Ирода тўғрисида тушунча


Download 18.69 Kb.
Sana11.02.2023
Hajmi18.69 Kb.
#1190265
Bog'liq
5.5.-Iroda


Ирода тўғрисида тушунча
Шахснинг иродавий фаолияти ўз олдига қўйган англанган мақсадларни бажаришдан, амалга оширишдан иборат содда шаклдаги ҳаракатларнинг мажмуасидан иборат эмас. Зўр беришни тақозо этмайдиган иш-ҳаракати (масалан, шкафдан чойнак олиш, сочиқни қозиққа илиш ва ҳоказолар) билан иродавий фаолият таркиблари ўртасида кескин тафовут мавжуд. Иродавий фаолият ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, унинг моҳияти шундан иборатки, бунда шахс ўз олдига қўйган ва унга муҳим аҳамият касб этувчи мақсадларига ўзи учун камроқ қийматга молик хатти-ҳаракат мотивларини бўйсундиради. Устувор (етакчи) мотивлар қўшимча кўмакчи мотивларни муайян йўналишга сафарбар қилиб, умумий мақсадга хизмат қилдиради.
Шахс фаоллигининг ҳар хил кўришлари мавжуд бўлиб, улар функционал томондан бир-биридан фарқланади, лекин ирода инсон фаоллигининг алоҳида ўзига хос шаклидан иборатлиги ажралиб туради. Ирода инсоннинг ўз хатти-ҳаракатларини (хулқ-атворини) ўзи бошқаришини, у ёки бу хусусиятли интилиш ва истакларини тормозлашни талаб қилади, бинобарин, у англанилган турлича ҳаракатлар тизими мужассам бўлишини назарда тутади. Иродавий фаолият моҳияти шунда кўзга ташланадики, бунда шахс ўзини ўзи бошқаради, ўзини қўлга олади, ўзининг хусусий ихтиёрсиз импульсив томонларини назорат этади, ҳатто зарурат туғилса, у ҳолда уларни тамоман йўқотади ҳам.
Ирода пайдо бўлишининг бош омили-инсон томонидан фаолиятнинг турли таркибларининг иродавий ҳаракатларни тизимли тарзда татбиқ этилиши бундай иш-ҳаракатларда онг билан мужассамлашувчи шахснинг фаоллигидир. Иродавий фаолият шахс томонидан кенг қўламда англанилган ва руҳий жараёнларни амалга ошириш хусусияти бўйича иродавий зўр беришни талаб қиладиган ақлий амалларни тақозо этади. Бундай ақлий амаллар фавқулоддаги вазиятни баҳолаш, келгусида амалга оширишга мўлжалланган ҳаракатлар учун воситалар ва операциялар танлаш, мақсад кўзлаш ва унга эришишнинг усулларини саралаш, уларни татбиқ этиш учун муайян қарор қабул қилиш кабилар бўлиб ҳисобланади. Ушбу амалларнинг барчаси иродавий фаолиятнинг операционал томони деб баҳоланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, баъзи психологик ҳолатларда, вазиятларда иродавий фаолият инсоннинг бутун ҳаёт йўлини аниқлаб берадиган, унинг ижтимоий-психологик қиёфасини (сиймосини) намоён қиладиган ва маънавий-ахлоқий қадриятини рўёбга чиқаришга ёрдам берадиган қарорга келиш билан уйғунлашади. Шунинг учун бундай иродавий ҳаракатларни амалга ошириш жараёнида шахс онгли ҳаракат қилувчи субъект тариқасида ҳам уларнинг кашфиётчиси, ҳам бир даврнинг ўзида ижрочиси (бажарувчи) бўлиб иштирок этади. Мазкур ҳолатда шахс ўзида тўкис мужассамланган қарашлари тизимига (динамик стереотипига), иймон-эътиқодига, ишонч ва дунёқарашига, қадриятига, ҳаётий муносабатлари мажмуасига, ақл-заковатига, маънавиятига асосланган ҳолда онгли йўл тутади. Шахснинг умр (ҳаёт) йўлида қадрий хусусият касб этувчи жавобгарлик ҳисси иродавий ҳаракатларни татбиқ қилишда унинг миясига мужассамлашган, англанилган барча ижтимоий-психологик шартланган фазилатлар (қараш, эътиқод, қадрият, маънавият ва ҳоказолар) соғлом фикр, устувор (юксак туйғу) ҳиссиёт тариқасида фаоллашади, мустаҳкамланади ҳамда баҳолаш, қарорга келиш, танлаш, ижро этиш (бажариш) жараёнларига таъсир қилиб, умумий ҳамкорлик тизимида ўз изини қолдиради. Жавобгарлик ҳисси шахс маънавияти, руҳияти, қадрияти намоён бўлиши, кечиши, такомиллашиши босқичларининг бошқарувчиси, онгли турткиси, сифатининг кўтарувчиси функциясини бажаради.
Ирода шахснинг психологик қиёфаси, унинг ижтимоий ҳаёти ва фаолияти шароитида турли ахборотлар натижаси сифатида юзага келган мотивларнинг хусусияти ва мақсади билан уйғунлашгандир. Шунингдек, иродавий фаолиятнинг бевосита мотиви (сабабчиси, турткиси) тариқасида ҳаракатлар тизимини вужудга келтирувчи, уларни тартибга солувчи ранг-баранг вазиятлар шароитлар намоён бўлади. Шуни унутмаслик жоизки, шахснинг иродавий фаолияти объектив жиҳатдан бошқа категориялар билан боғлангандир, бироқ бундан ирода психологик жиҳатдан рўёбга чиқишига инсон масъулиятига кирмаган, ундан ташқари номаълум мажбурий зарурият деган хулоса келиб чиқмаслиги лозим.
Иродавий фаолиятнинг ўзига хос хусусиятлари қуйидагилардан ташкил топгандир; 1) иродавий ҳаракатларни шахс ҳамиша уларнинг субъекти сифатида амалга оширади; 2) иродавий акт, ҳаракат шахс тўла-тўкис масъулликни зиммасига олган иш, амал сифатида ичдан (ички дунёсида) кечирилади; 3) иродавий фаолият туфайли инсон кўп жиҳатдан ўзини ўзи шахс сифатида англайди; 4) иродавий фаолият сабабли шахс ўз ҳаёт йўли ва тақдирини ўзи белгилашини тушуниб етади ва ҳоказо. Шу билан бирга ироданинг фаоллаштирувчи ва жиловлаб турувчи (тормоз қилувчи) функциялари биргаликда (ҳамкорликда) ҳукм сурсагина, фақат шундагина шахснинг ўз мақсадига эришиш йўлидаги тўсиқларни енгишни кафолатлаши мумкин.
Иродавий фаолиятни шахс унинг батамом оқибатлари учун субъект сифатида амалга оширади. Фаолият учун объектнинг ўзига масъул ҳисобланади, ваҳоланки унинг мақсади доирасидан ташқари чиқади. Субъект мурувват кўрсатаркан, бошқача тарзда ёрдам уюштиради, муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашади.
Шахслар ўзларининг фаолияти учун масъулиятни бошқа бировга юклашга мойиллигига биноан, улар сезиларли равишда бир-бирларидан тафовутланадилар. Инсоннинг шахсий фаолияти натижалари учун масъулиятни ташқи кучларда ва шароитларда қайд қилиш, шунингдек, шахсий куч ва ғайратига, қобилиятига мойилликни аниқлайдиган мезонлар назорат локуси (латинча lotus ўрнашган жой ва французча conlrole- текшириш деган маъно англатади) деб аталади. Маълумки, ўз хулқ-атвори ва ўз фаолияти сабабларини ташқи омиллардан деб тушунишга мойил одамлар мавжуд.
Ироданинг ўзига хос кўринишлари шахснинг таваккалчилик вазиятидаги хатти-ҳаракатида рўёбга чиқади. Ўзига маҳлиё қилувчи мақсадга эришиш йўлида хавф-хатар, йўқотиш дахшати, муваффақиятсизлик унсури билан ҳам ҳамоҳанг, огоҳ дадил ҳаракат таваккалчилик дейилади. Таваккалчилик жараёнидаги нохушлик кутилмаси муваффақиятсизлик эҳтимоли билан ноқулай оқибатлар даражаси уйғунлашуви мезони орқали ўлчанади. Таваккалчиликда муваффақият билан муваффақиятсизлик кутилмаси эҳтимоли ётади, ютуққа эришиш шахсда хуш кайфиятни вужудга келтирса, мағлублик эса нохушлик ҳолатининг бош омили ҳисобланади. Ўз- ўзидан маълумки, ютуқ (ғолиблик) қувонч нашидасини уйғотса, омадсизлик жазо, моддий ва маънавий йўқотишни рўёбга чиқаради. Лекин шунга қарамасдан, инсонлар таваккал қилиш ҳаракатидан ҳеч маҳал воз кечмаган хоҳ у кундалик ҳаёт муаммосига алоқадор воқелик, хоҳ мураккаб меҳнат, хоҳ ҳарбий юришлар бўлишига қарамай, шунинг учун таваккалчилик инсоният дунёсининг ижтимоий-тарихий тараққиёти даврининг қарор қабул қилиш намунаси, маҳсули сифатида шахснинг ҳаёти ва фаолиятида то ҳозиргача иштирок этиб келмоқда.
Психологик манбаларда кўрсатилишича, таваккалчилик ҳаракатини амалга оширишнинг ўзаро уйғунлашган иккита сабаби мавжудлиги қайд қилиб ўтилади. қарорга келишнинг биринчи сабаби-бу ютуққа умидворлик муваффақиятга эришилганда кутилиши эҳтимол қийматнинг мағлуб оқибати кўрсатгичидан юксакроқ бўлишига ишончдир. Ушбу воқелик вазиятни таваккалчилик деб аталиб, муваффақият мотивациясини муваффақиятсизликдан қутилиш мотивациясидан яққолроқ намоён бўлишида ўз ифодасини топади. Шу боисдан таваккалчилик инсон учун қарор қабул қилишда муҳим аҳамият касб этадиган руҳий ҳодиса ҳисобланиб, у ёки бу тарздаги ҳаракатни амалга ошириб, ўз хулқ-атворини намойиш қилади. Деҳқон кечикиб ерга уруғ қадашга таваккал қилган бўлса, ҳосил пишиб етилиши хавфи туғилади, лекин агротехника воситаларидан жадал суръатда фойдаланса, асосий маблағни сарф қилиб қўйиш ташвиши уйғонади. Иродавий қарор қабул қилиб таваккалчиликдаги унинг мардлиги, ташаббускорлиги, қатъиятлиги меҳнатда ютуққа эришишни таъминлайди. Аммо бундай қарорга келиш гоҳ ўзини оқлайди, гоҳо мутлақо оқламаслиги ҳам мумкин. Бу борада ҳаракатнинг хавфли ёки хавфсиз йўлини татбиқ этиш, таваккалчиликнинг ғоявий, маънавий юксаклиги, қарорнинг оқилоналиги бахтли тасодиф сари етаклаши мумкин. Баъзан таваккалчининг қобилияти, қатъийлиги, малакалиги, ҳисоб-китобнинг тўғри қилганлиги унга омад келтиради.
Таваккалчиликнинг иккинчи сабаби хатти-ҳаракатнинг хавфли йўлини афзал билган хулқ-атворда кўзга ташланади. Бу воқелик шахснинг вазиятости фаоллиги деб номланиб, инсоннинг вазият талабларидан устуворликка эришишида, ундан (вазиятдан) юксакроқ мақсад қўя олишда намоён бўлади. Таваккалчиликнинг бу тури «вазиятусти» ёки «холисоналик» деб аталиб, таваккалчилик учун таваккалчиликка йўл қўйишни англатади ҳамда таваккалчиликнинг таваккалчилиги атамасини келтириб чиқаради. Шахсдаги таваккалчиликни рискометр деб аталувчи махсус асбобда ўлчаб кўриш мумкин. Бу асбоб ёрдамида психологик тажрибада инсонларда муваффақ бўлиш эҳтимоли мавжуд холисоналик таваккалчиликка мойиллик, уларнинг ҳақиқий хавф остида иродавий ҳаракатларини олдиндан айтиб бериш (башорат қилиш) имконияти вужудга келади.
Download 18.69 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling