Йилларда германия. 1-§. Германияда маъмурий-ҳудудий бошқарув тизими
Шарқий Германияда социализмнинг таназзулга юз тутиши ва Германиянинг бирлашиши
Download 137.93 Kb.
|
Германия 1945-2023
Шарқий Германияда социализмнинг таназзулга юз тутиши ва Германиянинг бирлашиши.
ХХ асрнинг 80-йилларида иккала немис давлати муносабатларида янги саҳифалар очилди. Кутилмаганда ГДРдаги расмий тарғиботларда Умумгермания масаласи яна кун тартибига чиқди “Умумий маданий мерос” тўғрисида сўзлар тез-тез қўллана бошлади. Хонеккернинг ГФРда “демократик кучлар” ғалабасидан кейин Германиянинг бирлашиш масаласи тўғрисидаги баёноти шов-шувга сабаб бўлди. 1981 йилда Хонеккер ва Шмидт учрашувида илк бор Европа хавфсизлиги учун ГФР ва ГДР нинг “умумий жавобгарлиги” ибораси тилга олинди. Шарқий Германия раҳбариятининг янги йўли Боннда қўллаб-қувватланди. Г.Коль ҳукумати ГДРни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар кўрди. 1983-1984 йилларда умумий қиймати 1,9 миллиард маркадан иборат кредит бериш тўғрисида шартнома тузилди. Иккала мамлакат университетлари, шаҳар жамоалари, ижодкор зиёлилар гуруҳлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилди. 1987 йилда тарихда илк бор ГДР раҳбари Боннга ташриф буюрди. Аммо Хонеккер ҳеч қандай либерал-ислоҳотчи эмас эди. ГФР билан муносабатларни юмшатишга ҳаракат қилишдан мақсади ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашга бўлган интилишдан бошқа нарса эмас эди. Ички сиёсатда, аксинча консерватив кайфиятлар кучайди. Хонеккер ва унинг тарафдорлари ҳокимияти авторитар характерга эга бўла бошлади. Ўзгача фикрловчиларни қатағон билан йўқ қилиш усуллари кўпроқ қўлланила бошлади. СССРда қайта қуриш сиёсати бошлангандан сўнг ГДР раҳбарияти Горбачевнинг ислоҳотчилик йўлидан боришдан воз кечди. 1987 йилда ГБСП нинг ғоявий бошлиғи К.Хагер “Штерн” журналига берган интервьюсида шундай деди:”Агар қўшнингиз девор безакларини алмаштирса, бу сиз ҳам таъмирни бошлашингиз керак дегани, эмас-ку?!”. Фаравонлик давлат қарзларининг ўсиб бориши ҳисобига сақлаб турилди. Агар 1971 йил ГДРнинг ғарб давлатларидан қарзи 3,5 млрд маркидан иборат бўлган бўлса, 1989 йилга келиб у 10 баравар ошди. Молиявий инқироз хавфи аниқ бўлиб қолди.ГДР аҳолиси орасида барча муаммоларни Германиянинг қўшилиши орқали ҳал қилиш ғояси тобора кучайиб борди. Ўсиб бораётган ички сиёсий инқироз Хонеккер ҳукуматини очиқчасига террор усулини қўллашга мажбур этди. Ғарбга қочиб ўтишга уринишлар бераҳмлик билан жазоланар эди. “Штази” махсус хизмати кенг қамровли жосуслик тизимини яратди. ГДР аҳолиси 18,4 млн. кишини ташкил этгани ҳолда давлат хавфсизлиги вазирлиги шахсий таркиби 100 минг кишидан ошиб кетди, яна шунча киши “Штази” агентлик тармоғига жалб қилинган эди. Буларга қўшимча 2 млн.дан ортиқ ГБСП аъзолари ҳам бор эди. Шунга қарамай социалистик тузумнинг таназзули яқин эди. 1989 йил кузида Чехословакия билан очиқ чегара орқали Австрия ва ГФРга қочоқлар оқимининг кўлами ГДРдаги социалистик тузум ўз умрининг сўнгги кунларини яшаётганлигидан дарак берарди. ГДРнинг 40-йиллигини нишонлаш кунлари яқинлашиб келмоқда эди. М.Горбачевнинг 1989 йил 6 октябрдаги сафари сиртдан “дўстона” вазиятда ўтган бўлсада ГБСПдаги кураш сўнгги нуқтасига келганди. 7-8 октябрларда омманинг полиция билан тўқнашувлари бўлиб ўтди. Бу қонли воқеа давлат раҳбарларини сиёсий хатоларга йўл қўйишда айблашга асос бўлди. 1989 йил 18 октябрда ГБСПнинг 1Х Пленумида Хонеккер эгаллаган лавозимларидан четлаштирилди. Унинг ўрнини Эгон Кренц эгаллади. Ҳукумат юқори эшелонларида тозалаш бошланди. Аммо ГБСПнинг янги раҳбарияти мамлакат бошқарувини тезда қўлдан бой бера бошлади. Деярли ҳар куни ГДРнинг турли шаҳарларида оммавий митинглар ва намойишлар бўлиб ўтарди. 7 ноябрда Вазирлар Кенгашининг бутун таркиби Вилли Штоф раҳбарлигида истеъфога кетди. 8 ноябрда эса ГБСП МКнинг таркиби тубдан ўзгартирилди. 13 ноябрда Халқ палатаси Вазирлар Кенгашининг раиси лавозимига машҳур мухолифатчи ГБСПнинг Дрездендаги округ қўмитаси биринчи котиби Ханс Мадровни сайлади. Мадров тезда ГФР билан “шартномавий ҳамжамият” тузиш режасини маълум қилди. Режада иккала герман давлатларининг иқтисодий, валюта ва транспорт иттифоқини босқичма-босқич шакллантириш, конфедерация тузиш кўзда тутилган эди. Бу режа Г.Коль томонидан қўллаб-қувватланди. 1989 йил декабр бошида юз берган “Шарқий Германияда қайта қуриш” воқеаси ГБСП сиёсий монополиясининг барҳам топишига олиб келди. 1 декабрдаёқ ГДР Конституциясидан партиянинг раҳбарлик роли тўғрисидаги модда чиқариб ташланди. Икки кун ўтгач ГБСП МК Х11 Пленуми Хонеккер раҳбарлигидаги собиқ етакчиларни партия сафидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилди. 8 декабрда ГБСПнинг Фавқулодда съездида Э.Кренц ҳам ўз вазифасидан озод қилинди. Съезд партия раҳбари этиб Грегор Гизини сайлади (Бош котиб лавозими ва сиёсий бюро бекор қилинди). Партиянинг ўзи Демократик Социализм Партияси (ДСП) номини олди. 1989 йил ноябрида ГДРда янги партия - Социал-Демократик Партия (СДП) ташкил топди. 1990 йил январида ўз дастурий асосларига кўра Бовариядаги ХСИга жуда яқин бўлган Немис Социал Союзи (НСС) тузилди. Тез орада НСС ва ХСС ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилди. Ғарбий Германиядаги ХДС эса, аксинча, ўзининг Шарқий Германиядаги шериги билан яқинлашишга шошилмади. Фақат ГДРда эркин сайловлар ўтказиш арафасида Г.Коль Шарқий Германия христиан демократларини қўллаб-қувватлай бошлади. 1990 йил 18 мартдаги сайловлар арафасида ГДРда сиёсий кучларнинг бирлашуви рўй берди. 5 февралда Г. Коль таклифи билан Шарқий Германиядаги ХДС, НСИ ва “Демократик зарба” “Германия учун Альянс” блокига бирлашди. Бу коалиция амалда ГФР раҳбарияти томонидан расман қўллаб-қувватланди ва иккала Германияни бирлаштириш бўйича янада аниқ дастур ишлаб чиқилди. 1990 йил 18 мартдаги сайловлар кутилган натижа берди. ХДС 40,9%, НСС-6,32%, “Демократик зарба”-0,92% (шундай қилиб, “Германия Альянси” 48,14%) овозга эга бўлди. Германияни бирлаштиришнинг халқаро-ҳуқуқий ечими “2+4” шаклидаги АҚШ, СССР, Буюк Британия, Франция музокараларида ўз ечимини топиш керак эди. Бу музокоралар 1990 йил майида бошланди. Британия ва Франция раҳбарларининг шошилмасликларига қарамай бу музокоралар иштирокчилари немис халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини тан олишди. Бунда СССР президенти Горбачевнинг бирлашган Германия раҳбариятига мамлакатнинг ҳарбий ва иқтисодий блокларга кириш масаласини ўз ихтиёрига бериш ва ГДРдан совет қўшинларини олиб чиқиб кетиш тўғрисидаги қарори муҳим роль ўйнади. Умуман, М.С.Горбачев ГДРнинг ГФРга қўшилишига рози эканлигини Г.Колга 1990 йилнинг 10 февралидаёқ маълум қилган эди. 1991 йил 12 сентябрьда “2+4” иштирокчилари томонидан “Германия масаласини” узил-кесил ҳал этиш тўғрисидаги шартнома имзоланди. Шартномада Германиянинг урушдан кейинги чегаралари дахлсизлиги, ГФРнинг оммавий қирғин қуролига эга бўлмаслиги ёки ишлаб чиқариши мумкин эмаслиги қатъий белгиланган эди. Шартномага кўра Германия ўз қуролли кучларини керакли даражада қисқартириши керак эди. Шарқий Германияда Совет қўшинларининг 1994 йилгача бўлиши ва уларни чиқариш тартиби ҳам келишиб олинди. 1990 йилнинг май ойидаёқ ГДР ва ГФР ҳукуматлари томонидан 1 июлда кучга кирган икки мамлакат ўртасида иқтисодий, валюта ва ижтимоий иттифоқи тўғрисидаги шартнома имзолади. Бу шартнома 1-июлда кучга кирди. 22 августда ГДР Халқ палатаси ГФРнинг сайлов тартиби асосида Умумгермания сайловларини ўтказиш тўғрисида қонун қабул қилди. ГДРни ГФРга асосий қонуннинг 23-моддасига мувофиқ, қўшиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу эса ГДРда давлатчилик барҳам топганини ва унинг ҳудудида Ғарбий Германия қонунчилиги жорий этилганлигини билдирарди. Бу воқеа санаси сифатида 1990 йил 3 октябр белгиланди. 24 августда Бундестаг Халқ палатасининг ГДРни ГФРга қўшиш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлади ва Умумгермания сайловларини 1990 йил 2 декабрга белгилади. Бу қарорлар 31 августда имзоланган ва 1990 йил 3 октябрда кучга кирган “Германиянинг бирлашиши тўғрисидаги Шартномада” ўз аксини топди. 3 октябрдан бошлаб ГДР дунё харитасидан ўчирилди. Октябрнинг ўрталарида Шарқий Германиядаги маъмурий тизим Ғарбий Германиядаги маъмурий бошқарув тизими билан бирлаштирилди. Округлар ўрнига илгаригидек бешта земель ҳудудий бирлиги тикланди. “Земель”ландтагларига (маҳаллий парламент) сайловлар 14 октябрда бўлиб ўтди. Бранденбургда социал-демократлар, қолган тўртта земелда-христиан демократларнинг қўли баланд келди. 2 декабрда Бутун Германия ҳудудида Бундестаг сайловлари ўтказилди. Бу сайловлар ҳукмрон коалициянинг ишончли ғалабаси билан якунланди. ХДС 36,7% овоз ва 268 мандат, ХСС-7,1% овоз ва 51 мандат, ЭДП-11% овоз ва 79 мандатга эга бўлди. 33,5% овоз ва 239 мандатга эга бўлган ГСДП ўз мавқеини анча мустаҳкамлаб олди. Бундестагнинг 1990 йил 20 декабрдаги Таъсис мажлисида канцлер Г.Коль бошчилигидаги биринчи Умумгермания ҳукумати тузилди.
Download 137.93 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling