Помидорда мелойдогинозни бир нечта галл нематодалари, жумладан жануб, ерёнғоқ, ғўза,
ява ва шимол галл нематодалари (тегишли равишда, Meloidogyne incognita, M. arenaria,
M.incognita acrica, M. javanica, ва M. hapla) қўзғатади. Улар помидор ва бошқа экинларни
далаларда ва айниқса, иссиқхоналарда дунёнинг барча мамлакатларида, жумладан,
Ўзбекистоннинг барча вилоятларида зарарлайди. Нематодалар - оддий кўзга кўринмайдиган
микроскопик, рангсиз, чувалчанг шаклли ҳақиқий думалоқ қуртлардир. Помидор ва бошқа
экинларда жануб галл нематодасининг ривожланиш цикли ғўзадаги (Ҳасанов ва б., 2002) билан
бир хил. Касалланган ўсимлик суғуриб олинса, унинг илдизида 1 мм дан 5 см гача келадиган галл
(туганакча, бўртма)ларни кўриш мумкин. Бундай ўсимликларнинг бўйи паст бўлиб, қуруқ об-
ҳавода сўлиб қолиши мумкин. Галл нематодалари ўсимликларни қумоқ тупроқларда кучли, енгил
лойтупроқларда кам даражада зарарлайди, оғир тупроқларда учрамайди. Мелойдогиноз
ривожланиши учун қулай тупроқ ҳарорати 16-27°С (Watterson, 1985), аммо Ўзбекистон шароитида
оптимум 25-32°С, минимум 5°С ва максимум 40°С атрофидадир (Мавлянов, 1987). Мелойдогиноз
Ўзбекистонда далада 5-7, иссиқхоналарда 7-8 авлод беради. Касаллик далаларда зарарланган
кўчат, ерга ишлов бериш машина ва жиҳозлари ҳамда суғориш суви билан тарқалади.
Мелойдогиноз помидорда фузариоз сўлиш, ризоктониоз ёки бактериоз касалликларидан
бирортаси билан бирга учраса, иккита касаллик ҳам кучаяди. Галл нематодалари, хусусан жануб
галл нематодаси билан помидордан ташқари лавлаги, сабзи, турп, картошка, бақлажон, қалампир,
пиёз, ловия, мош, нўхат, қовун, тарвуз, бодринг, қовоқ ва бошқалар, ҳаммаси бўлиб 700 дан ортиқ
экин, бегона ўт, дарахт ва буталар зарарланади. Оқжўхори, маккажўхори, буғдой, арпа ва бошқа
ғалла экинлари зарарланмайди.
Кураш чоралари. Фақат соғлом кўчат экиш, иссиқхоналарда кучли зарарланган тупроқни
алмаштириш ёки 100°С да 3 соат қиздириш, ёхуд тупроққа нематицид солиш; далаларда галл
нематодаси билан зарарланмайдиган экинлар билан алмашлаб экишни жорий қилиш, ёзнинг иссиқ
кунлари далани чуқур ҳайдаш (нематодаларни иссиқлик ва сувсизлик таъсирида нобуд қилиш
мақсадида) ёки нематицид қўллаш тавсия этилади (NacNab et al., 1983; Watterson, 1985; Мавлянов,
1987; Вянгеляускайте и др., 1989).
Do'stlaringiz bilan baham: |