Тадқиқот мавзусининг диссертация бажарилган олий таълим муассасаси илмий-тадқиқот ишлари билан боғлиқлиги: Диссертация иши Термиз давлат университети илмий-тадқиқот ишлари режасига мувофиқ АТД-1 «Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида моддий ва маънавий маданият» мавзусидаги тадқиқот доирасида бажарилган.
Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистонда пахта яккаҳокимлигини ўрнатиш жараёнида совет ҳокимиятининг амалга оширган аграр сиёсати ва унинг маҳаллий аҳоли ҳаётидаги таъсирини Сурхон воҳаси мисолида очиб беришдан иборат.
Тадқиқотнинг вазифалари:
Сурхон воҳаси мисолида Ўзбекистоннинг пахта хомашё базасига айлантириши ва унинг натижаларини тарихий адабиётлар, архив ҳужжатлари ва матбуот манбалари асосида илмий жиҳатдан очиб бериш;
воҳада пахтачиликни ривожлантиришда совет ҳукумати томонидан қўлланилган тадбирлар билан боғлиқ тарихий воқеа-ҳодисаларни очиб бериш;
Сурхон воҳасида пахта яккаҳокимлиги ўрнатилишининг ўзига хос хусусиятлари асосида совет ҳукуматининг пахтачиликни ривожлантириш жараёнида моддий техник таъминот масаласида амалга оширган сиёсатнинг натижаларини аниқлаш;
Сурхон воҳасида пахтачиликнинг ривожланиши учун суғориш тизими соҳасида дастлабки ҳаракатлари ва унинг натижаларини ёритиб бериш;
воҳада совет ҳукуматининг пахта масаласидаги зўравонлик сиёсати, сургун қилиш, кўчириш, оммавий қатағонлик ва «ўзбеклар иши» билан боғлиқ воқеаларнинг маънавий-мафкуравий жиҳатларини тадқиқ этиш;
воҳада колхоз ва совхозларни тузишдан мақсад, колхозчи ва ишчиларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, меҳнатга ҳақ тўлаш жараёнига оид манбаларни ўрганиш асосида халқимизнинг турмушида юз берган ўзгаришлар, муаммолар ва камчиликлар ҳамда унинг натижаларни очиб бериш.
Тадқиқотнинг объекти сифатида Ўзбекистонда пахта яккаҳокимлигининг ўрнатилиши ва унинг натижалари 1930-1990 йилларда Сурхон воҳаси мисолида олинган.
Тадқиқотнинг предметини Ўзбекистонда пахта яккаҳокимлигининг ўрнатилиши ва унинг натижалари 1930-1990 йилларда Сурхон воҳаси мисолидаги масалалар ташкил қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |