4-§. Кабель массасини қиздириш ва муфтага қуйиш
49. Муфтага қуйиладиган кабель массаси металлдан ясалган қопқоқли ва жўмракли махсус идишда қиздирилади.
Очилмаган банкалардаги кабель массасини қиздириш қатъиян ман қилинади.
50. Кабель массасини қуйишда брезент қўлқоп кийиб, ҳимоя кўзойнагини тақиб ишлаш лозим.
51. Қайноқ кавшарлаш қотишмали қозончани, шунингдек, қайноқ кабель массаси солинган идишларни жойдан-жойга кўчириш ва уларни қиздиришда брезент қўлқопдан ва ҳимоя кўзойнагидан фойдаланиш зарур. Кийим енгларининг қўлқоп устига чиқариб бойлаш ёки тирсаккача етадиган қўлқоплардан фойдаланиш лозим. Қайноқ бирикма ва эриган қотишмали идишларни қўлдан-қўлга узатиш ман қилинади. Уларни бир-бирига бериш учун ерга ёки мустаҳкам тагликка қўйиш зарур.
52. Қуйиш учун эритилган бирикма ва қотишмани металл таёқча ёрдамида аралаштириш, қизиган қотишма устидаги қоракуяни эса металл қошиқ ёрдамида олиб ташлаш лозим. Металл таёқча ва металл қошиқ фойдаланишдан олдин иситилади.
Қизиган бирикма ва қотишма ичига сув томишига йўл қўйиб бўлмайди.
53. Йилнинг совуқ фаслларида қизитилган бирикмани уловчи ва охирги муфтага қуйишдан олдин муфталар иситилиши зарур.
5-§. Кабелларни ўтказиш, кабель ва муфталарни бошқа жойга кўчириш
54. Кабелли барабан ғилдиратилганда, ишчиларнинг кийимларининг барабан қисмларига илашиб кетишига йўл қўймаслик чоралари кўрилиши зарур. Барабанларни ғилдиратишдан олдин барабандан туртиб чиқиб турган михлар олиб ташланиши ва кабель учлари маҳкамланиши керак. Кабелли барабанни фақат горизонтал текислик бўйича қаттиқ ерда ёки мустаҳкам тўшама устида ғилдиратишга рухсат этилади.
55. Кабель, бўш барабан, механизмлар, мосламалар ва асбоб-ускуналарни бевосита ҳандақ четига жойлаштириш тақиқланади.
56. Барабанлардаги кабелни фақат тормоз мосламаси бўлган тақдирдагина тортиб бўшатишга рухсат этилади.
57. Кабель ўтказиш қўлда бажарилганда, ишчиларнинг умумий сони ҳар бир эркак учун кабель бўлагининг оғирлиги 35 кг, аёл учун 15 кг ҳисобидан белгиланиши керак. Иш брезент қўлқопда бажарилиши зарур.
58. Кабелни ўтказиш жараёнида ишчиларга қайрилиш бурчаги ичида туриш ва трассанинг бурилиш жойларида кабелни қўлда ушлаб туриб узатиш ман этилади. Бундай мақсадлар учун бурчак роликлари ўрнатилади.
59. Кабелни электр токи билан иситиш учун 380 В дан юқори кучланишдан фойдаланиш мумкин эмас.
60. Кабелни ва муфталарни фақат кабель тармоқдан узилганидан сўнггина бошқа жойга кўчириш мумкин.
61. Кучланиш остидаги кабелларни бошқа жойга қўчиришга қуйидаги шартлар бажарилгандагина рухсат этилади:
қўчирилиши керак бўлган кабелнинг ҳарорати 5°С дан кам бўлмаслиги;
қўчирилиши керак бўлган кабель бўлагидаги муфта ёғоч тахтага ҳалқасимон қисқичлар билан қаттиқ маҳкамланган бўлиши;
иш мобайнида диэлектрик қўлқоп кийиб, устидан механик шикастланишдан ҳимоя қилиш мақсадида брезент қўлқоп кийиб ишланиши;
ишлар кабель ўтказиш тажрибасига эга бўлган ишчилар томонидан, электр хавфсизлиги бўйича камида V гуруҳга эга бўлган, кучланиши 1000 В дан кам бўлган кабелларда эса камида IV гуруҳга эга шахс раҳбарлиги остида бажарилиши зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |