1. Хотиннинг эр зиммасидаги ҳақларидан биринчиси эр томонидан унга яхши ва адолатли муомала қилинишидир. Зеро, Аллоҳ таоло Ўз китобида: “аёллар билан яхшилик билан умргузаронлик қилинглар!”, дея амр этган (Нисо сураси: 19-оят). Бу буйруқ эрнинг хотинга яхши муомалада бўлишини, табиатидаги айрим ноқисликларга сабр қилишни, баъзи хатоларига кўз юмишни тақозо этади. Шунингдек, бу буйруқ аёлни тарбиялаш ҳамда унга дунёю охиратда фойдаси тегадиган нарсаларни ўргатиб, таълим беришни ҳам лозим тутади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир ҳадисларида: “мўмин эр мўмина хотиндан нафратланмасин, агар унинг бир хулқини ёмон кўрса, бошқа хулқи туфайли ундан рози бўлиб кетаверади”, дейилади (Имом Муслим ривояти). Яъни, эр хотининг айрим феълидан ғазабланса, оилани бузиб юборишга шошилмаслик, шу туфайли хотинини ёмон кўриб қолмаслик лозимлиги, балки, унинг яхши одатларини ҳам кўз олдига келтириб, шу билан кўнглини тўқ қилиб юриши кераклиги келиб чиқади. Шунингдек, Эр хотинига хушфеъл бўлиши, у билан яхши муомала қилиши, бирга фаровон ҳаёт ўтказиши, унга озор етказмаслиги керак. Бу билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига амал қилган бўлади. Имом Термизий ривоят қилган қуйидаги ҳадисга қулоқ тутамиз: «Сизларнинг энг яхшиларингиз хотинларига нисбатан яхшиларингиздир».
2. Аёлнинг эри зиммасидаги иккинчи ҳаққи бу маҳр ҳаққидир.
Бу аёлни икром қилиш, унга яхшилик қилиш бобидандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда эрларни аёлларининг мазкур ҳақларига риоя қилишга чақириб: “хотинларига маҳрларини ҳадя каби (яъни чин кўнгилдан) берингиз” (Нисо сураси: 4 -оят), дея амр этган.
3. Эр хотиннинг озорини кўтариши, у ғазабланганида ва жаҳли чиққанида мулойим бўлиши, унинг хатоларини кечириши керак. Бундай қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилишдир. Имом Муслим ривоят қилишларича, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расуллулоҳдан бошқа оиласига меҳрибонроқ бирор кишини кўрмадим».
4. Эркак аёлини қизғаниши, унинг ор-номусини сақлаши керак. Оқибати бузуқ бўладиган ҳар қандай ҳолга бепарво бўлмаслиги лозим. Аммо ёмон ўй, ўта талабчанлик ва гумонда ҳаддан ошиш дуруст эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлар. Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ эрни оиласини хиёнатда гумон қилиб кечқурун келишдан қайтарганлар».
Do'stlaringiz bilan baham: |