Ибтидоий жамият тарихи (Жаҳон тарихи)
Балиқчи ва овчиларнинг хўжалиги ва моддий маданияти
Download 0.99 Mb.
|
11 Darslik (Ibtidoiy jamiyat tarixi-Djurakulov M)
4. Балиқчи ва овчиларнинг хўжалиги ва моддий маданияти
Юқорида айтганимиздек, қадимги даврларда кўпгина вилоятлар ойкуменларида табиий шароитнинг зарурият даражасида яхши бўлмаганлиги сабабли деҳқончилик ва чорвачилик хўжаликлари ташкил топмаган. Жумладан, Шимолий Овроосиё, Америка неолит даври иқтисодининг ривожланиш йўли овчилик ва балиқчиликнинг янада такомиллашуви билан боғлиқ бўлиб қолган эди. Овропанинг шимолий-шарқий қисмларида ва Шимолий Осиёда мил. авв. 4 минг йилликка келиб, овчи-балиқчилар маданияти ташкил топади. Сўнгра бу хўжалик тури шимолнинг энг чекка ўлкалари: Сибир ва Узоқ Шарқ халқларининг узоқ сақланиб қолган маданиятига айланади. Бу вилоятлар неолитининг характерли хусусиятларидан бири керамикаси чуқурча муҳр шаклида солинган нақшлар билан безалганлигидир. Шунингдек, керамикасида тишсимон ёки тўлқинсимон нақшлар ҳам солинганлиги учраб туради. Шимолда бу керамика анча кейинги вақтларда, яъни мил. авв. 1 мингинчи йилларда ҳам сақланиб қолинган. Қадимги чуқурча нақш солинган керамика аҳолиси маконлари ўрганилганда бу ёдгорликлар мил. авв. 3 минг йилликларга оид эканлиги аниқланган. Бу керамика соҳиблари асосан Волга – Омск дарёлари оралиғидаги музофотларда яшаган. Чуқурча ва тўлқинсимон нақшлар солган керамика соҳиблари маданияти бироз кейинги вақтларга тегишли. Айнан шундай керамика Оқ денгиз, Ладога, Онега кўллари, Оролбўйи, Уралорти, Лена дарёси ҳавзаси, Байқолбўйи, Камчатка, Сахолин ва Курил ороллари аҳолилари орасида тарқалган. Бу қибалалар, айниқса, «ўрмонли» туманларда яшаган аҳоли ҳали деҳқончиликдан бехабар эди. Асосий хўжалиги балиқ ови ва терим-термачилик эди. Аммо бу қабилаларни муайян қолоқ деб бўлмас эди. Чунки улар ўз вилоятларидаги барча имкониятлардан фойдаланиб, иқтисодини яхшилаш билан шуғулланардилар. Табиий шароити имкон берган минтақаларда аралаш хўжалик олиб борилган. Масалан, Жанубий-Ғарбий Норвегия аҳолиси ўзларининг хонаки моли, деҳқончилик учун кичик ердан иборат томорқалари бўлса-да, балиқ ови мавсуми бошланиши билан балиқчилик ишига киришиб кетардилар. Улар ғорлардан макон учун фойдаланардилар. Шимолий ўлкаларда бу аҳвол мил. авв. 1 минг йилликка қадар сақланиб қолган. Скандинавиянинг шимолий вилоятларида мил. авв. 3-2 минг йилликларда – неолит даврида овчи ва балиқ овловчи қабилалар яшаган. Улардан бизгача кўпгина қоятош суратлари етиб келган. Бу тасвирлардан уларнинг турмуш тарзи, сувда сузиш воситалари, қайси турга эга билимлари ва овчилиги, удум ва урф-одатлари ҳақида билиб олиш мумкин. Бу қабилалар йил мавсумининг келишига қараб балиққа ва паррандаларга бой ҳудудларга кўчиб юриб хўжалик юритганлар. Яшаш учун кўпинча ғорлардан фойдаланганлар. Очиқ жойларда эса чайласифат кулбалардан фойдаланишган. Норвегиянинг шимолий вилоятларида аҳоли ярим ертўла яшаш уйларига эга бўлишган. Уй томларини ҳайвон терилари билан ёпишган. Бу музофотлардан тўп-тўп шундай қишлоқлар харобалари ўрганилган. Яшаш уйлар учун ёғочдан кенг фойдаланганлар. Дунё харитасида юқорида айтилган минтақалар қабилаларидан ташқари неолит даврида кўпгина қабилаларнинг ҳамон деҳқончиликни билмай, овчилик, балиқчилик хўжалиги билан узоқ вақтлар шуғулланиб келганликлари маълум. Масалан, Ўрта Осиёнинг Хоразм, Оролбўйи, Зарафшон водийсида яшаган калтаминорликлар ва Тожикистонда ҳисорликлар деҳқончиликдан бехабар эдилар ва овчилик ҳамда терим-термачилик – ўзлаштирувчи хўжалик билан ҳаёт кечирарди. Ихтисослашган овчилик ва балиқчилик Янги Дунёнинг субтропик минтақаларида узоқ вақт, неолит даврининг охирларида ҳам сақланиб қолган эди. Худди шундай сибирлик юкогирлар, дуальганлар ва игасонолар овчилик, ханти, манси, нивхи (гилякр) негидалликлар, ульчи ва нанайликлар балиқчилик билан ҳаёт кечирганлар. Шимолий Америкада яшаган овчи қабилалардан альганкинлар, атапаскларни, шимолий-ғарбда яшаган ҳиндларни ҳам шулар жумласига киритиш мумкин. Юкагирлар хўжалигида буғуларга ов қилиш аҳамиятли эди. Руслар бу ерларга етиб келгунга қадар уларнинг ов қуроллари ўқ-ёй эди. Шунингдек, алдамчи хандак, сиртмоқ кабилардан фойдаланардилар. Айниқса, ҳайвонларнинг миграция мавсумида уларни сувга, ботқоқликка қамаб, қазилган чуқур хандаклар устига буғуларни чўчитиб ҳайдаш усулларини қўллардилар. Ов қилиш қўлга ўргатилган буғу билан ҳам олиб бориларди. Ўргатилган буғу атрофига ёввойи буғулар тўдаси йиғилганда ҳар томонлама ҳужум бошланарди. Овчилик сувда сузувчи паррандаларга нисбатан ҳам олиб бориларди. Бу турдаги ов учун ўқ-ёй қўлланиларди. Йўл воситаси сифатида итлар шатаги қўшилган чаналардан фойдаланиларди. Яшаш жойлари ярим ертўла кулбалар эди. Ёз мавсумида конуссимон чайлалардан фойдаланилди, уларнинг томи ҳайвон терилари ва турли ўсимлик барглари билан ёпилган бўларди. Уларнинг овқати буғу гўшти бўлиб, қишда эса музлатиб ғамлаб қўйиларди, ёзда эса турли нарсалардан фойдаланилди. Кийимлари ҳайвон терисидан тикилган, рўзғор идишлари теридан, ёғочдан, тошдан ва шохдан ясалган. Канада тайгасида яшаган алганкин қабилалари овропаликлар келгунга қадар асосан овчилик билан шуғулланиб, кўпинча лос ва буғуларга, айиқ, ёввойи қўй, қуён ва паррандаларга ов қилишардилар. Ов мавсумида найза, ўқ-ёй кабилар ишлатилар эди. Бундай қуроллар кўп ҳолатларда суякдан ва тошдан ясалган. Ов давомида турли пистирма усулларини қўллашган. Мол териси тасмаси билан мустаҳкамланган ракетасимон чаналардан узоқ-узоқ ов майдонларига бориб келишда фойдаланардилар. Кийим-кечак ҳайвон териларидан тикиларди. Балиқ овлаш ҳам ёрдамчи хўжалик ҳисобланарди. Шимолий Американинг шимолий-ғарбий ўлкаларида овчилик бошқачароқ йўсинда кечган. Масалан, ҳиндларда, шу жумладан, майда қабилалардан иборат бўлган тлинкт, хайда ва бошқалар денгиз балиқ ови билан хўжалик юритишган. Дарёлардан ҳам балиқ ови учун фойдаланганлар. XVI-XVII асрларга келиб шимолий-ғарб томонда яшаган ҳиндус қабилалари силлиқланган тош, суяк, чиғаноқдан ясалган қуроллардан фойдаланганлар. Улар мис билан таниш эди. Бироқ ишлаб чиқаришда мис жуда кам қўлланиларди. Балиқ овчилиги жуда ихтисослашган эди. Балиқ тутишда турли қуроллар мавжуд бўлиб, санчқич, қармоқ, тўр кабилардан фойдаланганлар. Улар балиқларни дудлашни билишган. Дудланган балиқлар озуқа учун ғамлаб қўйиларди. Ёрдамчи хўжалик сифатида турли озиқабоп нарсаларга теримчилик қилишардилар. Уй ҳайвонларидан фақат ит маълум эди. Итдан ҳам овда, ҳам жунидан фойдаланарди. Овчилик асосан эркакларнинг иши бўлиб, хўжалик юритиш, тикув бичиш, овқат тайёрлаш, болаларни парвариш қилиш аёлларга тегишли эди. Шундай қилиб, шимолий-ғарбий вилоятларда яшаган ҳиндуслар юқори даражада ихтисослашган балиқчилик хўжалигига эга эди. Кейинчалик бу қабилаларда уруғ-жамоа тузумининг емирилиш натижасида синфий жамият вужудга келади. Download 0.99 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling