Истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси


-боб. Ускуналарда синаш ва ўлчашларни амалга ошириш


Download 126.38 Kb.
bet33/43
Sana17.06.2023
Hajmi126.38 Kb.
#1528581
1   ...   29   30   31   32   33   34   35   36   ...   43
Bog'liq
ПТБ узб

7-боб. Ускуналарда синаш ва ўлчашларни амалга ошириш
1-§. Ташқи ток манбаидан юқори кучланиш бериб синаш
97. Синашлар таркиби икки кишидан кам бўлмаган, улардан бири электр хавфсизлиги бўйича камида IV гуруҳга эга бўлган иш бажарувчи, қолганлари камида III гуруҳга эга бўлган ходимлардан иборат бўлган бригадалар томонидан амалга оширилади.
Синовларни фақат махсус тайёргарликдан ҳамда синаш схемалари ва Қоидаларнинг ушбу боби ҳажмида билимлар синовидан ўтган, тайёрланиш даврида ишлаб турган электр қурилмаларида синов ишларини ўтказиш тажрибасига эга бўлган ходимларгина бажаришлари мумкин.
Мазкур синов ушбу Қоидалар бўйича билимлар синови билан бир вақтда, таркибига электр хавфсизлиги бўйича V гуруҳга эга бўлган ускуналарни синаш бўйича мутахассис киритилган комиссияда ҳамда белгиланган муддатларда ўтказилади.
Синов ишларини ўтказиш учун ижозат берилган шахснинг гувоҳномасига бу ҳақда белги қўйилиши зарур.
98. 1000 В дан юқори кучланишли қурилмаларда синовлар наряд бўйича бажарилади. Таъминловчи кабели тармоқдан узилган ва учлари ерга уланган кучланиши 1000 В дан юқори бўлган электр двигателларни синаш фармойиш бўйича бажарилиши мумкин.
99. Синовлар ўтказишга берилган наряд бўйича ишга ижозат бериш ва тайёргарлик ишларини бажариш, синаш учун мўлжалланган электр ускунада ишлаётган бошқа бригадалар иш жойидан чиқарилиб юборилгандан ва улар нарядларини топширганларидан кейин амалга оширилади.
100. Синовларни бажарувчи бригада таркибига тайёргарлик ишларини бажариш, синалаётган ускунани муҳофаза қилиш ҳамда шиналарни бир-бирига улаш ёки бир-биридан ажратиш учун электр хавфсизлиги бўйича камида II гуруҳга эга таъмирлаш ходимларидан бўлган шахслар киритилиши мумкин. Синовларни бошлашдан олдин иш бажарувчи бу хизматчиларга синовларни ўтказишдаги хавфсизлик чоралари бўйича йўл-йўриқ бериши лозим.
Ускуналарни таъмирлаш ёки монтаж қилиш ишларини бажарадиган бригада таркибига синовларни бажариш учун электр лабораторияси ёки созлаш ташкилотининг ходимлари киритилиши мумкин. Бу ҳолларда синов ишларига иш бажарувчи ёки унинг кўрсатмаси бўйича лаборатория ёки созлаш ташкилоти жумласидан бўлган электр хавфсизлиги бўйича камида IV гуруҳга эга бўлган шахс раҳбарлик қилади.
Таъмирлаш ёки монтаж ишларини бажариш жараёнида синов ишларини ўтказиш наряднинг «Зиммасига топширилади» сатрида алоҳида қайд этилади.
101. Кучланиши 1000 В дан юқори бўлган электр қурилмаларидан ташқарида туриб, ток ўтказувчи қисмлари бутунлай ёки тўрли тўсиқ билан ёпилган, эшиклари эса блокировка билан жиҳозланган стендлардан фойдаланиб, изоляция материалларини ва буюмларини (ҳимоя воситалари, ҳар хил изоляция деталлари ва бошқалар) ялпи синов ишларини III гуруҳга эга бўлган битта шахс якка ўзи жорий эксплуатация тартибида бажариши мумкин.
102. Синов занжирини йиғиш пайтида энг аввал синов қурилмасига ҳимоя ва ишчи ерга улагичларни ўрнатиш ва керак бўлганда, синаладиган ускуна корпусига ҳимоя ерга улагичини ўрнатиш зарур. Синов қурилмасини 380/220 В кучланишли тармоққа улашдан олдин унинг юқори кучланишли чиқармасига ерга улагич ўрнатилади. Чиқармани ерга уловчи мис симнинг кесими 4 мм2 дан кам бўлмаслиги зарур.
Ускунанинг синов занжирини йиғишни синовни ўтказувчи бригада ходимлари бажарадилар.
Иш бажарувчи синовни бошлашдан аввал занжирнинг тўғри йиғилганини ва ишчи ҳамда ҳимоя ерга улагичларининг ишончлилигини текшириб чиқиши шарт.
103. Электр қурилмасига ўрнатилган, cиновни ўтказишга халақит берувчи ерга улагичларни олиш ва уларни қайтадан ўрнатиш фақат синов ишларига раҳбарлик қилаётган шахснинг кўрсатмаси бўйича бажарилиши мумкин.
104. Синов жойи, шунингдек, синов пайтида синов кучланиши остидаги уловчи симлар тўсиқлар билан тўсилади ҳамда синов жойи ёнига кузатувчи қўйилади. Кузатувчи вазифасини ўлчаш схемасини синалаётган ускунага уловчи шахс бажариши мумкин. Тўсиқларни синов ишларини ўтказаётган бригада ходимлари ўрнатади. Тўсиқлар сифатида шчитлар, тўсиқлар, «СИНОВ! ҲАЁТ УЧУН ХАВФЛИ!» плакатлари осилган йўғон арқонлар ёки шундай ёзувли ёруғлик таблоси ишлатилиши мумкин. Агар синов кучланиши остидаги уловчи симлар кучланиши 1000 В дан юқори электр қурилмалари хонасидан ташқарида (йўлакда, зинапояларда, ўтиш жойларида, ҳудуд ичида) бўлса, тўсиқ ўрнатиш билан бир қаторда электр хавфсизлиги бўйича камида II гуруҳга эга бўлган, нарядга киритилган ва йўл-йўриқ олган бир ёки бир нечта шахсдан иборат қўриқчилар қўйилиши керак. Қўриқчилик қилаётган бригада аъзолари тўсиқ ташқарисида жойлаштирилиши керак.
Синалаётган ускунани қўриқлашга қўйилган шахслар ушбу ускунани кучланиш остида деб ҳисоблаши лозим.
Иш бажарувчи қўриқчиликка тайинланган шахслар ўз постларида эканлиги ва синаш ишлари бошланганлиги ҳақида хабар топганликларига ишонч ҳосил қилиши зарур. Мазкур шахслар ўз постларидан фақат иш бажарувчининг рухсати билан кетишлари мумкин.
105. Синов қурилмаси ва синалаётган ускуналар ҳар хил хоналарда ёки ТҚнинг ҳар хил участкаларида жойлашган бўлса, изоляция ҳолатини текшириб туриш учун электр хавфсизлиги бўйича камида III гуруҳга эга бўлган бригада аъзолари иш бажарувчидан алоҳида туришига рухсат этилади. Бригаданинг ушбу аъзолари синов ишлари бошланишидан олдин иш бажарувчидан керакли йўл-йўриқ олишлари ва тўсиқдан ташқарида жойлашишлари шарт.
106. Кабелни синаш жараёнида кабелнинг қарама-қарши учи беркитилган камерада, комплект ТҚ ячейкасида ёки хона ичида жойлашган бўлса, эшикка ёки тўсиққа «СИНОВ! ҲАЁТ УЧУН ХАВФЛИ!» плакати осиб қўйилиши лозим. Агар бу эшик ва тўсиқлар беркитилмаган ёки учлари трассада ажратилган таъмирланаётган кабель синовдан ўтказиладиган бўлса, бундай ҳолларда эшикларга, тўсиқларга ва учлари очиқ бўлган кабелларга плакатлар осишдан ташқари, нарядга киритилган электр хавфсизлиги бўйича камида II гуруҳга эга бўлган шахслардан шу жойларга қўриқчи қўйилиши шарт.
107. Синов қурилмасини 380/220 В кучланишли тармоққа улаш қурилмани бошқарув жойида жойлашган, занжир узилиши яққол кўринадиган коммутация аппарати ёки штепсель вилкаси орқали амалга оширилиши керак.
Коммутация аппарати ушлаб қолувчи қурилма билан жиҳозлан бўлиши ёки аппаратнинг қўзғалмас ва қўзғалувчи контактлари орасига изоляция қопламаси қўйилиши керак.
108. Синов ускунасидан келаётган симни фазага, синалаётган ускуна қутбига ёки кабель толасига улаш ва ажратишни синов раҳбарининг кўрсатмаси бўйича ва фақат ушбу ускуна ерга улангандан кейингина амалга оширишга рухсат этилади.
109. Синалаётган қурилмага синов кучланишини беришдан олдин иш бажарувчи қуйидаги тадбирларни бажариши шарт:
ҳамма бригада аъзолари ўзларига кўрсатилган жойларда турганлиги, бегона шахслар иш жойидан чиқарилганлиги ва қурилмага синаш учун кучланиш бериш мумкин ёки мумкин эмаслигини текшириши;
бригадани кучланиш берилаётгани ҳақида огоҳлантириши ва ушбу огоҳлантиришни бригаданинг барча аъзолари эшитганлигига ишонч ҳосил қилганидан сўнг синов қурилмасининг чиқармасидан ерга улагични олиши, кейин унга 380/220 В кучланишни бериши.
Синов қурилмасининг чиқармасидан ерга улагич олиб ташланган пайтдан бошлаб, бутун синов қурилмаси, синалаётган ускуна ва улар орасидаги симлар кучланиш остида деб ҳисобланиши ҳамда синаш схемасида ва синалаётган ускунада симларни қайта улаш ман қилинади.
110. Синов ишлари тамом бўлгандан кейин иш бажарувчи синов қурилмаси кучланишини нолгача пасайтириши, уни 380/220 В кучланишли тармоқдан ўчириши ва юқори кучланиш томонини ерга улаши (ёки ерга улаш ҳақида кўрсатма бериши) ҳамда бу ҳақда бригада аъзоларини хабардор қилиши керак. Фақат шундан кейингина симларни қайта улаш ёки синов ишлари батамом тугалланган бўлса, синалаётган қурилманинг симлари синов қурилмасидан узиб қўйилиши ва тўсиқлари олиб қўйилиши мумкин. КЛ ва ҲЛ изоляциясини синашдан олдин, шунингдек, бу ишлар тамомлангандан кейин КЛ ва ҲЛдан қўшимча қаршилик орқали қолдиқ электр зарядини олиб ташлаш, ерга улагични улаш ва қолган электр заряди тўлиқ олиб ташланганига ишонч ҳосил қилиш зарур. Шундан кейингина плакатларни олиб қўйишга рухсат берилади. Зарядсизлашни бажарувчи шахс изоляцияланган тагликда туриб, ҳимоя кўзойнагини тақиб, диэлектрик қўлқопда ишлаши зарур.
111. Операторнинг иш жойида 1000 В гача ва ундан юқори кучланиш уланганлиги тўғрисида алоҳида лампали сигнализация бажарилади.
112. Кўчма лаборатория синов қурилмасининг юқори кучланишли чиқармаси кучланиш остида бўлганда ёнадиган лампали сигнализация билан жиҳозланади.
113. Мегаомметр ёрдамида ўлчаш ишларини бажаришга электротехник ходимлари жумласидан бўлган, ўқитилган шахсларга рухсат берилади. Кучланиши 1000 В дан юқори бўлган қурилмаларда синов ишлари наряд бўйича иккита шахс томонидан бажарилади, улардан бири электр хавфсизлиги бўйича камида IV гуруҳга эга бўлиши лозим. Кучланиши 1000 В гача бўлган қурилмаларда синов ишлари фармойиш бўйича иккита шахс томонидан бажарилади, улардан бири электр хавфсизлиги бўйича камида III гуруҳга эга бўлиши лозим. Мазкур Қоидаларга 10-илованинг 116-бандида кўрсатилган синов ишлари бундан мустасно.
114. Икки тарафдан кучланиш олиши мумкин бўлган линияларнинг изоляциясини синаш ишлари фақат ушбу линиянинг иккинчи томонига уланган электр қурилмасининг жавобгар шахсидан телефон, курьер орқали ва бошқалар орқали (қайтадан тасдиғи билан) ўчиргич ва линия ажраткичи узилганлиги ва «УЛАНМАСИН! ОДАМЛАР ИШЛАМОҚДА!» плакатлари осиб қўйилганлиги тўғрисида хабар олингандан кейингина бажарилиши мумкин.
115. Синов ишларини бошлашдан олдин электр қурилмасининг синов асбоби уланган қисмида ишлаётган одамларнинг йўқлигига ишонч ҳосил қилиш, унинг яқинида турган шахсларга эса ток ўтказувчи қисмларга қўл билан тегишни тақиқлаш, зарур бўлган тақдирда эса қўриқчи қўйиш зарур.
116. Электр машиналарининг изоляция ҳолатини назорат қилиш учун тўхтатилган ёки айланаётган, аммо қўзғатилмаган машинада методик кўрсатмалар ёки дастурларга мувофиқ мегаомметр билан ўлчаш, тезкор ходимлар томонидан ёки уларнинг кўрсатмаси бўйича жорий эксплуатация тартибида электр лабораторияси хизматчилари томонидан бажарилиши мумкин. Тезкор ходимларнинг кузатуви остида бу ўлчашлар таъмирловчи ходимлар томонидан ҳам бажарилиши мумкин. Якорлар, роторлар ва қўзғатиш занжирларининг изоляциясини электр хавфсизлиги бўйича камида III гуруҳга эга бўлган битта шахс, статор изоляциясини синашни — камида иккита шахс ўтказиши мумкин, улардан бири электр хавфсизлиги бўйича камида IV, иккинчиси эса камида III гуруҳга эга бўлиши керак.
117. Мегаомметр билан ишлашда у уланган ток ўтказувчи қисмларга тегиш ман этилади. Иш тамом бўлгандан сўнг текширилаётган ускуналардан қолдиқ электр заряди уни қисқа вақтда ерга улаш йўли билан олиб ташланиши керак.
118. Мегаомметр билан ўлчаш ишларини бажариш қуйидаги ҳолларда ман қилинади:
кучланиши 1000 В дан юқори бўлган икки занжирли линиянинг битта занжирида, агар бошқа занжир кучланиш остида бўлган вақтда;
кучланиши 1000 В дан юқори ва ишлаб турган линияга параллел ўтган бир занжирли линияда момақалдироқ вақтида ёки у яқинлашиб келганида.

Download 126.38 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   29   30   31   32   33   34   35   36   ...   43




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling