Ижтимоий фалсафа фанидан маърузалар матни


Download 1.04 Mb.
bet28/31
Sana20.02.2023
Hajmi1.04 Mb.
#1215179
1   ...   23   24   25   26   27   28   29   30   31
Bog'liq
Ижтимоий фалсафа.кирилл

Адабиётлар:

  1. И.Каримов. Юксак маънавият – жамият тараққиётининг асоси. Адолатли жамият сари. Т., 1998. 89-107 бетлар.

  2. И.Каримов. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. Адолатли жамият сари. Т., 1998. 31-66 бетлар.

  3. Фалсафа. Т., 1999. 301-322 бетлар.

  4. Основи философии. Т., 1998. 327-329, 349-351 бетлар.

  5. С. Шермуҳамедов, А. Очилдиев. Маданият ва сивилизатсия. Фарғона., 2000.

  6. Ф. Сулаймонова. «Шарқ ва Ғарб» Т., 1999.

  7. Основи философии. М., 1997. 217-236 бетлар.

  8. Фалсафа. Маърузалар матни. Т., 2000. В-бўлим. 4-мавзу. 257-267 бетлар.

  9. А. Г. Ионин. Сотсиалная култура. М., 2000.

  10. С. Э. Крапивенский. Сотсиалная философия. М., 1998. гл. ХИВ. Стр.356.


Аксиология - қадриятлар фалсафаси.


Режа

1. Қадрият тушунчасининг фалсафий моҳияти.


2. Баҳолаш тушунчаси. Баҳолашнинг функсиялари.
3. Қадриятларнинг таснифи.
4. Қадриятларнинг ижтимоий тараққиётдаги ўрни.
Мавзунинг мақсади:
Таълимий мақсад: Талабаларнинг қадриятлар мавзусининг тарихий илдизлари ва ижтимоий тараққиёт жараёнида қадриятларга муносабат тўғрисидаги билимларини ривожлантириш.
Ривожлантирувчи мақсад: “Қадрият” категорияси, унинг асосий шаклларини тушунтуриш . Қадриятларнинг жамият ва инсон ҳаётидаги аҳамиятига алоҳида тўхташ.
Тарбиявий мақсад: Ёшларда қадрлаш тамоилларини тарбиялаш.


Таянч тушунчалар:
Қадрият, баҳолаш, моддий қадриятлар, маънавий қадриятлар, индивидуал қадриятлар, гуруҳ қадриятлари, умуминсоний қадриятлар, миллий қадриятлар, миллий ғоя ва миллий қадриятлар.
1. Қадриятлар муаммоси маданият ва сивилизатсия муаммолари билан чамбарчас боғлиқдир. Қадрият тушунчаси мазмун жиҳатдан «манфаат», «фойда», «аҳамият» тушунчаларига яқин бўлсада, улар билан айнан бир хил эмас.
Қадрият – инсон учун аҳамият этган ҳодисаларни ёки уларнинг хусусиятларини, белгиларини акс эттиради. Шунинг учун у инсон ҳаёти, борлиғи билан узвийбоғлиқ. Масалан: техникада қилинган бирор бир кашфиёт инсон учун фойдали аҳамият касб этса, уни қадрият дейиш мумкин. Ёки инсон ҳам бошқа инсон учун қадрли бўлиши мумкин.
Қадриятлар инсоннинг ижтимоий фаолияти давомида ярятилиб келинган. Лекин инсон яратган барча нарсаларни ҳам қадрият деб бўлмайди: уларнинг ичида кишилар учун фойдали аҳамият касб этганини, жамият учун фойдалиларигина қадрият бўлади. Хусусан, инсоннинг ақл-заковати, моддий ва маънавий бойликлар, давлатнинг одил қонунлари, ҳаётнинг гўзаллиги, табиатнинг мусаффолиги жамият учун ҳам, инсон учун ҳам қадрлидир.
Шундай қилиб, қадрият деганда ижтимоий субъектлар (инсон, ижтимоий гуруҳлар, жамият) эҳтиёжлари ва манфаатлари белгилайдиган борлиқни хилма-хил таркибий қисмларининг объектив фойдали аҳамияти тушунилади.
Бу таърифдан кўриниб турибдики, қадрият тушунчаси аҳамият тушунчаси билан боғлиқ. Лекин, биринчидан, аҳамият – фойдали ва зарарли бўлиши мумкин. Қадриятлар ҳақида гап борганда фақат инсон ва жамият учун фойдали аҳамият назарда тутилади.
Иккинчидан, бирор бир нарсанинг фойдали аҳамияти деганда, энг аввало, жамият эҳтиёжлари, манфаатлари нуқтаи назаридан қараладиган аҳамият тушунилади.
Нарса ва ҳодисаларнинг ижтимоий аҳамияти практиканинг (яъни инсоннинг бирор бир мақсадга қаратилган онгли фаолияти) ижтимоий-тарихий характерига, тарихий тараққиётнинг хусусиятларига боғлиқ. Масалан: давлатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, илм-фанга асосланган Янги технологияларни ярятиш, ҳуқуқий-демократик давлат асосларини барпо этиш, халқимизнинг турмушини фаровонлаштириш, халқ саломатлигини ҳимоя қилиш – бугунги кундаги энг долзарб, фойдали аҳамият касб этган муаммолардир. Бу борада қилинган ҳар бир иш халқимиз учун ҳам, давлатимиз учун ҳам қадрлидир.
Жамият тараққиёти билан қадриятлар ҳам ўзгариб боради. Кечаги кунда қадрият бўлган нарса ва ҳодисалар даврлар ўтиши билан ижтимоий шароитнинг ўзгариши билан ўзгаради. Кеча қадрли бўлган нарса бугунга келиб қадр-қимматини йўқотиши мумкин.
2. Баҳолаш инсоннинг шундай қобилиятики, у, биринчидан, инсоннинг тафаккури билан боғлиқ бўлса, иккинчидан қадриятлар билан узвийбоғлиқдир.
Инсон онгида ўзини ўраб турган борлиқнинг ҳаммасиҳам акс этаверади. Лекин инсон уларнинг ҳаммасини баҳолайвермайди. Инсон фақат ўзи учун бирор аҳамият касб этган нарса ва ҳодисанигина баҳолаши мумкин.
Баҳолаш жараёни инсоннинг тафаккури билан бир қаторда унинг ҳиссиёти, эмотсиялари билан ҳам боғлиқдир. Масалан: фанда инсон ҳодисаларни баҳолашда кўпроқ ақлга таянса, гўзалликни , санъат асарларини баҳолашда у кўпроқ ҳис-туйғуларига, эмотсияларига таянади. Баҳолаш фақат объектнинг хусусиятларига эмас, балки баҳолаётган субъектнинг (инсоннинг) ижтимоий ва индивидуал хислатларига ҳам боғлиқ. Масалан, бир ҳодисани турли ижтимоий гуруҳга, турли миллатга тегишли кишилар ёки тарбияси, таълими, характер ива темпераменти турлича шахслар ҳар хил баҳолаши мумкин.
Қадриятларни баҳолашда миллий ва умуминсоний қадриятлар муштараклигига асосланган ижтимоий мезон бўлиб амалиёт хизмат қилади.
Баҳолаш структурасига бир томондан нарса ва ҳодисаларнинг хоссалари, хусусиятлари кирса, иккинчи томондан субъектнинг объектга бўлган муносабати – уни мақуллаши ёки инкор этиши киради. Агар нарса ва ҳодисаларнинг хусусиятлари инсон билимлари билан боғлиқ бўлса, баҳолаётган субъектнинг объектга бўлган муносабати ижтимоий меъёр билан боғлиқ.
Ижтимоий норма - қонун тусига кирган умумий, мажбурий аҳлоқий тартиб-қоидалардир.
Демак, қадриятларни баҳолаш жараёнида инсон фақат билимлардан эмас, балки жамият аъзолари томонидан тан олинган аҳлоқий нормалардан, қоидалардан ҳам келиб чиқади.
Баҳолашнинг функсияларига (вазифаларига) қуйидагилар киради:

  1. гносеологик функсия, нарса ва ҳодисаларни билишга қаратилган бўлади;

  2. фаоллаштирувчи функсия, яъни баҳолаш давомида инсон олган билимларидан ўз мақсадларига эришиш учун фойдаланишга ҳаракат қилади;

  3. вариатив функсия, яъни баҳолаш давомида инсон объектни бошқа нарса ва ҳодисалар билан (уларнинг хоссалари, хусусиятлари билан) қолаверса жамиятда шаклланган аҳлоқий норма ва идеаллар билан солиштиради;

  4. дунёқарашлик функсияси – баҳолаш инсоннинг ўзлигини англашини шаклланиши ва ривожланиши учун асосий шартдир, чунки бунда инсон оламнинг ўзи ва жамият учун аҳамиятини аниқлайди.

3. Қадриятларнинг таснифи:


Қадриятлар объектига қараб иккига : моддий ва маънавий қадриятларга бўлинса, субъектига қараб учга: индивидуал, гуруҳ ва умуминсоний қадриятларга бўлинади.
Моддий қадриятларга энг аввало табиат киради. Агар илгари табиатдан: сувдан, ердан, ўрмонлардан кўнгил тусаганича фойдаланилган бўлса, бугунги кунда ичимлик сувлари, ҳосилдор ерлар, ўрмонларнинг етишмаслиги, ҳавонинг ифлосланганлиги, қазилма бойликларнинг камайиб бориши – буларнинг ҳаммаси инсон учун борган сари қадрли бўлиб боряпти.
Жамиятдаги иқтисодий муносабатлар ҳам, меҳнат ҳам моддий қадриятларга киради. Масалан, меҳнат – жамият учун қадрлидир, чунки меҳнат орқали инсоният жамият ҳаёти учун зарур бўлган бойликларни яратади, лекин муайян субъектлар учун (айрим шахслар, ижтимоий гуруҳлар учун) меҳнатнинг қадрият бўлиши меҳнат шароитлари билан белбиланади. Масалан: «бегоналашган меҳнат», яъни бошқа бировнинг манфаатларига хизмат қиладиган меҳнат меҳнаткаш инсон учун қадрли бўлолмайди. Чунки бунда инсон ўз меҳнати натижаларидан тўла баҳраманд бўла олмайди. Бундай шароитда меҳнат инсоннинг табиий эҳтиёжларини қондириш усули сифатида намоён бўлади.
Меҳнат инсон учун қадриятга айланиши учун у инсоннинг ақлий кучларини ишлатишга, ижодиётга, яъни унинг маънавий жиҳатдан бойишига имконият яратиши керак. Жисмоний жиҳатдан оғир, монотон (бир хилда) меҳнат инсон учун қадрли бўлмайди. У бундай ишни мажбур бўлганлигидан, ноиложлигидан бажариши мумкин.
Маънавий қадриятларга – инсон ҳаёти, унинг орзу-умидлари, иймони, эътиқоди, унинг миллий ва аҳлоқий ғурури, эркинлиги, миллий маданият ютуқлари киради. Маънавий қадриятларга диний, аҳлоқий ва эстетик қадриятлар ҳам киради.
Диний қадриятлар инсоннинг бирор бир динга мансублигига боғлиқ ҳолда унинг барча талабларини ҳурмат қилиши ва уларга эътиқод қилиши билан боғлиқ.
Аҳлоқий (этик) қадриятлар – анъаналар, маросимлар, норма ва идеалларда ифодаланади.
Эстетик қадриятларга бир томондан нарса ва ҳодисаларнинг ташқи сезгиларга таъсир қилувчи ҳиссий реаллиги кирса, иккинчи томондан санъат асарларида инсоният амалиёти натижаларининг акс эттирилиши киради.
Қадриятлар субъектига қараб қуйидагича таснифланади: индивидуал, гуруҳ, умуинсоний қадриятлар.
Индивидуал қадриятлар шахс камолоти билан белбиланади. Шахснинг дунёқараши қанчалик кенг бўлса, унинг қадриятлари ҳам шунчалик ривожланган бўлади.
Гуруҳ қадриятлари – маълум мақсад йўлида бирлашган кишиларнинг қадриятларидир. Бунда ҳар бир инсоннинг индивидуал қадриятларига нисбатан гуруҳ қадриятлари устунроқ туради.
Умуминсоний қадриятлар индивидуал ва гуруҳ умуммиллий қадриятларидан ўсиб чиқади. Уларнинг энг илғорлари умуминсоний қадриятларга айланиб боради. Умуминсоний қадриятларга иймон, инсонпарварлик, ватанпарварлик, эркинлик, муҳаббат, дўстлик, садоқат, адолат каби фазилатлар киради.
Ижтимоий тараққиёт давомида шахс ва гуруҳ қадриятлари ўзгариб бориши, пайдо бўлиши ва йўқолиши ҳам мумкин. Лекин умуминсоний қадриятлар даврларнинг ўтиши билан ривожланиб, мустаҳкамланиб боради, аммо уларнинг мазмуни ўзгармайди.
Ҳар бир жамиятда унинг маданияти билан боғлиқ қадриятлари мавжуд бўлади. Маънавиятсиз инсон, маданиятсиз жамият бўлмагани каби қадриятсиз ҳаёт ҳам бўлмайди.
Такрорлаш учун саволлар

  1. Қадрият нима?

  2. Баҳолаш нима?

  3. Баҳолашнинг мезони?

  4. Баҳолашнинг функсиялари?

  5. Норма нима?

  6. Қадриятлар таснифи?

  7. Моддий қадриятларга нималар киради?

  8. Маънавий қадриятларга нималар киради?

  9. Қадриятларни субъектига қараб бўлиниши?

  10. Умуминсоний қадриятлар деганда нимани тушунасиз?


Download 1.04 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   23   24   25   26   27   28   29   30   31




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling