Инсоният тарихида оила ва никоҳ институтининг ривожланиши тарихи
Оилавий муносабат-лар ривожланишида янгича анъаналар
Download 60.32 Kb.
|
insoniyat tarikhida oila va niko ins
бошланган. Олимларнинг таъкидлашича, оила институтининг ўзи табиати нуқтаи назаридан анча консерватив, яъни ўзгармас, турғун тизим бўлгани боис, жамият миқёсида рўй берадиган ўзгаришлар оила доирасида тахминан 10-30-йиллардан кейингина акс эта бошлайди. Бундан ташқари, рус социологи С.Голоднинг ёзишича, Европа халқлари ҳаётида, оилавий муносабатларда кузатиладиган барча ижобий жараёнлар моногам, патриархал оиланинг сақланиб қолингани сабабли рўй берган бўлса, қолган барча салбий ҳолатлар аксинча, оилада рўй бераётган салбий, ёмон жараёнлардан келиб чиқади. Бу каби талқинлар табиийки, кўплаб тадқиқотчиларга оила ва унинг истиқболини тушунишга, мазкур йўналишда жиддий тадқиқотлар олиб боришга халақит беради. Шунга қарамай, оила институтида кузатилаётган ҳар қандай ўзгаришлари одатда энг аввало, аёлнинг – хотин-қизларнинг жамият ва оилада тутган мақомларининг ўзгариб бораётганлиги, улар малакаларининг ошиб бораётганлиги ва касб-ҳунар, лавозим поғоналарида эркаклардан қолишмасликка интилаётганлиги билан изоҳланади. Қайд этилган ҳолат бевосита оила ҳаётида рўй бераётган турли хил ўзгаришларга, ҳам салбий, ҳам ижобий ҳодисаларга сабаб бўлмоқда. Иккала жинс вакиллари хақ-ҳуқуқларининг амалда тенглашиб бораётганлиги хотин-қизларнинг эркаклар – йигитлар олдида ўзини тутиши ва ўз навбатида йигитларнинг қизларга, эркакларнинг аёлига бўлган муносабатлари, хушомад қилишларида ўз аксини топмоқда. Айниқса, Европа халқларида никоҳ олди совчилик институти йўқолиб, унинг ўрнига ўз хоҳиши билан ўзига никоҳ шеригинини танлаши анъанаси барқарорлашди. Лекин айни ҳолат сақланиб қолган мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда оила институтига муносабат бошқачароқ, яъни анъаналарга содиқлик сақланиб қолган. Совчиликнинг аҳамияти шундаки, бунда ўртада турганлар, келин-куёв оиласини таниган, билган, суриштирган одамлар бўлгани сабабли ҳам улар ёш оиланинг мустаҳкам бўлишидан жуда манфаатдордирлар, шунинг учун ҳақиқий ўзбекона мезонлар, “тенг-тенги билан” тамойили асосида, совчилар ёрдамида қурилган никоҳлар аксарият ҳолатларда мустаҳкам бўлади. Шуни таъкидлаш лозимки, ҳар бир даврда бўлгани каби ҳозир ҳам ёшларнинг ўз иҳтиёри билан, бир-бирларини ёқтириб қолишлари оқибатида пайдо бўлган оилалар мавжуд. Ёшларнинг айримлари ўз ихтиёри билан қаллиқ танлашни, ёқтириб, севиб турмуш қуришни олдиндан ният қилади. Шуниси борки, ўз иҳтиёри билан турмуш ўртоғи танлашда ота-она ва оиласи манфаатлари, уларнинг истак-хоҳишлари деярли инобатга олинмайди. Одатда бу каби ёшлар никоҳ олдидан ота-отасининг розилигини олмайди, шу сабабли, кўпинча, бундай никоҳ енгил-елпи қарорлар оқибати бўлиб, узоққа бормаслиги мумкин. Республика “Оила” илмий-амалий маркази 2003 йилда ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, ажралишиб кетган ёш оилаларнинг 90 фоизидан ортиғи никоҳ мотиви-сабаби сифатида “севиш-севилиш”ни кўрсатганлар. Хотин-қизларнинг иқтисодий мустақиллиги туфайли ХХ асрга келиб аёлнинг оила ва жамиятда тутган ўрни ва мақоми кескин ўзгарди. Охирги пайтларда бутун дунёда матриархат давридаги каби оиланинг етакчиси, бошлиғи ролига кўпинча аёл даъвогарлик қила бошлаши кузатилди. Бунинг оқибатида эркак кишининг оиладаги етакчилик роли, оилада ресурсларни бошқариш, қарорлар қабул қилиш ва фарзандларни жамият ҳаётига жалб этишдаги мақоми сезиларли даражада пастлади. Иккинчи томондан, аёл-онанинг оиласи ва бола тарбияси учун бўш вақтининг камайиб бораётганлиги, репродуктив масъулиятнинг жамиятда лавозимлар поғонасида юқорироқ ўрин эгаллаш истагига нисбатан пастлаб бораётганлиги салбий оқибатларга олиб келмоқда. Шу сабабли саноати ривожланган мамлакатларда туғилишлар сонининг камайиб бораётганлиги, оқибатда аҳоли сонининг кескин пасайиши кузатилмоқда. Афсуски, бундай ҳолатлар Ўзбекистоннинг шаҳар ҳудудларида ҳам кузатилмоқда. Оиланинг тарбияловчи вазифаси оила аъзоларидан ташқари бошқа инсонларга, муассасаларга – энага ва гувернанткаларга, ёки давлат томонидан тўла муҳофазага олинган ташкилотлар – Меҳрибонлик уйлари, Мурувват уйлари ва бошқалар зиммасига юклатилмоқда. Собиқ тоталитар тузум даврида ушбу вазифанинг давлат зиммасида эканлиги, индивидуал, оилавий тарбиянинг группавий тарбия билан, тарбияланувчи шахсига эътиборнинг кескин камайиши билан ўзгартирилди. Оқибатда ҳеч кимга тегишли бўлмаган, психик ва ақлий ривожланиши ўртамиёна бўлган болалар пайдо бўлди. Бу очиқ ёки яширин оналик депривациясини келтириб чиқарди. Яъни, ХХ аср ўрталарига келиб, моногам оилада ўзгача уйғунлик кашф этган, яхлит гуруҳдай тасаввур этилган оиланинг вазифалари – никоҳга кириш, жинсий ҳаётни таъминлаш ва ўзидан насл қолдириш – репродукция бир-бири билан боғланмаган вазифалар тарзида айроча, алоҳида функциялардай тасаввур этила бошланди. Агар XIX аср охирларигача оила пайдо бўлиши билан унда фарзандлар туғилишини кутиш одатга айланган бўлса, янги даврга келиб, қачон ташкил бўлганлигига қарамай, бола туғилишини режалаштирмайдиган оилалар ҳамда бошқа томондан, оиласиз, никоҳсиз ҳам туғиладиган болалар кўпайди. Очиқроқ айтадиган бўлсак, турмушга чиқмаса-да, бола туғадиган ёлғиз оналар ҳам пайдо бўлди. Шу тариқа никоҳ билан оиланинг репродуктив вазифаси ўртасида тафовут пайдо бўлди. Жинсий ҳаёт борасида содир бўлган ўзгаришлар шуки, агар илгари бундай муносабат оиладан ташқарида рўй берса, жамият ҳам, дин ҳам уни қоралар эди. Сўнгги ўн йилликларда дунё миқёсида эркаклар ҳам, аёллар ҳам эркин жинсий ҳаётга оддий муносабат сифатида қарайдиган бўлишди. Маънавий инқироз ҳисобланмиш бундай муносабатларга жамиятнинг бефарқлиги илғор фикрловчи инсонларни жиддий ташвишга солмоқда. Бунинг асосий сабаби жамиятда маънавий қадриятлар инқирозга юз тутгани бўлса, иккинчи томондан, бунга аёллар ўртасида контрацептив воситалардан фойдаланишнинг урф бўлиши ва улар ўзларига берилган ижтимоий эркинликларни нотўғри идрок этишлари, оммавий ахборот воситалари орқали у ёки бу халқ менталитетига мос келмайдиган ахборотларнинг кенг тарқалиши сабаб бўлаётир. Энг ачинарлиси, айрим ёшлар ва уларнинг ота-оналари учун “никоҳ” ва “ажрим” тушунчалари оддий нарсадай, зиддиятсиз қабул қилинадиган бўлди. Улар ўз шахсий масъулиятини ҳис этмаяптилар. Саноат ривожланган мамлакатларда 51 фоизгача бўлган никоҳлар муайян муддатдан сўнг барбод бўлаётганлиги одатий ҳолдай қабул қилинади. Чет эл ахборот воситаларининг баъзи таниқли шахс, актёр ёки миллионернинг ҳар 3-4 йилда алмашиниб туриладиган никоҳлари тўғрисида ёзилаётган мақолалари энг ўқимишли, қизиқарли ахборотдай талқин этилмоқда. Табиийки, бу уларни ўқиётган ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатади. Таъкидлаш жоизки, бундай ҳолатларда ажримларнинг ташаббускорлари кўпинча аёллар бўлиб, бу ўз навбатида оила ажримлари сонининг ортиб боришига, фарзандларнинг айбсиз айбдорлардай нотўлиқ оилаларда тарбияланишига олиб келади.
Download 60.32 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling