Ибтидоий жамият тарихи (Жаҳон тарихи)


VI БОБ СЎНГГИ УРУҒ ЖАМОА ДЕҲҚОНЛАР ВА ЧОРВАДОРЛАР


Download 0.99 Mb.
bet29/57
Sana31.12.2022
Hajmi0.99 Mb.
#1073641
1   ...   25   26   27   28   29   30   31   32   ...   57
Bog'liq
11 Darslik (Ibtidoiy jamiyat tarixi-Djurakulov M)

VI БОБ
СЎНГГИ УРУҒ ЖАМОА ДЕҲҚОНЛАР ВА ЧОРВАДОРЛАР
1. Неолит даврининг асосий техник ютуқлари ва энеолит даври
Неолит кўп минг йилликдан иборат тош асрининг охирги босқичи ҳисобланади. Неолит даври, аввало, меҳнат қуролларни ясаш техникасининг муайян даражада такомиллашган давридир. Бу даврнинг энг характерли хусусиятларидан бири тошни қайта ишлаш, тошни силлиқлаш, пармалаш технологиясининг жорий қилинишидадир. Бу даврда нафақат тошни парчалаш, шунингдек, пармалаш, силлиқлаш орқали тош қуролга муайян шакл киритиш усуллари ривожланади. Меҳнат қуроллари турли-туман тошлардан ясалган. Кўпинча чақмоқтош, нефрит тошлар анча қадрланган. Аммо тошни силлиқлаш ва пармалаш анча мураккаб иш жараёни билан боғлиқ кечган. Шунга қарамасдан, неолит даврида тош қуролларни ишлаб чиқариш аввалги даврлардан кескин фарқ қиларди. Неолит даврида ҳам тошни парчалаш, юпқа парақалар олиш билан бирга, ҳамон тўқмоқлаб тош парчаларини олиш давом этарди. Бу даврда тош қуролга икки томонлама майда кертиш усули билан кесувчи тиғ чиқариш технологияси анча ривож топади. Тош ўзакдан пона билан босим ёрдамида қурол учун зарур парақалар учириб олиш технологияси ривож топган. Неолит даврига келиб кишилар нафақат дарё соҳилларида учрайдиган чақмоқтошлардан, шунингдек, ер ости конларидан ҳам фойдаланишга ўтадилар. Чақмоқтош конлари билан боғлиқ шахталар Англия, Франция, бир қатор Овропа мамлакатлари ва Ўрта Осиё ҳудудларидан топиб ўрганилган. Шахта ва конлар билан боғлиқ кўпгина тошсоз устахоналар топилган бўлиб, уларда ишлаб чиқилган маҳсулотлар кенг доирадаги ҳудудларга тарқалган. Неолит даврида тош қуроллардан ёғочларни қайта ишлашда кенг фойдаланилган. Бу вақтнинг характерли қуролларидан бири силлиқланган тошболта эди.
Ибтидоий одамлар тошболта ёрдамида чакалакзорлар, ўрмонзорлардан ерлар очиб, ундан деҳқончилик ва чорвачилик хўжаликларини юритишда фойдаланганлар. Тошболта ва бошқа қуроллар ёрдамида дарахт кундасини ўйиб, оддий қайиқлар ясаш, уй-жойлар қуриш, дарахт кундаларидан моллар учун қуралар қуриш каби юмушларда кенг фойдаланилган. Терим-термачилик тирикчилигида ҳам тош қуроллардан заруриятга қараб фойдаланган. Учига ўткир тош парчалари боғланган таёқлар билан озиқабоп ўсимликларнинг илдизлари қазиб олинган, кулбалар қуришда фойдаланилган. Кейинчалик тош қуроллардан ерни юмшатиш ишларида, хуллас, дастлабки деҳқончилик хўжалигини юритишда ҳам фойдаланганлар. Бу даврда ерни қазувчи тошдан қилинган учли асбоблар, суякдан, шохдан таёрланган ерни юмшатувчи мотига – қўл омочи, микролитлардан, суяк ва шохлардан фойдаланиб ясалган қадама тошли, арра тишли ўроқ асбоблар ясалган. Мезолит даврида пайдо бўлган ўқ-ёй неолит даврида бирмунча такомиллашади, найза пайконларининг баргсимон, кейинчалик учбурчак шакллари вужудга келади. (Расм-38)
Неолит даврининг энг муҳим янгиликларидан яна бири сопол, яъни керамиканинг кашф қилиниши эди. Лойдан сопол идишлари ясаш, уларни гулханда тоблаб пишириб, турмушда фойдаланиш катта аҳамиятга эга бўлди. Эндиликда одамлар озиқ-овқатни сақлаш, пишириш имкониятига эга бўлдилар. Сопол идишларни ясашда лойдан тасмасифат, узунчоқ лой қоришмасини спирал тарзда бир-бирининг устига ёпиштириб, устини силлиқлаб, муайян кўринишдаги идиш ясалган ва офтобда қуритилгандан сўнг оловда тоблаб куйдириш йўли билан тайёрланган. Неолит даври керамика идишининг ички томонида мато излари бўлиши кузатилган. Маълум бўлишича, матодан тайёрланган халта тикилиб, майда қум билан тўлдириш чоғида у зарур идиш шаклига келтирилган ва устидан лой тасмаси спирал тарзда айлантирилиб ёпиштирилган ва усти силлиқланган. Идиш офтобда қуритилгандан сўнг мато халтаси идиш ичидан ажратиб олинган, сўнг гулханда тобланган. Шундай технологик усулда турли идишларни ишлаб чиқариш бошланган. Идиш учун тайёрланган лойга қум, табиатда учрайдиган момиқ кабилар аралаштирилиб, лой роса пишитилган. (Расм-39, 40)
Хуллас, шу каби ва бошқа усуллардан фойдаланилиб, дастлабки вақтларда бирмунча қўпол тарздаги идишлар ишлаб чиқилган. Бундай идишларнинг дастлабкиларининг ерга қўядиган қисми тухумсимон шаклда ясалган. Бу ҳолатдан эса идишни овқат пишириш мақсадида гулганга қадаб ёки санчиб қўйиш назарда тутилган бўлса керак. Бинобарин, у замонларда ҳали овқат пиширадиган том маънодаги ўчоқлар бўлмаган.
Неолит даврининг сўнгги босқичида вужудга келган янгиликлардан бири ип йигириш ва тўқимачиликнинг кашф қилиниши эди. Дастлабки вақтларда ип йигириш хом ашёси сифатида ёввойи тарзда ўсадиган момиқли ўсимликлардан фойдаланилган. Ҳайвон жунларидан ҳам кенг фойдаланилган. Неолит даврининг дастлабки матолари қўлда тўрсимон тарзда тўқилган ва кейинчалик тўқимачилик дастгоҳи кашф қилинган. Ип йигиришда урчуқдан, тош предметлардан фойдаланилган. Неолит ёдгорликларидан тошдан тешилиб ясалган ҳамда сополдан силлиқланиб ишланган урчуқбошлар топилган. Ип йигиришнинг кашф қилиниши балиқ овлаш асбоблари – тўр каби нарсаларни ишлаб чиқишда асқотган.
Неолит даврида оддий йўл воситаларининг вужудга келиши муҳим аҳамиятга эга бўлди. Археологик ёдгорликлардан оддий қайиқ, чана каби топилмаларга қараганда, неолит даври одамлари дарё, кўл, денгиз сувларида сузиб, бу ҳолат уларнинг кенг доирадаги ҳаракатларга эга бўлганлигидан гувоҳлик беради. Энеолит даврига келиб ғилдиракли арава, шамол ёрдамида сузадиган қайиқ кашф қилинади. (Расм-41) Бу каби техник ва хўжалик ўзгаришлар неолит даврида одамзод ўзининг аввалги ўтмишдошларига қараганда катта имкониятларга эга бўлганлигидан далолат беради. Неолит даврининг энг муҳим ютуқларидан яна бири доимий озиқ-овқатга эга бўлишдан иборат эди. Бу тарихий ҳодиса мазкур даврда оддий ўтроқ деҳқончилик ва уй чорвачилигининг вужудга келиши билан боғлиқ эди.
Шуни айтиш лозимки, жаҳоннинг турли жойларида неолит даври турлича кечган. Овропа ва Осиё ҳудудларида ўрганилган неолит даврининг кўпгина ёдгорликлари мил. авв. 6-3 минг йилликларни ўз ичига олади. Айрим ўлкаларда неолит даврининг охирларига келиб металлдан фойдаланиш бошланади. Дастлаб мис қоришмасидан қурол-аслаҳаларни ишлаб чиқиш бошланган. Шундай фойдаланилган металлардан дастлабкиси мис эди. Мисдан фойдаланиш даври фанда энеолит ёки халкомит номи билан аталади. Энеолитнинг дастлабки босқичи неолитдан кескин фарқ қилмайди. Мис қуроллар тош қуролларни турмушдан сиқиб чиқаролмади. Шунинг учун ҳам энеолит даврида меҳнат қуролларининг аксарияти тошдан ясалган. Шунинг билан бир вақтда металлнинг кашф қилиниши галдаги техник тараққиёт учун муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Download 0.99 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   25   26   27   28   29   30   31   32   ...   57




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling