Сабзида астранинг сариқ касаллигини микоплазма (Aster yellows) қўзғатади. Зарарланган
барглар кичраяди, сарғаяди, сўнгра қизғиш тус олади. Касалликнинг характерли белгилари -
ўсимлик тепасида барглар кўп ва қалин ривожланиб, "розетка" ҳосил қилиши ва илдизмевалар
устида кўп ипсимон иккиламчи томирлар пайдо бўлишидир.
Микоплазма сабзи, помидор, пиёз, манзарали ўсимликлар ва кўп йиллик бегона ўтларда
ҳамда саратон ичида сақланади. Сабзига микоплазма саратонлар орқали ўтади.
Сариқ билан курашда помидор ва картошканинг вирус касалликларига қарши тавсия
қилинган чора-тадбирларни қўллаш лозим (Герасимов, Осницкая, 1961; MacNab et al., 1983).
Ўзбекистонда сабзида сариқ касаллиги қайд этилмаган, аммо учраши эҳтимол қилинади.
Сабзининг мелойдогинозини Ўзбекистонда жануб ва шимол галл нематодалари қўзғатади.
Зарарланган илдизмеваларнинг ён томонларида ғурра ва туганаклар, ўқ ва ён илдизларида
бўртмалар – галлар пайдо бўлади. Касаллик ва унинг қўзғатувчилари ва кураш чоралари ҳақида
маълумот "Помидор мелойдогинози" қисмида келтирилган (MacNab et al., 1983; Мавлянов, 1987).
ПИЁЗ ВА САРИМСОҚ КАСАЛЛИКЛАРИ ҲАМДА УЛАРГА ҚАРШИ КУРАШ ЧОРАЛАРИ
Пиёзбоши тагидан (фузариоз) чиришини Fusarium oxysporum f.cepae замбуруғи
қўзғатади. Бошпиёз ва саримсоқ далада ва омборхоналарда зарарланади.
Ўсимликларнинг барглари сарғаяди ва тепасидан бошлаб чирийди. Илдизларининг
кўпчилиги ҳам чириб кетади. Пиёзбош ташқи белгиларсиз зарарланиши мумкин; уни бўйига
кесилса, бўғзи ёки ички қатламларидан бир нечтаси юмшагани, баъзан қўнғир тус олгани,
қатламлар орасида оч-пушти ёки оқ моғор пайдо бўлгани кўринади. Чириш одатда пиёзбошнинг
тагидан (илдизи томонидан) бошланади. Қуруқ об-ҳаво шароитида зарарланган пиёзбош қаттиқ,
қуруқ ва буришган бўлиб қолади.
Касаллик аломатлари секин ривожланади ва кўпинча далада кўринмасдан, омборхонага
қўйилган пиёзбошларда намоён бўлади. Касаллик пиёзбошлар етилиш даврида юқори ҳаво
ҳарорати кузатиладиган минтақаларда кенг тарқалган; касаллик ривожланиши учун оптимал
ҳарорат 28-32°С ни ташкил этади.
Пиёз пашшаси, пиёз нематодаси, бошқа ҳашаротлар ва касалликлар таъсирида пайдо
бўлган яралар, ўғит нотўғри қўлланганда ва ҳосилни йиғиб олиш пайтида етказилган жароҳатлар
орқали замбуруғ пиёзбоши ва саримсоқ тўқималарига киради ва зарарлайди.
Патоген тупроқда, зарарланган пиёзбош ва ўсимлик қолдиқларида сақланади, экин ичида
суғориш суви, шамол ва ёмғир, ҳашаротлар ва ўсимликларга ишлов бериш асбоб-ускуналари
воситасида тарқалади. Баҳорда экилган саримсоқ кузда экилганига нисбатан камроқ зарарланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |