҳодисани К.Маркс ва Ф.Энгелъс Л.Моргандан кейин ҳарбий демократия деб атаган эди. Дастлабки вақтларда бу ташкилот ҳақиқий демократия эди. Сабаби, бу вақтда ҳали ибтидоий жамият тузумининг барча демократик жиҳатлари сақланарди. Халқ мажлиси, оқсоқоллар кенгаши, қабила дохийси бор эди. Шу билан бирга бу вақтга келиб ташкил топган ҳарбий демократия бошқачароқ эди. Чунки эндиликда халқ мажлиси фақат қуролланган жангчилардан, ҳарбий саркарда ўзларининг друженалари томонидан қўллаб-қувватланарди. Кенгаш аъзоларининг кўпчилиги шулар ҳисобидан ташкил бўлиб, улар ҳокимиятни қўллаб турувчи оқсоқоллардан иборат бўлиб қолди. Ҳарбий демократия тизими барча ҳарбийларни манфаатдор қилардики, талон-тарожлик урушида қатнашган ҳар бир жангчи қўлга киритилган бойликдан ўз улушига эга эди. Бироқ бу тизим аслида тенгликка эга эмас эди. Чунки ҳарбий саркарда ва унинг қавм-қариндошлари, яқинлари қўлга киритилган, таланган бойликнинг аксариятини улар зўравонлик билан ўзиники қилиб олардилар. Масалан, XVIII асрда яшаган алеут қабилаларида саркарда ва унинг яқинлари урушдан, талон-тарожликдан тушган бойликнинг энг сарасини, шу билан бирга барча асирга тушган қулларни, кўпинча хотин-қизларни ҳам ўзиники қилиб оларди. Қолган жангчилар қўлга киритилган айрим нарсалар ҳисобидан улушларини олардилар. Араб кўчманчи қабилаларида эса ҳарбий саркарда қўлга киритилган йилқилар ва туяларнинг ҳаммасини ўзиники қилиб оларди.
Ҳарбий демократияни кўпгина халқлар у ёки бу даражада уруғ-жамоачиликдан синфий жамиятга ўтишда бошдан кечирган ва бу жараён тарихий, диний китобларда қисман бўлса-да маълумот излари узоқ вақтлар сақланиб қолган. Бу масала ҳақида талайгина археологик материаллар ҳам тўпланган. Масалан, ҳарбий демократия ҳақида яҳудийларнинг инжил жамиятида, қадимги греклар, этрусклар, римликлар, скифлар, сарматлар, кельтлар, германлар, норманлар, исломгача бўлган арабларда, арман ва бошқа кавказ халқлари достончилигида ва бошқа тарихий манбаларда сақланиб қолган. Этнографик жиҳатдан ҳарбий демократия Африканинг банту қабилаларида, ҳарбий демократиянинг бошланғич давр излари Шимолий Америка ва Сибир қабилаларида сақланиб келган.
Шу билан бир вақтда ҳарбий демократия ер юзининг ҳамма халқларга хос универсал бўлмаган ҳодисадир. Айрим халқлар, масалан, Океаниянинг қатор оролларида яшаган халқлар ҳарбий демократиянинг ҳатто бошланғич шаклини ҳам билмаганлар. Сўнгги вақтларда олимлар шу масалага эътибор қаратиб, айрим ҳолатларда ҳарбий демократиянинг синфий жамиятга ўсиб чиқмаганлиги ҳақидаги мулоҳазаларни эътироф этишмоқда. Шунинг билан бир вақтда, уларнинг фикрича, барибир қолоқ халқларда ҳам демократик иархияси мавжуд бўлиб ўтган. Масалан, оддий жангчи кичик ва катта дружинникларга, дружинниклар кичик ва ҳарбий бошлиқларга бўйсунган. Бироқ бу ҳодиса хусусий масалаларга мансуб бўлиши мумкин. Урушларнинг ўзи ибтидоий жамиятнинг емирилишида мавжуд бўлганлиги умумий тарзда тан олинган масала. Талончилик урушлари бойлик тўплаш мақсадида олиб борилган ва бу омил хусусий мулкчилик ва ибтидоий жамият тизимига путур етказиб, хусусий мулкчиликнинг ўрнига синфларни ва давлатчиликни келтириб чиқарди.

Download 1 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   39   40   41   42   43   44   45   46   ...   57




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling