184-модда. Иши юқори даражадаги руҳий, ақлий ва асабий зўриқиш билан боғлиқ бўлган ходимлар учун иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги
Иши юқори даражадаги руҳий, ақлий ва асабий зўриқиш билан боғлиқ бўлган, яъни алоҳида хусусиятга эга бўлган тиббиёт ходимлари, педагоглар ва бошқа тоифадаги ходимлар учун иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига кўпи билан ўттиз олти соат қилиб белгиланади. Бундай ходимларнинг рўйхати ва улар иш вақтининг аниқ давомийлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади, бироқ ушбу моддада белгиланган иш вақтининг давомийлигидан ошмайдиган тарзда белгиланади.
185-модда. Ҳар кунги ишнинг (сменанинг) давомийлиги
Ҳар кунги ишнинг (сменанинг) давомийлиги:
а) ўзига нисбатан иш вақтининг нормал давомийлиги белгиланган ходимлар учун:
олти кунлик иш ҳафтасида — етти соатдан;
беш кунлик иш ҳафтасида — саккиз соатдан;
б) ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун — ушбу Кодекснинг 416-моддасида белгиланган давомийликдан;
в) ногиронлиги бўлган ходимлар учун — ушбу Кодекс 427-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган давомийликдан;
г) ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимлар учун — ушбу Кодекснинг 478-моддасида белгиланган давомийликдан ошиши мумкин эмас.
Маданий-томоша ташкилотларининг, телевидение, радиоэшиттириш ташкилотларининг ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг ижодий ходимлари, профессионал спортчилар, шунингдек асарларни яратишда ва (ёки) ижро этишда (намойиш этишда) иштирок этувчи бошқа шахслар учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишувга кўра ишлар, касблар, лавозимларнинг тасдиқланадиган рўйхатларига мувофиқ ҳар кунги ишнинг (сменанинг) давомийлиги қонунчиликка, ички ҳужжатларга, жамоа шартномасига ёхуд меҳнат шартномасига мувофиқ белгиланиши мумкин.
Ташкилотда иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш жорий этилган тақдирда, ушбу Кодекснинг 199-моддасида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |