Ибтидоий жамият тарихи (Жаҳон тарихи)


Ибтидоий тўда гуруҳларининг ривожланишида


Download 0.99 Mb.
bet12/57
Sana31.12.2022
Hajmi0.99 Mb.
#1073641
1   ...   8   9   10   11   12   13   14   15   ...   57
Bog'liq
11 Darslik (Ibtidoiy jamiyat tarixi-Djurakulov M)

2. Ибтидоий тўда гуруҳларининг ривожланишида
овчиликнинг роли
Овчиликнинг қайси тури аввал бошланганлигини ҳозирча айтиш мумкин. Бизнингча, терим-термачилик ва майда жониворларга овчилик бир даврнинг ўзида бошланган бўлиши мумкин. Бизнингча, овчилик теримчиликка қараганда прогрессивроқ бўлган. Овчилик биринчи навбатда ибтидоий коллективни жипслаштиришга ёрдам берган, гўштлик овқат эса одамзоднинг ривожланишига салмоқли таъсир кўрсатган. Хусусан, тропик минтақаларда гиппопатам, антилопалар, ёввойи буқа каби йирик ҳайвонлар яшаган. Айрим вақтларда шельь ва ашелль минтақаларидан йирик ҳайвонлардан фил суяклари топилган. Шимолий ўлкаларда одамзод гуруҳлари от, буғу, тўнғиз, зубр, айиқ, қоплон каби жониворларга овчилик қилган. Бундай йирик ҳайвонларга ов қилиш, айрим ҳолатларда улардан ўзларини ҳимоя қилиш мақсадида бирлашиб, тўда, гуруҳ бўлиб ҳаёт кечиришини тақозо этган. Тоғ массивларининг баланд қисмида яшаган тўдалар кўпинча тоғ такаси, тоғ қўйи каби жониворларга ов қилишган. Масалан, Омонқутон, Тешиктош ғор маконларидан ана шу каби ҳайвонот дунёси қолдиқлари топилган. Овчилик маҳсулоти ҳажми ҳақида маконлардан топилган ҳайвон суяк қолдиқларини ҳисоблаш асосида фикр билдириш мумкин. Масалан, Испаниядаги Обсерватория ғоридан 30 та фил суяклари қолдиғи топилган.
Йирик ҳайвонларга овчиликда қамал усулини қўллашганлар. Бу ҳаракат ҳам одамзоднинг жипсроқ яшашини тақозо қилган. Майда жониворларга ҳам овчилик кундалик юмушлардан ҳисобланган. Айниқса, гўшт маҳсулотларини оловда пишириб истеъмол қилиш одамзод турмушини, физик ривожланишни таъминлаган. Бу ҳақда, Ф.Энгельс ўз асарида таъкидлашича, гўштли озиқа одамзоднинг биологик эволюциясининг тезлашувида муҳим омил бўлиб ҳисобланган. (Расм-8, 9)
3. Ибтидоий коллективизмнинг ривожланиши
Одамзоднинг ўтмишдошлари гала бўлиб яшаган. Бу ҳолат ибтидоий гуруҳ бўлиб яшаш даврида ҳам ҳукм сурган. Айниқса, дастлабки меҳнат қуролларининг кашф қилиниши билан гуруҳларга жипслашиш кучаяди, агар гуруҳлар ўртасида уруш, аразлаш, жанжаллар кўп бўлганда, жипс бирлашиш бўлмаганда аввалгидан юқорироқ тараққиётга эришиш ва ижтимоий шаклланиш организми вужудга келмас эди. Ибтидоий гуруҳ ёки тўда тараққиёт босқичида эгоистик қарашларга қарши кескин кураш олиб борилган ва натижада бирлашган гуруҳ – коллектив ташкилоти юзага келган. Агарда шундай қарама-қаршилик кураш бўлмаганда, ибтидоий тўдалар уруғ-жамоа шаклига эга коллективга айлана олмас эди.
Маълумки, одамзоднинг ҳайвонот дунёсидан ажралиб чиқишида меҳнат ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган. Коллектив меҳнат туфайли одамзод табиатдан нафақат фойдаланган ва яшаган, шунингдек, унга таъсир ҳам кўрсатган. Илк босқичда майда меҳнат операцияси ҳам коллектив меҳнат орқали юз берган. Шундай қилиб, ибтидоий тўда босқичининг энг илк давридан бошлаб ҳайвонга хос бўлган эгоистик ҳаракатларга қарши курашиб, биргаликда озиқ-овқат топишга ҳаракат қилинган ва коллектив равишда истеъмол қилинган. Тўда бирикмалари табиат инжиқликларига қарши курашиб яшаш учун озиқ-овқат маҳсулотларини топиш, излаш ишларида бир-бирларини қўллаб-қувватлаш, ўзаро ёрдам, душманга қарши курашиш каби иллатларда уларнинг бирлашиши ягона бирлашмани келтириб чиқарди. (Расм-9) Меҳнат қуролларининг доимий такомиллашуви ўз даврига нисбатан мустаҳкам коллективни вужудга келтирди ва бу жараёнларнинг ривожланиши ўзаро сўзлашиш талабини келтириб чиқарди ва оқибатда оддий нутқ вужудга келди. Айниқса, мустьер даврига келиб, ҳайвонга хос эгоистик ҳаракатлар кескин камайиб, одамлар бир-бирларини муҳофаза қилиш, ёрдам кўрсатиш, инсоннинг иззатини жойига қўйиш аломатлари кучаяди. Шу боисдан бўлса керак, мустьер босқичида ўлганларни алоҳида қабрларга дафн қилиш одатлари вужудга келади. Эндиликда одамлар ўртасида ўз коллективини мустаҳкамлаш, унинг учун қайғуриш каби ҳаракатлар юзага келади. Альп тоғларида ўрганилган Петерсхеле ва Драхенлох ғорларида айиқнинг бош қисми ва оёқлари жуфтланиб, алоҳида сақланганлиги ҳолати кузатилган. Кўпчилик олимларнинг фикрича, бу ҳолат диний сиғиниш, жониворга сиғиниш аломатларининг пайдо бўлишидан далолат беради.
Тўғри, илк тараққиёт босқичидаги коллектив хулқ одатларнинг мустаҳкамлиги ҳақида айтиш ҳали эрта. Масалан, кўпгина топилдиқларда неандертал одамларининг бош чаноғи сунъий равишда жароҳатланганлиги кузатилган. Мутахассисларнинг фикрича, бу ҳодиса тўда ичида содир бўлган муштлашишнинг оқибати бўлиши мумкин. Бундан ташқари, Югославиянинг Крапина маконидаги кўпгина неандертал одамларнинг бош чаноқлари қапқоқлари махсус синдириб олинган. Бу ҳодиса, олимларнинг фикрига қараганда, неандертал тўдаларида каннибализм (одамхўрлик)нинг мавжудлигидан далолат беради. Бундай ҳодиса ҳатто муайян бир тўда ичида ҳам содир бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақида тафсилотлар мавжуд.

Download 0.99 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   8   9   10   11   12   13   14   15   ...   57




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling