Институтционал иқтисодиёт фанидан маърузалар матни


Трансакция харажатларини оптималлаштириш тажрибаси


Download 1.45 Mb.
bet23/98
Sana12.02.2023
Hajmi1.45 Mb.
#1190420
1   ...   19   20   21   22   23   24   25   26   ...   98
Bog'liq
Инс иқт. маъруза матни

3. Трансакция харажатларини оптималлаштириш тажрибаси
Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб Президент И.Каримов асослаб берган 5 та тамойил асосида босқичма-босқич олиб борилган бозор ислоҳотлари натижасида иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва соҳаларида хусусий мулкчилик шаклидаги йирик ва кичик бизнес корхоналари ташкил этилиб, уларнинг бошқарув тизими бозор муносабатларига мос талаблар негизида ўзгартирилди. Улар иқтисодиётимизда салмоқли ўрин эгаллаб, ривожланиб бормоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозига бағишланган асарида12 ҳамда 2010 йил 29 январда бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамаси мажлисида сўзлаган нутқида13 мамлакатимизнинг инқироздан кейинги даврда тараққиётини ва жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини таъминлаш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган. Корхоналарда “қатъий тежамкорлик тизимини жорий этиш, ишлаб чиқариш харажатлари ва маҳсулот таннархини камайтиришни рағбатлантириш ҳисобидан маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш” ана шундай вазифалар жумласига киради. Ушбу вазифаларнинг бажарилиши натижасида амалда саноат тармоқларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархи 18 фоизга, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, “Ўзметкомбинат” акциядорлик ишлаб чиқариш бирлашмаси, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси, “Ўзқурилишматериаллари” компанияси ва бошқа корхона ҳамда тармоқларда 20-25 фоизга камайган14. Бундай натижалар корхоналар ва улар маҳсулотларининг жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини оширишнинг асосий шартлари ҳисобланади.
Маълумки, иқтисодиёт субъектлари сарф-харажатларининг маълум қисмини трансакция харажатлари ташкил этади. Ушбу тоифага кирувчи харажатларни камайтириш иқтисодиётни модернизация қилиш ва ишлаб чиқаришни диверсификациялаш жараёнларида муҳим аҳамият касб этади.
Хорижий экспертларининг фикрига кўра, фирманинг умумий чиқимларидан трансакция харажатларининг улуши улар анъанавий бозорда фаолият кўрсатганда 1,5 фоиздан 5 фоизгачани, янги сотиш бозорларига чиқишда эса 10-15 фоизни ташкил қилади. Ривожланган мамлакатларда трансакция харажатларининг энг катта улуши хўжалик алоқалари субъектлари сонининг ўсиши, демак, улар томонидан амалга ошириладиган трансакциялар сонининг ошиши билан боғлиқ. Ўтиш иқтисодиётига эга мамлакатларда эса, трансакция харажатларининг юқори даражада бўишига яна бир сабаб – уларда ҳанузгача давлат органлари билан тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик механизми пухта ишлаб чиқилмаган. Ривожланаётган мамлакатларда муаммо шундан иборатки, давлатнинг суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш харажатларининг асосий қисми иқтисодий субъектнинг зиммасига тушади. Бундан ташқари, трансакция харажатларининг таркибига муайян маҳсулотни сотиш бозорларининг ўзига хос хусусиятлари катта таъсир кўрсатади.
Хорижий манбалар маълумотларига кўра, АҚШ ЯММда хусусий сектор томонидан кўрсатиладиган трансакция хизматларининг улуши 1870 йилги 23 фоиздан 1970 йилда 41 фоизгача, давлат томонидан кўрсатиладиган трансакция хизматларининг улуши 1870 йилги 3,6 фоиздан 1970 йилда 13,9 фоизгача ошган, бу умумий кўринишда 26,1 фоиздан 54,7 фоизгача ўсишни ташкил қилади. Юз йил мобайнида ушбу ўсиш қисми трансакция харажатларининг нобозор соҳадан бозор соҳасига томон силжишини акс эттирди, лекин унинг бошқа қисми эса ресурсларнинг реал инвестиция қилинишини намоён этди.
Ўзбекистонда трансакция хизматлари давлат ва нодавлат секторлари такшилотлари томонидан олиб борилади. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, савдо ва инвестициялар вазирлиги, Ўзстандарт, Олий хўжалик суди, Адлия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва бошқа давлат органлари экспортчилар шартномаларини рўйхатга олиш, рухсат бериш ва бошқа назорат хизматларини олиб боради. Трансакция хизматларни кўрсатувчи нодавлат ташкилотлари Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, ахборот-маслаҳат ва консалтинг марказлари, мулкни баҳоловчи ташкилотлар, маркетинг хизматлари ва бошқа идоралар тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, маслаҳат ва ахборот хизматларни кўрсатади. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, тадбиркорга турли трансакция хизматларини кўрсатиш, айниқса уларнинг ўз ишларини очиш билан боғлиқ харажатлар ушбу соҳада хизмат кўрсатувчи давлат сектори тузилмалари зиммасига тўғри келади. Шуларни инобатга олиб, мамлакатимизда Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозига қарши чора-тадбирлар дастури доирасида тадбиркорларга рухсат бериш билан боғлиқ амалда бўлган трансакция харажатлари (тўлов миқдори) қисқартирилди ва улар оптималлаштирилди.
Маълумки, тадбиркор ўз фаолиятини бошлаши учун белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтиши лозим. Бунинг учун тадбиркор давлат рўйхатини юритувчининг хизмати учун, яъни туман хокимлиги бўлинмасига пул тўлаши талаб этилади. Аввал ана шу ҳақ 5 та энг кам иш ҳақи (ЭКИҲ) миқдорида бўлган. Ҳозир эса тадбиркор ҳукумат қарорига асосан 2 та ЭКИҲ миқдорида пул тўлаб, давлат рўйхатидан ўтади. Ёки тадбиркор рўйхатдан ўтиш учун 140,2 минг сўм тўпланган бўлса, ҳозир бу 56,1 минг сўмгача ёки 60 фоизга камайтирилди. Ушбу амалга оширилган чора туфайли 2009 йилда давлат рўйхатидан ўтган тадбиркорлар сони 2008 йилга нисбатан 6 минг нафардан кўпни ташкил қилди. Шу билан бирга банкда ҳисоб рақами очиш учун тўлов 28 минг сўмдан 14 минг сўмгача камайтирилди. Шунингдек, ер участкаларини расмийлаштириш хизмати харажатлари ҳам 56 фоизга ёки 130 мингдан 58 минг сўмгача қисқартирилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тадбиркор томонидан қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш ёки қурилиш ишларини бажариш бўйича танловларда қатнашиш, лойиҳаларни экологик экспертизадан ўтказишга рухсат олиш жараёнлари учун тўланадиган тўловлар суммаси илгари бирмунча баланд бўлган. Масалан, тадбиркор аввал қурилиш архитектура-режа топшириқ тўпламини олиш учун 1 млн. 120 минг сўм маблағ тўлаган, ҳозир эса ушбу сумма 4 баробарга қисқартирилиб, 280,4 минг сўм миқдорида белгиланган. Ёки лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертиза қилиш харажати 280,4 минг сўмдан 84,1 минг сўмгача камайтирилган. Шунингдек, экологик экспертиза харажатлари ҳам 701,4 минг сўмдан 28 минг сўмгача ёки 96 фоизга қисқартирилган. Ушбу йўналишда энг катта қисқариш норматив лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш бўйича кузатилади, яъни бундай экспертиза учун аввал 2,1 млн. сўм тўланган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 28,1 минг сўмга тенг ёки қисқариш 99,7 фоизни ташкил этади.
Рухсат бериш жараёнлари харажатларини қисқартириш, ЎзР Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, лицензия ва рухсатномалар қийматисиз 5,4 млн. сўмдан қарийб 831 минг сўмга ёки 6,1 мартага пасайтирилган. Жами ҳар битта тадбиркор ҳисобига иқтисод қилинган маблағ 4,2 млн. сўмни ташкил этади.
Шу билан бир вақтда “Ўзтелеком”, “Ўзстандарт”, “Қишлоқхўжаликкимё”, “Ўзагромашсервис” ҳамда қурилиш материалларни ишлаб чиқариш тизимларида 30 тадан ортиқ монопол маҳсулот ва хизматларнинг қийматини (нархини) пасайтириш чоралари амалга оширилди. Жумладан, интернет провайдерлар учун техник биноларни ижарага олиш нархи 20 фоизга, уларга техник хизмат кўрсатиш 10 фоизга камайтирилган. Шунингдек, “Ўзстандарт” тизимида синов ўтказиш, метерология хизматлари, сертификат бериш, калибровка қилиш, сифат тизимини жорий этиш, сертификатлаш хизматларини кўрсатишнинг ўртача нархи 12 фоиздан 20 фоизгача пасайтирилган. “Ўзагромашсервис” уюшмаси тизимида 1 гектар майдондаги ғаллани ўриб-йиғиб олишнинг ўртача нархи 91,3 минг сўмдан 63,2 минг сўмга ёки 30,7 фоизга пасайтирилган. “Чирчиққишлоқхўжмаш” заводида ишлаб чиқариладиган пулуг нархи 6,5 фоизга, “Жиззахпластмасса” заводининг полиэтилен пленкаси нархи 10,7 фоизга пасайтирилган. Қурилиш индустрияси корхоналарида ишлаб чиқариладиган темир-бетон, шифер, электрод, ғишт ва шу каби бошқа материаллар нархи 11 фоиздан 34 фоизгача камайтирилган.
Тадбиркорларга рухсат бериш учун тўлов харажатларини қисқартириш билан бирга кўплаб чекловлар ва рухсатномаларнинг амал қилиш муддатлари ҳам қайта кўриб чиқилган. Жумладан, илгари маҳсулотлар гигиеник сертификатининг амал қилиш муддати 3 йил белгиланган бўлса, ҳозирда бу чеклов муддати бекор қилинган. Фитосанитария хулосаларни бериш муддати узайтирилди, иссиқлик ва электр тармоқларига уланиш учун техник шартларни бериш бир ойдан 3 кунга қисқартирилди. Рекламани жойлаштириш тарифлари ўртача 20 фоиздан 30 фоизга пасайтирилди. Электр энергиясидан фойдаланиш учун тузилган шартнома шартларига тадбиркорлар манфаатларидан келиб чиқиб ўзгартиришлар киритишг юзасидан қарорлар қабул қилинди.
Трансакция харажатларини пасайтириш ва улар таркибини оптималлаштириш тадбиркорларни молиявий-иқтисодий салоҳиятини кўтаришнинг таъсирчан йўли бўлиб, у тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларининг ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини оширишга, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга кўпроқ ички инвестицияларни ажратишнинг самарали воситаси бўлиб хизмат қилади.


Хулоса
Трансакция харажатлари иқтисодий назарияси унда трансакцияни таҳлил қилишнинг базавий бирлиги сифатида иштирок этадиган иқтисодий ташкилотни ўрганишга нисбатан қиёсий институционал ёндашувни ўзида намоён этади.
Трансакция харажатлари назарияси институционализмнинг таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. Трансакция харажатлари эса институтлар билан бир қаторда унинг асосий категориясидир.
Асосий восита сифатида “трансакция харажатлари” категориясини қўллаган ҳолда дастлабки тадқиқотлар фирма фаолиятини таҳлил қилиш учун амалга оширилди ва бу Р.Коуз номи билан боғлиқ.
Трансакция харажатлари назарияси қайсидир маънода неоклассик иқтисодий назария босиб ўтган, фирмани тадқиқ этишдан то иқтисодий тизимни таҳлил қилишгача бўлган йўлни такрорлади.
Трансакция харажатлари – бу мулкчилик ҳуқуқларини алмашиш ва ҳимоялаш билан боғлиқ барча харажатлардир. Трансакция харажатлари пайдо бўлишини изоҳлашнинг камида учта варианти мавжуд: трансакция харажатлари назариясининг ёндашуви, ижтимоий танлов назариясининг ёндашуви ва келишувлар назариясининг ёндашуви. Трансакция харажатларини тавсифлашга нисбатан О.Уильямсон ёндашуви, яъни трансакция харажатларининг битим тузилгунча ва битим тузилганидан сўнг юзага келадиган харажатларга ажратилиши уларни таҳлил қилишнинг асосий усули сифатида қабул қилиниши мумкин.

Download 1.45 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   19   20   21   22   23   24   25   26   ...   98




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling